“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 135 марта кўрилган.

Эҳ, бадбахт, нима қилиб қўйдинг?..

(ёзувчининг биринчи тақдимот оқшоми)

Алфонс ДОДЭ,

француз адиби

(1840-1897)

Роппа-роса соат 8 да бошланади. Беш дақиқадан сўнг парда кўтарилади. Ишчилар, режиссёр, безаклар – ҳаммаси ўз ўрнида. Биринчи кўринишда иштирок этадиган актёрлар жойларини эгаллашмоқда. Парда тирқишидан сўнгги бор залга қарайман. Ўриндиқларнинг ҳаммаси банд. Саҳна рўпарасидаги бир ярим минг қиёфа чироқлар томон бурилади. Бирови кулади, бировининг чеҳраси менга танишдай, лекин бу юзлардаги ифодалар бугун одатдагидай эмас. Жиддий, совуққон, эътирозлари портлашга тайёр турган минага ўхшайди. Тўппончаларнинг оғзини эслатадиган дурбинлар менга қаратилган. Тўғри, ҳув анави бурчакда кутиш ва ҳаяжондан оқариб кетган, менга қадрдон бўлган бир неча қиё­фалар бор, аммо бефарқлик ва истеҳзо ниқобидагилар ниҳоятда кўп. Бу одамлар ташқаридан қанчадан-қанча ташвишлар, ҳадиклар, бегона фикрлар ва хавотирларни ўзлари билан олиб келишгани ҳам аниқ. Улардаги ана шу кайфиятни тумандай тарқатиб юбориш, ғайирлик ва зерикиш деворларини ағдариб ўтиш, минглаб одамларнинг фикрларини бир жойга жамлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Менинг пьесам ана шу бераҳм кўзлардаги шафқатсиз ифодаларни ёқиб юборолсагина, у бундан кейин саҳнада яшаб қолиш ҳуқуқига эга бўлади... Парданинг кўтарилишигача қолган лаҳзаларни санагим келади. Аммо, афсус, мен кечикибман. Уч бора занг чалиниб, оркестр мусиқасини бошлади... Сўнг­ра бир дақиқа жимлик ҳукм сурди ва мана, саҳна ортидан олис ҳамда бўғиқ овозлар таралиб улкан залга сингиб кета бошлади. Менинг пьесам бошланди. Эҳ, бадбахт, нима қилиб қўйдинг?..

Даҳшатли лаҳзалар! Бошингни қаерга уришни, қаёққа қочишингни билмайсан. Бутун вужудинг қулоққа айланиб, саҳна ёнида туришинг керак, ўзинг далдага муҳтож бўла туриб, актёрларга далда беришинг зарур, нима ҳақидалигини ўзинг тушунмасанг ҳам гапиришинг, ҳеч нарсани англаёлмаётган нигоҳларинг кулиб турмоғи лозим... Жин урсин! Яхшиси, залга тушиб, бу хавф-хатарларнинг юзига тик боққан маъқул.

Ўриндиқ тубига яширинганча, ўзимни лоқайд, бегона бир томошабин сифатида тасаввур этишга ҳаракат қиламан. Икки ой мобайнида саҳнадан кўтарилган чангу ғуборлар менинг асаримни қандай қуршаб олаётганини кузатган гўё мен эмас; актёрларнинг ҳар бир ҳаракатини, овозини, талаффузини, декорациянинг нозик хусусиятларини, эшикларни қайси ерга жойлаштиришдан то ёритиш мосламаларини қаерга ўрнатишгача бирма-бир ҳижжалаб кўздан кечириб чиққан гўё мен эмас. Ажиб ҳолат! Тинглагим келяпти, бироқ тинг­лаёлмаяпман. Ҳамма менга халақит беряпти, ҳамма мени чалғитяпти. Кимдир ложалар ёнидаги эшик зулфини шиқирлатади, яна кимдир стулини суриб қўяди, биров йўталади, яна биров унга жўр бўлади, кимдир елпиғичини шиғиллатади, аллаким эса этагини йиғиштираман деб серҳашам кўйлагини шитирлатади. Аҳамиятсиз бўлиб туюладиган ҳар бир шитирлаган овоз, тиқ этган товуш менга гумбурлашдай таъсир қилар, залдаги ҳар бир ҳаракат, имо-ишорадан душманлик ва адоват нафаси уфуриб тургандай. Норозилик билан у ёқдан бу ёққа ўгирилаётган елкалар, зерикиш аломати сифатида керишиб ёйилаётган тирсаклар бутун саҳнани тўсиб қўяётгандай.

Шундоққина рўпарамда муҳим ишни қойиллатаётгандек ён дафтарини қоралаб ўтирган бир йигитча тантанали оҳангда сўз очди:

– Болаларча алжираш!

Қўшни ложадан пичирлаган овозлар келди:

– Бу билан, таассуротларимни эртагаёқ эълон қиламан, демоқчимисиз?

– Эртага?

– Ҳа, нима бўлишидан қатъий назар, эртага.

Бу одамлар учун “эртага” деган тушунча ғоят муҳим аҳамият касб этаётган айни лаҳзаларда мен учун фақатгина бугун мавжуд эди, холос!..

Ушбу тартибсиз олағовур ичида пьесамдаги бирорта сўз на қулоққа кирмоқда, на нишонга тегмоқда эди. Актёрларнинг овози бутун зал узра таралиш ўрнига саҳнанинг олд томонига ўрнатилган чироқлардан нарига ошиб ўтолмас, қаноти синган қушлардай суфлёр туйнугига қулаб тушар, серғайрат ёлланма олқишчилар эса ўз вазифасини астойдил адо этишга тиришар эди... Юқори қаватдаги жанобнинг нимадан бунчалик авзойи бузилиб, ғазаби қайнамоқда экан? Оҳ, юрагимнинг дахлсиз ҳудудларига ваҳима лашкар тортиб келмоқда. Яхшиси, энди бу ердан кетганим маъқул.

Ниҳоят, мана, кўчадаман. Ёмғир қуйиб ётибди, чор-атроф зим-зиё, лекин менинг нигоҳларим бу воқеликни илғамаяпти. Ложалар, балконлар, театр чироқларида ялтираб кўринаётган бошлар ва бу серҳаракат манзаранинг ягона қўзғалмас нуқтаси – кўзни қамаштирар даражада ёруғ нурларга кўмилган саҳна ҳамон кўз олдимда гир айланар, унинг ёрқин тасвири қадам ташлаганим сайин аста-секин хира тортиб бормоқда эди. Лекин мен қанча узоқ йўл босмай, ўзимни чалғитишга нечоғли уринмай, барибир шу бадбахт саҳна ва мен ёддан биладиган пьесанинг воқеалари хаёлим ойнасида тинимсиз чарх ураверар, тасаввуримни чирмовиқдай беаёв чирмаб олаверар, бир лаҳзага ҳам ўз ҳолимга қўймас, жонимдан тўйдираёзган эди. Гўё ёмон туш кўраётгандекман, бу ёқимсиз туш сеҳрли тутун мисоли теварагимни қуршаб олар ва қаршимдан келаётган йўловчиларни ҳам, кўчалардаги тиқилинч ҳамда сершовқин ҳаёт лавҳаларини ҳам ўз домига тортаётган эди. Хиёбон томонга бурилган эдим, ҳуштак садосини эшитиб, турган жойимда тош қотиб қолдим, рангим ўчди. Бунча аҳмоқ бўлмасам! Ахир, бу киракаш извошларнинг бекати-ку... Йўлимда давом этдим, ёмғир соат сайин кучайиб борар ва гўё шу мунгли, оғир томчилар остида менинг пьесам ҳам ивиб, жиққа ҳўл бўлаётгандай, пьесам қаҳрамонлари ҳам сочидан товонига қадар шалаббо бўлганча, газ билан ёқиладиган фонус нурида катта-кичик кўзгу синиқлари каби ярқираб кўринаётган кўлмаклар билан тўлиб-тошган пиёдалар йўлкаси бўйлаб ортимдан изма-из қадам ташлаб келишаётгандай эди.

Ичимдан нохуш фикрларни, қайғули туйғуларни чиқариб ташлаш мақсадида қаҳвахонага кираман, қўлимга илинган нарсани ўқишга ҳаракат қиламан, аммо тўсатдан ҳарфлар бир-бири билан тўқнаша бошлайди, сакрайди, резина мисоли чўзилиб кетаверади, бир жойда турмай айланаверади. Мана шу оддий, ҳамма биладиган сўзлар нима маъно англатишини тушунмай қоламан, улар ҳеч қандай мазмун ифодаламайдиган бемаъни белгилар йиғиндиси бўлиб туюлади менга. Эсимда, бундан бир неча йил муқаддам денгизда довул олдидан худди ҳозиргидек ўқишга жон-жаҳдим билан тиришган эдим: челаклаб қуяётган ёмғир остида палубага кўтарилаётиб, инглиз тили грамматикаси китоби қўлимга тушиб қолди ва хавф-хатар ҳақидаги қўрқинчли фикрлар онгу шууримга соя солмаслиги учун, дарғазаб денгизнинг баҳайбат муштумлари сингари палубага шиддат билан ёпирилаётган кўм-кўк сувларни кўрмаслик учун, қудратли тўлқинларнинг шовуллаши ва қарсиллаб синаётган мачта садолари жўрлигида инглизча «th» товушини мукаммал талаффуз қилишни бор кучим билан машқ қилар эдим. Мен шу товуш иштирок этган сўзларни бир неча марта овоз чиқариб ўқиганча, бақириб-бақириб талаффуз қилардим – лекин барибир бу сўзлар суронли денгизнинг гувиллаши ва рея учларида қулоқни тешиб юборгудек ҳуштак чалаётган шамолнинг қаттиқ чийиллаши билан тўлган калламга жо бўлмаган эди.

Ҳозир мен қўлимда тутиб турган газета ҳам ўша инглизча грамматика каби тушунарсиз, маънисиз. Бироқ кўз олдимда то оқ-қора суратлар ва зич қаторлар ичра менинг заҳарли сиёҳга чўмилган толеъсиз исмим зикр этилган эртанги мақолаларнинг сатрлари пайдо бўлмагунга қадар газетанинг очиқ саҳифасига киприк қоқмай тикиламан... Шу пайт бирданига газни пасайтиришади, чироқ нурлари хира тортади – қаҳвахона ёпиляпти.

Қанақасига? Дарров-а?

Ахир, соат неча бўлди?

...Хиёбонда одам гавжум. Хало­йиқ бирин-кетин театрдан чиқмоқда. Эҳтимол, мен ҳозир пьесамни томоша қилган кимсалар билан юзма-юз бўлаётгандирман. Улардан таассуротларини сўраб билгим, оғзиларидан ҳақиқатни эшитгим келар эди. Лекин эътирозу-таъналар, кўнгилни яралайдиган ўткир, кескин оғзаки тақризларга қулоқ осгим келмагани боис тезроқ бу ердан ғойиб бўлишга интиламан. Пьеса ёзмагани учун уйи­га хотиржам йўл оладиган одамлар қандай бахтли одамлар-а!..

Театргача аранг етиб олдим. Эшиклар аллақачон қулфланган, фонуслар ўчирилган. Йўқ, менинг бу оқшом ҳеч нарсага идроким етмаяпти – ҳеч бир жойни таниёлмаяпман. Ёмғирда шилта бўлган афишалар ва кираверишда ҳамон милтиллаб ёғду сочиб турган лампионлар айни дамда шунчалар мунгли кўринар эдики, беихтиёр вужудимни сўнгсиз ҳасрат чулғаб олди. Бир соат аввал ўзининг ёрқин нурлари ва ғовур-ғувур шовқини билан хиёбоннинг бутун бир бурчагини тўлдириб турган улкан иншоот энди капалак учса, эшитилар даражада жимжит, қоронғу, кимсасиз ва ёнғиндан сўнг бўлгани каби сувга бўккан эди... Ва ниҳоят! Барчаси тугади. Ёзув столидаги чироқларнинг ҳимматидан нур олган ярим йиллик меҳнат, илҳом, чарчоқ ва умидлар бир кечада сўнди, ҳалок бўлди, дафн этилди.

 

Рус тилидан

Иброҳим АЗИЗ таржимаси