“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 119 марта кўрилган.

Яна бир юлдузнинг ботиши. Ҳикоя

Розия ТУЖЖОР,

форс адибаси

 

Чол ўлган эди. Чунки анча вақтлардан буён чолнинг катта кўзойнаги токчада турар, унинг ўнг кўзига тушган дарз кундан кунга катталашиб борарди. Кампир – Ҳамдам учун бу ҳодисанинг юз беришига ишониш унчалик ҳам қийин эмас эди. Акс ҳолда деворга чирмалиб ўсадиган сирень гули қуримаган, боғчадаги пайванд қилинган нок дарахтининг танасига шира тушмаган, ертўланинг ёмғир ивитиб юборган зиналари қулаб тушмаган бўларди.

Шу сабабли ҳам Ҳамдам соатлаб ундан ёдгор қолган поялари калта чарм қопланган диванда ўтирар ва унинг ёди билан тўлган барча кунларни эсларди. Чол ҳамиша мана шу ерда ўтирарди. Худди мана шу ерда. Устига қуроқ матодан жилд тикилган ва мана шу диваннинг устига солинган тўртбурчак шаклидаги кўрпачада ўтирганича, Ҳамдамга эътибор ҳам бермасдан ва унинг овозларини эшитмасдан ҳам икки тўлқинли кичкина яшил радиосига қулоқ бериб ўтирарди.

Чол вафот қилганидан кейин куннинг аксар вақтида ана шу диваннинг устида ўтирадиган, сарғайган ориқ бармоқлари билан кўрпачанинг қурама жилдини силайдиган ҳам Ҳамдамнинг ўзи эди. Аммо энди унинг ўрнидан туриб бориб токчадан кўзойнакни олишга, сўнгра эски газеталарни ёйиб, ундан аллақачон тугаб кетган уруш хабарларини ўқишга ёки икки тўлқинли радионинг яшил чироғини ёқиб, чол уни эшитишни ёқтирадиган куйни эшитишга ҳафсаласи йўқ эди. Фақатгина айрим пайтлари ҳассасининг учи билан диван остидаги бўғчани тортиб чиқариб, ундаги латта-путталардан қуроқ тикишни ёқтирарди. Аммо у қўлига игна олиб қуроқ тикишни бошлаши билан чол қаршисида пайдо бўлар, қуёш билан Ҳамдамнинг ўртасида турволиб, унга тушаётган нурларнинг йўлини тўсарди. Ахийри Ҳамдам эътироз билдиришга мажбур бўларди:

– Четга тур. Ишимни қилишимга халақит берма.

Аммо чол қайсарлик қилар, унинг бошида турволиб:

– Менинг дориларим қани? Овқатим қани? Тарвуз сувидан тайёрланган шарбатим қани?! – деяверарди.

Ҳамдам оҳ чекар, қўлидаги игнасини латта-путталарнинг бир чеккасига санчарди-да, уйнинг бир бурчагига отиб юборарди. Сўнгра ёғоч ҳассанинг аждаҳо шаклида ясалган дастасини маҳкам ушлаганича қийинчилик билан ўрнидан турар, аммо то қаршисига қарайман дегунича чол бирданига юқорилаб кетар ва шифтнинг бир бурчагига қўнганича ўргимчакка ўхшаб тўр тўқий бошларди.

Шу чоқ қўшни аёлнинг гаплари Ҳамдамнинг миясида чарх урарди:

– Кўзингга ҳар хил нарсалар кўринадиган бўлиб қолибди, кампир. Икки-уч кун куёвинг­нинг уйига, невараларингнинг олдига бориб тургин. Ҳам бир ҳаво алмаштирасан, ҳам ҳар хил хаёллар миянгдан чиқиб кетади.

Ҳамдам яна диван томонга қайтиб борарди. Ўша кўрпачанинг устида ўтирар ва соатлаб тўғрига қараб термуларди. Фақат бирор луқма овқат еб олиш ва дориларини ичиш учунгина ўрнидан турар, сўнг­ра яна диваннинг устида ўтириб оларди. Бу сафар ғужанак бўлиб олганича эрталабгача ухларди.

Кўзини очиши билан яна чол шифтдан пастга тушиб келар, ингичка ва узун қаддини тик қилганича унинг қаршисида турволарди:

– Ҳамдам, сенга шакар солинган пиёлани хонанинг ўртасидан олиб қўй, деб айт­маганмидим? Оёғим билан туртиб юбориб, ҳамма жойга шакар тўкилиб кетишини хоҳлайсанми?

Ҳамдам ҳали юз-қўлини ювмасдан туриб, ҳассанинг учи билан шакар солинган пиёлани ўзига қараб сурар ва уни диваннинг остига яширарди. Сўнг­ра ўрнидан туриб игна билан тўқилган гиламнинг устидан юриб таҳорат оларди.

Юз-қўлидан сув томчилари томиб турганча қайтиб келиб, диваннинг устига ўтирар ва кичкина столчани олдига тортарди. Сўнгра жойнамозини солиб, ўтирган ҳолда намозини ўқирди. Аммо ҳали салом бериб намозини тугатмасидан унинг тўқ-тўқи эшитиларди:

– Кампир, боғқайчим қаерда? Уни бу ердан олиб қўйма деб айтмаганмидим? Нуқул ахтарган нарсамни жойидан тополмайман…

У зўрға намозини тугатар, сўнгра ўрнидан туриб игна ургандек санчиётган оёқлари билан юриб бориб кўрпалар тахмони остидан боғқайчини олар ва уни токчага қўйиб қўярди.

– Охирги марта ўзинг шу ердан ўтгандинг. Нега хаёлингни жойига қўйиб юрмайсан, чол? Нимага ҳамма нарсани мендан сўрайсан?

Аммо чолдан жавоб бўлмасди. Худди “бир бор экан, бир йўқ экан, худодан бошқа ҳеч ким йўқ экан”, деганларидек. Ҳамдам йиғлаб юборарди. Шу пайтда қўшни аёл келиб қолар, эшикнинг оғзида туриб олганича дерди:

– Кўзингга ҳар хил нарсалар кўринадиган бўлиб қолибди, кампир. Ёлғизлик сенинг эсинг­ни оғдириб қўйибди… Қизинг, қизинг, қизинг, қизинг…

Чол ўлган эди. Буни бир қанча вақтлардан бери токчада ётган ўнг кўзи синиқ кўзойнак, занглаган боғқайчи, қуриган сирен гули, шира тушган нок дарахти… айтиб турарди. Ҳамдам баъзида тўғри тўртбурчак шаклига эга бўлган ва ям-яшил бўлиб турган майсазор томонга қараб очиладиган деразанинг ёнига борарди. Аммо чол ўлганидан кейин худди унинг ҳамма жойига кул сепилгандек кўринарди.

Майдончада тўп кетидан югураётган болалар ҳам унинг ёшлигини эслатишарди. Бу манзара гўёки Ҳамдам учун бир кўзгудай бўлиб, унга бундан ўттиз тўрт йиллар олдинги вақтни кўрсатаётгандек эди. Аммо қачонки Ҳамдам уни томоша қилишдан чарчаса, улар ҳам бирин-кетин учаётган тўплари билан биргаликда осмонга парвоз қилишар ва кунботар томонга қараган дарвоза томон учиб кетишарди. Ҳамдам уларни то кўринмай кетгунларича кузатиб қоларди. Шундан сўнг яна аста-секин юриб чолнинг ўтирган ўрни ҳалиям иссиққина бўлиб турган диванга бориб ўтиришга мажбур бўларди. Шундан сўнг яна соатлаб ўтирар ва уйдаги ҳамма нарсанинг ва миллари чол ўлган вақтга келиб тўхтаб қолган девор соатининг устига қўнган ғуборга тикилиб қоларди. Сўнгра дарахтларнинг соясидан кун ботишига қанча вақт қолганлигини биларди. Фақатгина тонг чоғида қўшни аёлнинг келишидан эрталабки соат етти бўлганлигини анг­ларди. Аёл ориқ ва бесўнақай бўлиб, сочлари сийрак ва кўзлари ғилай эди. Келарди-да, эшикнинг остонасида туриб оларди. У ҳеч қачон ичкарига киришга ва эшикнинг олдида турган полякча стулга ўтиришга ҳафсала қилмасди.

Аммо кўзлари билан уйнинг барча бурчакларини кезиб чиқар ва оғзидан суви оқиб дерди:

– Кўзингга ҳар хил нарсалар кўринадиган бўлиб қолибди. Нега айтмайсан, қизинг, қизинг, қизинг, қизинг…

Йўқ, у кўрмасди. Юқорида, шифтга ёпишиб олган чолни кўрмасди. Бир шиша сутни унинг қўлига берарди-да, кўзлари билан уйнинг ичини айланиб чиқарди. Ҳамдам сабри – сариқ сабри бир гул каби очилиб кетмасидан олдин унинг тезроқ кетишини истарди. Сўнг­ра қизим келиб қолар, деган умидда ҳамма жойни саранжом-саришта қилиб қўярди.

Чол ўлганидан бери қизининг ҳам қадами бу ерлардан узилган эди. Доим: “Ишим кўп, – дерди. – Болаларим, эрим…”

Ҳамдам ёлғизликка чидарди. Бир неча соатлаб, бир неча кунлаб… Ана шу ёлғиз кунларида ва ёлғиз соатларида қизи тўғрисида ҳам ўйларди. У бир замонлар жажжи қизалоқ эди. Жингалак қоп-қора сочлари пешонасига тушиб турар, кўзлари ҳам тасбеҳ доналаридай қоп-қора эди. Дадасининг тиззасида ўтириб ўйнар, унга қўшиқ айтиб берарди:

“Ҳилу гавҳар, ҳалвойитар, қурси қамар…”

Аммо энди… ундан буён қанча йиллар ўтиб кетди. Юзларига, кўзларининг остига ва пешоналарига тушган ажинларнинг сонича, оқариб қолган сочларининг саноғича…

Ҳамдам бугун ҳам ҳар кунгидек ёлғиз эди. Нега қизи келмаяптийкин? Айниқса ҳозир, дадасининг жаҳли чиққан пайти.

Кунботар чоғида эшикнинг қулфи ичида бир калит айланди ва эшик оғзида бутун бўй-басти билан қизи пайдо бўлди. Ҳамдам унинг кулишини кутганди. Аммо… жудаям толиққан кўринарди. Болалари қаерда экан?

Қизи келди. Онасини кўргани келган ҳамма қизлар каби. Ҳамдам унинг овозини ичди ва оёқларининг изини сурма каби кўзларига суртди. Бироқ унинг юзидаги тундликни кўриб тит­роқ тутди. Сўнгра ўзи билан ботаётган қуёш ўртасида турган қизининг соясини кўрди.

– Биласанми, ойижон, бир нарса айтгани келгандим. Юзим бўлмаяпти, аммо… Бизга пул керак бўлиб қолганди. Қурилиш қилаётганимизни биласан. Агар… агар мана шу ерни сотишнинг иложи бўлса… Умуман уйнинг нима кераги бор сенга? Ёлғизсан, ҳар хил хаёллар сени қийнаб ётади. Агар истасанг ўзимизнинг яқинимиздан бирорта хона…

Ҳамдам қўлидаги кўҳна жез узугига термулганча қотиб қолганди. Узук титрарди. Бошини кўтарди. Чол ўша тепадан унга қараб турарди. “Йўқ”, демоқчи бўлди… Аммо устига бахмал ташланган сандиқ томон бораётган қизини кўрди.

Энди у кичкина бир қизалоққа айланиб қолган эди. Пешонасига тушиб турган ўша жингалак сочлари билан сандиқни ушлаб олганича ўжарлик қиларди:

– Менга берасиз, менга берасиз!

Қизи сандиқнинг қулфини ушлаб олганди. Ҳамдам деразанинг ёнига бориб, майсазор­га тикилиб ўтирган чолга яна бир қараб қўйди. Ҳар доим шундай бўларди. Қачонки бирор ёрдамга муҳтож бўлса, ёнида бўлмасди. Шу ерда бўлиб турган бўлса ҳам кетворарди. Энди нима қилиши керак?

– Менга берасиз, менга берасиз!

Ҳамдам қўлини чўзиб, ҳассасидаги аждаҳонинг калласига ёпишди. Машаққат билан ўрнидан турди ва игна билан тўқилган гиламнинг устидан ўтди. Қўлини бўғзига олиб борди. Ипга осилган кичик олтинранг калитчани чиқарди. Қийналиб энгашди-да ҳалиям қизининг қўлида бўлган қулфни очди.

Сандиқнинг эшиги очилди. Тикилмаган бир неча қатлам матонинг устига халати ва яна бир қалин мато ёпилган, уларнинг орасига седар, кофур, анор дарахти шохидан олинган кичкинагина бир чўп, нам тегмаган тупроқ қўйилган, буларнинг ҳаммасининг устида эса уйнинг ҳужжати турарди. Ҳамдам фақатгина халатини олди ва аста-секин юриб ҳалиям чолнинг ўтирган ўрни иссиқ турган диван томонга борди. Қизи уйнинг ҳужжатини қўлига олиб, варақлади, у ёқ бу ёғига қаради ва қўл сумкасига солди.

Энди қизи бориб Ҳамдамга чой дамлаб бериши ёки латта билан уйдаги чангларни артиб чиқиши керак эди. Аммо негадир Ҳамдамнинг кўзларига қараш учун бошини кўтармасди.

Бир неча дақиқалардан кейин қизи кетган, сандиқнинг эшиги ҳалиям очиқ турарди. Ҳамдам халатини эгнига илди, орқаси билан диванга суяниб кўзларини юмди. Ботаётган қуёш унинг пешонасига бир парча муҳр туширган эди. Балким унинг вужудидаги ягона иссиқ нуқта ҳам бир неча дақиқалардан кейин бутунлай ўчадиган ана шу бир парча қизил нур эди. Кун эса тунга уланиб борарди.

 

Форсчадан Шокиржон ОЛИМОВ таржимаси