“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 151 марта кўрилган.

“ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ – ЎЗЛИГИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН ОДАМ”

Валентин РАСПУТИН

– Рус ёзувчиси Валентин Григорьевич Распутин ўзиниг ижодий йўлини Сибирь газеталарида журналист сифатида бошлагани кўпчиликка маълум. Шундай бўлса-да, сиз ўқитувчи бўлмоқ ниятида Иркутск университетининг тарих-филология факультетига ўқишга киргансиз...

– Катта курсларда ўқиб юрганимдаёқ амалиётни ўтагандим – Иркутск мактабида адабиётдан дарс берганман. Лекин тахминан ўша йиллари ёшлар газетасининг штатдан ташқари мухбири бўлишга улгургандим. Шу тариқа журналистика ўзига тортиб кетди. Ўша давр, яъни Абакан–Тайшет магистрали, гидроэлектростанциялар, Иркутск, Братск заводларининг қурилиши жамиятга ғулув солган, кўп­лаб долзарб масалаларни ўртага ташлаганди.

– Очеркларингиз катта қизиқиш уйғотиб, кўп маротаба чоп этилган, алоҳида китоб ҳолида ҳам нашрдан чиққан: “Янги шаҳарлар гулханлари”, “Айиқ териси сотилади”, “Само биқинидаги ўлка” ва б. Очерклар ортидан ҳикоялар, ҳикоялар тўпламлари, “Марияга пул керак”, “Сўнгги муҳлат”, “Омон бўлсанг, унутма” қиссаларингиз кетма-кет эълон қилинди. Давлат мукофотига сазовор бўлдингиз. “Алвидо, Матёра!” қиссангиз-ку сизни элнинг суюкли ёзувчиси ҳамда бутун дунёга машҳур адиб мақомига олиб чиқди. Шулар билан бир қаторда, мактабга, таълимга эътибор ҳаётингизнинг бир қисмига айланган.

– Менга ўқитувчилар тез-тез ёзиб турадилар. Уларнинг шарофати билан мактабларимиздаги аҳволни – замонавий тенденциядан тортиб энг йиғлагудек ҳолатларгача – билиб тураман. Энг пок виждонли ўқитувчиларимиз сифатида Тайшет, Красноярск, Москва вилоятидагиларни кўрсатишим мумкин. Улар тақиқларга қарамай, ўқувчиларга рус тили, адабиётдан қўшимча сабоқ бермоқдалар.

– Ўтган асрга оид таълимдан нималарни ҳозирги кунга тадбиқ этган бўлардингиз?

– Кўп жиҳатларни. Менга, масалан, гуманитар фанлар яқин. Камоли ишонч билан айтишим мумкин – бизнинг даврда адабиёт, она тили, тарих юқори савияда ўтилган. Биргина ёддан ўқишни олайлик, ахир, матн сиз билан, ичингизда яшар экан, бу ҳам хотирани мустаҳкамлайди, ҳам билим бойлигингизни оширади, ҳам қалбни юксалтиради.

– Бошланғич мактабдан сўнг “Француз тили сабоқлари” ҳикоянгизда тасвирланган мактаб-интернатга ўтган экансиз. Ўша ўқитувчи, Лидия Михайловнанинг тимсоли ҳам...

– У киши билан ғаройиб воқеа юз берган. Ҳикоя эълон қилинган 1973 йили Лидия Михайловна қаерда яшашини билмасдим. “Француз тили сабоқлари” нашр этилиши арафасида ҳамюртим ва яқин оғайним раҳматли Александр Валентинович Вампиловнинг қирқини ўтказатгандик. Сашанинг ўзи ҳам ўқитувчилар оиласидан эди. Ҳикояни унинг онасига, марҳума Анастасия Прокопьевна Копилова-Вампиловага бағишлагандим. Кейинчалик ҳикоя чет тилларига ўгирилиб, хорижда, жумладан, Францияда нашр этилди. Китобни дўконда Лидия Михайловнанинг ўзи кўриб қолибди. У киши тақдир тақозоси билан Францияга бориб қолганди, собиқ ўқувчиси ёзувчи бўлганини, ўзи ҳақида ҳикоя ёзганини билмасди. Ҳикояни ўқиб, Лидия Михайловна менга мактуб битган.

– Ҳа... “Француз тили сабоқлари” француз тилида. Ҳикоя ичида ҳикоя-ку бу. Мен бир қанча педагогларни биламан: сизнинг Лидия Михайловнангиз рус ўқитувчисининг қадр-қимматини ёдда тутишга кўмак берадиган образлар галереясидан жой олган. Энди бугунги кунга келиб гоҳида ўқитувчининг ўрнини босаётган телевидение, Интернетга доир саволга ўтсак...

– Мен сал аломатроқ одамман – бошидан бери телевидениега ҳушим йўқ. Ҳатто у “бинойидек” бўлганда ҳам ёқтирмаганман. “Тайёрга айёр” бўлишни жиним суймайди. Спектакл­ни театрда томоша қилиш, китобни дўстлар билан муҳокама қилиш, футбол учун эса стадионга бориш зарур. Бир жойдан жилмасдан бир неча соат давомида бир бурчакка тикилганча, тўкиб берганини истеъмол қилавериш, фаҳмимча, ўта нотабиий ва бориб турган аҳмоқгарчилик.

Баъзан янгиликларни ҳисобга олмаганда, ҳозир қарийб зангори экранга термилмайман, кўрсатувларда ҳам қатнашмайман. Гап шундаки, у ердагилар калаванинг бир учини ушлаб олишади-да, ўзлари ҳам ишонмайдиган ёлғон-яшиқ гапларни тўқийверишади.

“Иблис Тангрига қарши исён кўтарди. Жанггоҳ эса одамлар қалбидир” – Достоевскийнинг ушбу сўзлари инсон ҳаётининг абадий эпиграфига эврилган. Ҳар бир одамда икки мавжудот яшайди: бири қабиҳ маҳлуқот, иккинчиси эса илоҳий, юксакдир. Одам ана шу иккисидан бирига бўйин беради. Ҳа, кўпчилик бурнининг тагига олиб келиб тиқиштириладиган телевизион “сақич”га кўникиб қолган. Мен фақат ана қармоққа илинганларга ачинаман, ҳолос.

– Интернетга муносабатингиз қандай?

– Ёмон. Чунки Интернет тармоғида “Уруш ва тинчлик”ни ўқиёлмайсан, бунда бошқа жиддий асарларга ҳам ўрин йўқ. Ҳеч кимни мажбурламоқчи эмасман-у, лекин ичкаридан емирадиган нарсалардан эҳтиётланиш керак.

Биз аста-секин глобаллашув ичига кириб боряпмиз. Европада ёшлар бежиз исён кўтармаяпти. Бир халқнинг моҳиятини йўқотишга, унинг барча маданий қадриятлари яксон қилишга ҳаракат қилинган аснода ана шундай исён кўтарилади.

– Сизнинг ёзувчилик мат­ла­бин­гиз?

– Мен барибир ўзимни биринчи галда рус ёзувчиси деб биламан. Ўтган аср адабиёти иккига бўлинарди – ғоявий ва тарихий. Пётр замонаси, Николай замонаси ўтди, ўша даврда яшаганлар ҳам ўз замонасидан воз кечолмаган. Бу ҳатто хаёлларигаям келмаган. Шундай экан, нима бўлган тақдирда ҳам биз собиқ иттифоқ даврида яшаб, қалам тебратдик. Лекин мафкуравий рус ёзувчиси, агар партия билан кўзлари мойланмаган бўлса, миллий ва тарихий Россияга қайтиш позициясида турган. Ўша давр­да ҳам рус адабиёти, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, дунёдаги энг аъло адабиёт ҳисобланган. Негаки, ушбу адабиёт ғоявий сиқиқликни ёриб ўтиб, руҳни юксалтиришга қодир адабий қудратини кўрсата олди. Адабиёт ёрқин, кучли бўлиши учун қарама-қаршилик керак. Бунда, албатта, цензура (гарчи мен аҳлоқий цензура тарафида бўлсам ҳам) бўлиши шарт эмас. Бу яширин қарама-қарши механизм ҳам бўлиши мумкин. Масалан, баъзида учратиб қоламиз – ўғри-қаллоблар ҳурматли зот саналиб, хоинга ҳурмат кўрсатилади.

– Бугунги кун адабиётига муносабатингиз...

– Китобга қизиқишнинг кескин пасайиши китобдан қўрқишдан дарак беради. Айнан мана шу қўрқув ўқувчилар сонининг камайишига олиб келмоқда. Бунда асосий сабаб – ўқувчиларнинг китоб сотиб олишга, журналларга обуна бўлишга молиявий жиҳатдан лаёқатли эмаслигидир. Иккинчи сабаб – янги қадриятлар ниқоби остида заҳарли воситаларнинг қалбни емириши. Учинчиси эса – китоб бозори таклиф этаётган маҳсулотлар. Лекин ҳамма ўқувчиларда ҳам адабий дид шаклланмаган. Айтайлик, у кутубхонага қатнайди... Ҳар қандай кутубхонада сизга бурунгидек кўп ўқишаётганини айтишади... Аммо сўнгги йилларда ўқилаётганлари ҳам нари борса, америкача китоблар, болаларни-ку нуқул Америка комикслари қизиқтиради.

Назаримда, бугунги китобларнинг ҳар ўнтасидан тўққизтасини тахини бузмасдан бир четга олиб қўйиш мумкин. Бугунги ёзувчилар цехи вакилларининг маҳсулотларини сира қабул қилолмайман. Менимча, замонамиз қаҳрамони – бу ўзлигини сақлаб қолган одам.

Ўқувчи бало-офатдан узоқроқ бўлиш учун мумтоз адабиётга ­мурожаат этиб тўғри иш қилади. Бизни эса қачонки Ватанга юксак муҳаббат ва нажотбахш эътиқод ила китоблар ёзсаккина такрор ўқий бошлашади.

– Ўқувчиларнинг ўзлари ўз­­гар­ма­ди­ми­кин?

– Қисқа тарихий фурсат ичида ўқувчилар сони, кам деганда, минг маротабага камайди-ёв. Китоб бозорларини шишириб юбораётган енгил-елпи, тош босмайдиган бўш китобларни (“китоб” дейишга ҳам тил айланмайди) ютоқиб “хатм қилаётган”ларни китобхонлар сирасига киритолмаймиз-ку. Бугун муқовага ўралган юзсизликка ўқувчи ўзига нисбатан ҳурмат талаб қила бошлаши биланоқ барҳам берилади. Ўзликка қайтиш – мушкул масала. Агар таққослаш лозим бўлса, бу шундай мушкул юмушки, Иккинчи жаҳон урушини енгиб ўтиш билан баробар. Менимча, ичимиздаги ёвни енгишдан кўра фашистни ер тишлатиш осон кечган.

– Чинакам ватанпарварликни қандай тушунасиз?

– Ватанпарварлик ҳақида кўп сўзлаганман. Такрор айтаман, ватанпарварлик нафақат она тупроғинг билан узвий ришталар билан чамбарчаслик ҳисси, қолаверса, ватан олдидаги бурч, унинг, маънан, ахлоқан ва жисмонан юксалиши учун қувонишдир. Ломакон киши маънан қашшоқ бўлади, уни енгилгина шабада ҳам исталган тарафга етаклай олади. Юрагида Ватани бўлган одам ҳеч қачон ўз йўлидан оғишмайди, тубанлашмайди, ваҳшийлашмайди, негаки Ватани унга куч беради, эътиқод беради.

Афсуски, баъзида ватанпарварлик тарбиясини мафкурага тиркаб нотўғри тушунамиз. Намойишлару нутқлардан бу туйғу мустаҳкам бўлиб қолмайди, халқ оғзаки ижоди, Пушкин ва Тютчев, Достоевский ва Шмелёвдан баракали ва эзгуликка йўғрилган шохчалар ўсиб чиқади.

Ватан, аввало, халқнинг ўтмиши ва келажаги бирлашадиган муқаддас тупроқдир, ана ундан сўнг эса унга “ҳудуд” мақомини берсак бўлади. Кишида Ватан борми, демак, у тупроғининг азизию ожизини ҳимоя қилади, кафангадоми, демак, бутун дунёдан нафратланади ва вайронкорликка мойил у. Ватан – бу ҳаётимиз мазмуни, туғилганимиздан то қазомизгача ўзининг тафти билан иситадиган маъво.

Бугун Ватан тақдири бизга топширилган, унга муносиб бўлайлик.

– Янги авлод ҳақида нима дейсиз?

– Ёшлар эндиликда умуман бошқача – улар биздан-да серғайрат, биздан-да кўпроқ жар солишмоқда, дунё­ни англамоққа ташна улар. Баъзан бу тафовутни ёт-бегоналикка йўямиз. Йўқ, улар адолатсизликни дарров фаҳмлашади. Лекин улар кўпинча ўзларининг “тарбиячилар”и қанчалик қабиҳликка бораётганини кўролмайдилар. Лекин хатолар туфайли улар ҳаётда ўз ўринларини топиб олишади.

Яна бир бор қайтараман: йўлдан адашган, заҳарланган, миллий руҳдан мосуво қилинганлар оз эмас. Лекин ҳеч қандай кўмаксиз оёққа турган, нажот топаётганлар ҳам кўп. Мен уларни қадим ўтмишимизда, қадриятларимизда сақланиб қолган ёруғ ва пок йўлга чорлаб қоламан.

И.Н. ШУМЕЙКО суҳбатлашди.

Манба: “Сибирь” Россия ёзувчилари журнали. 2012 йил 1-сон.

 

Рус тилиданСаиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси