“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 49 марта кўрилган.

Нобель академиясининг хатоси

Швециялик шоир Томас Транстрёмер Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. Мен Транстрёмернинг интернетдаги шеърларидан бошқа ҳеч нарсасини ўқимаганман, бироқ ўйлайманки, унинг ғалаба қозониши ҳар жиҳатдан энг яхши ечимдир. Аввало, Нобель ҳайъати аъзоси сифатида фикрлаб кўрсам.

Ҳайъатнинг 18 та аъзоси бор, булар швед академияси дея ном олган, ХIХ аср охирларида Нобелга муносибларни топиш ва уни топширишга масъул ўлароқ тайинланган гуруҳ аъзоларидир. Академиянинг 1786 йилда имзоланган Низомига мувофиқ унинг асосий вазифаси “Швед тилининг софлигини ва дунё олдидаги обрўсини сақлаган ҳолда ошириш”дир. Дунёнинг турли бурчагидаги энг иқтидорли адабий сиймолар асарларини ўз тилига ўгириш сизнингча олдинга қўйилган мақсадни қай даражада амалга оширишга ёрдам беради?

Академиянинг барча аъзолари швед ва уларнинг аксар қисми Швеция олийгоҳларида тўлақонли дарс берадилар. Ҳозирги ҳайъат аъзолари ичида бешта аёл киши бор. Академия тарихида раҳбар ҳеч қачон аёл бўлмаган. Ҳозирги баҳоловчилардан фақат биттаси 1960 йилдан сўнг туғилган. Боиси, академиядан истеъфо бериш мумкин эмас, бунинг учун бир умрлик қамоқ жазоси белгиланган. Буни қарангки, шундай жазодан ҳам қўрқмайдиганлар бор экан. Яъни шу кунгача иккита одам Салмон Рушдий номзодини қўллаб чиқди. Бунга кўра ўша пайтда “Ҳаос ва шаҳвонийлик” учун мукофотга сазовор бўлган Элфрида Елинек Нобелдан қуруқ қолиб кетиши керак эди.

Бу одамлар дунё ҳамжамияти олдида энг буюк носир ёки шоирни қай тарзда аниқлайдилар? Улар турли ўлкалардан кўп сонли адабиётшунослар билан алоқа ўрнатадилар ва номзодларни топгач, ўша адабиётшуносларга улар ҳақида илмий мақола ёздиртириш йўли билан муаллифни шахсан таний борадилар.

Жараён давомида қанчалаб китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишлари ҳақида бир тасаввур қилиб кўрайлик. Ҳар йили юзта муаллифнинг энг камида ­ҳайъат аъзолари томонидан ўқилиши, қанчалар ғайриоддий туюлмасин, ўйлаб кўрайлик. Аммо бу мукофот бир ижодкорнинг бутун ижодига нисбатан эътирофдир. Демакки баҳоловчиларнинг ўқийдиган китоблари номзодлар камайган сари кўпаяверади. Биттадан иккита, иккитадан учта, учтадан тўртта...

Улар катта эҳтимоллар билан ҳар йили икки юзтадан китоб ўқийдиган бўлиб чиқишади. Бу китоб­ларнинг жуда оз қисми швед тилида ёзилган, швед тилига таржима қилинган; аксарият қисми инглиз тилида ёзилган, ё инглиз тилига таржима бўлган бўлади. Аммо бизга маълумки, америкалик ва инглиз ёзувчиларининг асарлари яна бош­қа, хусусан француз, немис ва испанчага ҳам ўгирилган бўлади.

Бир нарсани унутмаслигимиз керакки, гап фақат романлар ҳақида эмас! Бу ерда шеърият масаласи ҳам бор. Шеърлар дунёнинг ҳамма ерида ёзилади ва ўша ёзилган шеърларнинг аксарияти Нобел академиясига етиб келмайди. Бундан келиб чиқадики, академия аъзолари ҳар йили жуда тор доирадаги асарларнигина чуқур ўргана оладилар. Йўқ, гап фақат тил ё таржимонлар хусусида кетмаяпти. Ўртада вақт масаласи ҳам бор. Мантиқан улар жаҳоннинг энг етук шоирларини таҳлил қилишлари керак. Яна улар шоирларнинг айнан яратган янгилигига баҳо беришлари ҳам талаб этилади. Янгилик – мана гап қаерда! Мисол учун португал шоирининг яратган ўзгача услуби академиянинг бирон аъзосига хуш келмаслиги, у ҳинд шоирининг шеърларини хуш кўриши мумкин. Бу ерда академикларимизнинг дид борасидаги танловларини ҳам ҳисобга олайлик.

Дид ва савия доимо муаммоли вазиятларни келтириб чиқарган.

Келинг, мантиқан ўйлаб кўрамиз: швед тилининг софлигини сақлаш учун масъул этиб сайланган академиклар, албатта, швед ва швед тилига яқин бўлган тилларни севишади ва ўша тилларни мукаммал ўзлаштиришга тиришишади. Мукофотга номзод бўлган адиблар асарларига ҳам айнан тил приз­маси орқали назар ташлайдилар. Мана муаммо! Нега араб ё форс шоирлари шу кунга қадар Нобель олмаганини тушундингизми энди? Швециядагилар дейлик индонез шоирининг шеърларини ё африкан тилида ёзувчи адиб романларини асосан инглиз тилида ўқийдилар. Табиийки, таржимада асар оз бўлса-да, ўз тароватини йўқотади, таржимон томонидан нималардир қўшиб юборилади. Бу ҳам майли, аммо миллат ва миллий қарашлар, муайян бир халқ манфаат­лари ётади. Ахир швед академияси бисотига фақат космополистик (бутунжаҳон миқёсидаги) ижод намуналаригина келиб тушмайди-ку? Агар шу нарсаларга ақл кўзи билан қараганларида, улар хато қилмаган ва халқаро танқидларга дучор бўлмаган бўлардилар.

Энди яна бир бор тасаввурни ишлатиб ўйлаб кўрайлик-чи, биз умр бўйи неча марта бир соҳа бўйича хато қилишимиз мумкин? Қизиқ, академиядагилар шу кунга қадар неча марта хато қилишган экан-а? Улар адабиётни бутунжаҳон миқёсида холис баҳолай олдиларми?

Шахсан мен учун академия фао­лиятининг энг чиркин даври бу академиянинг шарқий мамлакатлар адабиётига мансуб бўлимидагиларнинг ёппасига истеъфо беришлари ва бу ҳам етмагандек, шимолий Америкадаги диктатурага қарши курашаётган эрксевар адибларни умрбод халқаро мукофотлардан маҳрум этиб, Италия бош вазири Берлусконининг адолатсиз сиёсатига хайрихоҳлик қилувчи италян драматурги Дарио Фога Нобельни топширган пайтларига тўғри келади. Агар вазият шу йўсинда таранглашиб бораверса, Академия мукофотни аслида сиёсий қўғирчоқ эканлигини ошкор этиб қўяди. Эҳтиёт бўлиш керак, ахир!

Бундан ташқари яна савол туғилади: нега турли нотинч ҳудудлар (Тибет, Чеченис­тон, Афғонистон)нинг ўз таниқли ёзувчи-шоирлари йўқ? Наҳот мазкур мамлакатлар халқи ичидан биронта адолат талаб қилиб чиқувчи истеъдод топилмаса? Йўқ, мен улар ҳам Нобель олишсин, демаяп­ман. Шунчаки, мукофотга қўйилган номзодлар ичида бирон марта АҚШ ё бошқа гигант давлат тазйиқи остидаги мамлакат адибларининг номларини кўрмаганман. Аслини олганда, бу ҳам катта муаммо.

Нобельнинг бошида турганлар ҳам баъзан очиқча инсофсизлик қилиб туришади. Буни шартли равишда “сиёсий қитмирлик” деб аташ ҳам мумкин. Масалан, 2004 йилда Нобелга лойиқ кўрилган авс­триялик феминист адиба Элфрида Елинекнинг мукофот тарихини олсак. Бир қарашда бу тўғри танловдек кўриниши мумкин, аммо аслида-чи? Маълумки, Елинек насри жуда оғир, камига унда ахлоқсиз саҳналар ҳаддан ташқари кўплиги учун умуммиллий қолипларга солиб бўлмайди. Шу сабаб у ҳеч қачон Англия ё Франциянинг бирон халқаро адабий мукофотини ололмаган бўларди, аммо ҳеч ким кутмаган бир пайтда унга Нобель мукофоти тақдим қилинди. Буни қандай тушуниш мумкин? Ахир бу Шарқ у ёқда турсин, ҳатто Ғарб эстетикасига ҳам тўғри келмайди-ку? Унга мукофотни олиб келган “Ҳирс” номли романини маданиятли одамман, дегани ўқий олмайди. Елинекдан кейинги танқид-у эътирозлардан сўнг академия ўзини бироз “йиғиштириб олди”. Тавба дейман. Академия аъзолари мазкур романни чиндан ўқиганмикан? Чиндан қизиқ ҳолат. Бояги “ўзини йиғиштириб олиш” ҳолатини биз мукофотнинг дунё адабиётида чиндан ўз ўрни ва услубига эга, асарларида ҳам ахлоқий нормалардан у қадар узоқлашмаган перулик Марио Варгас Льоса ва Ҳаролд Пинтерга берилиши билан изоҳлаймиз.

Шундай воқелардан кейин, бугунги “акдемия ичра тинчлик” даврида Нобелнинг бир швед шоирига топширилиши одамга у қадар эриш туюлмайди. Чиндан ҳам Транстрёмер швед халқининг ҳозирда ҳаёт бўлган энг севимли шоири. Академия котиби Петер Энглунднинг бунга доимгидек ўзининг севимли баҳонаси билан изоҳ келтириб шундай деди: Транстрёмер поэзияси ўзининг соф ва нозиклиги билан бошқалардан ажралиб туради. У швед шеъриятини ўз назми билан бир поғона кўтариб қўя олган шоир!

Бутун академия аъзолари ушбу истеъдодли шоирнинг ижод намуналарини соф швед тилида ҳеч бўлмаса бир неча соат ўтириб ўқишган, деган умидимиз ҳам йўқ эмас... Энг қизиғи, мукофот пули ҳам Швециянинг ўзида қоладиган бўлди.

Аммо масалага мантиқий кўз билан қаралганда, нима учун академияда бирон бошқа миллат вакили йўқ эканлиги бизни ажаблантиради. Ахир бу очиқчасига миллатчилик-ку? Улар қандай қилиб фақат швед ўлароқ бутун олам адабиётига бўйламоқчи бўляптилар? Мазкур саволларга тўлиқ ва ишонарли жавобни берган одам даҳо ёлғончи, унга ишонган одам ўта даражада лақма бўлиши керак. Транстрёмернинг гениал шоирлиги ва унга қадар бўлган лауреатлар (баъзиларини ҳисобга олмаганда) нинг етук ижодкор бўлганликларига шубҳамиз йўқ, аммо ишонамизки, адабиёт фақат улар билан чекланмайди. Нобелни жаҳон адабиётининг бош мезони, деб ўйлаш ҳам соғ одамнинг иши эмас.

Менинг айтар гапим шу эди.

Тим ПАРКС,

Инглиз ёзувчиси


Инглиз тилидан Зулхумор ОРИФЖОНОВА таржимаси

www.nybooks.com сайтидан олинди