“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 218 марта кўрилган.

Ёлғизлик анатомияси

Эссе

Томас ВУЛФ,

АҚШ

(1900-1938)

Менинг ҳаётим бошқаларникига қараганда кўпроқ ёлғизлик ва саргардонлик ичида ўтган. Нега шундай бўлди – буни айтиш қийин, аммо шундай бўлди – тамом-вассалом. Ўн беш ёшимдан бери, орадаги бир муддатлик танаффусни ҳисобга олмаса, мен ёлғиз яшаб келмоқдаман. Менимча, бу ҳозирги замон кишиси учун унчалик ноодатий ҳол эмас. Таркидунёчиликда кечаётган ҳаётимнинг ҳисоби йўқ – бу зоҳидоналикнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари чексиз, чегарасиздир.

Ўзим бошдан кечирган ёлғизлик тажрибаси ҳақида ёзишга қарор қилар эканман, бу, албатта, фақат уни бошқалардан кўра яхшироқ тушунаман, деган ўйдан эмас. Ёлғизлик баъзи одамлар учунгина хос бўлган алоҳида ҳодиса эмас, балки у борлиқнинг асосий, муқаррар воқелигидир. Мен айнан мана шу ҳақида ёзмоқчиман.

Ҳаётнинг турли вазиятларини – фақат шон-шуҳратга бурканган шавкатли шоирлар шону шуҳратини эмас, содда қалбларнинг улкан бахтсизлигини, кўчадаги одамларнинг нафрат тўлиб-тошган минғир-минғири, ҳақоратли койинишларини, бадгумон қиёфасини кузата туриб, биз ҳаммамиз ёлғизликдан азоб чекишимизни англайман. Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан, бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Муттасил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади.

Одам ёлғиз яшай олиши учун дилида руҳонийнинг комил эътиқоди янглиғ Худога астойдил ишончи бўлиши лозим. Кўнглида шундай ишончи бўлмаган одамга ёлғизлик лаҳзаларини яшаб ўтиш ниҳоятда оғир. Мен бу даҳшатни ўз бошимдан кечирганим учун айтяпман. Шундай дақиқаларда бирорта тасодифий сўз, одатий воқеа ҳам шаштимни сусайтириб, қўлимни фалажлар; юрагим тараша қотгандек даҳшатдан сиқилиб, заифликдан ларзага келадиган кулранг титроғ билан тўларди ичим. Исталган нарса – ҳамма нарса ёки ҳеч нарса ҳам – масалан, ёруғликдаги оддий бир соя ёхуд август кунларидаги жазирама, Бруклин кўчаларида ўрмалаб юрган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик кўнглимни изтиробга солар, тасаввурда ўтмишнинг доим такрорланадиган манзаралари пайдо бўлиб, ном-нишонсиз тақдир ҳақида чидаб бўлмас азоб уйғотарди. Баъзида эса борлиқнинг кўримсиз реаллиги олдидаги қўрқув, автотураргоҳ майдонларининг ғариб кимсасизлиги, заминга ғазаб билан улоқтириб юборилган инсоннинг мақсадсиз ва сарсон кезишлари, бирор танбеҳ ё дакки, ҳатто машиналарнинг ўқдай визиллаб ўтиши ҳам юракдаги ожизлик ҳиссини зўрайтириб юборишга туртки бўларди. Ҳатто бирор сўз, бирор нигоҳ, бирор ишора бу азобни бошдан кечиришга сабаб бўлиши мумкин. Парк-авенюдаги хушбичим, каландимоғ жаноб сени бармоғи билан нуқиб кўрсатар экан, гўё “Сен ҳечкимсан” дегандек бўлади, обрўли журналдаги истеҳзога тўла фикр-мулоҳазалар ҳам оғриқ қўзғайди. Таниш аёл мактубида нотавон ва кераксизлигинг, ёзишдан чиқиб қолганинг битилади, бундан ўзингни ҳеч нарсага арзимас, чорасиз, ҳис-туйғудан маҳрум, эришганлари ҳам саробга айланган одамдек ҳис этасан – қолганлар эса ҳар борада сендан тўкис, бекаму кўст.

Баъзан бу оғриқ вақтида қондирилмаган, энди ғазабга айланган истакларнинг кўнгилда уйғотган мубҳам, эзғин кайфияти таъсирида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кембрижда кечган қисқа қиш кунлари, якшанбаларда бўладиган қизғин суҳбатлар ва ўша суҳбатларнинг бирида менинг барча болалик орзуларим пучлигини айтишгани, бундан томирларимдаги навқирон жўшқинлик лаҳзага музлаб, юзимда ожизликнинг бетаскин изтироби март кунининг сўнаётган ёғдуси билан акслангани ҳақидаги ногаҳоний хотира ҳам ёлғизликда жуда хавфлидир. Ўтган кунларнинг қиёфаси, об-ҳавоси, манман кимсаларнинг мазахона сўзларини ёдга туширадиган хотиралар ўлган нур янглиғ кунларимни қоронғулаштириб, мен қачондир ўзим кашф этган ва чиппа-чин ишонган ҳақиқатларимни чилпарчин қилиб ташларди. Бундай дақиқаларда фақат ўз ҳиссиётларинггина ҳақиқатлиги, оламда бошқа мутлақ ҳақиқатнинг ўзи йўқлиги, Ер юзи қалби ёпиқ, пушти куйган тирик мурдалар маконилиги ва бу манзаранинг сўнаётган март шоми остида, нурсиз якшанбаларда мангу такрорланишини тушуниб етасан.

Ёлғиз кимсанинг қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанади, у эса нигоҳи ва ақлидан яширин қутулиш йўлини тополмай овораи сарсон бўлади. На партия уни қўллаб ёрдам бера олади, на дин юпата олади, умуман англаган ҳақиқатларидан бўлак бирор эътиқоднинг ўзи қолмайди. Сабаби эътиқод таянчсиз ва таскинсиз қолдирганча уни тез-тез тарк этиб, руҳини ларзага келтиради, ҳолдан тойдиради. Шунда ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини туяди; ҳақир ва хароблиги, маҳкумлигига иймон келтиради – унга умидлар ваъда қиладиган халоскор тонг энди ҳеч қачон отмайди.

Ёлғиз одам вақтнинг улкан оқимлари ичидан оқиб ўтаётганини сезиб туради. Тўрт тарафида эса ёлғизликнинг совуқ, соқов девори. Бу деворнинг зилдай босими елкаларини эзади. У ёлғизликнинг шу тўрт девори ичида ҳибс этилган… ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси ичини еб битиради. Вақт эса ботинидан дарё янглиғ оқиб ўтаверади, у бўлса каталакдек хонасида муттасил ниманидир кутади… кутаверади… Узоқларда гувиллаётган ҳаётнинг бўғиқ овозини, ғовурларини тинглайди; тинглай туриб тушунадики, тақдир уни унутиб қўйган, қувват тарк этган, ҳаёти эса аллақачон соп бўлган. Қисмат бу кимсани ёлғизлик бағрига мангуга сургун этган. Ўз ёлғизлигининг ҳибсида ўтиравериб, ношуд одамдек ақли гангиган, силлайи мадори қуриган, бор имконлар ҳам аллақачон бой берилган.

Шундай маҳзун кунларнинг бирида унда яна ўз-ўзидан, ҳеч қандай сабабсиз ҳаётга ишонч ва эътиқод пайдо бўлади, томирларида жўшқинлик мавж уради. Бу ҳислар енгиб бўлмас қудрат билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади. Унинг аввалги ишончи боз ҳамроҳига айланади: аввал нимани билган бўлса, ҳозир ҳам билади, у қандай мавжуд бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича…

Энди у ўз ҳақиқати ҳақида сўзлайди; майли, бутун дунё оғзини ёпмоқчи бўлиб, “Ёлғон айт­япсан” десин – барибир ўз ҳақиқатини ишонч билан сўзлайверади. Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир, ҳақиқатда шундай-ку!!!

 Ёлғизликнинг асл қиёфасини шу қадар тиниқ тасвирлашга аҳд қилганманки, токи ёзганимни ўқиганлар Ёлғизликка дуч келганда, уни дарров таниб олсинлар.

Рус тилидан ТИЛЛАНИСО таржимаси