“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 106 марта кўрилган.

Поязияга қардошлигини йўқотмаган проза

Санжар ЯНИШЕВ

Санжар – ўзимизнинг ҳамюрт, Тошкентда туғилган. Шоир сифатида ҳам шу ерда шакл­ланган. Бир пайтлар русизабон қаламкаш дўстлари билан “Тошкент шеърият мактаби”ни ташкил қилган эди. Ундан Санжарнинг ўзи билан бир қаторда Вадим Муратханов, Суҳбат Афлотуний (Евгений Абдуллаев) сингари шоир ва ёзувчилар етишиб чиқди.

90-йилларда рўй берган жуғрофий-сиёсий ўзгаришлар уларни анор доналаридай собиқ иттифоқнинг турли шаҳарларига сочиб юборган бўлса-да, ҳеч бири ижоддан тўхтамади, бирин-кетин бақувват романлар, шеърий тўпламлар эълон қилмоқда, турли мукофотларга ҳам сазовор бўлмоқда. Қизиғи шундаки, улар рус тилида ёзаётган бўлса ҳам, “хомашё”ни туғилиб ўсган заминидан, шу ернинг муҳитидан олади. Фикран қайта-қайта Тошкентга мурожаат қилади. Тошкент соғинчи асарларига ўрмалаб кираётган ўзбекча сўзлар, иборалар, тимсоллар тарзида намоён бўлади. Улар янгилик билан анъана, Ғарб билан Шарқ, қолаверса, миллатлараро ўрталиқда туриб, қалам тебратаётган ижодкорлардир. Шунинг учун ёзганларида воқелик билан миф, маданиятлар, менталитетлар ўзаро синтезланади.

Санжарнинг мен қуйида таржима қилган ижод намуналарига келсак, улар тушунчамиздаги на поэзияга ва на прозага ётади. «Новий мир” журнали унинг асарлари ҳақида 2014 йили мана бундай деб ёзган эди: “Санжар Янишевнинг асарларини бирор жанрга мансуб дейиш қийин. Агар улар поэзия бўлса, проза қадар эриб кетган ва шаклини сақлаб қололган поэзиядир. Агар у проза бўлса, ҳали проза бўлиб шакллланмаган, аммо поэзияга қардошлигини йўқотмаган прозадир”.

* * *

Сен яшардинг футбол майдони ортида.

Бир куни биз кўришиб қолдик ўша майдонда.

“Боғбон бўлиб туғилганман” ўйинини ўйнаган эдик ўшанда.

Дудуқландинг; қон оқимим ҳанузгача эшитмайман – сенинг қонинг куйлар эди гупиллаб: баъзан юрак клапани тескан  чиққан қовоқдайин қолар эди чиппа ёпишиб (бу – болалар касаллиги, даволанар аччиқ чой ё сийдик билан).

“Ок-ккк-ксана”.

Сен мени ўргатдинг дудуқланишга.

Велосипед ҳайдашни – мен эса сенга.

Орамизда бошқа ҳеч гап бўлмаган эди.

Фақат ўлганингни айтишди менга.

Чопиб келдим; кампирлар гап сотар эди: тўртинчи қават, чалқанча ётгандинг, ҳаёт изи йўқ.

Йўлакда – жажжи бир жуфт шиппак, гўё кимдир уларни атай ясаб, жуфтлаб қўйган, худди саришта эгаси бир мизғиб олмоққа каравотга ётгандай.

Ота-онанг сени яна балки уч марта туғиб, икки марта йўқотиши мумкин эди.

Истак йўқ, на чора!

Бир тасаввур қилиб кўр: баъзан одамлар бир-бирини изламай қўяр.

 

* * *

Жасур олим танасига киритган микрогранулалар матонатли жангчилар экан.

Дастлаб унда мавжуд барча вирусларга қирон келтирди.

33-дақиқада ойқулоқлар ўсиб чиқди бўйиндан.

40-дақиқада энса тинмай қичий бошлади.

Энсасини силаб кўриб, олим билди янги қабоқлар бино бўлаётганини.

“Кўз экан, кўз экан!” – деб бақирди эшикда турган Алик; шу-шу мижжа қоқолмай қолди у: долон гулқоғозин телечақмоқлари унга халал берар эди.

Қучмоқ, тезроқ қучмоқ – жуда кеч бўлган эди: ўтмай қолди ўтиши муқаррар нарса.

Портлаб кетди боланинг миясида ҳид ва товуш мушаклари – энди ҳар қандайин таъсир этгувчи нимарса вақт сингари пинҳон ва шаффоф парда билан ўраб олинмиш.

Тутақаноқнинг аломати, дея врачлар кўз соққаси ортига бекиниб олди.

Тузалиб кетади, дедик биз ва сумалак қозонида тошлар бўлиб эриблар кетдик.

Хизр бобо

Ҳеч қачон урмагансан бола-бақрани, ҳайвонни сўкмагансан сўйишдан олдин, эрдан чиққан аёлга уйланмагансан – сен ҳур эдинг ўша кундан то туғилгунча (хатна билан туғилган эдинг, отингни бир эшитган борки, билади буни)...

Лекин бир кун бир оқсоқол уйингга келиб, бўсағангда ўтирганин кўрмаган бўлсанг ва уйингдан туз ҳам тотмай, соқоли чойингга ботмай кетиб қолган бўлса, шўринг қурибди, демак, тасодифий ҳамсуҳбат. Хизр бобо эди у чунки.

Энди ортингда на бир япроқ қолар ва на бир мева; қонинг ўтмаяжак болаларингга, энди улар ғайридинлар сингари жавоб берар фақат ўзин қилмишларига.

Чунки – бир гап айтсам, қулоғингга қу­йиб ол – тонг қоронғисида туриб, зил-замбил дарвозани қайрағоч ҳасса бўйи очадиган, игнани Қашқадарё заъфаронига ботириб, қоғозни қирқ марта “Ёсин” сураси билан тўлдирадиган аёлга ўхшашинг керак энди сен.

Тайёрмисан нигоҳи ўткир, зийрак ва бевазн бўлишга ўша аёлдай?

Қошинггга келдим мен, энди кетяпман – танидингми мени ҳидимдан, ё бўлмаса, катагинг олдидаги зубтурум мисол ўткинчи сўзимдан?..

 

* * *

У бу ерда (фақат ҳали намозга кирмаган чурвақалардан бўлак) ҳеч кимсага қизиқ бўлмаган бир сирни билгучи кофир сингари маҳалладан ўтиб борар.

Сирини янада бекитмоқ учун қоронғида ўтиб борар.

Бошида – ним айлана қулоқчин (кетиб қолган ўғлин сийлиғи). Оят ўқир ундан мойланган бир чинқироқ овоз.

Чопони остидаги чолвори чўнтагида ойнали қурилма бор – юмалоқ ва бевазн.

Бу винил, қобирғали целлулоид, зикр тушаётган электр машинаси бўлмаган замонларда илк тажриба эди ўзиям.

Униси ялпи қирғин қуроли бўлса, буниси чоққина ва маҳрамгина бир КИШИЛИК нимарса эрур.

Бу ҳар кимнинг ўз илоҳидай, хос сўзидай ва омонат жонидай юракка ўрнатилгучи қурилмалар бор эмиш қайлардадир.

У замондан ортда қолди, нари борса, йигирма йилча.

Ҳечқичи йўқ, етиб олар ҳадемай.

Келгуси ҳаётида Цукерберг бўлар, шубҳасиз.

 

Менинг дарахтим

Унинг оти – жийда.

Қўр дарахти, юпанч дарахти.

Тошкентни қуршаб турган тоғларда жийда кўп, жийда ўрмонлари бор.

Московда жийдага шароит йўқдир: жийда хуш кўради иссиқ маконни.

Лекин уни кўриб қолдим бу ерда! – ўсиб ётган экан уйим ёнида.

Учта дарахт – салкам чакалак дейсиз, юртдошлардай бир-бирини суяб турибди: илдизингни кўп ўйлайсан мусофирликда.

Бир куни энг кичкинаси – ҳали жийдача – ўзига зайтун деб бино қўйса денг.

“Московликлар бизни зайтун дейди. Жийда эмас, зайтун мағрур жаранглар!”

“Сен на зайтун, на-да жийда эмассан, сен – бор-йўғи, гўл дарахтсан – ингичка баргли!”, – деди унга ўртоқлари шумшайиб.

Энди улар – иккита.

Тошкентликлар янги йилни икки марта кутганидай Московда, дарахтларим икки-уч-тўрт маротаба гуллар ҳар йили: болдай атрини юз қадам наридан тинглайман ерос­ти йўлаги бўғзидан сузиб чиқишим билан.

Менга ҳаммаси таниш: қуёшнинг даъвати ҳам, иссиқликни тез ўтказиш ҳам, яшаш чанқоқлиги ҳам.

Московдан излайман жийда қариндош­ларин; олиб келдим Коломенск боғидаги эгизак жийдаларнинг бир шохини, тақдир палахмони отган экан уларни Тушинск мет­росидаги Макдоналдс емак жойига.

Улар раҳмат ўрнига сийлар мени меваси билан, турушлиги етиб борар қўл-оёққача, тахирлиги билан енгар одамни...

Шу тариқа енгамиз биз!

 

Ҳассослик ҳақида

“Ҳассос: онасини севади”, − деб ёзилган экан ХХ аср қароқчисин ҳужжатида.

Жониворни аяш – инсонпарварлик, инсонни аяш эса – бағритошлик.

Бошқалардан меҳр кутасан, ўзингникилар эса тартибли бўлсин.

Эсингдадир ўша кўк гардиш? – ҳам тингласанг бўлар эди, ҳам – қуёшни тутилтирсанг.

Ишқ – бемаъни ва таъсирчан хотиралар; кимгадир laterna magika  тегар, кимгадир – даҳшат фонуси.

Бу эса – бегона бола эгнидаги менинг патли кўйлагим.

(Бу, айтганча, “бола” сўзи!)

Бу – дастрўмолдаги тупук ҳиди: “Кел, қимирлама, артиб қўяй, ҳарёғинг ғўжала бўлиб кетибди!..”

Бу – қум тўла челакка тиқилга нарча, илдиз ҳам отибди негадир (“ташлаб юбор челак-пелаги билан!”)

Бу – икки сирға, бир солинчакдаги...

Бу – унинг тўзиб кетган патаклари тимсоли...

Оҳ, ютқазиб қўйди “бўшанг” табиат одам.

“У сиқилар сен йўқлигингда!..” – “Йўқлигимни англатувчи сохта оғриқ деган эди у”.

Бу – тишлаб олиш истаги; мана бу эса – теридаги нотекис ишлар изи.

Ҳассослик – ноинсоф меросхўр: унга фақат ўтмишинг керак.

Ҳассосликка берадиган шеърим йўқ: шеърларимдан ўргансин у қатъиятни.

Энди эса –

Ақл ҳақида цзацуан

Ўтмас ақл чўткага менгзар: оғир нарсаларни тўдалаётиб, қиллари барча енгил нарсаларни: соч, ипларни йиғиб олади...

(Ўлим – енгил.)

Донишманд ақл мулкни вақтида ёнғиндан асраб қолиш уйланиш эмаслигини билади.

Ўша ақл ундан кейин қутқарилган мулкини нима қилишни билмай ҳайрон.

Ўткир ақл ўткирлиги ҳаддини билар – шунинг учун ҳамма ёғи кесик ва тиртиқ.

Саховат ҳақида ёзмоқчи эдим... Лекин, буни қарангки, сахий ақл – ўта сахий: бир пулга қиммат икки-уч фикрни ўзига эп кўрар.

Дадил ақл танглайини машқ қилдирар, чўчитиб юбормоқлик учун улкан ўлжани хурраги билан.

Ўз жойини билган тиришқоқ ақл.

Озод ақл ўз вақтида тўхташни билар.

Ақлли ақлни ҳам тавсифлаб берайми?

Тавсифи йўқ унинг.

 

ФАХРИЁР таржималари