“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 27 марта кўрилган.

АТИГИ БЕШ ДАҚИҚА ОЛДИН... Эссе

АТИГИ БЕШ ДАҚИҚА ОЛДИН...

Эссе

Шу сабабдан ҳам мен сира уйдан чиқмайман, эгнимга сиз юборган момиққина халатни илиб олганча, кунни ичкарида кеч қиламан, Иван.

 

Иван ТУРГЕНЕВ, рус адиби (1818–1883) — Гюстав ФЛОБЕР, француз адиби (1821–1880)

Машҳур француз ёзувчиси Гюстав Флоберга атоқли рус адиби И.В.Тургенев жуда маъқул келарди: узун бўйли, ҳақиқий рус чеҳрали, бутун қиёфасидан фақат ҳамдардлик ва қайғудош­лик ҳислари ёғилиб турган бу инсон чиндан-да Флоберга бошқача таъсир ўтказарди. Флобер қирқ етти ёшга тўлганида, у Тургеневни меҳмонга чақириб, шундай илтифот кўрсатади: “Ва ниҳоят, қадрдон биродарим менинг, бироз бўлса-да, сиз билан дийдор кўришишга баҳона топилди! Фақат маслаҳатим, эрталабки поездга, Руанга 0.40 да кириб келадиганига чиқишингизни сиздан илтимос қилган бўлардим. Етиб келганингизда, у ерда сизни Круассага нақ йигирма дақиқа ичида олиб келадиган карета кутиб туради”.

Бу вақтга қадар Флобер билан Тургенев беш йилдан бери, эскитдан таниш эдилар. Улар Парижда мунтазам адабий гурунглар кечадиган “Адиблар тушлиги”, “Бешовлон дастурхони” ёки “Флобер маросимлари” каби йиғинларда тез-тез юз кўришиб туришарди. Танишчилик аста-аста қадрдон дўстликка айланиб борди, бу ҳақида Америка ёзувчиси Генри Жеймс шундай дея эътироф этганди:

“Улар ўртасида бир қанча ўхшашликлар мавжуд эди. Иккиси ҳам узун бўйли, бақувват эркаклар эди, гарчи рус дўстимиз нормандликдан хиёл баландроқ бўлсаям, барибир иккаласи деярли баравардек бўлиб кўринардилар. Иккиси ҳам жуда кучли тўғрисўзлигию самимияти ҳамда ажойиб юморга бойлиги билан бошқалардан ажралиб турардилар. Улар бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолгандилар, аммо шахсан менга шундай бўлиб туюлар эдики, Тургеневнинг Флоберга бўлган муносабатларида кўпроқ дўстининг тақдирига бўлган ҳамдардлик аён бўлиб турар ва бу ҳеч кимни у қадар ажаблантирмас эдики, Флобернинг долғали ҳаётида ёзувчига муваффаққият эшикларидан кўра кўпроқ омадсизлик туйнуклари очилган эди. Заҳматли меҳнат эса ҳамма вақт ҳам кутилган натижаларни олиб келмасди... Унинг уринишлари худди тарихий қаҳрамонларнинг аёвсиз жанглардаги ҳатти-ҳаракатларига ўхшаб кетарди, бироқ “Бовари хоним” асари билан Флобер ва ниҳоят, ўз уммони қаърига буткул ғарқ бўлиб, ундан улкан гавҳар топиб чиққанини оммага намоён этолганди, Флобер ниҳоят муваффаққият нашидасини тотиб кўрадиган бўлганди... Бу қудратли инсонга ўз туйғуларидан бўлак ҳеч нарса ҳукмини ўтказолмас, руҳини ҳеч нима маҳв этолмасди”.

Тургенев билан Флобернинг 1863-1880 йиллардаги ёзишмалари Францияда “Нормандиялик ва москвалик” номи остида китоб шаклида нашр этилди, унда икки қадрдоннинг ўзаро самимият ва садоқатга йўғрилган дўстлиги акс эттирилганди. Флобер Тургеневнинг “Овчининг кундаликлари”дан, Тургенев бўлса француз адибининг машҳур “Бовари хоним”идан қаттиқ таъсирланган, у Флобер каби буюк француз романнависни ҳаётида бу қадар кеч учратиб қолганидан чин дилдан афсусланиб гапирган эди.

Ҳар иккала классик ҳам мундоқ олиб қараганда, иккита айро олам эди, аммо уларнинг ижтимоий ҳаётдаги турфа одатлари, табиатларидаги бир-бирига зид бўлган феъл-атворлари ўрталаридаги дўстликка сира ғов бўлолмас, аксинча, руҳиятларидаги уйғунлик доимо уларни оҳанграбодек бирини иккинчисига тортгани тортган эди. Тургенев бирмунча хаёлпараст, сўзсиз ғамларга чўмган, ҳамма нарсагаям ишониб кетавермайдиган, шубҳаланувчи, анчайин ялқовроқ, айрим кутилмаган ҳолатларда ҳаддан ортиқ ҳаётсевар, устига-устак, француз тилининг ашаддий шайдоси, хуллас калом, тушунарсиз ва қизиқ бир табиат соҳиби ҳисобланарди.

Нормандиялик эса (Флобер Нормандияда ҳам истиқомат қилган), кўпинча ёлғиз, хилватга орзуманд, паришонхотирроқ, ҳамиша ўзини оқсуяк­ларга мос вакил сифатида тутишга уринувчи бир ижодкор эди. Круасседаги уйида у ҳақиқий адабий ҳаётга содиқ қолганди, яъни бутун кунларини фақат ёзиш ва яратиш билан ўтказар эди, бунга Генри Жеймс гувоҳлик бериб, ўз хотираларида Флобер тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтганди: “У ерда Флобер худди “ёлланган қора ишчидек”, “гўё 36 нафар негр сингари”, “мисоли қоратанли қулларнинг бутун жамоаси”дек бўлиб тер тўкиб, танидан мадори кетгунча, кўзлари юмилиб, бармоқларини ёзолмайдиган ҳолатга етгунича тўхтовсиз ёзаверарди”.

Эҳтимол, шу важданми, Флобер одамлар билан қийин муросага келар, деярли чиқишиб кетолмасди, Тургенев эса бунинг мутлақо акси эди, Флобер у билан гурунглашишни, унга қўл­ёзмаларини ўқиб беришни, юрагини очишни яхши кўрарди, 1873 йилнинг мартида нормандиялик адиб унга “мен учун ҳақиқий Инсон – Сизсиз, мен инсон номига арзитиб атайдиган чинакам инсон – Сизсиз”, деб мактуб ёзганди. Бу каби хатлар қарийб икки юз элликтани, балки бундан-да зиёдроғини ташкил этарди.

Бироқ, афсуски, Тургеневнинг келишига доим нимадир монеълик қилар, у фақат Круассега боришга қуруқ ваъда билангина чекланиб қолаверарди. “Бир-биримизга айтажак сўзлардан ҳаттоки хонанинг деворлари ҳам ларзага келса керак!” – Флобер ана шундай умид ва ҳаяжон билан муттасил йўл пойлагани-пойлаган эди. Лекин Тургенев ҳам қаерда бўлмасин, узлуксиз Флобер билан алоқада бўлишга ҳаракат қилар, қимматли дўстининг масофалараро биродарлигини қалбдан ўта яқин ҳис этар, уни ҳамиша юқори ўринга қўйиб, асарларини тез-тез ўз мақола ва эсселарида тилга олиб ўтарди.

Бир гал у Флоберга бебаҳо деб билган маслаҳатини беради (руслар маслаҳатга мойил халқ бўладилар ўзи), масалан, пиёда юриш ҳақида у бундай деб ёзади: “Мен биламан, сизга пиёда юриш унчалар ёқавермайди, лекин бу ниҳоятда зарур машғулот, агар сиз атиги бир маротаба бўлсин бу ишни бажариб кўрсангиз борми, ундан мутлақо чиқиб кетолмайсиз!” Бу каби хатларга Флобер шу тарзда жавоб хатини йўлларди: “Биласизми, атиги беш дақиқа бурун оёғимни қайириб олдим, ҳатто шу хатни ҳам шу ҳолимда ўқиб турибман, шундай экан, пиёда юришга йўл бўлсин энди? Қаранг, қанчалар кулгили-я аҳволим!”

Тургенев Флобернинг мактубларидан ҳамма вақт унга илиқ, дўстона меҳр, дардлашиш истаги, юзма-юз дийдорни қўмсаётганини теран ҳис этиб турар, гоҳ-гоҳида дўстига енгил, ёқимли ҳазилларни ҳам ёзганларида қистириб ўтарди: “Ҳақсиз, албатта. Бироқ мен агар юришни ташласам, аниқ кучдан қолган, лақмагина мўйсафид қиёфасига кираман-қоламан. Ана унда зудлик билан мени эгри ҳассага суянтириб қўйишлари ҳам эҳтимолдан холи бўлмайди”. Балки, Тургенев бу каби ҳазилларини умидсиз норманд дўстининг оғир кўнглини кўтариш учун, дардларини оз бўлса-да енгиллатиш учун ҳам айтиб қўярди, ваҳоланки, ораларида узундан-узоқ масофалар ястаниб ётса-да, самовий биродарлик икки қалб ришталарини шу қадар бир-бирига ҳамоҳанг ва яхлит руҳ қилиб юборишга қодир бўлиб қолганди.

Флоберда Тургеневникидай ҳаётга юқори кайфият билан боқиш хислати йўқ эди, у доимгидек пана-панага, одамлар кўзидан нарига, мудом сокин жойларга қочишни истар эди. Шифокорларнинг тавсияси билан Швейцария тоғларида дам олиб юраркан, анчайин асаблари ором топади, бу вақтда унга қимматли дўсти Тургенев Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарини совға қилиб юборишга мушарраф бўлади. Флобер зумда бу салмоқли асарни чексиз ҳайрат ичида ўқиб тугатади ва русиялик биродарига: “Менга бу даҳо ҳақида тез сўзлаб беринг! Бу унинг биринчи китобими? Сиз нима деб атаманг, аммо мен учун у энг йирик давлатманддир! Аъло даражада, чинданам, жуда аъло!” дея чуқур ҳаяжонга тўла мактубни юборади.

Круасседаги Флобер истиқомат қиладиган уйга Тургеневдан жуда кўп хатлар, ҳадялар умр бўйи кетма-кет келиб туради. “Бу ерда, Круасседа негадир сира ёмғир тинмайди, одамлар худди чўкиб кетаётганга ўхшаб яшайди”, – деб ёзади Флобер 1876 йилнинг 8 ноябрида Тургеневга дардиҳол этаркан, – “Шу сабабданам мен сира уйдан чиқмайман, эгнимга сиз юборган момиққина халатни илиб олганча, кунни ичкарида кеч қиламан. Ишонсангиз, ҳар куни икки қайталаб ҳаққингизга шу ҳадянгиз учун дуолар ўқийман, эрталаб ўриндан турганимда, уни кийганимда ва яна кечки соат беш-олтиларда уни яна бир ечиб, қайта кийиб олганимда, кўрсангиз, баъзан китоб ўқиб, ўтирган ўрнимда – шундоққина диван устида у билан тунни ўтказаман.

Кўнглимдаги ожиз бир умидим шуки, сизни янги йил остонасида бир мартагина кўрсам...

Пешонангиздан ўпиб қоламан, менинг қадрли қариям”.

Орадан йиллар ўтиб, русиялик “қария” чинданам қартайди ва нормандиялик хилватсевар ҳам кучдан қола бошлади. Аммо шу даврда ҳам икки ошно қалблар бир-бирларига ҳамон ёзишда давом этар, Флобер Тургеневни ҳеч бир ҳолатидан бехабар қолдиришни истамасди: “Кундан кунга дармоним кетяпти, Бувар билан Пекюше Худонинг берган куни атрофимда гиргиттон, ўзим эса буларнинг барини тезроқ тугашини, умрим хотима топишини хоҳлайман негадир. Бироқ ўлим элчиси ҳали-бери менинг эшигимни қоқмайдиганга ўхшайди...”

1880 йилнинг 6 май куни Тургенев Круассега қуйидаги сўзлар билан якунланувчи мактубни жўнатади: “Тез орада сизни қаттиқ қучоқлайман ва биз дийдор кўришамиз...”

Бироқ бу галги хатга ҳеч қанақа жавоб бўлмайди. Негаки Флобер бу кунлар давомида муттасил оғриқлардан азобланар, гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд бўлиб жон талашиб ётарди. Улуғ адиб 8 май куни мияга қон қуйилиши натижасида ҳаётдан кўз юмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 1883 йилнинг 3 сентябр куни ажойиб рус ёзувчиси Иван Сергеевич Тургенев ҳам бу ёруғ оламни тарк этади. Бетакрор дўстлик қалин ва ғуборсиз хатлар дастаси қўйнида бахтиёр яшаб қолаверади.

Юрий БЕЗЕЛЯНСКИЙ,

рус публицисти ва маданиятшуноси

 

Инглизчадан

Қандилат ЮСУПОВА таржимаси