“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 122 марта кўрилган.

ОНА МЕҲРИГА ҚЎЙИЛГАН ҲАЙКАЛ

(Екатерина Витиснинг ўғли – таниқли рус ёзувчиси Василий Гросманга ёзган видолашув мактуби)

“Бу мактубни ёзиш мен учун нақадар қийин эканини ҳатто билмайсан, ўғлим. Чунки бу мактуб менинг сен билан сўнг­ги суҳбатимдир. Мактубимга қўйилган нуқта умримга ҳам қўйилажагини сенга етказмоқчиман, холос.”

Екатерина Витис машҳур ёзувчи Василий Гросманнинг онаси эди. У 1941 йили ўғли Витяга видо мактубини ёзганди. Гросман ўзини дунёга танитган “Ҳаёт ва қисмат” номли асарида мазкур мактубдан иқтибослар келтирган.

Бизнингча, ҳар бир инсон мазкур мактубни ўқиши керак. Бу мактуб она меҳрига қўйилган ҳайкал, фашистлар босқинига қарши оғриқ билан йўлланган жавоб эди.

* * *

Витя, ёзаётганим – мактуб қўлингга бориб етишига имоним комил. Фақат... бу мактубнинг жавобини ҳеч қачон олмайман. Ахир, тушунсанг-чи, мактубинг келганида мен нафақат уйда, балки бу ёруғ дунёда ҳам йўқ бўламан. Сен ҳақингдаги хотиралар мени бу дунё­дан кетишга қўярмикан? Аммо сезяпманки, тобора соғинч оловидан ёниб бораётган ҳонумоним кетишимни янада тезлаштиради.

Витя, одамларни тушуниш доим қи­йин бўлган. Еттинчи июнь куни немислар шаҳарни ишғол қилишди. Шаҳар боғидаги радио тинимсиз ахборот бериб ётибди. Энди нима фойда, дейсан? Анави куни ҳастахонадан ўз оёғимда тура оладиган даражага келганим учун чиқариб юборишди ва мен ушбу шумхабарни ўшанда эшитдим. Суҳандон уруш натижаларини украин тилида маълум қиларди. Олис-олисларда бомбаларнинг гумбури, ўқларнинг тасир-тусири, боғнинг нариги тарафидан эса додлаётган одамларнинг аччиқ фарёди элас-элас келиб турарди. Мен уйга йўл олдим ва етиб келиб, энди эшикни очаётганимда қулоғимга мудҳиш қичқириқ эшитилди: немислар ҳужум бошлади! Ёнгинамдан югириб ўтаётганларнинг юз ифодасини кўрсанг эди. Мен бу бақир-чақирларни одамларнинг бекорчи ваҳимасига йўйдим ва шаҳар кенгашига бордим. Ундан бўлаётган воқеаларга изоҳ сўраганим он, беихтиёр масъул жанобнинг юзлари гезариб кетаётганини сездим. У қаттиқ асабийлашаётганди.

– Хоним, ҳали бирон нима дейишга эрта. Курашяпмиз, аммо ҳеч нарсамиз тайёр эмасди.

Тун бўйи қўшнилар бир-бирларининг уйларига кириб, ҳол-аҳвол сўрашади, йиғлаб-сиқташади. Болаларга эса барибир. Охири, бир қарорга келдим – ҳамманинг бошига нима тушса, меникига ҳам ўша тушади. Бу уруш, ўғлим, уруш! Ўлим эса – кўпга келган тўй. Фақат... сени жуда кўргим келди. Қўлларингдан, юзларингдан, кўзларингдан ўпсам бас эди, аммо... Шукрки, ҳозир сен хавфсиз жойдасан.

Тонга яқин ухлаб қолибман. Уйғонганим замон юрагимга ҳасратнинг найзадек тишлари ботиб кетди. Мен ўз хонамда, ўз ўрин-жойимда эдим, аммо энди бу ўлка меники эмасди. Муҳожирга ўхшарди онанг. Нимадир бегона, нимадир ғалати. Хонани чидаб бўлмас сукунат ўз забтига олган.

Мен уйқудалигимда немислар шаҳарни истило қилган экан. Кўчадан “Juden kaputt!” деб ҳайқираётганларнинг мудҳиш овози келарди. Ҳеч нимани тушунмадим.

Қирғин бошланди, ўғлим. Одамларни бир жойга йиғиб ёқишларини кўрсанг эди. Биз зўрға жон сақлаяпмиз. Туғилган одам борки, хўрликларга маҳкум қилинаётир. Ҳар гал мен билан қуюқ саломлашадиган доктор Рижецов тунов куни мени туртиб кетди. Кейин маълум бўлишича, у немис армиясига ишга кирибди. Яна ким билади, дейсан.

Азизим, Витя! Дунёда яхшиларнинг борлиги нақадар яхши! Бир пайтлар биз билан умуман иши бўлмаганлар бугун бизга кўмаклашяпти. Ахир, биз ҳам шу ўлканинг фуқароси эдик-ку! Миллатинг сабаб сени ўлдиришлари қайси қолипга сиғади, ахир? Бу бориб турган ваҳшийлик. Рижецов каби хоинлар урчиб кетди. Улар фашист отган сарқит учун ўз Ватанларини сотишмоқда. Кечалари кўчага чиқиб бўлмай қолди. Чиқиб итваччалар, деб бақиргинг келади-ю, боланг борлигини, уни сўнгги бора кўришинг кераклигини ўйлаб, ўзингни босасан. Ўзлари атайин вабо тарқатишди ва барча докторларни биринчилар қаторида отиб ташлашди. Бечора доктор Арнов аллақандай бедаво касаллик устида ишлаётганди, ҳалигилар унинг барча қўлёзмаларини ёқиб юборишди ва бутун оиласи билан нон дўконига қамаб, газ билан ўлдиришди.

Бизни зудлик билан кўчириш ҳақида буйруқ чиқди. Ўзимиз билан фақат ўн беш килограммлик юк оларканмиз. Уйларнинг деворларига сариқ эълонлар ёпиштириб чиқишди – “1941 йил 15 июль куни соат олтига қадар майдонга йиғилмаганлар ташлаб кетилади ва осишга ҳукм қилинади”.

Бошқа миллатдошларим каби мен ҳам кўчимни йиғдим, Витя. Ўзим билан кўрпа-ёстиқ, сен совға қилган қошиқчали финжон ва отангнинг расмини олдим. Одамга яна нима керак? Тиббий анжомлар, сенинг менга ёзган мактуб­ларингни, Давид амакининг сени кўтариб тушган расмини ҳам қақир-қуқурлар ичига жойлаб юбордим. Пушкин, Мопассан ва Чеховнинг китобларини ҳам қайсидир халтага солдим. Энди мен сенга мактуб ёзганда ҳуда-беҳуда йиғлайверадиган онанг эмасдим. Дийдаларим тошлашиб кетди!

Витя, сенга айтмоқчи бўлганим... йўқ-йўқ, яхшиси, айтмай қўя қоламан. Менинг аҳволим не кечганига қизиқма. Ҳозир бу мактубимни тугатаман-у, казармага олиб бораман. У ердаги дўстим мактубни керакли одамларга етказади. Нуқта қўйиш осон, деб ўйлайсанми? Нега қоғознинг кўзи йўқ, тили йўқ? Бўлганида забун ҳолимдан хабар берарди сенга. Энди сени сиқилмасин, демайман. Бу сенга видо мактубим. Сенга ҳеч қандай мерос қолдиролмаётганим учун ҳижолатдаман. Ё бугун, ё эртага бизни осишади. Айни дам буларни ўттизинчи июнь куни юборган сўнгги телеграмманг­ни ўйлаб ёзяпман. Ундан кейинги ҳеч нарса муҳим эмас.

Витя, мен доим ёлғиз бўлганман. Тунлари ёлғизликдан нақадар эзилиб йиғлашларимни айтганмидим сенга? Сенга ёзиш шўринг қурғур онангнинг сўнгги тасаллиси эди. Бўлди! ҳаммаси тамом. Сен билан қолган умримни бўлишиш – нораво.

Яқинларинг ва сенга онангдан-да меҳрибонларнинг бахтига соғ бўл. Фақат... ваҳшийлар қўлида хазон бўлган онангни унутмагин. Ёлбораман, дуо қилиб тур.

Мактубни қандай тугатсам экан? Сўнгги нуқтага мажол қайда, дейсан. Шунча ўлимни кўрдим, энди навбат ўзимга. Витя, онангнинг сенга сўзи шундай бўлади: яша, яша ва фақат яша!

Онанг

Екатерина Савелъева 1941 йил 15 сентябрда осиб ўлдирилди. Ўғли эса умрининг сўнгига қадар марҳума онасига мактублар ёзаверади.

 

Рус тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси