“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 143 марта кўрилган.

«МАРСДАН ТУШГАН ОДАМ»

Ёвдат Илёсов

(1929-1982)

Кинорежиссёр Алиасқар Фатхуллин ХХ асрнинг 50-80-йилларида ишлаган ҳужжатли фильмида Ёвдат Илёсовни «Ўзбекистонда кенг танилган нодир истеъдод соҳиби» деб таърифлаган эди.

Ёвдат Илёсов – туғма, тарихий асарлар ёзувчи романнавис. Унинг бадиий асарлари Марказий Осиё тарихидаги муайян даврни, замонни бадиий гавдалантирувчи тарихий сюжетга асосланган. Ёвдат Илёсовнинг қисса ва романларида тарихий ҳақиқат бадиий ҳақиқат билан, тарихий фактлар – бадиий тўқима, ҳақиқатда яшаб ўтган тарихий шахслар ёзувчи томонидан ўйлаб топилган образлар билан уйғунлашади, тўқима тарих сарҳадларига, тасвирланаётган давр чегараларига жойлаштирилади. Унинг асарларидаги барча воқеалар тарихий воқеа­лар фонида юз беради.

Ёвдат Илёсов бадиий ифоданинг ҳам романтик, ҳам реалистик усулларидан фойдаланиб, тарихий факт­лар ва бадиий тўқимани бирлаштира олди. Унинг тасвир услубини «вальтерскотча» деб айтиш мумкин.

Ёвдат Илёсов фоний ва боқий нарсаларни яхши фарқлаган. Шу боис унинг асарлари адабиёт дурдоналари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда яшаб ижод қилган, асл миллати бошқирд бўлган адиб асарларини, асосан, рус тилида ёзган. Таассуфки, яқин-яқинларга қадар ҳам ўзбек китобхонларининг катта қисми уни яхши билишмас эди.

Мазкур нуқсонни бартараф этиш мақсадида ёзувчининг фарзандлари – Илона ва Жангар Илёсовлар савобли ишга қўл урдилар. Улар оталари – ҳақиқатдан ҳам ўзга, ўзига хос олам вакили бўлган шахс ҳақидаги хотиралар, ҳужжатларни мисқоллаб йиғдилар.

Бу меҳнатлар натижасида 2018 йили «Baktria press» нашриёти томонидан Илона ва Жангар Илёсов­лар муаллифлигидаги «Юрибман радди балоларни даф этиб!» («Несмотря – и вопреки!») китоби чоп этилди. Китоб номи рамзий маънога эга – муаллифлар Ёвдат Илёсовнинг севимли иборасидан фойдаланишган. Маълум бўлишича, ёзувчидан унинг кайфияти, иши ва соғлиғи ҳақида сўрашганда, ҳатто энг мураккаб, баъзан ҳаётининг таҳликали дамларида ҳам «Юрибман радди балоларни даф этиб!» дея жавоб қилар экан.

Фарзандлар ёдномаси бўлмиш ушбу китобда ёзилганидек, тақдир Ёвдат Илёсовга ҳақиқатда ҳам мураккаб ҳаёт йўлини раво кўрган. У Бошқирдистоннинг Ермекев туманида, Кама дарёси ирмоқи Ик қирғоғидаги Исломбахт қишлоғида туғилди. Бўлажак ёзувчининг отаси ўқитувчи бўлиб ишлайди. Уни қулоқларга қарши фаолият олиб боргани учун хотинининг кўз ўнгида оқ гвардиячилар отиб ташлаган.

Миллати татар бўлган бўлажак ёзувчининг онаси Саидкамола Ҳусниддинова жасур ва журъатли аёл бўлган ва доимо ўз турмуш ўртоғининг қарашларини ёқлаб келган. Фарзандларини қандай келажак кутаётганини фаҳмлаган она ҳамқиш­лоқлари билан хайр-хўшлашиб, ўз уйидан минглаб километр олисдаги Ўзбекистонга йўл олади.

Тошкентга келган аёл кейинроқ Янгийўлдан унча узоқ бўлмаган, машҳур «Ўзбекистоннинг 5 йиллиги» совхози таркибидаги Новомихайловка қишлоғида яшай бошлайди. Ҳамқишлоқларининг айтишларига қараганда, Ёвдатнинг истеъдоди жуда эрта намоён бўлган. У 3-синфда ўқиётганида «Ким бўлмоқчиман» номли шеър ёзиб, уни темирйўлчилар альманахига йўллаган. Таҳририятдагилар шеърни босиб чиқаришга ваъда беришган.

Бахтли тасодиф туфайли қиш­лоқ мактабига Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ленинграддан бир неча юз жилдлик тарихий асарлар ­кутубхонаси кўчирилган эди. Ана шу тарихий китоблар Ёвдатга устозлик қилади, бамисоли «сиртқи таълим»нинг ўрнини босади.

Хотира китобида Ёвдат Илёсовнинг истеъдоди турли-туман соҳаларда намоён бўлганига кўплаб ҳаётий мисоллар келтирилган. Ёзувчи яхшигина рассом ҳам бўлган – маданият саройида мусаввир сифатида ишлаган, турли мусиқа асбобларини, айниқса, скрипкани яхши чалган. Ўзи етти йиллик маълумотга эга бўлгани ҳолда, ўнинчи синф ўқувчиларига ўзбек тилидан дарс берган.

Ёвдат Илёсов олий маълумотга эга бўлмаса ҳам, барибир, «Комсомолец Узбекистана» (ҳозирги номи «Молодежь Узбекистана»), «Тошкент ҳақиқати», «Ўзбекистон физкультурачиси» (ҳозирги номи «Спорт») газеталари, «Звезда Востока» журнали таҳририятларида ишлайди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб лавозимида фаолият юритади. Чунки бу пайтга келиб унинг анча-мунча шеърлари газеталарда чоп этилган, 1956 йилда эса «Ғазаб сўқмоғи» номли илк қиссаси «Звезда Востока» журналида эълон қилинган эди.

Муаллифнинг ўзи достон деб улуғлаган мазкур асар реал тарихий воқеаларга асосланган. Асарда массагет қабиласига мансуб чўпон Широқнинг ҳийла ишлатиб форс шоҳи Доро I лашкарини саҳрода адаштиргани ва ҳалокатга маҳкум қилгани ҳақида сўз юритилади.

Илк асариданоқ муаллифнинг ўзига хос бетакрор услуби – наср ва назм уйғунлиги, тили соддалиги ва равонлиги, олис тарихнинг мураккаб масалаларини соддалик ва лўндалик билан тушунтира олиш салоҳияти китобхонлар диққатини жалб этди. Бинобарин, ижодкор ҳамкасблари Ёвдат Илёсовга: «У тўқилган қамчи зарбидек шиддат билан ёзади», деб баҳо беришгани бежиз эмас.

«Ғазаб сўқмоғи» қиссаси ёзувчининг Марказий Осиё тарихига оид туркум асарларига дебоча бўлди. Бу асарлар орасида энг кенг қамровлиси «Сўғдиёна» қиссасидир. Қиссада македониялик Искандарнинг Форс ўлкасига юриши ҳақида сўз боради. Истилочиларга қарши курашга сўғдиёналик паҳлавон Спантамаъно бошчилик қилади.

1964 йили «Ёш гвардия» нашриётида чоп этилган яна бир қисса «Олачипор ажал» деб номланган. Бу асар сак ва массагетлар маликаси Тўмариснинг форс шоҳи Кир II устидан қозонган буюк ғалабасига бағишланган.

Ёвдат Илёсовнинг яна бир машҳур асари «Илон авровчи» қиссаси бўлиб, муаллифнинг ўзи уни автобиографик асар деб айтган. Унда ёзувчининг долғали ва мураккаб ҳаёт йўлига ишоралар аниқ сезилади.

Шарқнинг машҳур шоири Умар Ҳайём ҳаёти ва ижодига бағишланган «Сукут минораси» қиссаси тугалланмай қолган. Муаллиф унинг дастлабки икки бобини ва учинчи бобнинг ярмини ёзишга улгурган, холос. Шунга қарамай, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти икки қиссани бир китоб шаклида чоп этган.

Ёзувчининг ягона романи – «Найза ва Қуёш» бундан икки минг йилча илгари содир бўлган тарихий воқеаларни қайта жонлантиради. Босфорнинг қудратли подшоҳи Асандр Қримдаги эрксевар Херсонесни забт этишга чоғланади. Ўз мақсадига эришиш йўлида подшоҳ ўғлини Херсонес ҳукмдорининг қизи Гикияга уйлантиради. Бироқ Асандр­нинг истило режалари ошкор бўлгач, Гикия умр йўлдошига бўлган севгисидан воз кечиб, ўз ҳамюртлари эрки йўлида қаршилик ҳаракатига бошчилик қилади.

Ёзувчи кинодраматургия соҳасида ҳам ўз кучини синаб кўрган ва у ёзган илк сценарий «Ёш дорбознинг саргузаштлари» деб номланган. Ушбу бадиий фильм «Дорбозлар» номи билан тасвирга олинган. Муаллиф томонидан бу мавзунинг танланиши бежиз эмас. Чунки унинг иккинчи рафиқаси Анор Шокировна машҳур дорбоз Тошкенбоевлар сулоласидандир.

 Илона ва Жангар Илёсовлар муаллифлигидаги «Юрибман радди балоларни даф этиб!» китобида адибнинг фарзандлари қизиқ бир тарихий воқеага тўхталганлар. Унга кўра: «Бир гал Ўзбекистон етакчиси Шароф Рашидов компартиянинг Бош котиби Юрий Андропов билан учрашади. Шунда Андропов суҳбатни одатдагидек республикадаги аҳволни суриштиришдан эмас, балки қуйидаги саволдан бошлайди:

– Шароф Рашидович, ёзувчи Ёвдат Илёсов исми сизга танишми?

– Албатта.

– Жуда ажойиб ва истеъдодли ёзувчи. Яқинда унинг тарихий қиссасини мароқ билан ўқидим. Ҳайратланарли ва қизиқарли асар. Ёзувчининг ўлкангиз тарихи ҳақидаги билими шунчалик чуқурлигидан ҳайратдаман. Бундай истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ижод қилиш­лари учун қулай шароит яратиб бериш лозим.

Меҳмонхонага қайтгач, Шароф Рашидович Тошкентга, ёрдамчисига қўнғироқ қилади:

– Эртага эрталаб учаман, кечқурунга эса Ёвдат Илёсовни таклиф эт. У билан суҳбатлашмоқчиман...»

Учрашув амалга ошмай қолади. Худди ўша куни ёзувчи сувга чўкиб ҳалок бўлган эди.

Афсуски, ёзувчи ҳаётлигида унинг ижоди муносиб баҳоланмади. Асарларидан ҳеч бири собиқ иттифоқ нашриётлари томонидан чоп этилмади. Сабаби ўша пайтларда фақат таниқли ёзувчи ва шоирлар ижод намуналаригина мазкур нашриётларда чоп этилар, ўз навбатида, бу ижодкор машҳурлигининг ўзига хос мезони саналарди.

Адибнинг муаллифлик ҳуқуқларига ҳам нописанд қаралган. Хусусан, Алишер Навоий номидаги давлат опера ва балет академик катта театрида «Сўғдиёналик қоплон» операси саҳналаштирилган. Унинг либреттоси Ёвдат Илёсов асари асосида яратилган бўлса-да, қандайдир сабабларга кўра сюжет манбаси ва муаллифи кўрсатилмаган. Ҳайратланарлиси шундаки, ҳеч бир тарихий манбада Спитамен «қоп­лон» деб аталмаган, унга бу лақабни айнан Ёвдат Илёсов берган эди.

Бироқ адолат доим ўзига йўл топади. Бугунги кунда Ёвдат Илёсовнинг асарлари Москвада кўплаб нусхада чоп этилмоқда. Бу асарлар хорижий тилларга, хусусан, литва ва словак тилларига таржима қилинган. Ҳозир ўзбек китобхонлари ҳам ёзувчи ижоди билан она тилимизда баҳраманд бўлишлари мумкин.

Ёвдат Илёсовнинг тўртта асари: «Сўғдиёна» (таржимон Маъруф Жалил), «Илон авровчи» (таржимонлар Ҳабиба Мансурова ва Шомуҳиддин Мансуров), «Олачипор ажал» (таржимон Шомуҳиддин Мансуров), «Ғазаб сўқмоғи» (таржимон Шомуҳиддин Мансуров) ўзбек тилига ўгирилган.

Ёвдат Илёсов ижодига энг муносиб баҳони филология фанлари доктори, Фирдавсий номидаги халқаро мукофот соҳиби Шоислом Шомуҳаммедов ёзувчининг «Илон авровчи» ҳамда тугалланмаган «Сукут минораси» қиссаларига ёзган «Муносиб ҳайкал» номли сўнгсўзида берган. Яъни «Ёвдат Илёсов ушбу қиссалари билан нафақат Умар Ҳайёмга, балки ўзига ҳам ҳайкал қўйди».

«Юрибман радди балоларни даф этиб!» китоби ёзувчининг ўғли, санъатшунос олим ва археолог Жангар Илёсовнинг қуйидаги сўзлари билан якунланади:

«Расман қабул қилинган санага кўра 2019 йил 16 февраль куни Ёвдат Илёсов таваллудига 90 йил тўлади. Ушбу сана муносабати билан қандайдир тадбирлар бўладими-йўқми, буни билмайман. Аммо, умид қиламанки, мураккаб тақдирли ва ноёб истеъдод соҳиби бўлган ижодкор инсонга ҳурмат ва муҳаббат рамзи бўлмиш бу китоб «радди балоларни даф этиб» яшаган ҳамда ижод қилган Ёвдат Илёсовни яқиндан билиш ва тушуниш имконини беради».

Акмал САИДОВ, академик