“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 157 марта кўрилган.

УРУШ. Ҳикоя

Уилям САРОЯН,

АҚШ адиби

 

Уруш қон-қонимизга сингиб кетганди. Бизни кўп емасликка, ҳеч нимани беҳуда исроф этмасликка ўргатдилар – нарх-наво осмонда. Уруш маркаларини сотиб олишга чақирдилар. Биз Атлантика уммони орқали урушга минглаб аскар жўнатардик, бу эса катта ҳаражат талаб қилади, албатта. Бизни пул топишга ҳамда донаси йигирма беш тийин турадиган уруш маркаларини сотиб олишга даъват этардилар. Мисс Гамманинг айтишича, биз болалар ҳам устига ҳарбий либос кийган оғаларимиз каби аскармиз. Парадлар уюштирилди – аскарларнинг саф тортиб шаҳдам қадам ташлашини кўрдик. Биз уларнинг Жанубий Тинч уммони вокзалида поездларга жойлашишини кўрдик. Уларнинг вокзалда қолган оналари, опа-сингиллари йиғисини эшитдик.

Германиянинг қўли қонга ботди. Немислар бус-бутун мамлакатларни дунё харитасидан ўчириб ташлашарди. Ўрмонлар, далалар, шаҳарлар – ҳамма-ҳаммаси оғир снарядлар зарбидан кунпаякун бўларди. Германия ҳатто Атлантика уммонида ҳам жиноятга қўл урди: “Лузитания” ғарқ бўлди. Уни немис сувости кемаси ҳалок қилди.

Мана шу оғир савдолар боис болалар алоғ-чалоғ туш кўрарди. Мен “Лузитания” ҳақида ўйлаганим сари ақлдан озардим. Нафратдан ёнардим. Ҳа, немислар бадкирдор, қаттол халқ. Улар бизга ўхшамайди. Уларни Чарли Чаплиннинг “Нишонга ол, ўт оч!” картинасида кўрдик. Кинотеатрда жойимизда ўтиролмай уруш қаҳрамони – Чарлини олқишлаб қичқирардик. У юрган йўлида хато қилар, бироқ, охир-оқибат, зафар қозонарди. Экранда кайзер кўринди дегунча ҳақоратлардик. У Германия эди. Чарли эса уни кулгили қилиб кўрсатарди. Биз тинимсиз кулардиг-у, аммо алланечук бўлиб қолардик. Чунки бу шунчаки комедия эканини билардик – ҳаммасидан хабаримиз бор.

Дунёдаги энг катта манфур кайзер эди, биз ундан нафратланардик.

Нафрат атрофга ёйилганди. Бир амакиваччам бор, кичкинагина болакай. Исми Симон. Тили чиқди-ю, шундай деди:

– Кайзернинг калласини узиб оламан!

Биров уни кайзердан нафратланишга ўргатмади. Бу нафрат ҳавода сузиб юрарди.

Биз, беш нафар бола, орқа ҳовлидаги ёнғоққа тирмашардиг-у, шохда ўтирганча кайзерни йўқ қилишнинг турли усулларини ўйлаб топардик. Орамиздан, айниқса, бир бола қийноқлар ихтиросининг хилма-хиллиги билан ажралиб турарди. Исми Альберт Сэвин эди. Кўринишидан мишиқи бола эди-ю, аммо ён-­атрофда ундан бош­қа бешафқатроқ қийноқлар ихтирочиси йўқ эди. Унинг мақсади кайзерни деярли ўлим ёқасига олиб бориб, унга дам бериш, кейин эса олдингидан ҳам қаттиқроқ қийноққа дучор этишдан иборат эди. Шу орқали кайзер минг бор ўлдирилар, ҳар қалай қайтадан қийнаш мумкин бўлсин учун тағин тирик қолдириларди. Биз ўйлаб топган энг енгил қатл – отувга ҳукм қилиш эди. Ҳеч ким унинг шунчаки ўлиб кетишини истамасди. Ҳамма унинг ўзи етказган озорлари билан яхшилаб азобланишини истарди.

Баъзи топилмаларимиз жуда аломат бўларди. Чарли Чаплинни эслардик-да, турли кулгили азобларни, ҳар хил кутилмаган совға ва шу кабиларни ўйлаб топардик. Масалан, кайзерни тантанали маросимга чақириб, катта курсига ўтиришни таклиф этамиз. Бу, аслида, электр стул бўлади. Кайзер курсига ўтиради-ю, ҳеч нарсадан бехабар тановул қила бошлайди ва баногоҳ биз токни улаймиз. Уни дарров жизғанак қилиб ташлайдиган кучланишга қўймаймиз, албатта, биз токни оҳиста кўтариб борамиз. Кейин залдагилар уни ўраб олади, ижирғаниб “Лузитания”ни эслатади. Буни орамиздан қай биримиз ўйлаб топганимизни эслолмайман-у, лекин ўша кун ёдимдан чиқмайди.

Ёзнинг ёруғ кунларидан бири эди, бизнинг дарахтда ҳам шодлик авжида. Неча соатдан бери одамни қийноққа солиш, аммо уни ўлгунича азобламаслик ҳақида тўхтовсиз баҳслашардик.

Биз билан қўшни Сан-Пабло кўчасида бир немис оиласи яшарди. Ажойиб кишилар эди, ўта виждонли, соддадил. Уларнинг тахминан укам Грикор қатори ўғиллари бўлиб, исми Герман эди. Мулойим, бироз одамови йигитча. Ўзимизнинг водийда туғилганига қарамай, енгилгина немисча талаффузда сўзлашарди.

Кайзерни қийнаш борасида гап бошланаркан, мен ҳам болаларга қўшилдим, бироқ буни азбаройи ўйин ҳисоблардим, ахир, аслида бирортамиз золим бўлиб қолишни истамасдик. Каттароқ болалар эса ғазаб­ланиб, бирор нима қилишни истаб қолдилар, шунда кимдир Германни эслатди. Биласизми, худди оталарига ўхшайдиган болалар бўлади. Ўша мишиқи Альберт Сэвин ва яна бир бола – Эдгар Райфлар қўйдек ювош Германга нисбатан нафрат ўтини ёқдилар.

Ҳаммаси бизнинг ёнғоқ дарахтида бошланиб, зум ўтмай бутун кварталга тарқалди. Ўнтача бола Германнинг адабини бериб қўйишга қарор қилди. Укам Грикор улар ортидан кетди, мен ҳам эргашдим. Албатта, Германга ёмонлигим йўқ эди, лекин уйда ўтиришга-да тоқатим етмасди. Агар уйда қолиб ҳеч нарсани кўрмай қолсам, ўзимни нақ ўлиб қоладигандай ҳис қилардим. Укам Грикор билан ёнма-ён катта болалар ортидан борардик. Очиғи, бунда биз иштирокчи эмас, томошабин эдик: бизнинг ҳовлида бошланган воқеанинг охирини ҳам кўришни истардик.

Тўда Сан-Пабло кўчасига ўтди. Эдгар Райф Германларнинг уйига бориб, эшигини тақиллатди. Қолганлар кўчанинг нариги бетида кутиб туришди. Эшикни Германнинг онаси очди. Эдгар Райф у билан сўзлашиб болалар олдига қайтди.

– Уйда йўқ экан, – деди Эдгар. – Онасининг айтишича, шаҳарга кетган, ҳали-замон келиб қолармиш.

– Ишқилиб, ҳозир кўринмасин-да, – деди Грикор арманчалаб.

Аммо Герман келди. Кимдир кўча бўйлаб кетаётганини кўргач, барча уни ўраб олди.

– Немисмисан? – деб сўради кимдир.

Герман тас­диқ­лади:

– Ҳа.

– Сен ҳам кайзерни ёмон кўрасанми? – деди аллаким.

– Йўқ, мен ҳеч кимни ёмон кўрмайман.

Шунда биров Германнинг юзига туширди. Бошқаси оёғидан чалиб йиқитди. Яна аллаким унинг устига чиқиб олгач, қолганлар уни мушти, оёғи билан дўппослай кетди.

Барчаси икки дақиқа атрофида рўй берди. Қандай тез бошланган бўлса, худди ўшандай, зумда тугади. Ахир, кичик аскарлармиз, бизни тартиб посбонлари дейишади.

Германнинг бурнидан қон тирқираб оқа бошлагач, ундан қайта сўрашди:

– Энди-чи, эндиям кайзерни ёмон кўрмайсанми?

– Йўқ! Сиздан нафратланаман! – деди у қичқириб.

Болалар Германнинг барибир кайзердан нафратланмаслигини тушунишгач, туриб олишига қўйиб беришди. Устидан кулиб йиғлашига масхаромуз тақлид қилишди. Ортидан эргашиб туртдилар, кетидан теп­дилар, урдилар, уйига етиб олгунча йўл бўйи мазах қилишди. У уйига чопмади, қадамлаб кетаверди. Зина пиллапояларидан кўтариларкан, уйдан чиққан онасининг унга кўзи тушди. Она ўғлига отилиб, унинг уйга кириб олишига ёрдамлашди. Қаттиқ изтиробданми, муштумзўрларга бирор оғиз гапирмади ҳам. Болалар уй қаршисида ҳоҳолашиб турдилар, тортишдилар, кейин тарқалдилар.

Ўша кеча тўшакда ётарканмиз, укамдан сўрадим:

– Грикор, немисларни ёмон кўрасанми?

У аввалига тушунмади:

– Нима?

– Немисларни ёмон кўрасанми? – саволимни такрорладим мен.

Укам бир муддат жим қолди, аммо унинг қаттиқ ўйга толгани билиниб турарди.

– Немисларни ёмон кўраманми, йўқми, билмадим-у, – деди, ниҳоят, – аммо бир нарсани жинимдан баттар ёмон кўриб қолдим: уларнинг бугунги қилмишларини. Мана шу нафратимни қўзғайди.

 

Рус тилидан Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ таржимаси