“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 49 марта кўрилган.

Сувайдога мактублар (асардан парча)

Меҳмет Нури ПАРМАҚСИЗ

Турк шоири

Кўшкимнинг номи хузун,

Манзилидир ёлғизлик.

Кўчалардан қўл-оёқ тортилган. Миямга ҳамла қилаётган фикрлардан юзага келган уйғунлик мени хотиралар денгизига ғарқ бўлишимга мажбур этса-да, афсусларга тўла ўтмишимдан қочишга илтилмоқдаман. Каффоратини аввалроқ тўлаб улгурганим хотиралар ортимдан қолмайди. Бу оламда тараддуддан қутулмоқнинг ягона чораси ўлим уйқусига чўммоқдами?

Кеча кечқурун ётишдан: “Энди ҳақиқий ишқни тараннум этмоқни истайман,” – дея қилган илтижомнинг бир кундан сўнг рўёбга чиқишига шоҳидманми? Каромат деганлари таваккул билан шунчалик ошноми? Биринчи кўришдаёқ уйғонган муҳаббат мен сира ишонмаган сархушлик бўлса, ҳозир менда рўй бераётган бу ҳолат имтиҳонми? Унда руҳимни титратгудек қувватли даражадаги жумбоқнинг сири ишқми?

Жангдан қочиб бўлмайди. Қўрқоқлик жоҳилларга ва ўзига ишончи йўқларга хос хислатдир. Изламоқ ва топмоқ, ишқ ичра ғойиб бўлмоқ аслингга қайтмоқдир. Зулматни мағлуб қиладиган зиёнинг музаффар ҳолати. Мафтун бўлган кўнгилни қўрқитадиган ягона нарса ҳижрон деган ўлкага қамалмоқдир. Шундай бўлса, сукут ичра ҳибсга олинган шахсиятимнинг занжирини фақатгина висол шамоллари парчалай олади. Шунинг учун ҳам, излашларим руҳан яқин шеригимни топганимдагина якунига етиши мумкин.

* * *

Сувайдони билмаган:

“Мажнун бўлдим,” – дер қандоқ?

Исмингни ахтарарканман, ўқиган китобларимдан бири бу уч қувватдан иккиси ҳамиша ҳарб ҳолатида “кўнгил” қалъасига эга чиқиш учун тортишишни ва ғолиб бўлгани қалбни, шу орқали инсонни бошқариши ҳақида баён қилади. Кўнглим баъзан ақл, баъзида эса нафсим томонидан юритилаётганини сезаман. Қалбимни қуршов ичра ҳис этишим ўзимни гуноҳкордек ҳисоблашимга сабаб эса-да, айбдорлигимни исботлай олиш ва Сенга етишмоқ учун қодир бўлмоғим лозимлигини биламан. Луғатларни титкилаб, шеърларга шўнғийман ва инсоннинг кўнгли билан боғлиқ ҳамма нарсани ўқиб тушунишга интиламан. “Кўнгилнинг ўртасида нима бор?” – дея ўйларканман, қалбимда оғриқ туради.

Чорасиз ҳолда номаълум макондан иноят кутарканман, онгимда чақмоқ ярқ этади ва Сенинг номинг билан алоқадор саволга жавоб топаман. Сен кўнглим ичидасан; бир нуқтасан. Зоҳир бўлиб турган жойинг ўша ер; Сен оша қора нуқтасан. Номинг нима бўлса бўлсин, энди мен учун Сувайдосан.

* * *

Ёнғиним бўлсанг-да Сен,

Оташингда музлайман!

Тўрт мавсумнинг номини ўзгартирсам, барчасига бир йўла Сувайдо исмини берсам ва ҳар нафасда Сени ҳаводек симирсам, таърифи имконсиз саодатдан сармаст ҳолда жами булбулларнинг хушовози сасимда, бор ошиқларнинг севгиси юрагимда тўпланади. Ва биласанми, Сен учун басталаган муҳаббатим куйини бутун коинот жон қулоғи билан тинглайди.

Сувайдо, Сени кўрган лаҳзамдан эътиборан севги денгизининг қаърига чўкиб кетган чиғаноқдирман. Ишқ ёмғири ҳар доим ҳам ёғавермайди, севгилим. Оғзимни очган кўйи Сен муҳаббат денгизига қайтар лаҳзангни кутаман. Бир томчи ҳолида ишқ денгизига тушиб келганинг замон у тамоман сокинлашади. Мен кун сайин ортиб бораётган иштиёқ сабаб ҳар нафасда кўринишидан жуда кичик, аммо кўлами ақлга сиғмас даражада кенг бўлган кўнглим билан Сен ва ташрифинг ҳақида ўй сураман. Менинг вазифам муҳаббатим ила Сени ҳамиша ёритмоқ ва коинотнинг энг нодир марвариди ҳолига келтирмоқдир. Зотан, Сендан таралган зиё барчани бирдек сўқир қилар ҳолатда таъсирлидир.

Сувайдо, мен сени кўролмаётган, овозинг­ни эшитолмаётган эсам-да, қайсидир китобда мавжуд бўлсанг-да, майли. Мен Сени ифорингдан, таърифи топилмас бир ҳолат ила юрак зарбингдан таниб оламан. Чунки , Сен менинг руҳан яқин шеригимсан ва юракларимиз сонияма-сония ўзаро мутаносиб тарзда уради.

Ёнғиним бўлсанг, ҳатто,

                оташингда музларман,

Яшринма жимлик ичра, кутмоқ,

                зотан, ўлимдир.

Турк тилидан

Алишер ТУРСУНОВ таржимаси