“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 536 марта кўрилган.

Бир оз олислардан ахтаринг мени

Отамга

Сен мендан анча кўркамсан,

Мен сендан анча асабий...

Сен – ҳассос,

Мен бир оз улфаткаш,

бир оз исрофгар,

ўзидан рози.

Бир оз бахтсизман –

Ки, сен мендан норози.

Менинг умидсиз хун оҳларим кўп...

сендан узоққа,

бу маъносиз – улкан шаҳарда

Тентирайман – юрагим қийма-қийма,

гуноҳларим кўп...

Тонгда суратингга,

оқшомлар кўзгуга боқурман.

бормоқдаман кундан-кун қариб.

кўпаймоқда сочларимда оқ...

Кўп нарсага эришолдинг сен –

Йўқотмоққа ҳеч бир нарсанг йўқ.

Мен ҳеч нарса қозонолмадим,

бир оз ўзимни йўқотдим,

қўридим сенинг яхши номингни,

тўрт хонали уйни қўридим,

китобларингни...

Сен жуда ҳам яхши отасан,

мен – ёмон ўғил.

Бўларкан-да шунақаси ҳам...

Аммо вақтдан ўзиб, айта олурман:

сен жуда зўр бобо бўласан,

жумладан, мен ҳам...

 

Ҳамида хонимга

Йўлинг узра ёлғиз дарахт бўлиб битсам

кўлкамда тин олажаксанми?

Ё шох-бутоғимни кесиб ўтимга исинажаксанми?

 

Ёмғир бўлиб севалансам

ёз жазирамасида

бу шов-шувли чанг-тўзонли шаҳарнинг кўчаларига –

тупроқ ҳиди анқиб кетса

ҳидимни тупроқдан олиб ҳайратланажаксанми?

 

Ё ёмғир шалаббо этса сени уйга шошганингда,

жиққа хўл бўлиб,

пушаймон қилиб

кўкларга ланъатлар ёғдиражаксанми?

 

Жанубда қор

кўп ёғавермас...

Бир қиш оқшомида гупиллаб ёғсам

болаларни даврангга олиб қортўп ўйнаяжаксанми?

ё улардан бири йиқилса,

ё нозик бармоғи совқотиб қолса,

айт, гулим, ғазабланажаксанми?

 

Бир оқшом дарахт, ёмғир бўлмоқ, қор бўлмоқ

истасам

ўлимнинг ёқасидан тутиб баҳс этажаксанми?

ё чиқиб кетсам,

йўлдош бўлмоқ учун менга талпинажаксанми?

 

Ё бир кеча

ундоқ-бундоқ шеърлар битиб,

уйқунгни ҳаром этиб,

сени уйғотиб

ўқисам сенга, ростини айт, гулим,

хушланажаксанми?

 

Ҳилолнинг айтганлари

Мен сизга, мен сизга, йўғ-ей, мен сизга

англата олсайдим ҳамма нарсани-и-и

дардим тугардими, сиз айтинг?!

Биламан чарчагансиз... оёқ устида,

қўлларни айтмайман, ҳа-ҳа, оёқ устида

кўп туриб қолдингиз, ҳорғинсиз, биламан...

Не қилай, хўш, унда мени ким тингласин

Қўлларим оғрийди, ҳорғинман мен ҳам

сизга айтсам, фақат бир онам, онам

ҳар сафар сабр ила тинглайди мени,

бир кўзи кулса, иккинчи кўзи

тил битсайди шу қизга дея йиғлайди...

не қилай, хўш, унда мени ким тингласин,

сизга англатмоқдан толди қўлларим...

 

Баъзи кўринишлар

Қўлларни кўряпман, қўлларни

дўст қўли бўш қолмас ҳавода

йиғлаётган юзларни тўсар

Қўлларни кўряпман, билакларни

билаклардаги кишанларни парчаламоқда

 

Қўлларни кўряпман, кафтларни

бахтларни, бахтсизликларни

тақдир чизиқлари, умр битикларини

хиромантия билан машғул бўлмасанг ҳамки

қадоқларнинг бахтдан хабар бериши аён

 

Қўлларни кўряпман, муштларни

кўнгилни синдирувчи бош суягига урилаётир.

 

Қўлларни кўряпман, бармоқларни

уста пианиночиникига ўхшаб кетса-да

безбетларча кимнингдир чўнтагига тушаётир

 

Қўлларни кўряпман, силашларни

шўрлик бир кимсанинг сочларига қўниб

бир лаҳза бўлса-да фонийликни унут айлаган

 

Қўлларни кўряпман, ажинзорларни

кексалар кулбасига боргувчи унутилган, тўзонли

йўлларни ёдга солувчи

Қўлларни кўряпман, бармоқларни

тирноқ-ла эт битган жойи ёрилиб кетган

авитаминоз ташхиси қўйилган ҳаёт тарзидан

сўзлар

титроқ дудоқларни қимтибон қаттиқ

фавқулодда ҳодисаларни абадий бекитган

 

Қўлларни кўряпман, нозик белларни қучиб

севги ҳақдаги энг ширин сўзларнинг

ҳақиқий маъноси англатмоқдадир

 

Қўлларни кўряпман, қўлларни

ияклар остига қадалиб

одамларни ўз асл шаклидан рози қилмоқда

 

Қўлларни кўряпман, оёқлар остида топталган

Катларнинг1 устидан осилиб тушган

ушбу кун бола-чақасидан узоқда

бир она тушида босринмоқдадир

 

Қўлларни кўряпман, қўлларни

кесилган бармоқлар тушларида ўз эгаси

томон учмоқда

 

Қўлларни кўряпман, амалларни

ҳар илинжга узанган

севги мактубларини ёзган

эшикларни зарб билан қоққан

кўчат экиш учун ясалган белкурак сопидан

тутганча

жасадни кўммоққа ер қазиётир

 

Қўлларни кўряпман, бармоқларни

умидсиз орзуларга қаршилик каби

уч бармоқ қовушган нуқтада энг қўпол рад жавоби

берилаётган

 

Қўлларни кўряпман, қўлларни

қиммат курсиларнинг кимхоб жилдига

маҳлиё бўлганча фароғатли турмуш тарзин

яратаркан

катта пуллардан –

демакки жиноятлардан

қалтироқ ва қўрқувлардан сўзлаётир

 

Қўлларни кўряпман, бармоқларни

энг арзон фатоаппарат тугмасини босаркан

энг қимматли онларни – абадият элчиларини

суратга олаётир

 

Қўлларни кўряпман, кўкларга узанган, очиқ

дуо қилаётир

қўлларни кўряпман, бу дуодан туғилажак дўмбоқ

қўлчаларни

бир кўринг, ҳаво хилъатини тутгани каби

малакларнинг этагидан тутмоқда улар

 

Қўлларни кўряпман, қўнғир сочларни тароқлаб

қора кўзлардан уйқуни қуваётир

чаккасини чангаллаб турган қўлларни кўраётирман

сўнгги сигарета қолган қути узра

Тинчиб қолур тонг насимида

Воз кечади нуқта қўймоқдан...

 

Озарбойжончадан Усмон ҚЎЧҚОР таржималари

 

1. Кат – сўри, каравот (маҳбуслар ётадиган нард)