“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 187 марта кўрилган.

Қайтолсанг, қайтгин…

Фурўғ ФАРРУХЗОД,

форс шоираси

Атоқли форс шоираси Фурўғ Фаррухзоднинг укаси, Эроннинг энг таниқли қўшиқчиларидан бири, актёр, шоир, тележурналист ва сиёсий арбоб Фаридун Фаррухзодга ёзган мактублари.

Суюклигим Фаре, ахборотларингни нашрларда узлуксиз ўқийман. Сен бу ишларингдан жудаям мамнун бўляпсан. Тентаклик қилма, бундай ишларни тўхтат, бу фикрларни каллангдан чиқар. Сен билмайсан, билмайсан, билмайсан, яна айтаман, сен буларни билмайсан.

Мен бу ерларда нимага эришдимки, сен у ерларда бир нимага эришишни истаяпсан. Икки йилдирки, олмонча шеърлар ёзяпсан. Ўзингча жуда зўр инсонга айлангансан. Мен 10 йилдир шеър ёзаман. Аммо, ҳозир ҳам 50 туман*га зорман. Бошимни чангаллаб бадбахтлигим учун йиғлайман. Бир китоб бостирмоқ истагида ноширларга юзланаман. Улар аранг қўлларини киссаларига тиқадилар, қалам хақини минг бўлиб берадилар. Китобимни ҳам минг бир ғудраниш билан босадилар.

Китоб дўконларида шундай журналлар турадики, ўқишни, ёзишни билмаган тўрт аҳмоқнинг шармандали беҳаё суратлари билан тўла. Бу қандайдир аёлларни очиқ ойдин суратлари ёки овқатлар таърифи-ю, ваҳимали қотилликлар хақидаги янгилик­лар билан бирга сенинг суратларинг, исминг туриши даҳшат. Сен уларни билмайсан. Улар билан бирга ишлашда давом этяпсан. Ўзингча жудаям муваффақиятлисан. Сен нима учун бу аҳмоқлар ичида муваффақиятли бўлишни истаяпсан? Бу ишларнинг сенга қандай қиймати бор.

1959 йил, 14 декабрь.

 

* Туман – Эрон пул бирлиги. Фурўғ Фаррохзод «50 туманга зорман» деб ёзганида у арзимас маблағгаям муҳтожлигини назарда тутмоқда.

 

Афсус! Менинг сўзларимни тингламаяпсан ва ўша ерларда ишлашда давом этяпсан. Агар истасанг, кел, бирга ишлаймиз. Таржималарингни юбор, тузатаман. Бизнинг дўстлар бир матбуот очдилар. Ҳар ойда 5 та китоб нашр қилдириш ниятида. Таржималарни юборсанг, улар ўз нашрлари орқали чиқариш ва тарқатишни истаяптилар. Кўпларга ваъдалар берасан, аммо уларни кам адо қиласан… Шояд, олмон тўпламларидан яхши адабий мақолалар топиб, уларни бизларга юборсанг. Роя ва Шамлу* билан биргаликда ҳафталик бир тўплам чиқар­япмиз. Бизнинг янги мақолаларга эҳтиёжимиз бор.

Фаре, энди сен ҳам мактублар ёз, мен уларни ўқийман. Сенинг ёзганларингни қанчалар қизиқиш билан ўқишимни биласан. Сўнгги ёзган шеърларинг хақиқий шоҳ асарга ўхшайди, ишонгим келмайди. Сен бу шеърларни шу қадар чиройли ёзгансанки, уларни қандай ёзганинг менга қизиқ. Энди идорага кетадиган вақтим бўлди. Кўчада машина узлуксиз сигнал чаляпти. Онамни ўпиб қоламан. Уни Теҳронда кўришни жуда-жуда истайман.

 

* Роя (Ядолла Рояйи) ва Шамлу (Аҳмад Шамлу)* – эрон шоирлари.

 

Қалбим қандай оғриқлару азоблар билан сиқилаётганини билмайсан. Сизлар келгунча, балки мен бу ерларда бўлмасман. Сенга бу ишларни нима манфаати бор?

Сен бу ерларда менинг бутун ҳаётимни маҳв этган, парчалаб юборган инсонлар орасида яшаяпсан. Уларнинг бари ҳеч нима, ҳеч нима, ҳеч нима. Бугун суратларингни тўпламларда босаётганлар, бу тўпламларни пуллаш ортидан даромад топаётганлар эртага сен билан суҳбатлашишдан бошқа ишга ярамайдилар. Шуни билгинки, улар, албатта, бир кун сендан қутуладилар. Сен таянмоқчи куч қаерда эканини билмайман. Мен эса уларнинг орасида яшадим ва уларнинг орасида тириклайин ўлдим. Аммо сен…

Мен ҳам сен каби кўчамизнинг тўзонли тупроғига, Амипиянинг каптарларига, кунгабоқар гулларига ошиқман. Фаре, уларга нимани англатмоқчи бўляпсан.

Сен ўзингнинг тоза ва болаларга хос дунёларинг билан яшаяпсан. Улар эса туйғуларинг дарёсини топтаб кечиб ўтганлардир. Мен улар билан жуда кўп ишладим. Уларни жуда яхши танийман. Сен ҳам у ерлардан қайт, уларни яхшироқ тани. Сени, суюкли онажонимни бирга қайтишларингни жуда-жуда хоҳлаяпман. Қайтолсанг, қайтгин. Оиламизда бу дунёдан ўтган илк инсон мен бўламан. Тақдиримдаги ёзув шундай. Мен буни биламан.

Муслимбек МУСАЛЛАМ таржимаси