“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 50 марта кўрилган.

БАЙРОН СИНТРА СОҲИЛИДА. Ҳикоя

Иво АНДРИЧ,

сербиялик адиб, Нобель мукофоти совриндори

 

 

Байрон Синтрада ҳамроҳлари билан келишолмай қолди. Улар қайси йўл билан ортга қайтиш масаласида тортишиб қолишди. Бундай кезларда хизматкорлари аксига олгандай ҳамиша ғанимларига мойиллик кўрсатиши Байронни яна ҳам дарғазаб қилди.

Хиёбон дарвозасидан ўтишлари билан у йўлни бошқа томонга солди. Якшанба. Қаердандир мусиқа эшитилади. Жаҳлдан тушиш учун масхара бўлишини тамомила унутганча чўлоқланиб ликанглаганча зиналар бўйлаб югура кетди. Унинг нигоҳи қаршисида тобора янги нишаблик­лар, йўлакчалар ва беқиёс манзара пайдо бўларди: денгиз қуршовидаги яшил адирлар кўм-кўк осмон остида яшнаб ётарди. Зиналардан кўтарилиб бораркан, сира ҳам зўриқмади. Ўзини юқорига кўтарилаётгандек эмас, балки парвоз қилаётган лочиндай ҳис қилди. Бирорта ҳам тирик жонзот йўқ. Ҳатто қушлар ҳам. У эмин-эркин тин оларкан, ёлғизлик аллалайдиган осуда макон ҳам бор экан-ку, деган фикр кўнглидан кечди.

Олисдаги боғу роғлар, улардан ҳам нарида ястанган денгиз яққол кўзга ташланадиган қалъа деворига туташ йўл бўйлаб тентираб юрганда илкис бир қизга дуч келди. Қиз мўъжазгина ташландиқ ва шип-шийдам тош қоровулхона ёнида, қалъа девори ёнида турарди. У гўё номаълум топшириқ билан қаердандир юборилгандай рўпарасида қўққисдан пайдо бўлди. Қизнинг оппоқ кўйлаги шамолда ма­йин ҳилпирарди. Чучварадай бурнию қуёшда қорайган чеҳрасидан самимият ёғиларди. Тийрак кўзларида шижоат ва шоду хуррамлик жўш урарди. Қиз нотаниш кимсага тортинчоқлик билан аста салом бергандай бўлди, ҳолбуки овози ва нигоҳида саломлашишдан кўра кўпроқ мазмун мужассам эди, лекин буни Байрон англай олмади. У қизнинг саломига алик олиб тўхтади. Қиз ҳамон жойидан жилмасди.

Қиз ниҳолдай оҳиста солланаркан, қуруқшаган лабларини яларкан, ним табассум билан Байронга тикилди. Португал қиз-жувонларининг бежирим лаблари юракка ғалаён солади! Ақиқдай товланади. Етилиб тасодифан ёрилган мевага ўхшайди. Кавказ қизларининг лабларини бироз эслатгани билан, аслида, лабларининг чеккалари япроқларнинг бандидай кўзга яққол ташланмайди. Байрон мавҳум ниятли кимса каби жуда кулгули ва қатъиятсиз кўринаётган бўлсам керак, деб ўйлади.

У одми ва хотиржам қиёфа касб этишга уринди. Азалдан ахтариб юрган сирли манзарани ниҳоят мана шу яшил юксакликда топгандай бўлди.

Тоғ ҳавоси ва рўпарасидаги қизнинг таровати унга чексиз илҳом бахш этди. Чўпонлардан қолган гулхан кули тагидаги чўғдан ўрмонга ўт кетгандай Байроннинг қалбида ҳам аллақандай сирли иштиёқ аланга олди. Ҳатто висол онлари ҳам бахш эта олмайдиган, фақат сирли тушлардагина насиб этадиган ғаройиб завқу шавқдан қалби илк дафъа жунбушга келди. Юраги қинидан чиққудай гуппилаб ура бошлади.

Лекин тезда эҳтиросини жиловлади, рўпарасидаги паривашга фақат маҳлиё бўлиб тикила бошлади, азбаройи андиша ва журъатсизлик исканжасида қолди, айни пайтда коинот гултожи бўлган башар фарзандига қалбида чексиз ҳурмат-эҳтиром мавжланди.

Хаёлидан шундай фикрлар кечаркан, гоҳ бир жойда ҳайкалдай қотиб қолар, гоҳ эса қизнинг атрофида парвона бўларди; ўз навбатида қиз ҳам ундан нигоҳини узмас, гўё ҳар бир ҳаракатини ютоқиб кузатарди. Байрон нимадир деб пичирларди. У гапиряп­ман, қизга хушомад қиляпман, деб ўйларди. Улар бир-бирларига шу асно тикилар, бир-бирига парвона бўларди; одатда, бироз кичикроқ ва йирик­роқ илиққан икки жонивор бир-бири билан пайваста бўлишдан олдин гоҳ яқинлашиб, гоҳ йироқлашиб, бир-бирларини шу асно кузатадилар, ҳадиксираб ҳидлайдилар. Байрон қизга ҳар қанча маҳлиё бўлмасин, ақлу ҳушини йўқотмади. Айни пайтда кўзларининг беғубор оқию мунчоқдай қорачиғига синчиклаб разм солди. Орада маълум масофа борлигига қарамай самбитдай қомати ва шалоладай сочларининг ифори, ҳатто офтобда униққан оқ кўйлагининг атри маст қилгандай бўлди. У қайта-қайта шайдо бўладиган бўз йигитга ўхшарди, қолаверса, қалбидаги қайноқ кечинма шунчалар жўшқин эдики, гоҳ қанот бахш этса, гоҳ дафъатан маҳв этарди. Ниҳоят, эндиликда чинакам ҳайрат ва лоқайдлик нима эканини теран англаб етганди.

Йўлаклар сингиб кетган қорамтир буталар орасидан Байрон дафъатан одамларнинг овозларини эшитди. У ширин уйқудан уйғонгандай чўчиб тушди ва ажабланган қиз билан хайр­лашишни ҳам унутиб, баланду паст зиналар бўйлаб яна илдамлаб кетди.

У ёлғизоёқ сўқмоқлару нишаблик­лар бўйлаб яна узоқ сайр қилди. Бу йўлаклару нишабликлар бўйлаб яна ўзи анча олдин чиқиб кетган қасрга қайтиб келди. Уни тош ўриндиқларда ҳамроҳлари кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтирарди.

Лиссабонга Байроннинг таклифига зид равишда ҳамроҳларига маъқул аввал келинган йўл билан қайтишди. Байрон оғзига толқон солиб олгандай лом-мим демасди. У қўзичоқдай ювош тортиб қолган, қолаверса, наинки ҳамроҳларига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлар, балки ҳар бир ашёни авайлаб қўлга оларди.

Кейинги кунлар унинг ҳаётида энг осуда ва гўзал тушдай кечди. Денгизга тикилиб ўзи билан ўзи гаплашаётганининг гувоҳи бўлган лиссабонлик ялангоёқ балиқчилар уни телбага ҳам чиқаришди, лекин балиқчилар янглишганди. Байрон ёлғиз эмасди, айни пайтда арвоҳлар билан гаплашгани ҳам йўқ. У Синтрада яшайдиган, кўз-қулоғи, қариндош-уруғлари, исм-шарифию бошпанаси ҳам бор сиймо билан сирлашганди. Лекин муҳими бу эмас. Байрон бу сиймони бирон-бир мева ёки қимматли тош номи билан атамоқчи ҳам бўлди, лекин ғаройиб қиёфасига рахна солади ва ранжитади, деган ўйда бу фикр­дан воз кечди. Ниҳоят, уни хаёлан Жажжи хилқат деб атай бошлади. Бироқ унинг исмини овоз чиқариб айтишга ҳам ботинмасди. Фақат хаёлан такрорлаб, лабларини қимтиганча энтикарди, холос. Уни шу асно қалбида авайлар, исмини такрорлагани сайин шароб ичгандай маст бўларди.

Байрон кўп ўтмасдан Лиссабонни, Португалияни тарк этди. Бошқа ўлкаларни кезаркан, одамлар билан суҳбатлашиш, аёллар билан ҳазил-ҳузул қилиш асносида қалбидаги сирни ошкор қилмас, аксинча, авайлаб сақларди, сўзлар, ашёлар ва қиёфалар замирида кўз қорачиғидай авайлар, пинҳона эслаб ҳузур қиларди.

Байрон гаплардаги айрим сўзларни у билан чоғиштирар, бундай сўзларни бошқалардан эшитган паллаларда ҳам қалби беихтиёр завқу шавқ билан тўларди. Унинг имзосида Синтра тепалигидаги қизни эслатадиган аранг кўзга ташланадиган нуқтадай чизиқча пайдо бўлди. Лимон, туз, ёғ ва гулхайрига кўзи тушганда уни эсларди. Йигирма чоғли одамлар даврасида овқатланаётган кезларда ҳам бир чимдим тузга назар ташлаб ям-яшил Синтра билан Жажжи хилқатни кўз олдида гавдалантира оларди. Лекин қиз-жувонларнинг қиёфалари, гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатларига ҳар қанча синчиклаб назар солгани билан Жажжи хилқатнинг тирноқча ҳам нишонасини топа олмасди.

Хотирасидаги барҳаёт Жажжи хилқат унинг дардига даво бўларди, шу боис у билан боғлиқ хотираларни барча учрашувлар, аёллар ва ҳаётдан ҳам аъло биларди. Денгиз соҳилларида ёлғиз қолган кезларда эса ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган чинакам мўъжиза содир бўларди: Синтрадаги ложувард соҳил беқиёс оламга айланарди, чўлоқланиб югуриши – сарбаланд парвоз тусини оларди, ўша учрашувда қалбида жўш урган эҳтиросли кечинмалар эса ошуфта руҳнинг бокира туйғуларига дўнарди.

Ғаройиб сархушлик Байронни бир йилча безовта қилди. Кейин тонг арафасидаги арвоҳлар ва тушлар сингари Жажжи хилқат қиёфаси тобора хира тортиб сўна бошлади, ниҳоят ортиқ безовта қилмай қўйди. Байрон ўзини етимдай ғариб сеза бошлади. Қалбида шиддатли ҳаёт гирдоби яна қайнаб тоша бошлади, учрашувлар ва тўқнашувлар яна бир-бирига занжирдай уланиб кетди, улар билан ёнма-ён аламзада нафрат ҳам қора туғини баланд кўтариб борарди. Синтрадаги сирли лаҳзалардан кейин бундай қисмат яна ҳам заҳматли ва аламли тус олди, чунки эндиликда унга турмушнинг ёвуз қоидалари орзулар салтанатига ҳам дахл қиладигандай ва улардан қутулиб бўлмайдигандай, нажот йўқдай туюларди.

 Рус тилидан Абдуҳамид ПАРДАЕВ таржимаси