“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 85 марта кўрилган.

Шеър тўкилар мисоли шабнам

Баху-Меседу РАСУЛОВА,

Доғистон халқ шоири

 

ДОРБОЗ

 

Ўлим билан ўйнашиб чопдим,

Умрим ва ғайб уланган дордан.

Оқсоқоллар бунга боқди жим

Қоя каби, мендек ночордан.

 

Дор остида дарёлар жўшар,

Сукут сақлар қорли чўққилар.

Борган сайин маҳорат ошар,

Омон қолиш мени ўстирар...

 

Ором йўқ бир лаҳза. Йўлим – дор.

Манзил тайин, нолиш бекордан...

Кўҳна қавқоз тоғида бедор

Тошдил эрлар беради ёрдам.

 

* * *

Ўткан кунга таъзим қиламан,

Қаҳрни даф этгани учун

Кечираман, афв ҳам сўрайман,

Эгиламан эзгулик учун.

 

Тонгда туриб сўрайман яна,

Аммо дардим яраларлар жим.

Жилмаяман нима бўлса-да,

Қувончларда очилар кўнглим.

 

 

ХУРСАНДЧИЛИК

 

Ҳар қандай ҳавога шод дилим:

Хоҳ очиқ бўлсин, хоҳ ёмғирли.

Бизни боққан заминни севдим,

Одамлару жониворларин

 

Ва ҳаётда ҳар бир лаҳзага

Кўнгил бердим, қандай бўлса ҳам,

Аллоҳ тортиқ этса туҳфадан

Шеър тўкилар мисоли шабнам.

 

* * *

Шамолданмас гулдаги титроқ,

Улар қўрқар узилишидан.

Шоналарда шудринг эмас, боқ,

Улар кўзёш тўкилишидан.

 

Менга гуллар туҳфа қилманглар,

Гўзалликни айламанг нобуд.

Қаролмайман кўзимда ёшсиз,

Гулни адо этганлар – ношуд.

 

* * *

Одам, бу – устухон ва мушаклар,

Ўзгармади ўтиб минглаб йил.

Асосийси нима, юрак ё кўзлар?

Нима чиримас унда, ўзинг бил?

 

Аллоҳ яратар ҳамда берар ризқ

Одамга доим. Бироқ қутқарар

Фақат руҳни. Ўлим ожиз, ахир..

Қолгани эса чирир ё ёнар.

 

* * *

Камгап ҳам доно деб ном чиқарар,

Унда нечун гапим шеърга солдим?

Мени кечиринг ахир, оқсоқоллар,

Бундай гўл ва жўн шижоатим учун.

 

Гар юрак ўртанса беқунт, беғулув –

Фақат Аллоҳ учун кетсак изма-из.

Одамлар ортимдан гапирса дув-дув,

Кундадаги бошдек фикрлар ожиз.

 

* * *

Болаликда арабча ўқиб

Ҳеч нимани тушунмас эдим.

Қуръонни англамай ва қўрқиб

Онамга билдириб варақлардим.

 

Бола лаблар шивирлар эди

Ўқиб намоз ва дуоларни.

Энди қўрқитмас чирмашиқи

Қуръондаги араб ҳарфларин.

 

Ўтган асрларни боғлар улар

Бугун ҳаётда кўрганим билан.

 

 

ТЎРТЛИКЛАР

 

* * *

Фанода умримиз чўзилмас олис,

Қабрда топурсан мангу ҳаловат.

Бойлигинг туш каби йўқ бўлар беиз,

Абадий қолади эзгулик фақат.

 

* * *

Кимгадир ёрдамга қўл чўзсанг агар,

Жаннат қопқаси сари йўл очарсан.

Бировнинг тақдирига дуо қилиб

Қалбингдаги дарддан халос бўларсан.

* * *

Қанийди, эзгулик тарқата олсам,

Ишимдан қувонса бугунги одам

Ва маҳшар кунида мен бўлсам рози  –

Бежиз ушламабман қўлимга қалам.

* * *

Ҳаёт ва ўлим – ягона қарз –

Жаннат сари берилган қўлга,

Буни фақат англаб етамиз

Ўлим сари тушганда йўлга.

* * *

Дардни қувонч-ла қабул этарман,

Яхшилик нуридан даво топарман.

Аллоҳ синовидан розиман доим,

Бу ажиб хабарин англаб етарман.

* * *

Қобил хулқи учун банданинг

Маҳшар куни Аллоҳдан қайтар,

Ёқимли сўз – мўъжиза каби

Ёвузликдан бизларни асрар.

* * *

Пайдо бўлган эмиш маймундан инсон...

Дарвиннинг айтгани жудаям чучмал.

Бироқ маймун бўлиш мушкулмас, осон,

Худосиз яшасанг, кун кўрсанг мужмал.

* * *

Бу тинч замонларда – болалар уйи.

Иймон йўқ, дунё ақлдан озгани тайин.

Ўз туққан фарзандин ташлаб кетарлар,

Бир-бир тўлиб борар етимга замин.

* * *

Бўлгим келар устун майда ташвишдан,

Дунёвий молу мулк асло керакмас.

Аллоҳим гар мени эшитган асно,

Қанот ато этар – орзу қилсам бас.

* * *

Ойдин эмас келажак бизга,

Ўтган вақтлар кечар бетакрор.

Шу лаҳзани англаймиз фақат

Яшай олсак уни икки бор.

* * *

Мен бу оламда бўлдим меҳмон,

Қолдириш шарт бунда яхши ном.

Мен – бу даврга асир, саргардон,

У мени сўнгигача этади бадном.

* * *

Эҳсон берган англар ҳамма тенгдир,

Барчасидан устун ёлғиз Аллоҳ –

Билади, қисқадир нотавон умр,

Буни англамаслик – катта гуноҳ.

Рус тилидан Даврон РАЖАБ таржимаси