“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 20 марта кўрилган.

СЎЗ МУСАВВИРИ

Антон ЧЕХОВ,

рус адиби

(1860–1904)

СЎЗ МУСАВВИРИ

Гимназияда ўқиб юрган кезларидаёқ Антон Чеховда Москва университетининг тиббиёт бўлимига кириш нияти бўлган. Ўзининг қисқача таржимаи ҳолида ёзишича, адиб қай тарзда тиббиётни танлагани маълум эмас. Бироқ бу танловдан асло норизо бўлмаганини таъкидлаган.

Москва университетига Антон Чехов 1877 йилда ўқишга киради ва уни 1884 йилда тугатади. Адибнинг ушбу масканда ўқиган вақти унинг таржимаи ҳолидан бир лавҳа эмас, балки шифокор, ёзувчи, қолаверса, инсон сифатида шаклланган ва ривожланган даврининг бир босқичи ҳисобланади. Нашриётчи Суворинга ёзган хатларининг бирида шундай дейилган: «Сиз менга икки қуён ортидан қувиб бўлмаслигини ва тиббиёт ҳақида асло фикрламасликни маслаҳат бергансиз. Билмадим, амалда ҳам нега икки қуён ортидан қувиб бўлмас экан, бўлади. Овчи итлар бўлса кифоя... Биттамас, иккита касбим борлигини англаганимда ўзимни тетик ва мамнун ҳис этаман. Тиббиёт менинг қонуний хотиним, адабиёт эса севгилимдир. Биридан зериксам, иккинчиси билан мулоқотда бўламан. Албатта, бу бироз бесаришталик бўлиши мумкин, бироқ зерикишга ўрин қолмайди. Яна бир гап, менинг беқарорлигимдан улар иккаласи ҳам ҳеч нарса йўқотмайдилар: «Тиббиёт ва Адабиёт».

Кўриб турганимиздек, Антон Чехов тиббиёт сингари адабиётга ҳам катта эътибор қаратган. Унинг тиббиётда тўплаган билимлари адабиётда асқотганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Адабий ижодда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлардан асраб, яратилажак асарлари қаҳрамонларининг руҳий дунёси ва ҳис-ҳаяжонларини тўлақонли ёритишда кўмак бўлган.

1881 йилдан бошлаб у Москва вилояти, Звенигород уездининг Воскресенск шаҳрида шифокорлик амалиётини бошлайди. Шаҳар чеккасида Чикинск шифохонаси бўлиб, унга ўша пайтдаги таниқли шифокор П. А. Архангельский раҳбарлик қилган. Унинг шифокорлик шуҳрати шу даражада юқори бўлганки, унинг қўл остида амалиёт ўташни сўнгги босқич талабалари билан биргаликда ёшлар ҳам исташган.

Ёшларнинг беморларга бўлган эътиборидан, ўз ишига садоқати ва меҳри сабаб Архангельский амалиётчи-шифокорларга тўлиқ ишонган. Адибнинг омилкорлиги, юксак ахлоқий хусусиятлари уни амалиётчи талабалар орасида шифохонада олиб қолинган ягона бошловчи шифокор даражасига олиб чиқолди. Бу шифо маскани Чеховга деҳқонлар билан, улар хулқ-атвори, қолаверса, тиббиёт ходимлари дунёси билан танишишига имкон яратди. Адибнинг ушбу таассуротлари шифокорлар ва беморлар иштирокидаги асарларида ўз аксини топган: «Қочоқ», «Жонсиз тана», «Жарроҳлик», «Қайғу», «Хизмат вазифалари билан», «Нохушлик».

Воскресенск шифохонасидан сўнг Чехов Звенигородда ва Бабкино қишлоғида ишлади. Куннинг ярмигача у беморлар қабули билан шуғулланар (кунига 30-40), бундан ташқари, уезд шифокори вазифасини бажараркан, терговчилар билан жойларга чиқар, маҳаллий хокимият топшириқларини бажарар, суд эксперти сифатида қатнашар ва бошқа юмушларни бажарарди.

Турли воқеаларга бой бу қайноқ ҳаёт давомида у бўлғуси ҳикояларига мавзулар тўплаб улгурди: «Альбион қизи», «Налим», «Жодугар», «Сирена».

1884 йили шифокорлик дипломини олган Чехов, хонадони эшигига қуйидаги ёзувни илиб қўйган: «Доктор А. П. Чехов». У хонадонига ташриф буюрган беморларни даволаган, ётиб қолган оғир беморлар хонадонига бориб, уларга беминнат хизмат кўрсатган.

1890 йилда Чехов Сахалин оролига, сургун қилинганларни даволаш учун жўнаб кетади. Сахалинда у аҳолини рўйхатдан ўтказиш билан машғул бўлади ва 10 000 атрофидаги тиббий маълумотлар тўплайди. У оролдаги маҳбуслар, аҳоли, қамоқхона нозирлари ва амалдорлар ҳақида етарлича далилий маълумотлар тўплайди. Ҳам шифокор, ҳам адиб сифатида Чехов маҳбуслар ва сургун қилинган аҳолининг аянчли турмуш шароитларини, ўша таҳликали замон қийинчиликларини кўриб, қалбан ҳис этиб, ке­йинчалик бир овозда уни барчага овоза этишни, бирмунча бўлса-да, хўрланган инсонлар аччиқ қисматига малҳам бўлишни истаётганди.

Ҳибсхоналар ва ундаги даволаш, маҳбуслар­га хизмат кўрсатиш масканлари санитар ҳолати Чеховни ғазаблантирди. Адибнинг «Сахалин ороли» номли китоби ана шу воқеа-ҳодисалар жамламаси ҳисобланади. Чехов шундай ёзган: «Тиббиёт мени вазифасизликда айблай олмайди. Менинг тиббиётга ҳурматим баланд».

1891 йили Россиянинг ўрта ҳудудларида вабо касаллиги кенг тарқала бошлади ва Чехов эпидемияга қарши курашда фаол қатнашди. Мелиховода ўз хисобидан врачлик шахобчаси ташкил этиб, беморларни даволади.

Тан олиш керакки, шифокорлик Чеховни баъзида толиқтирган. Бу ҳақда у Суворинга йўллаган мактубларида кўп бор таъкидлаган: «Мен ёлғизман, негаки ҳаётимиздаги жамики иллатларга тобим йўқ. Доимий кўчиб юришлар, суриштирувлар, суҳбатлар, майда-чуйда ташвишлардан чарчадим. Адабиётни аллақачон ташлаб қўйганман, мен ғариб ва нотовонман».

Тиббиёт адиб Чеховга ҳалал берётган эди, негаки ёзиш учун на вақт ва на куч қолган. Ўз навбатида, тиббиёт адиб ижодига кўмакчи бўлганини Чеховнинг ўзи таъкидлайди. Шифокорлик инсон руҳиятини илмий нуқтаи назардан англаб етишига ёрдам берган. Касаллиги туфайли 1898 йили Ялтага кўчиб ўтган Чехов шифокорликни давом эттиролмайди.

Тиббий билимларнинг адиб ижодига кўрсатган ижобий таъсири шубҳасиздир. Тиббий билимлари Чеховга рус адабиётида турфа қиёфадаги шифокорлар тимсолини яратишга имкон берди: қўпол, дағал, бадқовоқ, бефарқ, бешафқат, бемеҳр, оқибатли, ширинсўз, билимдон ва бошқалар. Унинг ҳикоялари шунчаки «Шифокор қайдномалари» эмас, балки етилмаган – ғўр жамиятга қўйилган ташхисдир. Барча ижтимоий табақалар ички ҳаётини синчковлик билан кузатган адиб амалиётчи-шифокор сифатида бу борада бой маълумотлар тўплашга муваффақ бўлди.

Масалан, Раневская гилос боғи тақдири билан боғлиқ янгиликларни эшитганида уни ҳая­жонли титроқ босаверади. «Қора роҳиб»даги Ковриннинг хаёлий ва реал ҳаётий тушунчалари ишонарли тарзда тасвирланган. «Тутқаноқ» ҳикояси ва «Олтинчи палата» қиссасида ҳам ушбу ҳолат кузатилади. «Олтинчи палата» қиссасида инқилобдан илгариги Россиянинг чекка бир шаҳарчасидаги воқеа-ҳодисаларни тасвирлайди. Ушбу шаҳарча шифохонаси ҳудудида руҳий хасталиклар бўлими мавжуд. Бу ердаги беморлар феъл-атворан дағал ва қўрс қоровул Никитага бириктирилган. Ушбу шаҳарча, ундаги ҳаёт, шифохона ва олтинчи палатадаги бўлаётган воқеа-ҳодисаларда китобхон учун ўша даврлардаги Россияда хукмронлик қилган мустабид тузумнинг халққа ўтказган жабру-ситамлари рамзий тасвирланган.

Чеховнинг «Олтинчи палата», «Ғилоф бандаси» ва «Қора роҳиб» ҳикоялари, шубҳасиз, шуни исботлайдики, адибнинг тиббиётдан бохабарлиги ва инсон руҳиятини англаб етолгани унга инсон руҳий дунёсини чуқур ва тўлақонли тарзда тасвирлашига ёрдам берган.

Тургенев ва Толстойдан фарқли ўлароқ, бемор ҳолатини тасвирлаётган Чехов ҳеч қачон «майдакашликдан» фойдаланмаган. Хаста-бемор ҳолатига чизгилар бераётган Чехов адабиётга ўзи тадбиқ этган, ўзи хуш кўрган усулдан фойдаланишни афзал билган. У бемор ҳолатига монанд табиат манзарасини тасвирлаш орқали унинг хасталик даражаси, инсоний қиёфаси, қолаверса, жамиятда тутган ўрнига ишора қилувчи бадиий ранг тасвирни беролган. Адибнинг бу борадаги устамонлигини В. Ермилов қуйидагича изохлайди: «Чехов – улуғ сўз мусаввиридир».

Турли ёшдаги оддий китобхонга тушунарли бўлиши учун Чехов ушбу ҳикояларида турли илмий атамалардан эмас, балки оддий сўз ва иборалардан фойдаланган. Адиб Чехов ва шифокор Чеховнинг адабий маҳорати ҳам шундан бўлса керак.

 

А.П.Чеховнинг таржимаи ҳоли асосида Рустам МАМАТҚУЛОВ тайёрлади