“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 146 марта кўрилган.

БУ ЙЎЛЛАР... Ҳикоя

Довуд Ғозий Бенли

1965 йил Германияда туғилган. Илоҳиётшунослик ва халқаро муносабатлар факультетларида таҳсил олган. Айни пайтда Туркия Рес­публикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг матбуот маслаҳатчиси, Туркия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

БУ ЙЎЛЛАР...

Ҳикоя

– Азизам, бунча шошмасанг. Бугун бўлмаса эртага борамиз, – деб хотинимни ниятидан қайтармоқчи бўламан.

Аммо у оёқ тираб туриб олган.

– Борамиз, дедимми, борамиз, тамом.

– Яна озгина чидагин, ёзда Туркиядан олиб келамиз, уч-тўрт ой ўтади-кетади. Ҳозир Фарғонадан йўлга чиқ, тўрт-беш соат мошинада иссиқда йўл юр, Тошкентдаги аллақайси дўкондан ўзимиздагидан уч баравар қимматига Туркияда ишлаб чиқарилган қозон-товоқларни ол... Шулар қийналганингга арзийдими, азизам?

– Арзийди.

Бу хотиннинг жавоби.

Фарғонада эҳтиёжбоп ҳамма нарса бор. Бойбичанинг мақсади сайру саёҳат, сопол товоқ баҳона, холос. Чўнтакка пул тушди дегунча ошхона анжомларини янгилагиси келиб қолади... Туркияда ночор яшаган кунларимизни эсидан чиқарган. Олган нарсаларини расмга тушириб Интернетга қўяди. Туркиядаги дугоналарига кўз-кўзлаб ҳузур қилади. Унинг наздида шу ҳам бахт.

– Седат, тоқатим тоқ бўлди, шу шанба йўлга чиқамиз. Тошкент дегани тупканинг тагида эмас-ку, ахир! – деди-да, суҳбатимизга нуқта қўйди. Табассум ҳадя қилишни ҳам унутмади. Тан олишим керак, унинг табассумига жонимни фидо қилиб юбораман.

Беадад шукр, ишларимиз кўнгилдагидек. Бу йил Туркияга экспорт қилган майиз ва бодомдан тузуккина фойда қилгандик.

Биз бу заминга мамлакатларимиз орасидаги алоқалар қайтадан яхшилана бошлаган паллада келгандик. Қаттиқ ишлаб, оёққа турдик. Андижонда ишлаб чиқарилган машиналардан бирини сотиб олдик. Ўшанда ҳам Ёсамин «Илло, хориж автомобилидан олайлик», деб ҳоли жонимга қўймаган эди. Энди эса ўзбек машинасининг шайдоси...

Ниҳоят, Тошкентга отландик. Режамизда ҳафтани Тошкентда якунлаш, сайр қилиш, дам олиш ва ўша сопол идишларни харид қилиш....

Йўлдамиз. Бир маҳал хотин гап бошлаб қолди:

– Сайфибейнинг хотини Нолон хонимнинг «Тошкент бозорида нима бор? Яхшиси, яна икки соат юрсангиз, Чимкентга етасизлар, ана у ерда ажойиб дўконлар бор. Қаранг, биз нималар олдик!» – деб мақтанганини ва ўзининг ҳам жавобини айтди: – Мен Тошкентдан харид қиламан.

Ёнингда суйимли ёр бўлса, кейин машина янги бўлса, йўл ҳам равон, текис кўринаркан. Кетяпмиз.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта гулли чинни товоқлар, ўзбекона чойнак-пиёлалар ҳам чет элникидан қолишмайди. Туркияга илк йил қайтганимизда қариндош-уруғ ва яқинларга шундай пиёлалардан совға қилгандик, – деди аёлим.

– Эсимда. Шу гапларни Нолон хонимга айтмадингми? – сўрадим хотинимни кўпроқ тинглаш иштиёқида.

– Айтдим. Бурнини усти терлаб кетди. Менимча, ичи ёнди-ёв...

Баҳор ёмғири тўхтаб, ёз яхшигина қиздира бошлаган. Фарғонадан чиқишда ёқилғи қуйиш шаҳобчасига тўхтаб, машина бакини тўлдириб олдик. Ўзбекистонда бензин нархи Туркиядагидан анча арзон.

– Ёсамин, Ўзбекистонда бензин арзонлигидан фойдаланиб, кўп-кўп айланиб олайлик, – дедим кулимсираб.

Бунга жавобан хотиним жилмайиб қўшиқ қўйди. Амал Тошчиўғли куйларди:

«Оҳ, нетай йиғламай, ғурбат элида,

            узоқдан кўринур тоғларим,

Ғариб қолдим, ахир бегона юртда,

            уйимни соғиниб йиғлайман».

Фарғона водийсининг барча гўзалликларини, ям-яшил табиатини, шарқираб оқувчи дарёларини, осмонга бўй чўзаётган тоғларни ортда қолдириб, қўшиқдан маст бўлиб йўлнинг танобини тортардик. Ора-сира яқин кунларда дунёга келадиган боламиз ҳақида ҳам суҳбатлашиб олишни унутмадик. Ёсаминнинг қўлидан тутиб қўшиққа ҳам жўр бўлдик. Лип-лип этиб ортда қолаётган дарахтлар, йўл белгилари худди бизни пойлаётгандай завқимизни келтиришарди. Тепаликлар бағрига экилган кунгабоқар ва буғдой далалари кўнглимизга бир олам завқ ва кенгликларни улашарди. Йўл шу қадар текис эдики, тиниқ ёз ҳавосида гўё уфққа туташиб кетгандек кўринарди.

Оҳангарондан ўтган ҳам эдикки, йўл четида машинасини тўхтатиб, қўл силтаб турган йигитни кўрдик. Машинани секинлатиб, иссиқдан терга ботган, бир қўлида дастрўмол тутиб ўтган-кетгандан мадад кутаётган йигит ёнига яқинлашдим. Тўхтаб турган машина янги, қимматбаҳо «Jeep» моделларидан бири эди. «Шундоқ машина қандай қилиб бузилиши мумкин?» деб ўйладим. Ва машинани тўхтатдим. Йигит саломлашгач, у мени машинаси томон бошлади. Машинада кекса бир киши бор эди...

– Отам... – деди киши ва отасини тоби қочганини, уйдан шошиб чиққанини, бензин олишга улгурмаганини, аксига олиб телефони ҳам уйда қолиб кетганини тушинтирди.

Етарли миқдорда бензин бердим. Йигит хурсандлигидан бир даста пул узатди: керакмас, дедим. Тезроқ ҳайданг, отахонни шифохонага олиб боринг, дедим.

Машинасига ўтиргач, руҳим анча енгил тортди. Хотинимнинг сочини силаб қўйдим: яхшиям сен борсан, яхшиям шу бугун йўлга чиқибмиз, яхшиям бизлар етиб келдик, яхшиям... Мен жуда узоқ гапирдим. Аёлим қўлимни маҳкам ушлаб олди. Иккимиз ҳам бу ёқимли тасодифнинг таъсирида эдик...

Тошкентга етиб келдик. Мана, Марказий Осиёнинг энг кўркам шаҳарларидан бири. Савдо-сотиқ, илм-фан, маданият чўққиси азим Тошкент. Буюк ипак йўлининг юраги, бетакрор Тошкент.

Ҳар келганимизда борадиган меҳмонхонага жойлашдик...

Бир муддат дам олиб бўлгач, Тошкентнинг савдо марказларини Интернетдан қидириб, режа туздик. Тушдан кейин ҳаво ҳали ҳовуридан тушмаган бўлса ҳам кондиционерли савдо марказларидан харид қилдик.

Оқшом, қош қорая бошлаганда эса янги очилган турк ресторанига бордик. Ёсамин хаёл қилганидек, мўл-мўл сельфилар жўрлигида оқшом таомини едик ва ярим кечада меҳмонхонага қайтдик.

Якшанба куни эрталаб меҳмонхонадан чиқишимиз керак эди. Чунки иш билан боғлиқ учрашувларимиз бор эди.

Ниҳоят, барча ишимиз якунига етди. Ёсамин Ўрта асрга тушиб қолгандек, сопол идишлару антиқа буюмларга қараб ҳайратини яширолмайди. Ҳар бир буюмга завқ билан тикилади, нималардир деб узоқ гапиради. Мен ҳам унинг қувонганидан хурсандман.

Тушликдан кейин йўлга тушдик. Қайдасан, Фарғонажон, деб жўнадик. Ёсаминнинг қувончи ва ўзимнинг ишларим билан бўлиб бензин қуйишни унитибман. Бензин кўрсатгичига қарасам, аҳвол чатоқ: водийга етиб боролмаймиз. Чўнтагимни титкилаб кўрдим: тамом. Адо бўпмиз. Бир чақа ҳам қолмаган. Ёсамин орқа ўриндиқда, «янги дўстлари» билан гаплашяпти. Унга билдириб бўлмас эди. Агар айтгудек бўлсам... бор қувончи, тегирмончининг этигига ёпишган ундай, учади-кетади. Нима қилиш керак... Нари борса Оҳангаронга етиш мумкин... Нима бўлса, бўлди. Яратганга таваккал... Газни босдим... Ҳозирги замонда кўчада қолиб кетиш кулгили...

Тошкентга келаётганда кайфиятим аъло эди. Зиғирдек муаммо ҳам кўнгилни хира қиларкан. Қани энди бензин баким тўла бўлсаю аёлим билан суҳбатлашиб кетсам... Яхшиям аёлим ҳозир «дўстлари» билан банд. Агар суҳбатга тортиб қолса, сезиб қолиши аниқ. Йўл четидаги белгилар ҳам, дарахтлар ҳам кайфиятимни кўтармас, ҳатто равон йўл ҳам қандайдир нотекисдек кўринарди. Нима қилсам экан... Йўлдаги бирор ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кириб вазиятни тушунтирсаммикин... Ўзбеклар бағри кенг халқ, тушунар, ёрдам берар... ҳа, шундай қиламан, тушунтираман, Фарғонага боришим билан пулини таксидан жўнатиб юбораман, дейман. Шунақа бўлиб қолди, ёрдам беринг, дейман. Кўнглим ёришди. Агар муаммо ўнта бўлса, уни ҳал қилиш учун, албатта, ўн бир йўли бор.

Оҳангаронга яқинлашганда, йўл ёқасидаги биринчи шаҳобчага бурилдим...

Шаҳобчада битта ҳам машина йўқ. Қайтага яхши бўлди, одам кўп бўлса, илтимос қилишга уяласан, ёлғиз бўлгани яхши, деб ўйладим ичимда.

– Тўлдирамизми, акажон? – деган овозни эшитиб бир муддат шаштимдан тушдим, нима дейишни билмай гарангсиб қолдим. Йигит саволини яна такрорлади. Машинадан тушиб йигитга яқинлашиб муддаони айтмоқчи эдим, шу чоғ оператор хонасида калонкадан овоз янграб қолди:

– Бакни тўлдириб бер...

Кейин...

Осмон айландими, ер қалқиб кетдими, билмайман. Бир лаҳза ичида минг йил яшаб қўйгандек бўлдим. Менимча, деб ўйладим, – йигитга илтимос қилдим, йигит бориб операторга вазиятни айтди, шунда шунақа овоз янгради. Лекин ўттиз қулочлик жойга бунчалик тез бориб келиш мумкинмас-ку...

– Ака, акажон, ўзингизмисиз? Мени танияпсизми? – деган овоздан кейингина ўзимга келдим. Қаршимда... Ҳа, айнан юзимни рўпарасида мен йўлда бензин берган йигит турар эди... У мени қучоқлаб олди...

– Биласизми, кеча отамни касалхонага олиб бордим. Кўричаги ёрилиб кетибди. «Бир соат кечикканингда отангни қутқаролмасдик» – де­йиш­ди дўхтирлар. Минг шукрки, отамни қутқариб қолдик. Шунга пешин намозидан сўнг Оллоҳга сўз бердим. Бугун шаҳобчага биринчи кирган машина бакини бепул тўлдириб бераман, деб ният қилдим. Оллоҳ дуомни қабул қилди, – деб йиғлаб юборди... Мен эса... менда тил йўқ эди...

Йўлда кетарканман, бир нарсани қалбан ҳис қилиб, негадир йиғлагим келарди: Чорасизга Оллоҳ чора топади...

Яна, ҳа, яна рафиқамга яхшиям сен борсан, яхшиям, яхшиям... дедим...

Энди йўллар текис, пойлоқчи йўл белгиларию дарахтлар ўз ишларини бошлаб юборгандилар...

Турк тилидан

Маъруфжон ЙЎЛДОШЕВ таржимаси