“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 173 марта кўрилган.

КАФТДЕК ҲИКОЯЛАР

Кунлардан бир куни Эрнест Хемингуэй баҳс бойлашиб, бешта сўздан иборат дунё адабиётида энг қисқа ҳикоя ёзади. Шундан сўнг ҳар йили ўнлаб “Энг қисқа ҳикоя” танловлари ўтказилиб келинади. Ушбу қисқа ҳикояларга бўлган талаб­лар оддийгина: ижод маҳсули тугун, кульминация ва ечим каби ҳикоя унсурларини ўзида жамлаган бўлиши лозим.

Қуйида жуда қисқа, лекин чуқур маъно-моҳиятга эга ҳикоя­лар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.

 

 

 

“Болалар оёқ кийими. Сотилади. Кийилмаган”.

Эрнест ХЕМИНГУЭЙ

 

“У уйғонганда, динозаврлар ҳамон қирилиб кетмаганди”.

Аугусто МОНТЕРРОСО

 

“Ҳайдовчи сигарет бурқситиб, ёқилғи қанча қолганини билиш учун бензобакка эгилди”.

О. ГЕНРИ

 

“Жаноб, кўрсаткич бармоқ билан осмонни кўрсатишганда, фақат аҳмоқларгина бармоққа қарайдилар”.

АМЕЛИ

 

“Кеча йўқолган пайпоқларимни стакандан топдим”.

Эмиль КРОТКИЙ

 

“Ердаги сўнгги одам ҳужрасида ўтирарди. Иттифоқо, эшик тақиллади”.

Фредерик БРАУН

 

Ричард М. ШАРП

Ўзгаришлар шамоли

Қиз йигитнинг юрагига жанубий шамол билан кириб келди. У қизнинг хаёлларини мағрибдан эсаётган шамолдан билиб олди, машриқ еллари унга қизнинг қалбидан сўз очди.

Кейин об-ҳаво ўзгарди, тўрт томондан шамол туриб, тўфон бошланди.

Қиз шимол бўронига миниб, уни тарк этди, йигитнинг юрагини муз қоплади.

 

Том ОДЕНКРАНС

Ажал

Қоронғуликда ўзимни ноқулай сезаман. Совқотяпман.

Бир неча соат аввал тунги қисқа ишим менга бирваракайига беш минг доллар фойда келтириши лозим эди.

Пако ҳам келди, аммо нимадир чаппасига кетди.

Сиреналарнинг чироғи юзимга нур сочади. Оқ халатли одам оёғимнинг бармоғига ёпиштирилган ёрлиқдаги исм-шарифимни ўқийди. Мен унга жавоб қайтаролмайман.

 

Жеффри Скотт БЕЙКЕР

О, Генри!

Улар Рождество совғаларини бир-бирларига улашишди. Ҳаммаси ажойибдек кўринарди. Айниқса, уларнинг молиявий қийинчиликларини ҳисобга олинса, аҳвол жуда ачинарли эди. Ҳа, қаҳри қатиқ замонлар эди, лекин муҳаббат барчасидан устун келади. Агар чиндан севсанг...

Бирдан уни бир фикр танг қолдирди: “Хотинимнинг сочлари яна ўсади, менинг соатим эса энди ҳеч қачон қайтиб келмайди!”

Ташқарида қор гупиллаб ёғарди.

 

 

 

Льюис А. ХЭНБЕРИ

ВАЪДА

– Мен қаршиман. Бу нотўғри.

– У осмонга қараб ётибди ва унинг ҳаёти дори-дармон, осма эмловлару тиббиёт аппаратларига боғлиқ. Сенингча, бу тўғрими?

– Ахир, у тирик.

– Уни муносиб равишда ўлишига берган ваъдамиз-чи?

– У бизни дунёга келтирган!

– Шу боис ҳам у тез ва қийналмасдан жон бериши керак.

– Ҳа... балки... Ўзинг кечир, э Худойим.

Тунги шамол кўтарилди.

– Дўхтир, биз акам билан шундай қарорга келдикки...

 

Даг ЛОНГ

Вақт – бу пул

У йигирма ёшида машаққатли меҳнатдан эзилган бўлса, ўттиз ёшида бойваччага айланди.

– Вақт – бу пул, – дерди ҳамиша отаси. – Дангасалик қилмасанг, қарабсанки, ортиқча доллар ишлаб оласан.

Ўттиз саккиз ёшга етганда, бизнеси касодга учради, хотини ташлаб кетди, ўзи эса қаттиқ оғриб қолди.

Тузалгач, офтобда тобланиб, ўғилларига:

– Вақт – бу вақт, пул эса ўз номи билан пул, – деб уқтирарадиган бўлди.

 

Николай ЛАТУШКИН

Буви ва набира

 – Қани, ойинг учун яна бир қошиқ.

Болакай юзини бужмайтиради, лекин овқатдан бир қошиқ ейди.

– Қани, даданг учун бир қошиқ.

– Қани, синглинг учун бир қошиқ.

– Қани, бувинг учун яна бир қошиқ.

– Емайман!

– Нега?

– Бувим шундоғам семиз!

 

Рус тилиданСаиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси