“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 20 марта кўрилган.

МЕНИНГ ХОТИРАМГА АЙЛАНДИНГ СЕН ҲАМ...

Андрей ПЛАТОНОВ,

рус адиби

МЕНИНГ ХОТИРАМГА АЙЛАНДИНГ СЕН ҲАМ...

Анна Ахматова,

рус шоираси

(1889–1966)

Ҳали ижоддан қўл узмаган эса-да, сўнгги йиллар ёзган шеърлари тўпламларда кўриниб турган бўлса-да, шоиранинг анча пайтдан бери овози эшитилмаётганди. Сабаби бунинг бизга ноаён, билганимиз: бу жимликни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Негаки, Анна Ахматова деган шоира яратганнинг тортиғи, у шеър яратади, яратгандаям поэтик дурдонасидан. Шуларни тўхтатиб бўларканми, унинг ижодини чоп этишга қийналиб бўларканми...

Унинг илк шеъри, “Тол” тўпламидагиси 1940 йили дунёга келган.

Одамнинг инсониятга боғланиб қолиши, одатда болалигидан кечроқ келади. Болаликда онангни севасан, лекин бу ҳали улғайган одамдаги инсонпарварлик эмас; болаликда жонсиз нарсаларга меҳр қўясан – аллақандай газанда ўтми-ей, қариқиз, толми ёки яна бошқа бир нималар. Бироқ ҳаммасини бирваракайигамас, яратган билан бир бутун деб эмас, алоҳида, бошқасига алиштирмай қабул қиласан: у ҳам ўзга толнимас, биттасини, фақат ўзининг толгинасини севган, алмаштиролмаган. Ўша биттаси, суюклиги – толининг ўлими жигарининг ўлимидай куйдирган шои­рани. Бу бола қалбининг беғубор, табиатнинг ўзидай соф қиёфаси шоирада ҳаддан ортиқ аниқ ифодаланган; бунинг устига, балоғат тажрибаларини сингдирган-у, болалигини йўқотиб улгурмаган ва ана шу оппоқ давр ришталарини унутмаган ўзига хос шоирона фазилат ҳам шундоқ кўриниб турибди. Чин шоир донишманд каби, бор умрида орттирган тажрибасини ўзида ушлаб қолади – мавжудлик ҳақидаги энг биринчи тасаввурдан тортиб, охирги нафасгачасини, уни ишлата олади ҳам.

“Илҳом” шеърида одамнинг ижодий қобилияти қолган ҳаётидаги бошқа барча инсоний қимматига солиштирилади, албатта биринчисининг ҳисобига. Ва бу – ҳақиқатнинг ўзгинаси. Ёлғиз шу қобилиятнинг ўзигина, ёки насрда айтганда, унинг машаққати, меҳнати, қурбонли кураши шуҳратиниям, эркиниям таъминлаб қўяди. Яна бир муҳим жиҳатики, шуҳрат ва эрк инсон ижодий қобилиятининг самараси, холос, аммо ҳеч бири илҳом дея аталувчи тортиқдан устун эмас.

Ва яна у келди. Барини отиб,

Яна бошдан оёқ ташлади нигоҳ!

Дантега айтдингми, дўзахнинг отин...

Сен жим тур, мен уни этаман огоҳ...1

 

Шоира қаламига мансуб “Дилбар меҳмоним” “жони киритилган” шеър. Унда шоира қулоғига шивирлаётган софдил илҳом нафасини эшитасиз. “Менман!” деб туради. Айни шу илҳом кирибоқ, “диққат-ла боқиб менга”, – ўша сенгинами, сенми ўша керагим маним, – дейди; бир пайтлар Дантенинг-да меҳмони бўлган, ўшанда у ўз танлаганини алдамаган, ҳозир-да алдаши мумкинмас.

Тўпламда илҳомга бағишланган яна битта шеър бор.

 

Давом этар йўлида илҳом,

Куз йўлакда турар типпа-тик!

Тим оёқлар билмасди ором –

Томчилади умидвор шудринг.

Унга боқдим. У сўзсиз! У жим!

Ҳис қилардим уни... у – йиғи!

У тонг эди... Шафақ... Ва ёки,

Мамлакатга кириш эшиги...2

 

Ўзига хос ички самимият ва ташқи оламдаги безовталик шоирани илҳомдан айро яшашига халал беради. Унинг бошқа ҳолатларида, борлиққа муносабатларида – худди Маяковскийда бўлгани каби – шоира учун илҳом шунчаки меҳмонгина эмас, доимий ҳамкоридир. Анна Ахматова, албатта, ўз поэтик меҳнатининг Маяковскийникидан фарқ қилишини яхши билади.

Ижодий эҳтиёжи ва шахсий инсоний мусибати тўқнашмаган шоирлар саноқлигина бўлса керак. Буни Пушкину Данте ҳам бошидан ўтказган, Маяковский шу синовда ўтган ва Ахматова-да ана шу фожиани яшаяпти.

Одамлик шоирликни эзиб қўяди. Ўзи ижоду шахсий қисмат бир-бирига “душман”лиги сохтамасмикин, ишқилиб? Сохта эмасга ўхшайди, унақада буюк шоирларнинг бари бу икки ўт орасида доим енгилмаган бўларди. Маяковский буни енгиш учун ўзгачароқ, бироз мардонавор йўл қидирган; шоирона тадбир билан инсоний ожизликдан баланд келиш учун, ўтмишини сир тутган. Эҳтимол, бундай драматик вазиятнинг ечими учун иқтидорнинг ўзи камлик қилар, шоир истеъдоди қанчалик юқори бўлмасин, муаммонинг ҳукми тарихда бўлгани каби, жамият тараққиётида кечгани каби хотималанган, қачонки “янги дунё” илҳом дидига мос қуриларкан, ана унда инсонлик бус-бутун шеърга айланади ёки акси.

Баъзида Ахматова ижодида инсонийлик энг сўнгги ўлчамгача, аёллик имконигача сиқиб боргандай ўзини кўрсатади, ана шундай пайт унда поэзия йўқолади. Масалан:

 

Савалади-да мени роса жуфтим,

Қўлида икки қат гулдор камар-ла.

 

Яширолмам сиздан, ингроғим баланд!

Қалбда сиёлигу, димиққан кулгу.

 

Кейинги икки қаторни Ахматованинг қўллари битганига ишонмай қоласан киши – шунчалик бўш бўлса-я. Унақада, давомидаги шеърий дурдоналарни ким қойиллатиб қўйибди экан:

 

Қудуқ тубидаги оқ тошдек бесас

Кўксимда ётибди хотирам маним.

Уни унутмайман, унутгим келмас,

У менинг қувончим, у менинг ғамим.

 

Яратган дилларда қолсин дея ғам,

Ўлдиролмай одам тафаккурини,

Уларни буюмга айлантирган дам

Менинг хотирамга айландинг сен ҳам.3

 

Адабий танқидчилик доим бироз куфрона ишлигига боради-да: у туйғунинг поэтик ифодасини синиқ сўзга буради: оддий ҳаётни кўрсатиш учун баландпарвоз қараш, бегона истеъдод, деб. Ахматованинг кўплаб битиклари талқинига нисбатан биз ортиқча рациональ ёндашув йўлидан бормаймиз. Мукаммаллик белгиси бўлган нарсалар кўмакка муҳтож эмас, сабабки, камолотнинг ўзи мутлақ қудратнинг ўзидир.

Аммо кўп ҳолларда танқид муҳокама ўрнида айб қидириш ёки мақтов эмас, шоирни чуқурроқ тушуниш учун керак. Юқорида биз муаллиф поэзиядан сал узилган сатрларни келтирдик, холос. Мана, бошқа, севги ҳақидаги шеърлардан сатрлар, булар энди мутлақо ўзгача руҳда, нега бунчалар гўзаллигини тушунамиз:

Фарёд урдим: – Оҳ, ҳазил эди!

Сен кетсанг, мен ўламан, ахир!

Қайриларкан беомон деди:

– Шамоллайсан, ичкарига кир!..4

Муҳаббатга гирифтор аёл чинқириғини одамгарчиликдан йироқ ярамас ошиқнинг овози босиб тушган; ўлдира туриб, қайғурмоқда: “ичкари кир, шамолда турма”. Мана инсонийлик сирининг соддагина мазмуни тимсоли, қайғуни шеърий ҳақиқатга айлантиришини кўринг.

Шеърдаги қаҳрамон қиёфасида аёл қалбини ўзининг эркакча шафқатсизлиги, шунга қарамай боадаб мулоҳазаси билан синаётган “ошиқ” тимсоли бўрттирилган.

Мақсадимиз Ахматова ижодини тўлиқ ё қисқача муҳокама этиш эмасди, шу боис ўзимиз аҳамиятга молик ҳисоблаганларимиз билан чекланиб қўяқолдик.

Бир муҳим мулоҳазада янг­лишишдан эҳтиёт лозим. Айрим замондошларимиз – адабиётшунослар ҳамда адабиёт ўқийдиган биродарлар – Ахматовани замона ижодкори деб билмайдилар; у мавзуда эски, ўта сирли ва ҳоказо. Шунинг учун шоира сифатида унинг қиймати унчамас, шўровий инқилобчи замона ёш авлодини ўзига эргаштиролмайди.

Бу мутлақо нотўғри қараш, бу гумроҳона фикр.

Майли, масалага тўғридан-тўғри шу манфаат нуқтаи назаридан ҳам ёндашиб кўрамиз энди. Ўқувчи қалбига аниқ замон ифодаланган санъат асари самарали таъсир ўтказадими, ёки замонага алоқаси бўлмаган, бўлгандаям билвосита алоқадор бошқа санъат асарлари чуқурроқ кириб борадими, таъсир қиладими?

Мана, жавоб. Иқтидорли ижодкорнинг замонга мос катта мавзуда ёзган асари ўқувчига кўпроқ таъсир этади, шундай мавзуга бевосита алоқаси бўлмаган, худди шундай ёзувчиникига нисбатан.

Айни шундай, бироқ бу юқоридаги саволнинг академик жавоби-да барибир. Бошқачасига, академизмдан сал чекиниб туриб ҳал қилиш ҳам мумкин, масалани: Ахматова шеърлари одамга этик қизиқиш, эстетик завқ бера оладими ёки йўқ? Унинг шеърлари бировни бузадими, тушкунликка соладими?

Жавоб тушунарли. Замонавий мавзуда ёзадиган ҳамма шоирни ҳам Ахматова шеърлари моҳияти билан солиштириб бўлмайди. У инсон табиатига файз киритади, ҳар қандай одатий дуолардан кўра кучлироқ, таъсирлироқ файз киритади. Бунинг устига ҳеч қандай дуосиз. Ахматова ҳаммани бирдай қизиқтирадиган кундалик турмуш ташвишлари тажрибасидан шеърий мусиқа яратишга уста. Айрим шоирлар улкан поэтик ҳодисаларни оҳангдор талқин қилишни эплар балки, мисоли насиҳатомуз насрдагидай. Уларда ҳам бировни авраш йўқ, замонавий дунё тимсоли, белгиларидан йироқлашиш йўқ, афсуски, зў-ўўр, қойилмақом, гўзалмас-да.

Умуман айтганда, энг замонавий шеърият бу замона одами тарихий тараққиётида мавжуд мазмунни юксалтироладиган, унинг онгига, қалбига чуқурроқ сингадиган шеъриятдир, ўз кучини замонавий мавзу ахтаришга сарфлаб ҳам, уни поэзия даражасига кўтара олмайдиган сўзбозлик эмас; замондошларимиз ҳали ўзларининг тенгқур шоиралари кучини англаб етадилар, таассуфки, у яратган поэтик олам улар учунам дилтортар, жозибали (кўплаб сабабларга асосан), лекин келажак ўқувчиси бу шеъриятнинг қадрига етмаслигиям мумкин.

Албатта, тушунамиз, баланд шоир бу воқеликни ўз вақтида поэтик шакл­га сололган, уни ифодалай олган, аниқроғи, замонавий мавзулар шоиридир.

Келинг, замонавийликни ёт, қўпол қабул қилмайлик, биз ўзимиз, ҳаммамиз ҳам ҳар доим фақат шундай мавзуда ёзамиз деб кафолат беролмаймиз-ку. Бизни Пушкин, Бальзак, Толстой, Шед­рин, Гоголь, Гейне, Моцарт, Бетховендек устоз ва рассомлар тарбиялаган, ахир.

Шоирани бетакрор, жозибали сўзлари учун ҳам қадрласак арзийди. Бу сўзларни ифодаларкан, бизга борини бахшида этмаяптимикин, шундай экан, бунинг учун ундан чексиз миннатдор бўлмоғимиз керак.

_____

1-2 Хосият Рустамова таржималари.

3 Хуршид Даврон таржимаси.

4 Зебо Мирзо таржимаси.

Рус тилиданЗуҳриддин Қудратов таржимаси

 

Муаллифнинг ички дунёсини очиб беришда унинг руҳияти, инжа фикрларини ўз тилимизга кифтини келтириб ағдаргани учунЗуҳриддин Қудратовга газетамиз таҳририяти номидан ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.