“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 79 марта кўрилган.

КУНЛАРНИНГ БИРИДА. Ҳикоя

Габриэл Гарсиа Маркес,

колумбиялик адиб, Нобель мукофоти соҳиби

 

Ёғингарчиликсиз келган илиқ душанба тонги ҳам ўтди. Ҳали тажрибасиз тиш доктори Аурелио Эсковер каллайи саҳарлаб уйғониб, соат олтида офисини очди. У ҳанузгача шакл берилишини кутиб ётган нотўғри тишларни шиша идиш ичидан олиб, пластир қолипга солиб кўра бошлади. Кўрсатилган тартиб бўйича ишлаш учун ўлчов асбобларини стол устига қўйди. Ёқасиз йўл-йўл кўйлак кийиб олган, бўйни тилла илматугма билан ёпилган ва бунга қўшимча равишда боғичли боғлама тақиб олгани учун нафаси нақ бўғилиб қолаёзгандек эди. Доктор қад-қомати тик ва озғиндан келган бўлиб, шу кўринишида кар-соқов одамдек таассурот қолдирарди. У одатда нарсаларини тартибга солаётганида, тиш аррасини дентал курси ёнига итариб борар ва нотўғри тишларга у билан сайқал берарди. Ваҳоланки, кўринишидан ҳеч нарсани ўйламаётгандек туюлар, тиш арраси унга керак бўлмаганда ҳам уни оёқлари билан тўхтовсиз босиб ишлатарди.

Соат саккиздан ўтгандагина деразадан осмонга тикилиш учун озгина вақт ишини тўхтатди. Ташқарига афтода боқаркан, қўшни уй эшиги юқорисида қуёш тафтида ўзини қуритаётгандек ўйчан турган иккита бургутга кўзи тушди. Афтидан, чошгоҳга бориб яна ёмғир ёғса керак, деган ўйда ишини давом эттира бошлади. Ўн бир яшар ўғли чинқироқ овоз билан уни фикридан чалғитди:

– Дада!!!

– Нима?

– Майор унинг тишини олиб қўя оласизми ёки йўқми, шуни билмоқчилар?

– Мени бу ерда эмаслар, деб айт.

Аурелио Эсковер тилла тишга оро бераётган эди. У тишни қўлида ушлаганча, ярим ёпиқ кўз билан текширарди. Шу пайт ўғли нариги хонадан яна қичқириб келди.

 – Улар айтдики, сиз шу ерда экансиз, чунки овозингизни эшитибдилар.

У бир муддат тишни текшириб турди. Ишини тугатгандан сўнг, қўлидагиларни стол устига қўйди-да:

– Жуда яхши бўпти-да, – деди.

Аурелио Эсковер тиш аррасини яна қайта ишлата бошлади. Буюмларини сақлайдиган жавон тортмаси ичидан бир неча бўлак бриж олди ва яна тилла тишга сайқал беришни давом эттирди.

– Дада!

– Яна нима?..

– Улар ҳалиям эшик тагида турибдилар, – сўзини давом этди бола. – Улар айтадиларки, агар сиз уларнинг тишини олиб қўймасангиз, сизни отиб ташларканлар.

У шошилмасдан мутлақо босиқлик билан жойидан қўзғалиб, тиш аррасининг тепкисини босишни тўхтатди ва уни курсидан нарироқ суриб йўлдан ҳамма нарсани олиб ташлади. Сўнг хонанинг ўртасида туриб олди-да, ўғлига қараб:

– Яхши. Айт уларга, кириб мени отсинлар, – деди.

У жавон четига бир қўли билан суяниб, бир қўлида эшик қаршисидаги курсини айлантириб турарди. Майор эшик остонасида пайдо бўлди. Юзининг чап тарафидаги соқоли олинган, бошқа тарафи эса аксинча, оғриқдан шишган ва чамаси, беш кунлик олинмаган соқолда эди. Аурелио Эсковер унинг маъюс кўзларидан тунларни оғриқ билан ўтказганини кўрди. У жавонни бармоқлари билан ёпаркан, мулойимлик билан:

– Ўтиринг, – деди.

– Хайрли кун! – деди майор.

– Cизга ҳам.

Керакли асбоблар стерилизация учун қайнатилаётган вақтда, майор ўриндиқнинг бош қўядиган жойига бошини қўйиб ўрнашиб олди ва ўзини бироз яхшироқ ҳис қилгандек бўлди, аммо ҳали-ҳамон совуқ нафас оларди. Докторнинг ҳужрасига кўз югуртирди. Ёғочдан ясалган ўриндиқ, оёқ билан босиб ишлатиладиган тиш арраси, керамика ва шиша идишлар, ҳамма-ҳаммаси жуда эскирган эди. Ўриндиқ қаршисида елкагача узунликда тутилган эски мато парда турарди. Майор доктор яқинлашаётганини кўриб, оғзини йиртгудек очди. Аурелио Эсковер унинг бошини чироқ тарафга бурди. Инфекция тушган тишни яхшилаб текширгач, эҳтиёткорлик билан қўлини букиб, майорнинг жағини ёпаркан:

– Анестезиясиз бўлади, – деди.

– Нима учун?

– Чунки сизда маддалаган жой бор.

– Тушунарли, – майор докторнинг кўзларига қараб кулишга ҳаракат қилди.

Аурелио Эсковер бўлса унга илжайиб ҳам қўймади. У иш столидан стерилланиб бўлган асбобларни олиб келиб, қайноқ сув ичидан бир жуфт қисқични олди. У ўз ишини шошмасдан хотиржамлик билан бажарарди.

Пойабзалининг учи билан туфдонни майор­га яқинроқ жойга суриб бораркан, қўлини ювиш учун тагига чиноқ қўйилган жўмрак ёнига борди. У ишларини ҳаммасини одатий хотиржамликда, ҳатто майорнинг юзига ҳам қарамаган ҳолда бажарарди. Бироқ майор ундан кўз узмасди.

Беморнинг оғриётган тиши кеч илдизлаган ақл тиши бўлиб чиқди. Доктор оёқларини сал очиб, иссиқ қисқич билан оғриқ тишни қисди. Майор ўриндиқ тутқичини маҳкам ушлаб олиб, оёқларида бутун кучини жамлаб, танасини қотириб турди ва шу онда буйрагида муздек бўшлиқни ҳис қилди, бироқ миқ этмади. Доктор ишини тугатиб, майордан нарироқ туриб олди-да, хушмуомалалик билан бўлмаса-да, ҳеч қандай гинасиз деди:

– Ана энди сиз менга йигирмата ўлдирилган одам учун бадал тўлайсиз-да.

Майор жағ суякларини ғичирлаганини сезди. Кўзлари жиққа ёш. У ўриндиқда оғриқ тиши олиб ташланганини ҳис қилмагунча нафас олмай ўтираверди. Ниҳоят, кўз ёшлари орқали буни ҳис қилди. Энди унга беш кунлик оғриқлар бегона, чунки у ҳамма азобдан фориғ бўлганди. Терга ботиб чарчаб қолган майор узун енгли кўйлагини тугмаларини ечиб, шимининг чўнтагидан дастрўмолчасини олди. Аурелио Эсковер эса унга дастрўмолча ўрнига тоза мато узатаркан:

– Кўз ёшларингизни артиб олинг, – деди.

Майор докторнинг айтганини дарров қилди. У энди қалтирарди. Аурелио Эсковер қўл юваётганида чиноқнинг юқори бурчагида чанг босган ўргимчак тўрида болалаган ўргимчакни ва ўлик ҳашоратларни кўрди. У орқасига ўгирилиб майорга:

– Уйқуга ётишдан олдин намакоб билан оғзингизни чайинг, – деди.

 Майор ўрнидан туриб тугмасини ҳам қадамасдан эшик томон юраркан:

– Ҳисобни жўнатинг, – деди.

– Сизгами ё шаҳарча маъмуриятигами? – уни пул тўламасдан чиқиб кетаётгани Аурелио Эсковернинг энсасини қотирди.

Майор ортига ҳам қарамасдан эшикни ёпди ва ташқариги ойнадан кўриниш бераркан:

– Бу сизнинг саломингизга яраша алик, – деди.

 

Инглиз тилидан Шерзод Комил ХАЛИЛ таржимаси