“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1158 марта кўрилган.

ЛУИ АРАГОН ВА ЭЛЬЗА ТРИОЛЕНИНГ МАНГУ МУҲАББАТИ

ЛУИ АРАГОН ВА ЭЛЬЗА ТРИОЛЕНИНГ МАНГУ МУҲАББАТИ

Эссе

Дунё адабиёти тарихида опа-сингил Каганлар энг бахтли ва энг омадли аёллар сифатида абадий муҳрланиб қолди. Ҳар иккиси ҳам адабиёт ва санъат билан ошно бўлдилар, иккаласи-да атоқли шоирлар билан умр йўлларини боғладилар, улар билан узоқ ва сермазмун ҳаёт кечирдилар. Катта қиз Лиля хоним истеъдодли рус шоири Владирмир Мая­ковскийнинг илҳом париси бўлиб, унинг жўшқин шеърларига бир умр асос бўлиб келди, Маяковскийнинг кўнгил маликаси ҳамда унинг тақдир ҳамроҳи бўлди. Кенжа қиз Эльза эса Худо берган ноёб иқтидори туфайли ҳали турмушга чиқмаган кезлариданоқ катта машҳурликка эришди ва француз халқининг энг севимли фарзанди, ҳассос ва дилбар шои­ри бўлган Луи Арагонга садоқатли ва суюкли рафиқа бўлишдек, ҳавас қилгудек бахтга эришди. 

Эльза Каган 1896 йили, 12 сентябр куни Москва шаҳрида дунёга келади. Унинг отаси Юрий Каган номдор ҳуқуқшунос бўлиб, бутун умрини адолат йўлида сафарбар этади. Унинг оиласи илмпарвар, китобсевар оила эди. Қизлари ана шундай маърифатли хонадонда камол топадилар. Ёш Эльза илк бора адабиёт оламига ўз уйида, дадасининг китобларга ўта бой бўлган китобхонасида беғубор меҳр ва болаларча тоза ҳайрат билан кириб келади. Болалигиданоқ шеърлар, кичик ҳикоялар ёза бошлайди. Йиллар  тобора уни адабиёт билан ҳамнафас, ҳамдард қилиб боради. У оташнафас рус шоири Маяковский билан опасининг уйида суҳбатдош бўлиш бахтига эришади ва бу учрашув унинг хотирасида бир умрга сақланиб қолади. Чунки, Маяковский ўзининг оташнафас шеър­лари билан ижодсевар қиз қалбида чуқур таассурот, ижодга, сўзга бўлган меҳрини яна-да аланга оладиган даражадаги кучли жўшқинлик қолдиради. 1918 йили Эльза бир умрга Францияга кетади. У бу ерда ўқиш ва ишлашни, ижод билан жиддий шуғулланишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўяди. Орадан ўн йил ўтгач, яъни 1928 йилнинг ёддан чиқмас 6 октябр куни у бир умрлик ҳаёт йўлдоши, тақдирдоши бўлмиш бетакрор шоир, француз адабиётининг йирик намояндаларидан бири истеъдоди беназир Луи Арагонга  дуч келади. Аммо Эльза ўша учрашувгача ҳам аллақачон танилган, бир қатор китоблари нашрдан чиққан эл севган ижодкор сифатида шаклланиб бўлган ёзувчи эди. Адибанинг “Таитида” (1925 й), “Парижлик деҳқон” (1926 й) номли китоблари халқ томонидан қизғин кутиб олинган, ёзувчига юксак шон-шуҳрат олиб келганди.

Эльза Триоле тўғрисида сўз кетишининг боиси у жаҳон адабиётининг атоқли вакилларидан бири  Луи Арагон қалбига муҳаббат дардини мангуга солди, Арагоннинг нафақат умри давомида, балки бутун руҳия-аҳволи дунёсида ҳам унга ҳамиша шерик бўлиб яшади, улар ҳеч қачон ажралмас икки қанот каби мудом ҳамнафас бўлдилар. Ҳатто, Эльза Арагоннинг адабий қарашлари ўзгаришига сабабчи бўлди, у Луининг сюрреализмга муккасидан кетган ғояларини реалистик оқим томонга бурди. Арагон шахсий турмушда эмас, балки ич-ичидан Эльзани ўзига ҳамроз инсон деб билди, у учун яшади ҳам. Эльза Триоленинг таъсири туфайли Луи 1934-1951 йиллар оралиғида ўзининг йирик асарларидан бири бўлмиш “Ҳаққоният олами”ни яратди. Тақдирни қарангки, Арагон айнан шу асари учун ўша даврдаги энг олий мукофотлардан бирини, Халқаро Камолот унвонини қўлга киритди. Қолаверса, Арагоннинг “Анри Матисс. Роман”, “Театр-роман” номли санъатга бағишланган асарлари ва “Таҳликали ҳафта” номли тарихий романи, эсселари жам бўлган “Юракка урилган ханжар” ҳамда “Нигоҳ ва хотира” номли китоблари француз адабиёти ва санъати ривожи учун қўшган улкан ҳиссаси бўлди.

Шунингдек, Эльза Триоле ҳам Арагон билан ўтган ҳаёти мобайнида жуда кўп мазмунли ва унумли ишларни амалга оширди. Унинг “Шаффоф аср” психологик туркум романи (1959-1963 й.й) рус тилига ўгирилиб, асар асосида фильм суратга олинди.  1957 йилда “Чақирилмаган меҳмонлар” номли романи учун эса адибага Франциянинг энг юксак адабий мукофоти тақдим этилди. Эдмон Гонкур номидаги мазкур унвон Эльза Триоле номини дунё бўйлаб танитди, унга адабиётдаги улкан чўққиларни забт этишига кучли туртки берди.

Аммо инсон қисмати бағоятда мураккабдир, адабиётнинг бу икки забардаст вакилига кетма-кет адабий унвонлар, сўнгсиз шон-шарафлар бутун ҳаётлари давомида мудом ёғилиб тураверди, бироқ тақдир уларга бир нафар бўлса ҳам фарзанд бахтини ато этмади. Француз адабиётининг бу қўш қаноти қирқ йилдан ортиқ биргаликда умр ўтказдилар, аммо ҳаёт уларга ҳеч қачон дилбандлик шодлигини раво кўрмади.

1970 йилнинг 16 июн куни Эльза Триоле вафот этди. Бу оғир жудолик Арагон юрагига чексиз мусибат дардини солди. Ҳатто, у ортиқ ёзолмай қолди...

Франция Ёзувчилар Уюшмаси Арагоннинг жаҳонда ҳеч бўлмаган сўнгги илтимоси билан, адабиёт учун ҳам, эл учун ҳам, энг асосийси Арагон учун бениҳоя азиз ва қадрли бўлган аёл – Эльза Триоле жасадини кўмишга рухсат бермасдан, Луининг ўлимига қадар мўмиёлаб сақлаб қўйишга жазм этдилар.

Эльзанинг жасади то Луи Арагоннинг ўлимига  қадар – 1982 йилнинг 24 декабр кунига қадар шу ҳолда асраб турилди.

Луи Арагон  ва Эльза Триоле биргаликда 1982 йили битта қабрга дафн этилдилар.

Арагоннинг абадий севгиси унинг шеърларида ҳам асрлардан-асрларга ўтиб, бардавом ва мангу яшаб қолди

  

Сенинг кўзларингда Ҳаққа сиғиндим,

Худога бордим мен нигоҳларингда.

Сонсиз юлдузлар юзар бу кўк денгизда,

ҳатто тоғлар қулар пойида...

...............................................................................

Эльза, бебаҳойим, сенинг кўзингда...

 

Қандилат ЮСУПОВА тайёрлади