“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 127 марта кўрилган.

ЖУДОЛИК. Ҳикоя

Василий ШУКШИН, рус адиби

 

Ёз пайтида шувоқ ҳиди анқиб, бошинг айланадиган дамлар бўлади. Эҳ, айниқса, кечалари... Тепангда оймўма аста сузади. Юрагинг ҳапқириб кетади. Кўнгилни маст этгувчи ислар таралмиш бунақанги ойдин тунларда беихтиёр ширин, тотли хаёлларга толасан. Э, йўқ, бу ҳатто хаёл ҳам эмас – ичингга ғулғула солиб, зор-интизор этгувчи аллатовур бошқача нарса. Томорқа этагидами, қариқизлар ичидами, беркиниб оласан-да, юрагинг тушуниксиз, сирли севинчдан орзиқиб кетади. Афсус, бундай сокин тунлар ҳаётимизда кам бўлади.

Шундай кечалардан бири бутун умрга миямга михланиб қолган.

Ўшанда ўн иккида эдим. Томорқамизда тиззамни қучиб, кўзимдан ёш чиққудай бўлиб ойга термилиб ўтирардим. Ногоҳ шу яқин-ўртада кимдир йиғлаётгани қулоғимга чалинди. Аланглаб қарагандим, қўшнимиз Нечай чолга кўзим тушди.

Ушоқдай бўлиб қолган, рамақи чол оқ сурп кўйлагида алланималарни айтиб-айтиб йиғлаганча тентирарди.

Уч кун олдин Нечай чолнинг мулойим, ювош кампири ўтиб қолган эди. Чол-кампир ёлғиз ўзлари туришар, болалари ота уйини тарк этишганди.

Бировни озорлантирмаган Нечай кампир бу дунёдан жимгина кўз юмди. Қўни-қўшнилар ўлиб қолганини ҳам эрталаб билишди. “Кўрмайсанми энди... бечора Нечай кампир узилибди-ку”, – дейишди одамлар. Қабр кавлаб, кампирни тупроққа беришди, тамом-вассалом. Мен ҳозир бояқишнинг сахт-сумбати қанақалигини ҳам эслолмайман. Ҳовлисида “ту-ту-ту”лаб товуқларини чақириб юрарди. Қишлоқда бировнинг дилини оғритмаган, ҳеч кимнинг ғийбатини ҳам қилмасди. Кечагина орамизда эди, бугун эса йўқ.

...Ўша ойдин, сурурбахш кечада ёлғиз одамга қанчалик қийин бўлишини англаб етдим. Ҳатто теварак-жавониб сўлим, она ер нечоғли илиқ, юракка ваҳм тушмаса-да, якка-ёлғиз одамга осон тутмаслик лозимлигини тушундим.

Бир бурчакка биқиниб олдим.

Чолнинг тиззасидан пастга тушиб турган кўйлаги ой нурида кўзни олгудек оқариб кўринарди. У битта-битта одимлаб, кўзёшларини ҳалпиллама енгига артарди. У мендан сал нарига келиб ўтирди.

– Ҳечқиси йўқ... ҳозир сал ўзимга келволай... бир дардлашамиз, – деди секин ўзига чол, аммо барибир кўзёшларини тиёлмасди. – Уч кундан бери ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Бирор нима қилиб ўзимни чалғитай десам, ҳеч ишга қўлим бормайди.

Аста-секин у юпанди.

– Юрагим эзилиб кетяпти, Парасковья: жилла қурса рози-ризолик сўрамадинг-а?! Дилинг­ни сиёҳ қилган жойим бормиди? Айтиб-айтиб кетмайсанми – сал бўлсаям енгил тортардим. Энди эса армонда қолдим... Эҳ-ҳ... – Чол бир он жимиб қолди. – Мана, сени ювиб-тараб, кафанга ўраб, жойингга қўйдик. Сергей ёшулли тобут ясади. Йиғлаб-сиқтаб олдик. Тўғри, одам унча кўп бўлмади. Асал, майиз солиб, бўтқа қайнатдик. Сени Давидовнанинг ёнига, бир четга қўйдик. Жуда бопта, қуруқ ер. Ўзимгаям ўша ердан мўлжаллаб қўйдим. Ёлғиз бошимга не қилишгаям ҳайронман. Кулбаи вайронамизни михлаб, Петьканикига жўнаворсаммикин?.. Аммо юрак бетламайди: ўзи-ку яхши, хотинини... ўзинг биласан-ку, ғинг демасаям, бир тишлам нонни заҳар қилиб беради. Пешанам қурсин!.. Нима қил дейсан?

Жимлик чўкди.

Иштонимни ҳўллаб қўяй дедим. Хаёлимда ҳозир Нечай кампир суюмли, оғир-босиқ товушида гапириб юборадигандек туюлиб кетди.

– Бошимни қай деворга уришни билмай гарангман, – дея ҳасратланишда давом этди Нечай чол. – Бундан кўра бўйнимга сиртмоқ солганим минг марта яхши эди. Кеча тунда бирпасга кўзим илинибди, бир пайт қарасам, катакдан чиқиб келаётганмишсан, қўлингда бир ғалвир тухум. Мундай қарасам, тухум эмас, энди ёриб чиққан жўжачалар экан. Сен бўлсанг уларни битта-битта оғзингга солармишсан. Еб туриб, камига мақтаб ҳам қўярмишсан... Ё Раббим! Уйғониб кетдим, тушим экан... Сени ўзимча уйғотмоқчи бўлибман, йўқлигинг эсимдан чиқиб кетибди. Парасковьяжон... Руҳинг чирқиллаб юрибдими?! – Нечай чол тағин кўзёш қилишга тушди. Хўнграб юборса бўладими! Этим жимирлаб кетди. Бирам ўкради-ей, одамни эзворади: – Э-э-э... ув-ув... Мени ёлғиз ташлаб кетаверасанми? Бу чоли тушмагур энди қайга бош уради, деб ўйламадингми? Бир оғиз айтганингдаям майлийди, шаҳардан дўхтир етаклаб келардим... Ана, одамлар даволаняпти-ку. Э йўқ, бе йўқ, оёқни узатвординг. Буни мен ҳам эплай оламан... – Нечай чол бурнини тортиб-тортиб, кўзёшларини артди, чуқур хўрсинди. – У ёқларда бир ўзинг қийналмаяпсанми? Кўнглинг тусаса, бу ёққа чиқавергин, хўпми? Тушларимга кирасан. Майли, тез-тез кириб тур, фақат одамни қўрқитвормагин. Бир қарасанг, жўжаларни... яна ким билсин, дейсан... – Нечай бобо пичирлаб гапирганидан гапининг ярмини эшитмай қолдим. – Гуноҳ иш қилиб қўймасамми, деб қўрқаман-да... Нима қипти? Қазиб олишган ҳолатлар ҳам бўларкан-ку. Ўша Краюшкинода бир кампирни қазиб олишипти... инграб ётган экан-да. Қабрини очиб олишипти... Шу икки кундан бери қулоқ соламан, жимжитга ўхшайди. Йўқса, қазиб олмоқчи эдим... Айтишларича, одамни қаттиқ уйқу босаркан, кейин уни ҳамма ўлиб қолган, деб ўйларкан, у эса ўлмаган, шунчаки қаттиқ уйқуга кетган бўларкан...

Бу гаплардан юрагим товонимга тушди. Эмаклаб, томорқадан чиқдим-да, бобомнинг олдига чопиб бордим ва ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб бердим. Бобом эгнига кийимини ташлади. Икковлашиб томорқага ўтдик.

– Ўзи билан ўзи гаплашяптими ё ўзича кампири биланми? – сўради бобом.

– Кампири билан. Энди қандоқ қиламан, деб маслаҳат соляпти...

– Тентирашига ўлайми, қари така. Гўрини очишдан ҳам тоймайди. Ё кайфи бормикин?

– Йўқ, ичволса, ашула айтиб, Худони эслаб қолади, – дедим. Чолнинг бу одатини билардим.

Нечай чол қадам товушларимизни эшитиб, жим қолди.

– Ким бор? – қатъий оҳангда сўради бобом.

Нечай чол анчагача индамай тураверди.

– Ким бор, деяпман?

– Сенга нима керак?

– Сенмисан, Нечай?

– Ҳа, нимайди...

Биз унга яқинлашдик. Нечай чол татарчасига чордона қуриб ўтирарди, бизга ёвқараш қилди – норозилиги қовоғидан билиниб турибди.

– Яна ким бор эди?

– Қаерда?

– Шу ерда-да... Ким биландир гаплашдинг, ўзим эшитдим.

– Ишинг бўлмасин.

– Ҳозир каттакон калтакни оламан-да, уйинг­гача тирқиратиб ҳайдаб соламан, ортингга қарамай ура қочасан. Оқсоқол бўлсанг, ақлингни еб қўйдингми, нима бало... Уят эмасми?

– Мен у билан гаплашиб ўтирибман, бировга халал бермаяпман.

– Ким билан гаплашяпсан? У йўқ, ким билан гаплашасан?! Ўлди-кетди. Ерни тагида энди.

– У мен билан гурунглашяпти, мен эшитиб ўтирибман, – ўрланди Нечай чол. – Бировга оғир-енгили тушаётгани йўқ. Ўзинг-ку келволиб, қулоқ ташлаб қўйган...

– Қани, кетдик, – бобом Нечай чолни ердан даст кўтариб олди. – Бизникига кирамиз, менда бир шиша қўлболасидан бор, майдалаймиз, зора енгил тортсанг.

Нечай чол қаршилик қилмади.

– Чидолмаяпман, жўра, ҳолим қолмади.

Нечай чол олдинга тушволиб, қоқилиб-қоқилиб кетар, нуқул енги билан кўзёшларини артарди.

Мен бу ошнинг тагига босворса бўладиган ориққина, ғам адойи тамом қилган чол бечоранинг ортидан қараб туриб, кўзимга ёш келаверди, лекин бобом гарданимга тушириб қолишидан ҳайиқиб унсиз йиғлардим. Бояқиш Нечай бобога юрагим ачишиб кетди.

– Бу бевафо дунёга кимга осон бўпти, дейсан? – деб бобом унга таскин берарди. – Кўз очиб кўрганингни ерга қўйиш осонмиди сенга? Жудоликдан дили куйганларнинг ҳаммаси марҳумларнинг ёнига қўйилаверса, нима бўлади? Унақада мен неча марта гўрга киришим керак эди? Бардам бўл. Наилож, чидайсан-да энди.

– Раҳмим келяпти-да унга.

– Бўлмасам-чи, раҳминг келади-да... Ҳеч ким сендан ёзғираётгани йўқ. Лекин бу дунёда ўлим деганларига чора йўқ. Сабр қиласан энди, қўлингдан келгани шу. Бир кун келиб ўзинг ҳам омонатингни топширасан. Чида.

– Ақлим етиб турибди-куя... аммо манави ерим ёниб кетяпти, қанийди аламим босилса. Ичиб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмаяпти.

– Ўтиб кетади. Петька нега келмади? Анавилари-ку, олисда, лекин буниси-чи?

– Хизмат сафарига кетибди. Ўҳ, мунчаям оғир бўлмаса, ёшулли!.. Етти ухлаб тушимга кирмаганди-я...

– Дунёнинг ишлари шунақа экан: одам ҳаётлигида билинмаскан, ўлганидан кейин эса оҳ-воҳ қилишга тушамиз. Аммо-лекин ғам-­аламдан ақлни йўқотиш ҳам... турган-битгани аҳмоқлик.

Ушбу дақиқаларда мен учун ҳалиги сокин, ойдин тун ўз фусункорлигини йўқотган, миямни банд этган соҳир хаёллар ҳам аллақаёққа гум бўлган, бояги тушуниксиз севинчдан ном-нишон қолмаганди, ахир, бир мунис аёл рихлатга кетди.

Юзлари қошиқдай мана шу чолнинг қайғуси нафосатли оламни паналаб қўйганди. Фақат миямга аччиқ шувоқнинг гуркираган иси ўрнашиб қолган.

Бобом Нечай чолни бизникида олиб қолди.

Икковлон полга кўрпа тўшаб, устларига пўс­тин ташлаб олишди.

– Сенга бир воқеани айтиб берсам, – шивирлашга ўтди бобом. – Мана сен урушга бормагансан – у ёқларда не савдолар бўлганини билмайсан... У ёқларда, жўра... бундан беш баттарлари бўлган, мен сенга айтсам. Хуллас, гап мундай: мен санитар бўлиб хизмат қилардим, ярадорларни фронт ортига таширдик. Шу десанг, бир куни йўлдамиз, студебеккеримиз лиқ тўлган. Ҳаммаси инграйди, секинроқ ҳайдашимизни сўрайди... Ўзим қатори шўпиримиз Миколай Игринев имкон қадар равон ҳайдашга интилади, имиллаб ҳам бўлмайди: чекиняпмиз, ахир. Муюлишга етганимизда, олдимиздан бир енгил мошин чиқиб қолди. Офицери тўхта дегандек қўл силкийди. Бизга эса азроилнинг ўзи йўлдан чиқсаям, тўхтамаслик қатъий буюрилган. Тўғри-да: у ёқда яна қанча ярадорлар йўлимизга интиқ кутиб ётишибди. Ҳужум қилаётган бўлсак ҳам майлига эди, чекиняпмиз, ахир. Ғир этиб ўтиб кетдик. Енгил мошин бизни қувиб ўтиб, йўлга кўнгдаланг турволди. Офицернинг қўлида наган. Иложсиз тўхтадик. Кейин маълум бўлишича, уларнинг бир офицери оғир яраланган экан, бошқа томонга кетишлари керак экан. Кейин ҳалиги қўлида наган ушлаган офицер билан бир амаллаб ярадорни кузовга олиб ўтдик. Миколай кабинада ўтирибди: униям ёнида бир капитан бор, аҳволи чатоқ. Миколай бўлса уни бир қўли билан ушлаб олган, бир қўлида рул. Қисқаси, амал-тақал жойлашдик. Ҳалиги оғир яралангани инқиллайди, шўрлик. Бош-кўзи қонга беланган, қотиб ҳам қолибди. Етказиб боролмасак керак, деб ўйладим ўшанда. Ёшгина йигитча, лейтенант экан, соқол-муртини энди қиртишлай бошлаган бўлса керак ўзиям. Бошини тиззамга олдим – ҳарна енгил бўлсин, дегандим, лекин қаёқда!.. Госпиталга етиб келдиг-у, ярадорларни тушира бошладик... – Бобом ўҳ-ўҳлаб, жим бўлиб қолди. Попирис тутатди. – Миколай ҳам қараб турмади... Ёрдамлашди... Унга лейтенантни узатдим... “Тамом, жони узилди”, дедим. Миколай эса лейтенантнинг юзига шундоқ тикилди-ю... Ўҳ-ҳў... – Яна жимлик. Узоқ жим қолишди.

– Нима, ўғли эканми? – секин сўради Нечай чол.

– Ўғли экан.

– Эй Худойим!

– Иҳм... – Бобом бурнини қоқиб-қоқиб ташлади.

– Кейин нима бўлди?

– Нима бўларди, кўмдик... Командиримиз Миколайга уйига бориб келиши учун бир ҳафтага жавоб берди. Кетди. Аммо-лекин хотинига ўғлини кўмганини айтмабди. Ҳужжатлари билан орденини яшириб қўйибди, бир ҳафта уйида туриб, кейин қайтиб келди.

– Нега айтмабди?

– Айтиб бўларканми?!.. Ўлганини билмаса, бедарак кетди, деб эшитса, жилла қурса, илинжи бўлади, мундоқ деб айтишга эса... тил бормайди. Неча марта оғиз жуфтлапти-ю, миқ этмапти.

– Ё Раббим, ё Раббим, – яна чуқур хўрсиниб олди Нечай чол. – Ўзи тирик қолдими, ахир?

– Миколами? Қайдам, кейинчалик бизни ҳар тарафга тарқатворишди... Хуллас, мана шунақа гаплар. Ўз жигаргўшасини-я! Айтишга осон. Ёшгина йигит-а ...кетди.

Чоллар оғизларига толқон солволишди.

Деразадан ичкарига ойнинг мўл-кўл, лекин совуқ тантанали ёғдуси қуйилиб турибди. Чарақлайди-я!.. Қувончми, қайғуми, фарқи йўқ – ой нур сочаверади!

Рус тилидан Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси