“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 128 марта кўрилган.

ШОҲЧОРБОҚ ТОНГИ

Юрий НАГИБИН

Юрий Маркович Нагибин (1920-1994) – истеъдодли рус адиби, журналист, киносценарист. Ёзувчи қаламига мансуб “Улкан юрак”, “Уруш ҳикоялари”, “Тунги меҳмон”, “Байрам арафасида”, “Сен, албатта, яшайсан”, “Ой шуъласи”, “Гардемаринлар, олға!” сингари юздан зиёд асарлар ўқувчилар орасида машҳур.

Унинг сценарийлари асосида “Рангин тушлар”, “Чайковский”, “Мени кут, Анна”, “Дерсу Узала”, “Гардемаринлар, олға!”, “Бегона”, “Акира Куросава тасвирга олади”, “Бембининг болалиги”, “Бембининг ёшлиги” сингари 40 дан зиёд турли жанрдаги фильмлар суратга олинган.

Ёзувчининг “Шоҳчорбоқ тонги” номли ҳикояси таниқли адибимиз Хайриддин Султонов томонидан 1984 йилда ўзбек тилига ўгирилган.

Ҳикоя

Пушкин тонг қоронғисида, гўё етти соат ғафлат оғушида ётмагандек тиниқиб уйғонди. Уйғондию чайир, қотма вужудининг мисдай қизиб кетганини сезди. Майнинг сўнгги кунлари бўлса-да, қия очиқ деразалар эрталаблари қиров боғлайди, у эса устига юпқагина рўйжа ёпиб ётади, аммо тонггача чойшаб, албатта, оёғи учига сирғалиб тушиб, юм-юмалоқ “копток” бўлиб қолади... Ёз офтоби роса қиздиргандек иссиқ баданига оҳиста қўл юборди. Намхуш кафтлар билан кўкрак қафасингни, ихчам, бақувват болдирларингни ҳузур қилиб силаркансан, бу – сенинг бори-борлиғинг эканини, шу вужуднинг танҳо ҳукмдори ҳам, хизматкори ҳам ўзинг эканингни ҳис этмоқ нақадар ёқимли!

У сиртлондай чаққонлик билан сапчиб ўрнидан турди, пастак шабона жавонча устидаги сув тўла челакка сочиқни ботирди-да, баданини бошдан-оёқ қизаргунча обдан артиб чиқди. Кўйлагини кийиб, шимининг почасига оёқ суқаркан, маст уйқуда ётган лицей сукунатига аста қулоқ тутди.

Юпқа девор ортида оғир-вазмин Пушкин ётарди. У қайси ёнбоши билан ётган бўлса, шу ёнбоши билан уйғонар, бироқ ўзининг тан олиб айтишича, тушига муқаррар яланғоч қизлар кирар экан; ундан нарида Дельвиг жимгина мудрайди, у кундузлари чала ухлоқ бўлганидек, кечалари чала уйғоқ бўлади; Кюхельбекер ғаройиб “мусиқа” – хўрсиниғу ғўлдирашлар билан мизғиса, саранжом-саришта, батартиб Корф одамнинг ҳаваси келадиган даражада осойишта ухлайди; хушрўй, ёқимтой Горчаков аломат бир тарзда – тўраларга монанд “карнай-сурнай чалиб” – хурракни ванг қўйиб ором олади. Хуллас, уларнинг ҳар бири ҳозир ҳам ўзига яраша, ўз хулқ-атворию мавқе-эътиборига яраша пинакка кетган. Аммо айни паллада бошқа нарса муҳимроқ: дарбон Леонтий бобо бугун қай даражада сархуш экан?

Чол доим турли алфозда ухларди-ю, лекин негадир, билибми-билмай, лицей талабаларининг уйқусини мазах қилаётгандек туюларди. У гоҳ кўзларини чала юмиб Дельвиг каби сассиз мудрар, гоҳ нақ Кюхлининг ўзи бўлиб пишқирганча хахолар, баъзан худди Модес Корфдек сокин ором олар, баъзан эса князь Горчаковдек ғалати-ғалати авжлар билан хуррак тортар эди. Буларнинг барчаси кун бўйи нима ичгани ва қанча ичганига боғлиқ бўларди; ичкиликнинг қувватию даражаси унинг уйқусига турлича шакл ва оҳанг бағиш­лар эди. Ҳозир Леонтийнинг чурқ этган ҳам товуши эшитилмасди, аммо ўзи қай аҳволда – ҳушёрми ёки “ҳалок бўлган”ми – бир нарса дейиш қийин...

Сўнгги лаҳзада Пушкиннинг ниятидан қайтишига бир бахя қолди. Йўқ, дарбон чолдан қўрққани учун эмас: тасодифан кўзи стол устида ётган патқалам ва ярми қораланган қоғозга тушди. Чала қолган шеър... Бу оқшом гусар ошналарига ўқиб беришни ваъда қилган эди. Аммо хаёлида Наташанинг ҳуркак, интизор сиймоси жонландию бу фикр нари чекинди.

Пушкин бошмоқларини қўлига олиб, аста эшикни очди. Хонаси йўлак адоғида бўлиб, дарбоннинг ҳужраси билан ёнма-ён эди. Ҳужра эшиги ланг очиқ, Леонтий донг қотиб ётибди. Демак, она юртнинг ўткир шаробига обдан мириққан: фақат угина чолни мана шундай тош қотириб қўйишга қодир.

У бошмоқларини кийиб, йўлак этагидаги эшик томон юрди. Ҳали барвақт бўлишига қарамай, талабаларнинг аксарияти уйғониб олган. Кимдир бир маромда минғирлаб ибодат қилади, кимдир оғзини очмай хониш этмоқда – чамаси, соқол олаётган бўлса керак, яна аллаким ғўнғиллаб шеър ўқимоқда. Оҳангдор қофиялар одатдагидек Пушкиннинг диққатини жалб этди. Ҳар бир мурғак шоирчани у ўзининг қондош биродари деб биларди. Оқкўнгил, олижаноб тентак Кюхлидан тортиб иқтидорли, аммо ўлгудек танбал Дельвигнинг шеърларигача, олифта Яковлевнинг хом-хатала тизмаларию силлиққина ва қирриққина Олосенька Илличевскийнинг назмбозликлари ҳам уни лоқайд қолдирмас эди.

Пушкин комил ишонч билан шунга амин эдики, Ҳақ таоло башарият бешигини тебратган чоғларда одамлар ўзаро шеър орқали сўзлашганлар, зеро, у инсоннинг ҳур, юксак руҳи ва сарбаланд моҳиятига ғадир-будур насрдан кўра кўпроқ мос келган. Фақат, одамзот фалакдан буткул юз ўгириб, эркин руҳнинг улуғворлигини бой бергачгина, ўз туйғу ва фикрларини насрнинг қора сўзлари билан ғўлдираб баён қилмоққа тушган. Ҳали Ҳомер замонасидаёқ, гарчи гекзаметр наср томон қўйилган илк қадам бўлса-да, кишилар нутқи шеър­дан иборат эди. Момо Ҳаво билан Одам Ато жаннатдан қувилгунларига қадар, наҳотки, асрнинг тошдек оғир, сийқа тилида сўйлашган бўлсалар? Йўқ, уларнинг изҳори дилига, шарҳсиз муҳаббатига яккаш назмнинг қутлуғ, ўтли тили муносиб, холос! Ана ўшандан буён – ўзаро мулоқотда шеърий сеҳр қудратидан маҳрум бўлганидан буён одамлар насрий нутқнинг чағир тошли йўлларида қоқилиб-сурилиб, бир-бирларининг фикрларини, мурод-муддаоларини анг­ла­ёлмай гаранг – инсонлараро муомала нақадар қуруқ, на бир жозиба бор, на бир шукуҳ... Аммо ҳали шундай замон келадики, одамзот яна муборак шеър билан сўйлай бошлайди ва бу ҳол оламшумул уйғунлик ибтидосига қайтиш бўлади.

Чамаси, ўтмиш аждодлар руҳига сингиб кетган шеърий садолар ғойибона бир йўллар билан ёш насллар юрагида назмга рағбат уйғотса керак. Мана, қарангки, Олосенька ҳам шу сирли садони эшитиб, қалам йўниб ижодга киришибди. Пушкин унинг эшиги олдида қадамини секинлатиб, сип-силлиқ сўзлар шалоласига диққат билан қулоқ солди. Аммо Инжил тафсирига дахлдор “шажара” сўзининг ўрмон таърифида қўлланилганини эшитиб бош чайқади. Бироқ бу ҳали ҳолва экан: бироздан сўнг Олосенька илҳоми жўшиб: “Севгимни изҳор этаман ҳаргиз!” дея хитоб қилиб қолдию Пушкин тепа сочи тикка бўлиб нари кетди.

Кейинги хона лицей шоирлари орасидаги энг омадсиз, лоақал кўнгил учун ҳам бир кимса тан олмаган қалам соҳиби Кюхлига қарашли эди. Бошқа талабалардан фарқли ўлароқ, Пушкин Вильҳельмнинг чўтир илҳом париси бахш этадиган шеърий машқларига мазах билан қарамасди. Шу боисдан ҳам ҳозир Кюхельбекернинг гўё шағал ағдаргандек қўпол, беўхшов қофияларни уйқаштириб ўтиришига таассуф билан қулоқ солиб турарди. Сўз бўтқаси ичидан бир-бирига шу қадар мос келмайдиганларини танлаб қофия қилишга уриниш учун ҳам зўр салоҳият керак. Кюхли ана шундай бесамар ишга бунчалик улкан иштиёқ ва ғайрат билан бел боғлаган экан, демак, чиндан ҳам назм маликасига қаттиқ муҳаббат қўйган. Аммо унинг бу муҳаббати... бепушт бевага жон фидо этмоқчи бўлаётган нав­қирон йигитнинг изтиробли севгисига ўхшайди.

Агар оҳанг ва қофияни шу қадар машаққат билан топадиган бўлсам, мен шеър тўқишдан аллақачон воз кечган бўлардим, деб ўйлади у. Ахир, ҳар қандай шеър – муаллиф қаламидан дунёга келгач, ўзининг мустақил, жонли ҳаётини бошлаши керак эмасми? Кюхли эса шуни била туриб, ногирон сатрларни урчитиш билан овора. Тасанно дўстим, қойилман, юрагинг ҳам тошдек метин, тошдек... ҳиссиз экан!.. Уни Клопштокка тақлид қилади, деб айблашади. Аммо ўзимизнинг аҳли назм орасида тилининг қўрғошиндай оғирлигию тўнкадай қўполлиги билан немис шоирини ярим йўлда қолдириб кетадиганлар камми? Ахир, калондимоғ Тредиаковскийдан тортиб, Сумароков, Петров, Озеров сингари атанган шоирларгача, ҳатто улуғ Державин – беқиёс бадиий қудрати бемаъни, тумтароқ сўзлар ичра ғарқ бўлиб қолган Державингача нақадар ўлик, мудроқ тилда ёзганлар-а! Ҳозиргилар-чи, ҳозиргилари гўрми? Ана, гумбаздек семиз Ширинский-Шихматов: шеърлари ҳам нақ қабристоннинг ўзи – совуқ, зимистон!

Кюхли-ку майли, қирғовулдан баттар гаранг дейлик, аммо, наҳотки, рус элининг бошқа аҳли шуароси ҳам қулоқдан қолган бўлса?! Наҳотки, улар халқ тилининг ўлмас оҳангларини эшитмаса? Мана, илҳоми ўзгалар ёққан ўтдан ёрқин аланга олгувчи мастонавор Батюшков ва Жуковскийни олайлик. Уларни бу жозиб оҳанглардан бехабар деб бўлмайди. Аммо на улар, на мўйсафид Державин, на алмисоқдан қолган Озеров рус шеърининг асл мухлислари қалбига титратма солмоққа қодир! Ким билсин, эҳтимол, одамзот, шеърият танг­риларининг пурвиқор, дабдабали тили билан эмас, балки оддий инсоний нутқ билан ифода этилганида уни мутлоқ танимай қолар?

Ҳамма бало шундаки, адабиёт аввалбошданоқ протопоп Аввакумнинг соф, содда, мардона тили йўлидан эмас, аксинча, экклезиастнинг нўноқ тақлид­чиси, жимжимадор, ўлик лисон муҳиби, чучмалзабон Даниилнинг тумтароқ нутқи ортидан кетган. Митрополит Даниил сўз қаршисида ожиз эканини ўзи ҳам яхши билган, шу боисданми, маънодош сўзларни устма-уст қалаштириб, ғаро­йиб бир бемаънилик яратган: “...ва инчунун, шунингдек, жамики кимарса ва нимарсаларга маломат қилғон, қабоҳат ва разолат қилғон, бўҳтон ва ёлғон қилғон, ҳамият риштасин узғон...” Шу тариқа оҳанжама сўз шалоласи қую­лаверади, қуюлаверади. Аммо қани бунда маъно, қани аниқ муддао, қани инсон қалбининг суврати?! Аввакум... бу буткул ўзга олам! Бегойим Морозова ўғлидан жудо бўлганда у бахтиқаро аёлдан шундай деб ҳол сўрган экан: “Энди қай арғумоқ ёлини тараркинсан? Энди қай баҳодир изидан термиларкинсан? Энди кимнинг бошини силаркинсан? Ёлғизингнинг дийдорига энди қачон тўяркинсан?..” Бу содда, дардли сўзларни такрорлаганда кишининг кўзларидан беихтиёр ёш тирқираб кетади.

Оҳ, Худойим, Наталья ҳужрасида орзиқиб кутаётган бир пайтда шу нарсалар вақт сарфлаб ўтиришга арзийдими, ахир! Бояқиш Наташа зор-интизор кутаётгандир, юраги қинидан чиққудек безов­та тепаётгандир, чунки шундоқ девор ортида бекаси – Волконская хонимнинг хобхонаси. Уйқусизлик дардига мубтало бу қоқсуяк эчки ўлгудай бадгумон ҳам – мудом кўзига арвоҳлар, шарпалар, ўғрию тажовузкорлар кўринади. Бироқ эшик-деразаларини маҳкамроқ ёпиб ухлаш ўрнига у негадир кечалари оқ дурраю оппоқ кўйлакларини ҳилпиратганча хобхонасидан ташқарида изғиб юради – ҳойнаҳой, тасаввуридаги хатар шарпа эмас, балки қад-қомати келишган суворий ёки навқирон аскар, лоақал сарой гўлаҳи бўлиб чиқар, деган пинҳона бир илинж уни оромдан айирса, ажаб эмас...

Пушкин узун йўлакка, бўлғуси чиновниклар, ҳарбийлар, денгизчилар, шоир ва исёнчилар энсиз каравотларда ором олиб ухлаётган хоналарнинг рақамланган кулранг эшикларига яна бир назар ташлади-да, ўзи ҳам кутмаган ҳолда аста товушини чиқариб:

– Ухланглар, болакайлар! Худо паноҳида асрасин! – дея лип этиб эшик ортига ўтди.

Саройга арк ва черков ёнидан ўтган ички йўлак орқали кириб боришга қарор қилди. Аслида-ку, дарбоннинг таънаталаб қўлига “тринкгельд” қистириб ўтиб кетса ҳам бўлаверар эди-я, бироқ у ортиқча гап-сўздан кўра қоронғида қоқилиб-нетиб, майиб бўлишни афзалроқ билди.

Иши ўнгидан келди: эшикни салгина итарган эди, сассиз, итоаткорона очилиб кетди... Натальянинг деразасидан у билан бирга май тонгининг тоза, намхуш шабадаси ҳам кириб келди.

Пушкин қизнинг хавотир ва ҳадик ичра каптардек типирчилаётган юрагининг дукурига қулоқ соларкан, уни тинмай эркалар, токи ўзи ёнида экан, ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаслигини айтиб тинчлантиришга уринар эди. Гарчи қўлидан тайин бир иш келмаса-да, шармандаларча саф тортиб юришдан куни кечагина қутулган лицей талабаси бўлса-да, сир бермасликка тиришар эди. Қани, бирор киши унинг маҳбубасини ранжитиб кўрсин-чи! Табиат унга ўткир тиш-тирноқ, бақувват мушту чексиз жаҳл ато этган. Бироқ, ҳозир унга ҳеч ким таҳдид этаётгани йўқ, уларнинг муҳаббати ва бахтига раҳна солаётгани йўқ, шундай экан, бас, нари кетинг, нохуш хаёллар!..

– Секинроқ, Александр Сергеич, секинроқ! – деб ёлворарди Наталья. – Оҳ, Сашенька, бунақада мени адои тамом қиласиз-ку!

– Нега йиғлаяпсан? – деб сўради Пушкин. – Бўлди, қўй энди! Кел, кўзларингни артиб қўяй. Нима гап ўзи, тентагим?

– Билмайман, – деди Наташа йиғидан бўғилган товуш билан. – Мендан ранжиманг. Нега йиғлаётганимни ўзим ҳам билмайман. Дийдор кўришганимиздан кўнглим тўлиб кетди, холос.

– То ўлгунча бир-биримиздан айрилмаймиз! – деб шивирлади Пушкин, гапига ўзи ҳам ишониб.

– Қўйсангиз-чи! – Наташа бегона, ғалати бир оҳангда кулиб юборди.

Кўпни кўрган одамларга хос бу кулги алланечук ёқимсиз эди – уни болалик оламига қайта улоқтириб ташлагандек бўлди. Назарида, Наташа бир зумда улғайиб, у билмайдиган жуда кўп нарсаларни биладигандек, турмушнинг паст-баланд сўқмоқларини обдан кезган соҳибтажриба аёлга айланиб қолгандек туюлди. Бу ниҳоятда қайғули, алам қиладиган даражада эзгин бир ҳол эди. Зерикиш ҳисси, Наташа нимадир муносабат биланми ёки шунчаки гап орасидами, дугонаси Маша ҳақида сўзлай бошлаганида баттар кучайди. Граф Толстойнинг хонаки театрида актриса бўлган бу қиз графнинг жияни – улан полкининг офицери билан дон олишиб юраркан. Наталья аста пичирлаб, дугонасининг “бўғоз бўлиб қолган”ини айтди. Пушкин бахтиқаро қизнинг кулча юзи, соддадиллик билан кулимсираб турадиган лабларини ғира-шира эслади, раҳми келди, аммо шу заҳоти кўнглидаги шафқатга ижирғаниш туйғуси ҳам қўшилиб кетди.

– “Бўғоз” деганинг нимаси! У молмидики, бўғоз бўлса! Офицер уни ҳомиладор қилиб қўйибди, – деди у кескин.

– Вой, Александр Сергеич, гапингиз ҳам бор бўлсин! Биз авомлар ҳам “бўғоз” деймиз-ку, бекам ҳам шундай дейдилар. Сиз бўлсангиз...

– Ҳомиладор! – деб қичқирди Пушкин аччиқланиб. – Наҳотки, қулоқдан қолган ё фаросатдан айрилган бўлсанг? Ҳомиладор – энг аниқ тушунча! “Бўғоз” дегани эса...

– Хўп, майли! – деди Наташа ранжиган оҳангда. – Менга деса, нима деб атасангиз, атайверинг...

Пушкин шартта ўрнидан турди.

– Қаёққа? – деб сўради Наташа жавдираб.

– Вақт бўлди... – деди Пушкин фаромуш, хаёлчан қиёфада эшик томон юраркан.

Йўқ, уни Маша билан офицернинг қайғуси эмас, балки кўпдан буён қалби тубида йиғилиб келган, ҳозир эса вужудига бирдан титроқ берган аллақандай бир андуҳ ташвишга солган эди.

– Шошманг!.. – дея шивирлади Наташа ва лип этиб ташқарига чиқди.

Пушкин буткул паришон, ҳаракатлари алланечук ғалати, аммо ўзи буни сезмас эди. Шу лаҳзада у хаёлини тинмай безовта қилаётган ўша тутқич бермас фикрни топиши зарурлигини сезиб турарди, бироқ ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан чиқолмади. Хайр, майли, жин урсин бу бетайин хаёлни! Агар чиндан-да бош қотирмоққа арзигулик бир фикр бўлса, қачондир онг-шуури қаъридан юлдуздек балқиб чиқади, арзимайдиган бўлса – шу бўйи бадар кетгани маъқул!

У аста йўлакка чиқди. Наташанинг қуёш ёғдусидан чароғон хонасидан ке­йин бу ер баттар қоронғи кўринарди. Қўлларини олдинга чўзганча тусмол билан қадам ташлаб бораркан, бирданига қаршисида Натальянинг сассиз шарпаси пайдо бўлди. Унинг ногаҳоний, хаёлий каби туюлган сиймоси кўнглини тўлқинлантириб, бояги совуқликни зумда эритиб юборди. Пушкин уни маҳкам бағрига босди, босди-ю, кафтлари бегона, қоқсуяк елкаларни ҳис қилган заҳоти қўрқув ичра ура қочди ва шу ондаёқ саройни бузгудек бўлиб, “Дод, ёрдам беринглар!” деган жазавали қичқириқ янгради – Волконская хоним ниҳоят ўз тажовузкорига дуч келган эди.

Пушкин лаҳмдек қоп-қоронғи, узун йўлак бўйлаб нафаси тиқилиб югурганча, бир амаллаб зинапояга етиб олди-да, икки ҳатлаб ўзини ташқарида кўрди. Деворни паналай-паналай оёқ учида юриб, эсон-омон арк тагидан ўтди – бу ёғи саройнинг бошқа томони эди.

Тонг оғушида ҳайҳотдек бўлиб турган улкан асрий боғ қўйнига ҳансираб етиб келгачгина у ўзини бироз бехатар сезди. Бу иши ҳали бошига бало бўлмаса эди. Эй, бедаво қари эчки, додлаб нима қиласан, ундан кўра, адашиб сенга тегиб қолган жаннатий неъматдан баҳраманд бўлавермайсанми?! Ҳойнаҳой, ҳозир бутун саройни бошига кўтараётгандир. Бетўхтов бориб Елисавета Алексеевнага арз қилса керак, у эса оқизмай-томизмай подшоҳга етказиши тайин. Сур-сур бошланиб кетса, одатдагидек, гумон яна лицей талабаларига тушади. Амаллаб чап бериб кетишнинг иложи йўқ, қолаверса, ёлғонни ҳам эплаёлмайди у.

Хилват хиёбонлар ёруғ, намчил, кимсасиз эди. Сийрак туман орасидан Чесмен минораси элас-элас кўзга чалинади. Ҳовуздан изғирин нафаси уфуради. Камерон галереясининг баланд мармар зиналари адл арғувонлараро қиялаб тушаётган қуёш нурида ярқираб товланади. Қилт этган шамол йўқ, бироқ арғувонларнинг япроқлари гоҳ танасини, гоҳ бандини қуёшга тутиб оҳиста шитирлайди. Борлиқни ўткир, намхуш бўйлар тутган, майсалар яшил аланга бўлиб ёнади, демак, курраи замин узра баҳорнинг музаффар юриши бошлангани рост.

Хитой девор томондан булбул ноласи эшитиларди. У шунчаки нола қилмасди, полапон булбулчани сайрашга ўргатмоқда эди. Булбул навоси унинг беқиёс қудратидан далолат берарди – у сабоқ йўсинида сайраганида ҳам чексиз ҳавасга, чексиз завқу шавққа тўлиб сайрарди. Полапон булбулча эса Илличевскийни эслатарди – неки оҳанг бўлмасин, дарҳол илиб олар, моҳирлик ила пайдар-пай такрор этар, бироқ унинг навосида сирли жозиба, инсон юраги янглиғ дардли, қуш юрагига хос безовта титроқ сезилмас эди. Бу “мусиқа дарси” қаерда бўлаётган экан? Чамаси, Карамзинларнинг қўрғони ортидаги настаринлар тепасида шекилли. Булбулнинг тиниқ, шикаста ноласи балки ҳозир Катерина Андреевнанинг ҳам тонгги оромини бузгандир... Парвардигор, унга бахт-саодат ато эт, менга эса – сабр-тоқат... Сен ақлли, саводхон, тўкис эрингга мени сотдинг, унинг озода, силлиқ қўлларига сенга атаб телбаларча битган мактубимни тутқаздинг. У эса мийиғида бепарво кулимсираб қўяқолди, гўёки шу билан кифоялангандек бўлди, аммо бундан кўра юрагимга ханжар санчгани афзал эди. Сизлар менга худди шунчаки шўхлик қилган болага муомала қилгандек муносабатда бўлдиларинг. Лекин мен ёш бола эмасман. Фақат ўз шаънимни ҳимоя қилолмайман, холос, аммо биров алам ўтказса, қаттиқ кек сақлайман. Майли, мен сени авф этдим, сени деб хўрликлар тортганимга ҳам розиман, аммо уни асло кечирмайман. Сен дилимдаги дардимни англаёлмадинг, эй соҳибжамол, соҳибтажриба аёл! Майли, Худонинг ҳукмига. “Эҳтимол, пайт келару мени эслаб қон йиғларсан!”. “Хўб йиғларсан”, – деб тузатди у фикран, – йўқ, “қон йиғларсан”, бу ерда “қон йиғларсан” тўғри”. Шеърий соддалик – халқчил соддалик демакдир.

У бир лаҳза ортига ўгирилдию шу заҳоти олдидаги дарахтнинг намхуш, ғадир-будур танасига ёпишганча тош қотди. Камерон галереяси томондан теваракка ўғринча назар ташлаб, плашга бурканган баланд бўйли бир кимса келарди. Пушкин уни кафтдагидек, яққол кўриб-кузатиб тураркан, бу одам император Александрнинг ўзгинаси эканини билди. Низомга хилоф тарзда – учбурчак ҳарбий қалпоқни қаншаригача бостириб кийганига қарамай, императорнинг оч зангори тусдаги хафақон, алдамчи кўзлари, оппоқ пахтадек яноқлари манаман дея ўзлигини фош этиб турарди. Пушкин гўдак чоғидан таниш бу сиймога бутун борлиғи кўз-қулоқ бўлиб, нафрат билан тикиларди.

У Александрни вужуд-вужуди билан ёмон кўрарди. Либерал монарх ниқобидаги бу плац-майорни, Европадаги энг муғомбир кимса бўлмиш бу чучмал падаркушни у мунофиқлигию олифталиги учун, мудом омадиёрлигию нодонлиги учун интиҳосиз нафрат ила ёмон кўрарди.

Ҳукмдорнинг хатти-ҳаракатлари қандайдир ғалатироқ эди – унинг ўзини танитмоқчи эмаслиги шундоққина сезилиб турарди. Аммо бу уринишнинг зўрма-зўракилиги таажжубли ҳол эди. Агар у чиндан ҳам ўзини танитиш ниятида бўлмаса, плашга шундай ўраниб олиши мумкин эдики, юзма-юз турган киши ҳам таниёлмасди, ёинки бошига ўтган-кетганнинг диққатини бехтиёр тортадиган учбурчак қалпоқ эмас, оддийгина гусарча қалпоқ кийиб олган бўлур эди. Қолаверса, дарахтлар оралаб, ичкарироқдан сездирмайгина ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Унда... у нега ҳар қадамда тўхтайди, гўё хавотир олаётгандек, хижолат чекаётгандек атрофга ҳадик ва айни пайтда виқор билан боқади? Ахир, Шоҳчорбоқда фақат лицей талабаларигина эмас, сарой хизматчилари ва навбатчи офицерлар ҳам юришини, гусар ва уланлар худди ўз уйидек бемалол кезишини, ҳатто хилват хиёбонлар қўйнида хонимчалар, актрисалар ва оқсочлар, шаҳарлик амалдорларнинг қизлари ҳамда уларнинг муҳтарама рафиқалари билан висол онлари ўтказишларини император жуда яхши билади-ку! Бас, шундай экан, унинг бу тахлит сохта бекинмачоқ ўйини сариқ чақага ҳам арзимайди. Аслида, бекиниш унинг хоби-хаёлида ҳам йўқ. Ҳамиша, ҳамма ишда устаси фаранг ҳукмдор бу сафар ҳам мўлжални узоқ олган эди: ҳозир уни кимдир шу ҳолатда кўрсаю эртасига сершавқ император янги ишқий савдо бошлагани ҳақидаги миш-миш қулоқларини қиздирса!..

Пушкин Александрни висолга ошиқаётган жазман қиёфасида кўрганини ҳеч кимга айтмасликка аҳд қилди. Менинг қасосим шу бўлади. Қалбаки сохт-сумбатинг ғазаб денгизим ичра ғарқ этилади. Энди обер-ғийбатчи врачинг Вилье қулоғингга хуш ёқадиган миш-мишни ҳеч қачон шипший олмайди. Дарвоқе, нима учун подшоҳ хонадонида “врач истифода этади”, деб гапирадилар? Ахир, врач қандай қилиб, нимани истифода этади?! Врач даволайди. Жаноблар, асло истифода этмайди! Боя Натальянинг ҳузурида пайдо бўлган ғашлик боиси энди аён бўлди: бепоён рус давлатининг пойтахтида оқсоч чўридан тортиб подшоҳгача, лицей ҳаваскоридан тортиб юртнинг булбулзабон шоиригача – ҳеч бири рус тилини билмайди, бари бефаҳмлик, шафқатсизлик, беҳаёлик билан уни таҳқирлайди, булғайди, тупроққа қоради... Бироқ не-не қирғин-қатағонлардан кейин ҳам тил барибир ўлмабди, соф, табиий рус тили ҳаётнинг улуғ наҳрларидан баҳра олиб, халқ дилидан руҳ олиб, ўзлигини, асл сарчашмалари тароватини сақлай билибди...

Пушкин залворли қадамлар билан тез-тез юриб борди-да, кўл ёқасидаги тор сўқмоққа етгач, югура кетди. Қалин, намхуш ўт-ўлан тиззаларига урилар, бошмоқлари, почаларига тонгги шабнам томчилари сачрар эди.

Қуёш оламни мунаввар ёғдуга чулғаганча тобора юксакка кўтарилиб борар, бироқ арғувонзорнинг захкаш салқини ҳамон баданни жунжиктирар эди. Офтоб нури тушган ҳар бир япроқ, ҳар бир гиёҳда шу заҳоти буюк мўъжиза рўй берарди – ранглар, жилоларнинг бу қадар нозик, бу қадар сеҳрли товланиш­ларини Пушкин умрида биринчи марта кўрмоқда эди. Бир неча лаҳза ичида ўт-ўланлар, гул-чечаклар баргидан шуд­ринг кўтарилиб кетди; қолган битта-­яримта томчилар тонгги қуёш ёғдусида олмосдек ярқираб кўзни оларди. Туман аста-секин тарқаб, Чесмен минорасининг кўкка санчилган занжирбанд, найзадор қуббалари бор гўзаллиги ва улуғворлиги ила намоён бўлди. Пушкин тун билан тонг висолининг ҳаяжонли дамларини кўнгли интиҳосиз шодлик ва ҳайратга тўлиб кузатаркан, ногоҳ оёқларидан мадор қочиб бораётганини, қовоқлари гўё қўрғошин осиб қўйилгандек оғирлашиб кетаётганини ҳис этди. Бутун вужудини босиб келган чарчоқ зўрига дош беролмай, азамат бир қайин тагига таппа ташладию шу ондаёқ ширин уйқуга кетди.

У баъзан оҳиста бўшашиб бораётган шуурида ҳузурбахш ҳордиқ лаззатини туйган кўйи худди шу тахлит бирпасда ухлаб қолар, бироқ ҳали ҳеч қачон бу янглиғ сокин ором олмаган эди. Яна ўша илк ибтидога – ҳаётининг ҳимояга зор, норасида, ҳур ва беғам палласига қайтгандек эди гўё. У умрида ҳали ҳеч қачон ўзидан ҳам, ўзгалардан ҳам бу қадар хилватнишин бўлмаган, Шоҳчорбоқ узра отиб келаётган шу фусункор тонг оғушида танҳоликдан бунчалар фароғат туймаган эди...

Шунда уни асир олдилар.

Ҳибсчилар на қоровул, на сарой хизматчилари, на саҳархез ўткинчилар эди.

Уни банди этган – дарахтлар эди. Улар уни тўрт томондан қуршаб олдилар-да, япроқлари шивирлаб, шохлари шитирлаганча илтижо билан ёлвора бошладилар: “Бизга ном ато эт, бизга исм қўйиб бер...”. “Ахир, сизларнинг номларинг бор-ку?”, дея ҳайрон бўлди у уйқусида. “Йўқ! Йўқ! – дея фарёд чекарди дарахтлар. – Бизнинг номларимиз унутилган...”. “Мен – қайрағочман, Пушкин, шунчаки дарахт эмасман...”. “Мен – қайинман!..”. “Мен – арғувон!..”. “Мен – қарағай!..”.

Дарахтларнинг ғамгин, мулойим товушига энди кўника бошлаганида чексиз ялангликда яшил тўлқин уриб ётган майсалар оҳиста тилга кирди: “Биз ҳам ҳануз беном юрибмиз, Пушкин, бизни ҳам унутма! Биз шунчаки ўт-ўлан эмас, ҳар биримизнинг ўз жонимиз, ўз номимиз бор!”. Ва шундан сўнг бирданига ярқираб гул-чечакларнинг ранго-ранг рақси бошланди, теварак ҳашароту паррандаларнинг турфа товушларига тўлиб кетди. Қандайдир баҳайбат қора қуш кўзларини ола-кула қилганча тинимсиз қағилларди: “Мен – қарғаман, қарға, мен қузғун эмасман, мен – қарғаман, қарға!”. Шох-шаббаю ўт-ўланлар орасидан хилма-хил жонивору даррандаларнинг тумшуқлари кўзга чалинарди. Уларнинг ҳар бири ўзига ном сўрарди, ўз табиати, шаъни ва моҳиятига монанд исм билан аталишини талаб қиларди. Боягина осуда жимирлаб турган ҳовуз ҳам энди ўзига муносиб исм сўраб, қирғоққа бош урганча ёлворарди, ҳатто сийрак кулранг булутлару кўҳна қуёш ҳам асл номини сўраётгандек осмони фалакдан умидвор термиларди. Кейин... уларнинг барчаси аралаш-қуралаш бўлиб, жўровоз бўлиб шундай ғалати манзара касб этдики, Пушкин беихтиёр “Тўхтанглар!.. Шафқат қилинглар!” дея қичқириб юбораёзди. Фақатгина тирик мавжудотлар эмас, балки дарди йўқ, ишқдан мосуво, бефаҳм кимсалар томонидан топталган сўзлар ҳам ўзларининг асл маъносини, бегона оҳанглару сийқа лафзлар билан булғанмаган ранг ва тароватини қайтариб беришни талаб этганча унинг мурғак онг қопқаларини заиф бир исён ила бетўхтов қоқардилар. Ва уларнинг барчаси бу ақл бовар этмас улкан вазифа мана шу ухлаб ётган боланинг қўлидан келишига ишонар эди.

У туйқус сесканиб кўзларини очди. Мижжалари нам эди. Енги билан кўзларини артаркан, тўсатдан йиғлаб юборди. Нега, не сабабдан? Тақдир унга та­йин этган қисмат юкидан воқиф бўлгани учунми? Бу юк унинг ўсмир елкаларига оғирлик қилмасмикан? Ахир, ҳали унинг барча қатори беғам-бехавотир яшагиси, Натальяни бир умр севгиси, Карамзинга дилдан таъзим айлаб ўтгиси келарди; у ҳали яна кўплаб шўх ва қалтис шеърлар ёзмоқни, эски жўраларига мурувват билан, янги дўстларига ҳайрат билан улфат бўлмоқни, ҳар қандай баҳсларда мудом зафар қозонмоқни истайди. Аммо, нега энди бунинг ўрнига у жамики сўзфурушлар гуноҳини бўйнига олиши, борлиқ мавжудотга ном топиб беролмаган фаросатсиз сафсатабозлар жаб­рини тортиши керак? Ё Раб, нега энди ўзгалар гуноҳи учун у жавоб бермоғи лозим? Сўзни асл маъноси билан якқалам қилмоқ, бетартиб товушлар олами ичра нарса-ҳодисаларнинг ҳақиқий моҳиятини топмоқ, турли-туман келгиндилар, рўдапо руҳонийлар, немис профессорлари истаганча бузиб, буткул абгор қилган адабий тилга янги руҳ, янги ҳаёт бағишламоқ – наҳотки, буларнинг барчаси бир одамнинг қўлидан келса?!

У ўксиганча тўлиб-тўлиқиб йиғларди. Чунки энди болалик тугаган эди. Лицей биносининг тўртинчи қаватидаги дим хоналарда маза қилиб ухлаётган навқирон шуҳратпараст ва хаёлпарастлар, бўлғуси шоир ва донишмандлар, содда ва муғамбирлар ҳамон болалик оғушида; қисмат ёлғиз унигина шу машаққатли меҳнатга сайлаб олган эди. Натальянинг каталакдек ҳужрасида уни илк бор бағрига босганида болалик тугади, деб ўйлаган, бироқ унда руҳи эркин қолаверган эди. У пайт дилида масъуллик ҳисси йўқ эди: фақат шу туйғугина инсоннинг чинакам балоғатидан далолат беради. Энди, бундан буён нимаики қилмасин, қанчалик зўр бериб уринмасин, тақдир ато этган қисмат юкидан барибир қочиб қутулолмайди. Энди тамакининг аччиқ тутунида ҳам, шаробнинг кўпириб тошган мавжларида ҳам, аёл лабларининг беқиёс лаззатида ҳам доимо шу туйғу – кимнинг ҳузурида, қачон зиммага олингани номаълум ўша мажбурият туйғусининг юки босиб туради...

Пушкиннинг энг яқин ёр-дўстларигина эмас, уни базму томошаларда, шўх-шан давраларда, сайру саёҳатларда четдан кузатадиган кишилар ҳам шоир­да ғалати бир одат пайдо бўлганини пайқадилар: у тўсатдан жимгина ғойиб бўлиб қолар, излаб борилганда эса, тирик жон овози етмайдиган овлоқ гўшаларда танҳо ўзи хаёлга чўмиб ўтирган бўлар эди. Бу ҳол ўша сеҳрли Шоҳчорбоқ тонгидан – жингалаксоч бир бола ўзининг кимлигию дунёга нега келганини англаган ўша кароматли тушдан сўнг бошланган эди.

 

Рус тилидан

Хайриддин СУЛТОНОВ таржимаси