“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 86 марта кўрилган.

КЎЗИНГГА НЕ ТУШЛАР К´МИЛМИШ ТЕРАН?

Агрон ШЕЛЕ,

албан шоири

КЎЗИНГГА НЕ ТУШЛАР К´МИЛМИШ ТЕРАН?

Агрон Шеле – албаниялик таниқли шоир ва ёзувчи. 1972 йил Албаниянинг Лаский қишлоғида таваллуд топган. Тирана Давлат университетида таҳсил олган. “Кулранг парда ортида”, “Хато” каби романлари ва “Поклик парчалари” номли шеърлар китоби нашр этилган. Шеърлари бир қанча тилларга таржима қилинган. Айни пайтда Бельгияда яшайди.

 

Оқ шуълалар

 

Қалбим денгизининг теран тубида

Туғилган шуълалар соғинчдай шаффоф

Ва парвоз айлаган қуш қанотининг

Соясидай енгил,

Лаҳзадай мавҳум...

Бу шуълалар туғилар қайта кўзим кўзгусига

Урилиб бесас,

Ҳали ёзилмаган сатрлар янглиғ...

 

Нурафшон умид

Ҳаёт шивирларин ранглари мисол бетаъма,

Алвон кенгликлар сурати узра

Суртилган оқ бўёқ ва

Ушбу кечанинг қайтмас онлари

Каби фусункор...

Сукунат қўлида гуллаган чақмоқ

Ва осмонга бўсалар ҳадя этган Ер

Мисоли дилбар...

Пок сўз –

Шуурнинг энг нурли чўққиларида

Қор бўлиб ёлқинлар таратган пок сўз.

Ровийлар тилида тилимланган сас

Ва уфқларга синган биллур нигоҳлар –

Пок сўз...

Оқлик...

 

Тиранада куз

 

Сархуш шамолларнинг йўллари ўзга,

Қўшиқлари ўзга,

Жимлиги ўзга.

Томчилар – осмоннинг шаффоф изҳори

Етиб борармикан бу маҳзун кузга?

 

Кузак

 

Тиранани айлади ишғол,

Ҳаяжон базмида титрайди барглар.

Мен нега бу қадар беҳолман, беҳол

Ва нега дардимга топилмас шарҳлар?

 

Елларнинг қадами айни дам вазмин,

Новдалар қайгадир этар ишора.

Эй куз, нигоҳ солгин,

Армонлар ичра

Тунларим қорадир, кунларим қора...

 

Ҳазин дарахтзорлар инграр теграмда,

Боряпман,

Мисоли мўлжалсиз бир ўқ.

Жоним, биз дардмандмиз,

Дард дил ичрадир,

Бизнинг оғриқларда кузнинг айби йўқ...

 

Фариштам...

 

Шафақ жилосида не сир яширин,

Кўзингга не тушлар кўмилмиш теран?

Айт, нега учмаймиз бу кенг самода

Ва нега умримиз бу қадар беранг?

 

Фариштам...

Эсладим,

Мовий туманлар

ўраб асрар эди сени мен учун.

Мангу изтироблар куй чалар эди,

Маҳв этмишди дардлар борлиғим бутун.

 

Фариштам...

Йилларим – кулранг мавҳумот,

Улар ҳам ҳеч олов бўлганмикан, айт?!

Нега севолмайман ёшликдагидек,

Ё ишқ аллақачон ўлганмикан, айт?!

Эҳтимол, барчаси ёлғондир буткул,

Сен кўрмаган тушман,

Рўёман балки.

Бироқ нечун унда бедор азоблар

Мени ҳар қадамда қилади таъқиб?

 

Фариштам...

Кунботар жилваларига

Сингиб кетмаймизми, йўқ бўлмаймизми?

Айтгин, бўшлиқларнинг тийнатларида

Мангу қоламизми, ҳеч ўлмаймизми?

 

Фариштам...

 

* * *

Шу ердадир менинг тушларим –

Сочилган сўзлар ва сукут – бир парча.

Дилнинг из тушмаган йўллари аро

Йиллар кетмоқдадир қанчадан-қанча.

Денгиз хаёллари оқар жонимда,

Тилингда бир сўз бор: чексизлик – дарча.

 

Тушларим шу ерда,

Баҳор осмони

воз кечмоқда бир-бир юлдузларидан.

Туйғулар гирдоби бўғзимга ботар,

Кечаман дунёнинг бор сўзларидан.

Тушларим шу ерда,

Кунчиқар тараф уч ёнга бир оқлик этар бахшида.

Камалак – ҳаяжон ёйилар майин,

Нигоҳларим чопар зулмат раҳшида.

 

Тушларим шу ерда,

Сезим қуюни

Сим-сиёҳ тилсимга дўнар нафасда.

Тушларим шу ерда, аммо не учун

Ўзим қафасдаман,

Ўзим қафасда?

 

Таназзул

 

Қушлар,

Чексизликда чарҳ урган қушлар.

Коинот саҳнида қанотлар – бирдам.

Тунлар томирида кўз очган ўғлон

Ва саслар сояси остидаги шам.

 

Кузги навдаларда сўнги барг янглиғ

Булутга илинж-ла боқиб турибман.

Совуқ ҳайқириқлар,

Совуқ жимликлар

Бош олиб кетажак тонги ғурубдан.

 

. . . Ва ҳар не мавҳумдир шаффофлик қадар

Ва кимга маълумдир

Бу йўл,

Бу манзил?

. . .Ҳечлик оҳанглари забт этар сени,

Ишғол қилар сени ваҳшоний ҳилқат.

Ва барчаси ташлаб кетади мени,

Сен борсан,

Сен борсан,

Саен борсан фақат.

 

Кечир,

Сўзларим ҳам кетди чаллкашиб,

Сенсизлик комида шуурим сўнди.

Барчаси тугади.

Барчаси тамом.

Сен кетдинг – мен кетдим.

Бўлди!

 

Инглиз тилиданМузаффар таржимаси