“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 33 марта кўрилган.

Ёзувчи бўлмоқ нима дегани? (2018 йил. 21 сон)

Юхан БОРГЕН,

норвег адиби

ЁЗУВЧИ БЎЛМОҚ НИМА ДЕГАНИ?

Эссе

Ёзувчи бўлмоқ қалбингни одамларга ишониб очиб бермоқдир. Албатта, фикрларни баён қилиш билан боғлиқ ёзма фаолиятнинг бошқа шакллари ҳам бор. Улар истаган нарсага – илмга, техникага, ҳунарга, фалсафага, сиёсатга, динга тааллуқли бўлиши мумкин. Буларнинг сўнгги учтаси масаласига келсак, биз баёндаги муайян тамойил ҳақида гапирмоғимиз мумкин. Шу тарзда ташвиқот, даъват майдонга келади. Худди шу тарзда баённинг ҳам қурама шакллари пайдо бўлади. Улар осонлик билан биз бадиий асар деб атайдиган нарсага ҳам айланиб кетиши мумкин. Бу тушунчаларни бир-биридан фарқлаш ҳаммавақт ҳам осон кўчавермайди. Бизнинг давримизда бизга ўхшаган бадиий адабиёт билан боғлиқ бўлган одамлар бу сўзни кўпда ёқтиравермаймиз. Сирасини айтганда, жуда баландпарвоз, дабдабали сўз-да! Ундан кўра кўпроқ биз «нафис адабиёт» демоқни маъқул кўрамиз. Лекин бу атамани ҳам муваффақиятли деб ҳисоблаш анча қийин.

Негаки, «нафис адабиёт» дегани биз ҳар нарсадан аввал интиладиган нарса эмас-да… Рост, кўп ҳолларда биз шу сўзни қўллаганда нимани назарда тутишимизни одамлар тушунишади. Хўш, биз бу сўз замирида нимани назарда тутамиз? Ҳамма нарсадан аввал бунда гап «қайта яратиш» устида боради. Бу эса хаёлот тушунчаси билан боғлиқ. Хўш, сирасини айтганда, хаёлот деганининг ўзи нима?

Кўпларга шундай туюладики, гўё бу тушунча бўм-бўш осмонларда парвоз қилиб юради. Бироқ бундай эмас, хаёлот ҳамиша тажрибага, кузатишга асосланади. Бундай дея қолайлик – хаёлот тажрибани илиб оладиган бир ускуна. У бизнинг фикрларимизни керакли томонларга йўналтириб туради. Биз авваллари бошимиздан кечган у ёки бу таассуротларимизнинг ролини ҳаммавақт ҳам етарли даражада кўз олдимизга келтира олмаймиз. (Ҳолбуки, ўтмишнинг айрим таассуротлари ҳамиша биз билан).

Назаримда менга шундай туюладики, кўпчилик одам мактабга биринчи бор қадам қўйган кунини ёхуд сузишни ўрганиб олган кунини яхши эслаб қолади. Бундан ташқари, биринчи муҳаббат ҳам хотирада қолади. Бироқ ана шу ўта муҳим воқеаларга нисбатан ҳам биз уларнинг ҳамма тафсилотларини тўлалигича эслаб қолганмиз, деб айта олмаймиз. Мактабга борган биринчи кунимдан ҳаммадан аввал эсимда қолган нарса ўша кезларда кўтариб юрган жилдимнинг ҳиди. Бу жилддан оғилнинг ёки отхонанинг ҳиди келарди. Жилдим теридан тикилган бўлиб, афтидан, отхона ҳиди шу теридан таралган бўлса керак. Шунинг учун от ҳиди мактабга қадам қўйган биринчи куним билан боғлиқ равишда умрбод хотирамда ўрнашиб қолган. Кўз ўнгимда синфхонамиз аниқ-тиниқ намоён бўлади, хотирамда овозлар, одамларнинг афт-башаралари, Рейдар деган ўртоғимнинг қулоғи гавдаланади. Рейдарнинг номини эслашим билан хотирамга бошқа исмлар, бош­қа овозлар, бошқа афт-башаралар келади. Менинг бутун вужудимни хотиралар қуюни қамраб олади. Жуғрофия дарслигининг кўк муқоваси эсимга тушади ва шу вақтнинг ўзида Кнут деган боланинг Кристиан деган бола билан муштлашганини эслаб кетаман. Менга Кнут кўпроқ маъқул эди, шунинг учун мен унинг тарафида эдим. Менинг хотираларимда ҳам Кнут ғолиб бўлиб қолган.

Эндиликда мен адиб бўлдим. Бунинг боиси шундаки, мен отнинг ҳидини эслаб қолганман. Аминманки, ҳамма ҳам шунга ўхшаш воқеани бошидан кечирган. Ҳар битта одам – шоир, шу маънодаки, алланечук хотиралар баҳонасида унда турли фикрлар туғилади. Бу фикрлар янги фикрларга туртки беради, улар эса хаёлот оламини уйғотади.

Баъзи ҳолларда биз жуда яхши англаб турамиз – бизнинг хотираларимиз хаёлот оламининг ғаройиб ўйинлари билан боғланиб кетган. Баъзан бизнинг хотираларимиз онгимизда турган-битгани ҳақиқатдай гавдаланади, баъзан эса улар тўқима сифатида намоён бўлади. Агар ана шу «ёлғон», ана шу «тўқима» шундай бир шаклга кирса ва бу шакл уларга ҳам биз ҳақиқат деб атаган нарсага хос бўлган тугаллик бахш этса, унда улар ҳам биз бадиий адабиёт деб атайдиган нарсага айланиши мумкин. Бу ўринда энди мен боягина «ёлғон» деб атаган нарсамга ҳурмат билан муносабатда бўламан, чунки у менинг асаримга асос бўлиб хизмат қилган қуруқ-яланғоч ҳақиқатдан кўра чинроқ бўлиши мумкин…

Мен юқорида айтдим – хаёлот самоларда парвоз қилиб юрадиган нарса эмас, балки синалган, бошдан кечирилган нарсалардан ўзининг илдизига эга бўлган нарсадир. Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри, фақат биз ҳаммавақт ҳам ўз тасаввурларимизнинг моҳиятини чуқур англаб етмаймиз. Бунинг иккита сабаби бор. Бунинг бир сабаби шундаки, бизнинг таассуротларимиз энди туғилаётган пайтдаёқ сиқиб чиқарилган. Бу таассуротлар сиқилиб, бир чеккага сурилиб қолган, уларни унутиб юборишга ҳаракат қилинган. Бунинг ҳам ҳар хил сабаблари бўлган бўлиши мумкин. Биз улар тўғрисида тўхтаб ўтирмаймиз. Бошқа сабаб шундаки, содир бўлган воқеа ҳаётимизнинг жуда илк босқичида рўй берган бўлиши мумкин (Бу илк босқич ҳатто ҳомилалик пайтига ҳам тўғри келар). Бу эса одатдаги тушунчадагидек эслаб қолишга йўл бермайди. Менга қолса, «хотира» сўзини «эсдаликлар» сўзи билан алмаштирган бўлардим. Албатта, бу сўз эскичароқ жаранглайди, лекин аввалгисидан чинроқ. Шоирона ижод вақтида рўй берадиган нарса ҳозирги дақиқада хотиралар қатлами остида яшириниб ётган хотира парчаларидир. Буларнинг бари бир сония ва ҳатто бир сониянинг бўлаклари мобайнида рўй беради. Биз ҳаммамиз шунга ўхшаган кечинмаларни бошимиздан ўтказганмиз. Бу туйғу бутун вужудимизни кезиб чиқади-ю, кейин ғойиб бўлади. Баъзилар буни илҳом деб аташади. Ёмон сўз эмас. Сиз ёшлар ҳам вақти-вақти билан бунақа туйғуларни бошдан кечириб турасиз. Фақат бу тўғрида камдан-кам гапирасиз. Афтидан, Сизларга бу нарса булутлар узра сайрдай бўлиб кўринса керак. Лекин бу шунчаки булутлар узра саёҳат эмас. Бу ўринда мен Сизларга бир маслаҳат беришга журъат этаман – Сиз ўша кайфиятга берилинг, уни ўзингизда узоқроқ сақлаб қолишга тиришинг. Илҳом келганда саноқли секундлар мобайнида Сиз шоир бўлиб қоласиз. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг – агар шундай дақиқалар ҳаётингизда борган сари кўпроқ такрорланиб турса нима бўлади? Шоирнинг мақсадларидан бири ана шундай лаҳзаларни муҳрлаб қолдириш ёхуд қайтадан яратишдир. Шунинг учун ҳам мен Сизларга «Уйғонинглар!» деб хитоб қиляпман. Биз «воқелик», деб атайдиган нарсадан бош олиб қочмоқ учунми? Йўқ, аксинча. Воқеликни ёрқин, чинакам манзараларда муҳрлаб қолдириш учун!

Албатта, ҳамманинг ҳам профессионал шоир бўлишга иқтидори етишавермайди. Бироқ биз илҳомли онлардан фойда чиқаза билмоғимиз даркор. Бу шунинг учун зарурки, бизнинг замонимизда манаман деб яққол кўриниб турувчи фойда билан бир неча муддат ўтгандан сўнг зиёнга айланиб қоладиган нарса ўртасидаги чегара қаердан ўтишини айтиб бериш осон эмас. (Мен, масалан, экологик таназзулни назарда тутяпман. Экологик таназзул нима эканини ҳаммангиз ҳам, табиийки, яхши биласиз. Билмасанглар, муаллимларингиздан сўранг. Муаллимларингизнинг ҳаммаси ҳам овсар эмас).

Агар Сиз ҳайрон бўлиб, мендан «Бу бадиий ижод деганингизнинг ўзи, аслида, нимага керак?» деб сўрасангиз, мен жавоб бераман: бадиий ижод одамзодни фаолроқ қилмоқ учун, унинг қобилиятлари, хаёлот кучини рағбатлантирмоқ учун ва шу билан унга ато этилган ҳаётни янада тўлақонли қилмоқ учун керак. Негаки, бадиий асар – ахборот дегани. Юқорида гапириб ўтганимдек, муаллиф қалбининг энг теран пучмоқларида ардоқлаб юрган бойлигини сизга ишониб очиб беради. Яна бир бора такрорлайман – энг ардоқли бойлигини! Сен бу асарни ўзинг хоҳлаган кўйларга солишинг мумкин, ундан юз ўгиришинг мумкин. Агар ҳаққим бор деб ҳисобласанг – унга тупуришинг мумкин. Ёки уни қабул қилишинг, жиллақурса, бир дақиқага қабул қилишинг мумкин. Ана шунда бизнинг ўртамизда мубоҳаса бошланиб кетади. Биз – ёзувчилар эса, сирасини айтганда, айни шу мақсадга интиламиз.

 

Озод ШАРАФИДДИНОВ

таржимаси