“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 62 марта кўрилган.

САВДОГАР Ҳикоя

Антон Павлович ЧЕХОВ,

рус ёзувчиси

(1860–1904)

САВДОГАР

Ҳикоя

Андрей Андреевич Сидоровга онасидан тўрт минг сўмлик мерос қолди. Ўйлаб-ўйлаб бу пулга китоб дўкони очишга қарор қилди. Бунақа дўкон жудаям зарур эди. Шаҳар одамлари жаҳолат ва хурофот ботқоғига ботганди; чоллар фақат ҳаммомга боришар, амалдорлар қартавозликдан бошқани билишмас, очкўзлик билан ароқхўрлик қилишарди. Хонимлар ғийбат билан банд; ёшлар ғоясиз, бирор мақсадсиз яшар; қизлар эртадан кечгача эрга тегиш ҳақида хаёл суриб, гречиха ёрмаси ейишдан бўлак ишлари йўқдек эди. Эркаклар хотинлари ҳузуридан бўшамас, кўча бўйлаб эса чўчқалар изғиб юрарди.

“Ўйла, яна-да чуқурроқ ўйла! ‒ хаёл сурарди Андрей Андреевич. ‒ Фикр қил!”

Ниҳоят, дўкон учун ёрдамчи ёллади. Кейин Москвага бориб, у ердан жуда кўп эски ва янги муаллифлар китобларини, кўплаб дарсликларни олиб келди ҳамда бу эзгуликнинг барини жой-жойига териб қўйди. Биринчи уч ҳафтада харидорлар умуман келишмади. Андрей Андреевич пештахта орқасида ўтириб, Михайловскийни ўқир ва соғлом фикрлашга интиларди. Қачонки, уни, масалан, “ҳозир балиқ бўтқаси еб олсам, чакки бўлмасди” дегандек хоҳиш-истаклар бехосдан қитиқлаб қолса, дарҳол: “Эҳ, қаерга келувдим-а!” ‒ дея юксак ғояларни тутиб қолишга уринарди.

Ҳар куни эрталаб дўконга рўмол ўраб олган, пайпоқсиз оёғига чарм калиш кийган қиз совқотганча ҳовлиқиб югуриб киради ва дейди:

‒ Икки тийинга уксус берсангиз!

Андрей Андреевич унга нафрат билан жавоб қайтаради:

‒ Адашиб кирибсиз, хоним!

Унинг олдига оғайниларидан бирортаси келиб қолган пайтда юзини маънодор ва сирли қилиб кўрсатишга уринади. Энг охирги токчадан Писаревнинг учинчи томини топиб олиб, чангини пуфлаб тозалайди ва бу билан гўёки унинг дўконида яна нималардир бор-у, фақат кўрсатишдан чўчиётгандек қиёфага кириб дейди:

‒ Ҳа, отагинам... Бу ўзи биттагина, фақат сенга айтдим, ҳеч кимга эмас... Ҳа... Қисқаси, азизим, айтиб қўяй, яқин орада қўлдан қўймай ўқиб чиқсанг, дунёнинг сир-асроридан бохабар бўласан... тушуняпсанми, ҳа-а, шунақа...

‒ Қара-я, оғайни, худди олдингга учиб кириб-чиқиб юришмагандек!

Уч ҳафтадан кейин биринчи харидор келди. Оқишга мойил, сузғичлар билан келган семиз бу жаноб қизил гардишли фуражка кийган, бутун кўриниши помешчик эканини айтиб турарди. У “Она тили”нинг иккинчи қисмини сўради.

‒ Сизда тошқалам ҳам йўқмикин-а? ‒ сўради у яна.

‒ Менда бўлмайди-да...

‒ Эсиз... Бўлсайди-я... Арзимаган нарса учун бозорга боргим келмайди, ахир...

“Чиндан ҳам, тошқалам олмай бекор қилибман, ‒ ўйлади Андрей Андреевич харидор кетгач. ‒ Бу ерда, вилоятда бир ёқлама ихтисослашиб бўлмайди, оммани маърифатли қилишга алоқадор ҳамма нарсаларни сотавериш керак, қандай бўлмасин, бунга имкон топиш лозим”.

У Москвага ёзиб юборди ва бир ой ўтмасдан айнан унинг дўкони ойнасида перолар, қаламлар, ручкалар, ўқувчилар дафтарлари, тоштахта ва мактаб учун керакли бошқа ашёлар ҳам кўриниб қолди. Энди дўконга онда-сонда ўғил болалар, қизчалар кела бошлади. Савдо бироз юришиб, ҳатто бир кунда бир сўму қирқ тийин пул туширган кун ҳам бўлди.

Бир куни чарм калиш кийган қиз шош­ганча учиб кириб келди. Андрей Андреевич унга нафрат билан адашиб кирганини айтиш учун оғиз жуфтлаган эди, аммо у қичқиргудек деди:

‒ Бир тийинга қоғоз ва етти тийинга марка бера қол!

Шундан сўнг Андрей Андреевич почтага хос гербли маркалар, мавриди келганда вексель (пул қарз олганлик ҳақидаги тилхат) ҳам олиб келиб қўйди. Саккиз ой ўтганда (дўкон очилган кундан ҳисоблаганда) унинг олдига перолар харид қилиш учун бир хоним келди.

‒ Сизда, мабодо, гимназиячилар сумкаси ҳам борми? ‒ сўради у.

‒ Афсус, хоним, бунақаси йўқ эди-я!

‒ Эҳ, эсизгина-я! У ҳолда менга кўрсатинг-чи, қанақа қўғирчоқларингиз бор, фақат арзонроқ бўлсин.

‒ Хоним, қўғирчоқ ҳам йўқ эди-да!.. ‒ деди қайғуга ботиб сотувчи.

У узоқ ўйлаб ўтирмай Мос­квага ёзиб юборди, тез орада унинг дўконида сумкалар, қўғирчоқлар, барабанлар, қиличлар, гармонлар, коптоклар ва турли хил ўйинчоқлар кўриниб қолди.

‒ Буларнинг бари арзимас нарсалар! ‒ деди у ўз оғайниларига. ‒ Мана кўрасиз, мен ҳали ўқув қўлланмалар, ақлни чархлайдиган ўйинлар ташкил қиламан! Менда, тушуняпсизми, фаннинг нозик қирраларини тарқатишга асосланган таълим-тарбия бўлими бўлади...

У Москвага бадантарбия учун тош­лар, кракет, триктрак, болалар бильярди, болалар учун боғ анжомлари ва ўнталик жуда ақлли, билимни оширадиган иккита ўйин ёзиб юборди. Ундан кейинроқ эса маҳаллий аҳоли унинг дўкони ёнидан ўтиб кетаётиб, юқори даражада мамнуният билан иккита велосипедни кўриб қолишди: бири катта, кейингиси кичикроқ. Савдо ҳам юксалиб кетди. Айниқса, Рождество байрами арафасида савдо жуда зўр бўлди, чунки Андрей Андреевич деразага арча безатувчи нарсалар сотилиши ҳақидаги эълонни ёпиштириб қўйганди.

‒ Мен буларга тозалик анжомларини ҳам келтираман, тушуняпсизми, ‒ деди у оғайниларига, қўлларини ишқалаганча. ‒ Фақат Москвага бориб келишимга имкон берсангиз бўлгани! Бундан кейин менда ҳар қанақасига илмий такомиллашган сузғичлар ҳам бўлади, қисқаси, эсингиз оғиб қолади. Фанни, отагинам, эътиборсиз қолдирмоқ мумкин эмас. Йў-ўқ!

Савдодан кўп пул тушганда у Москвага кетди ва у ердан нақд пул ва кредитга бир ярим минглик ҳар хил товарлар сотиб олди. Булар ичида сузғичлар ҳам, ёзув столлари учун олий сифатли чироқлар ҳам, гитаралар, болалар гигиеник иштонлари, сўрғичлар, чарм ҳам­ёнлар, ҳайвонот дунёсига хос жамланмаларгача бор эди. Айни дамда у беш юз сўмга кўзни оладиган ҳайратомуз идиш-товоқлар сотиб олди ва бундан қувониб кетди, негаки, чиройли нарсалар нозик дидни ривож­лантиради, феъл-атворни мулойимлаштиради.

Москвадан уйга қайтгач, у янги товарларни очиқ жавон ва пештахталарга саранжомлашга тушди. Энг юқоридаги пештахтани тозалаётганда нимадир бўлди-ю, жавон бир неча бор тебраниб кетди ва Михайловскийнинг ўн томлик китоблари бир-бирига урилиб ағдарилди. Биттаси унинг бошига урилди, қолганлари бирин-кетин пастга, чироқлар устига тушиб кетди, иккита чироқ синди.

‒ Ҳар ҳолда... қандай қилиб улар қалин-қалин китоблар ёзишганикин-а! ‒ минғирлади Андрей Андреевич, қашинганча.

У китобларнинг барини йиғиштирди ва арқон билан маҳкам боғлаб, пештахта остига бекитди. Шундан икки кун ўтиб унга хабар беришдики, баққол қўшниси қариндошини қийнагани учун аристонлар ротасига ҳукм қилинибди, шунинг учун унинг баққоллик дўкони ижарага бериларкан. Андрей Андрее­вич жуда хурсанд бўлди ва дўконни ўзи олиб қолишини билдирди. Дўконни сотиб олгач тезда девор тешилиб, эшик очилди ва иккала дўкон қўшилиб битта бўлди, товар билан лиқ тўлди; дўконнинг иккинчи қисмига кириб юрган харидорлар одат бўлиб қолганидан чой, шакар, керосин кабиларни сўрашарди, шунда сотувчи кўп ўйлаб ўтирмай баққоллик молларини ҳам олиб келаверди.

Ҳозирги вақтда ушбу қаҳрамонимиз ‒ шаҳарда энг кўзга кўринган савдогарлардан. У идишлар, тамаки, қатрон, совун, тешиккулча, газлама, атторлик ва бўёқчилик моллари, милтиқлар, чармлар ва ҳатто гўшт, хуллас, янги иш бошлаган пайтида етти ухлаб тушига кирмаган нарсаларни ҳам қилт этмай сотадиган бўлиб кетган.

Айтишларича, у бозор ичкарисидан ижарага ертўла олиб, алоҳида “номер”ли оилавий ҳаммом очиш ниятида экан. Китоблар эса, яъни қачонлардир унинг пештахталарида ётган китоблар, шу жумладан, Писарёвнинг учинчи томи ҳам аллақачон ҳар пуди учун бир сўму беш тийинга сотилиб кетган.

Туғилган кун ва никоҳ тўйларида бурунги ошна-оғайнилар, қайсики, эндиликда Андрей Андреевич мазах қилиб улуғлайдиган “америкалик­лар” баъзан унга тараққиёт ҳақида, адабиёт ёки олий таълимотдан гап очишади.

‒ Андрей Андреевич, “Европа ахборотномаси”нинг охирги сонини ўқидингизми? ‒ сўрашади ундан.

‒ Йўғ-а, ўқимади-им, ‒ жавоб беради у, қалин занжирчани ўйнаганча кўз қисиб қўяркан. ‒ Бунинг бизга алоқаси йўқ. Биз бундан кўра анча маъқулроқ иш билан шуғулланамиз.

Рус тилидан Шаҳзода ҲАКИМОВА таржимаси