“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 43 марта кўрилган.

МЕНГА СЕНДАН БОШҚА НАРСА КЕРАКМАС

Расул ҲАМЗАТОВ,

авар шоири

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов (1923–2003) халқимизнинг бой маданий меросини қадрлагани учун Ўзбекистонга катта мамнуният билан ташриф буюрарди. У таниқли адибларимиз билан дўст тутинганди. Ҳазрат Алишер Навоийни авлиё шоир сифатида эъзозларди. Айниқса, қўшиққа айланган “Турналар” шеърига 1972 йилда Чирчиқ шаҳримизда ёдгорлик ўрнатилгандан кейин ҳамма жойда санъатсевар халқимизга ҳурматини баралла изҳор этди.

* * *

Агарда дунёда минг нафар эркак

Сени севамиз деб ичишса қасам,

Улар орасига қарагин, малак,

Улар ичра бордир Расул Ҳамзат ҳам.

 

Агар қолиб сара юз нафар эркак

Сенга асирмиз деб ичишса қасам,

Улар орасига қарагин, малак,

Улар ичра бордир тоғлик Расул ҳам.

 

Ўн ошиғинг қолиб дейишса агар:

Айтгин, ташланамиз оловга шу дам.

Улар орасига ташлагин назар,

Улар ичра бордир Расул Ҳамзат ҳам.

 

Шунча ошиғингдан ўтиб вақт-замон,

Биттаси аҳдида туролса собит,

Ўшанда қарагин оқ чўққи томон,

Сендан тоғлик Расул узмаган умид.

 

Агар ошиқларинг қолмаса ҳечам,

Дилинг хира бўлса бундай савдодан,

Демакки, огоҳ бўл, менинг ягонам,

Ошиқ Расул Ҳамзат ўтган дунёдан.

 

* * *

Эзгулик, ёвузлик измида олам,

Менга бу тушунча янгилик эмас.

Ширин сўзинг, кўзинг ёдимда ҳар дам,

Менга сендан бошқа нарса керакмас.

 

Юлдузлар, оппоқ тонг бағишлар ҳузур,

Қуёш зар нуридан бўламан сармаст.

Менга азиз сенга нима сочса нур,

Менга сендан бошқа нарса керакмас.

 

Сен туғилган жой ва шу гўзал диёр

Сенинг чиройингдан доим олар ранг.

Ғурурингга тимсол тоғдаги виқор,

Унда гўзал гуллар, ҳатто тошлар ҳам.

 

Сенга нима боғлиқ менга муқаддас,

Менга сендан бошқа нарса керакмас.

 

* * *

Сени севаман, деб бўлмадим иқрор,

Кечикдим бир баҳор, қолдим афтода.

Сен билан ёнма-ён кезмадим бир бор...

Барибир бахтлиман! Сен бор дунёда!

 

Барибир бахтлиман! Лекин ғамбода,

Ўнгидан келмоқда энг ширин тушим.

Менсиз яшаяпсан, ахир, дунёда,

Кўришсак, бошимдан учмайди ҳушим.

 

Сендан сўрамасман илтифот, карам,

Бундай марҳаматга қолмаган ҳожат.

Туғилмадинг менинг тоғимда, эркам,

Бу иккимиз учун энг оғир кулфат.

 

Сен туғилдинг... Менинг тоғимда эмас...

Балки бунда ҳам бор қандайдир ҳикмат.

Сен бўлсанг, тоғимдан ҳатто бир нафас

Узоқларга кета олмасдим ҳеч вақт.

 

Сен туғилдинг биздан олис шаҳарда,

Учрашдик, нигоҳинг айлади асир.

Бу учрашувда ҳам бир ҳикмат бор-да,

Биз Қора денгизда учрашдик, ахир.

 

Сенинг чиройингга сўз топиш мушкул,

Мағрурлигинг эса сарҳад билмайди.

Сени мақташ учун керакдир булбул,

Сени ёлғон куйлаб алдаб бўлмайди.

 

Сени севаман, деб бўлмадим иқрор,

Учрашдик ва бизни ажратди денгиз.

Энди тушларимга кирасан, нигор,

Ўнгимда мен қандай яшайман сенсиз.

 

* * *

Болалик йилларим кўраман гоҳо,

Маъсум жилмаяр ё кипригида ёш.

Қанча чорлай, қулоқ солмайди асло,

Ҳеч қачон қайтмайди, бўлмайди сирдош.

 

Олдда кексалигим кўринар гоҳо,

Безовта юзида ташвиш, хавотир.

Йўлимдан қоч, қулоқ солмайди асло,

Бу оқсоқол йўлдан қочмас барибир.

 

* * *

Ҳамма қарсак чалар, табриклар бир-бир

Мени навбатдаги мукофот билан.

Фақат четда хафа иккита нозир,

Қараб турар ажиб ҳиссиёт билан.

 

Қайга бормай улар кўрсатади бўй,

Бизда жуда ўхшаш жиҳатни сездим.

Бири – кекса, шундай бўларман ҳақгўй,

Бири – бола, шундай беғубор эдим.

 

* * *

Дунёда ҳеч киши яшамас абад,

Ҳаммага аён бу оддий ҳақиқат.

Яхши из қолдириш яшашдан мақсад:

Уй ёки йўл-сўқмоқ, боғ ёки ҳикмат...

 

Ҳамма жилға буғдай учмас ҳавога,

Ҳамма қўшиқнинг ҳам тезмас поёни.

Шукур, кўп жилғалар етар дарёга,

Бизнинг шаън қўшиқлар безар дунёни.

 

* * *

Шеъриятга буткул бегона ётлар

Шоирларга бир умр ўтказар зуғум.

Ахир, азал-азал келгинди зотлар

Туб халққа етказар озор ва зулм.

 

* * *

Менимча, дунёда учта бош йўл бор,

Одамзот улардан оғмайди зинҳор.

Бири назмдир, бири ўлимнинг йўли,

Учинчиси эса ҳар кимнинг йўли.

 

* * *

Эй, дўсти қадрдон, гапимга ишон,

Сўздек ниятларимиз эзгудир мудом.

Аввало, ризқимиз – нон бўлсин арзон

Ва салмоқли бўлсин айтилган калом.

 

Рус тилидан Асрор МЎМИН таржималари