“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1430 марта кўрилган.

ҲАР БИР САВОЛНИНГ ЖАВОБИ БОР...

Викас Сваруп — 53 ёшда. У ташқи ишлар вазири К. Натвар Сингхга тегишли офис директори. Касби дипломат. Сваруп 18 йил мобайнида ташқи ишлар вазири билан бирга кўплаб хорижий мамлакатларда хизмат қилди. Шунингдек, Вашингтон, Лондон, Туркия ва Эфиопияда ҳам самарали фаолият олиб борди. “Саволларга жавоблар ёхуд харобадан чиққан миллионер” муаллифнинг илк романи бўлишига қарамай катта муваффақиятга эришиши асар муаллифи Викас Сварупни ҳам ҳайратга солди. Икки кун ичида босмадан чиқарилган роман ниҳоятда қисқа вақтда шуҳрат қозониб, дунёнинг 14 та тилига таржима қилинган. Бирлашган қиролликда мазкур асар асосида суратга олинган фильм кино саноатининг энг талаб катта бўлган маҳсулоти сифатида эътироф этилди ва сотиб олинди. Айни дамда ушбу фильмнинг мусиқий версиялари ишлаб чиқилмоқда. Бу асар чин маънода Викас Сварупни миллионерга айлантирди.

— Нега ёзувчиликни айнан роман ёзишдан бошладингиз?

— Мен ўз касбини чин дилдан суйиб ардоқлайдиганларданман. Тўғрисини айтганда, ёзувчи бўлиш хаёлимда ҳам йўқ эди. 2003 йилда мен Лондонда ёлғиз қолдим. Сабаби, оилам Ҳиндистонга йўл олди. Табиийки, бўш вақтим ҳам бироз кўпайди ва мен бадиий асар ёзишга ҳаракат қилсаммикан, деб ўйланиб қолдим. Хоҳиш пайдо бўлгани билан ишни қандай бошлашни билмасдим. Мен аввало ғояни ўйлаб топдим ва уни ривожлантириш ҳақида бош қотирдим. Асарда ўз ҳаётимда содир бўлган ва ташқи дунёда кўрган-кечирганларимдан фойдаланишга ҳаракат қилдим. Аввалига ёзиш учун ил­ҳомлантирувчи сабаб топилмади. Ижод қилиш учун муносиб жой танлаш керакмикан, деб ўйланиб қолдим. Балки, шунда илҳом келиб қо­лар, деган умидда эдим. Бироқ Лондон менинг иккинчи уйим­дай гап эди. Асарни шу ерда ёзишим керак, деган қарорга келдим. Мен саргузаштга бой детектив асарлар ўқишни ёқтираман. Чэс (Жэмс Хадли), Веллэйс (Эдгар) сингари жуда кўп ёзувчиларнинг асарларини мутолаа қилганман, лекин менинг романим ўзига хос услубга эга ва уларнинг асарларидан мутлақо фарқ қилади. “Саволларга жавоблар”ни детиктив жанридаги асар дейиш мумкин, бироқ аслини олганда ҳали ҳануз бу бадиий асаримга тўғри таъриф топилганича йўқ. Хуллас, романнинг ибтидоси, интиҳоси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда камолотга етказилган.

Тўғрисини айтишим керакки, қўлимга қалам олганда мен сира ҳам фойда келтирувчи мақсадларни кўзламаганман. Асосийси, қалбимда йиллар давомида йиғилган дард ва аламни қоғозга тушириш эди. Бу менинг илк асарим бўлса-да, аммо меҳнатимга ва жон куйдирганимга яраша муносиб жавоб олдим, ҳатто керагидан ортиқ...

Асарни ёзиш жараёнида мен қаҳрамоним билан бирга ташвишландим, хурсанд бўлдим, қамоққа тушдим, йиғладим, кулдим, буларнинг барини сўз билан эмас, балки ҳис-туйғуларим билан ифодаладим. Мен унга ғарб адабиёти таъсирида ёзилган асар дея тамға босишларини истамайман. Сабаби, бу ҳақиқий ҳинд романи. Унда ҳиндларнинг миллий руҳи акс эттирилган. Асардаги анъаналар ҳам ҳинд қадриятларининг илдизига бориб тақалади. Бу ҳиндистонлик йигитнинг ҳиндча ҳикоясида ҳинд табиати ва ҳинд муҳити сезилади.

— Телевикторинадаги қийин саволларни ўйлаб топиш, у ерда содир бўладиган оммага номаълум ноҳақликларни ёритишдек оғир юкни бўйнингизга олиб ёзишга сизни нима мажбур этди?

— Асарни бошламасимдан илгари миямда айқаш-уйқаш, ҳар хил фикрлар чарх урарди. Қаламга олмоқчи бўлган мавзуларим шу қадар кўп эди-ки, асти қўяверасиз. Шундай қилиб, мен викторина билан боғлаб, асар ёзишга қарор қилдим. Чунки бу ғоя бошқаларидан анчайин устунлик қилди. Ҳар бир одамнинг қалбида яширин саволлар ва бу саволларга жавоблар бўлади. Қаҳрамоним мактаб кўрмаган бўлса-да, берилган барча саволларга жавоб топди. Сабаби, у ҳаёт мактабида тарбия кўрганди. Албатта, асар тасаввурларимнинг маҳсули, лекин унинг остида ҳақиқат бор. Орамизда Рамга ўхшаб, бир неча дақиқада бойга айланиб қолишни орзу қилмайдиган одам бўлмаса керак. Ҳеч нима тасодифан рўй бермайди. Ҳар бир саволнинг жавоби бор. Фақат инсон юрагига қулоқ солишни билиши керак. Газетадан ҳиндистонлик саводсиз кўча болаларининг мобил телефон ва мобил интернетдан фойдаланишни бошлаганлари ҳақидаги хабарни ўқиб, асар ғоясини ўйлаб топганман. Биз паст назар билан қарашга одатланган ўша кўча боласи аслида ҳаёт ҳақида биздан кўра кўпроқ ҳақиқатни билади. Улар шафқатсиз ҳаётни эрта таниганлар ва уни борича қабул қилганлардир. Фақат тирик қолиш! Ҳаётда кимдир бўлиш учун эмас, балки тирик қолиш учунгина курашадилар. Телевикторинадаги саволларга жавоб бор, бироқ қалби ўксикларнинг жумбоқли саволларига жўяли жавоб топилармикан? Ҳаммамиз бу ҳақиқат олдида кўз юмишга одатланганмиз, сабаби бир нима дейишга ҳам қийналамиз, тўғрироғи, оғиз жуфт­лаб икки оғиз сўзни айтишга ожизмиз. Дилимиздагиларни сиртимизга чиқаришга журъатимиз етмайди ҳам. Чунки ҳақиқат ҳамиша аччиқ. Тахир ҳақиқатни эса ҳамма ҳам оғзига олавермайди.

— Қаҳрамонингиз ҳақида нималар дея оласиз?

— Рам Муҳаммад Томаснинг табиатида ўзимни кўраман, десам янглишмайман. Асаримда унинг туғилганидан тортиб, 18 ёшгача кўрган-кечирганлари тасвирланган. Бироқ 18 ёшли кўча боласи бошқалардан анча фарқ қилади. У тенгдошларига қараганда эрта вояга етган. Одатда кўча болалари ҳаётдаги ноҳақликларни кўравериб, шафқатсиз бўлиб улғаядилар. Энг золим жиноятчилар ҳам улар орасидан етишиб чиқади. Томас — буюк қалб эгаси. Қаҳрамонимнинг чеккан азоблари унинг пок қалбига зарар етказмаслиги, у раҳмсиз махлуққа айлантирмаслиги керак эди ва шундай ҳам бўлди ҳам. Зулмат ортида ҳамиша нур бор. Рамга ўхшаган болалар умидсизлик гирдобига тушиб қолмасликлари керак. 18 ёшли қаҳрамоним бунга тимсол бўла олади, деб ўйлайман. Бу асарим билан Рамга ўхшаганлар қалбида оз бўлса-да, эртанги кунга умид, ишонч ва муҳаббат уйғота олган бўлсам бундан бахтиёрман.

— Асарда Амитабх Баччан номини кўп тилга олгансиз. Бунга сабаб нима?

— Мен кўп актёрларнинг номини зикр этганман. Бироқ улар орасида Амитабх Баччанга ҳурматим бўлакча. У Оллоҳбоддаги ўғил болаларни ўқитиладиган мактабга келган эди. У билан кечган қизиқарли суҳбат ҳали ҳануз хотирамда. Ҳиндистонда қиёси йўқ актёрга ҳавас қилганман ўшанда. Ҳозир ҳам у билан маҳорат бобида бўйлаша оладиган актёрни топиш мушкул. Салим образи орқали кино санъатига ҳавас қилаётган ёшларга: “Арман Алидек эмас, камида Баччанга ўхшаб, машҳур ва буюк актёр бўлишни орзу қил!” деган фалсафа яширинган аслида.

— Бугун холис бўлиб, ўз асарингиз ҳақида танқидий фикрларни билдира оласизми?

— Албатта. Бу менинг илк асарим бўлганлиги сабаб, баъзи жойларида тажрибасизлигим панд берган бўлиши ҳам мумкин. Истамасам-да, бу тижорат мақсадида ёзилган асарлар қаторида эътироф этилди. Бироқ ёзаётганда мен бу фикрдан йироқ эдим. Гап асарнинг шуҳрат топганида ҳам эмас, менга катта даромад келтирганида ҳам эмас, балки ҳамма гап хаёлимдаги яширин орзуларимни қоғозга тушириб одамларга етказа олганимда. Ўйлайманки, бу роман яқин орада театр саҳналарида ҳам қўйилади. “Саволларга жавоблар” фақат ёзув тасмаларида қолиб кетишини истамайман. Театрдек чин санъат орқали одамлар қалбига ҳам етиб боради, деган умиддаман. Адабиётга даъво қилиш фикридан йироқман, аммо бугун жамиятда рўй бераётган адолатсизликларга бефарқ қараб туролмайман. Адабий танқидчилар менинг асаримга муносиб баҳо беришларига ишонаман. Бу асар Ҳинд йигити ҳақида экан, уни ҳинд тилига ҳам таржима қилишни истайман.

— Хулоса ўрнида...

— Миллион долларлик саволга — муносиб жавоб... Умид билан яна бошқа мавзуларда романлар ёзаман. Ўзга орзулар, ўзга дунё, ўзга одамлар, ўзга қаҳрамонлар қиёфасида бугунги замон ҳақида дардларимни, ички туйғуларимни қоғозга битсам дейман. Ёзувчи сифатида қалам тебратишда давом этаман. Битта асар билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Менинг ишимда нуқталар бўлмайди. Жавобсиз саволлар ҳам... ҳар бир саволнинг қиймати ва ҳар бир жавобнинг қадри бор. Қаршингизда турган одам дипломат шу билан бирга ёзувчи ҳамдир...

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси