“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 50 марта кўрилган.

Қувончли бир соат (Ҳикоя)

Кейт ЧОПИН,

инглиз адибаси

Қувончли бир соат (Ҳикоя)

Мисис Малерднинг юрак хасталигидан қийналиб юришини билган ҳолда унга эрининг вафоти ҳақидаги хабарни етказиш осон иш эмас. Аммо синглиси Жозефин буни қанчалар эҳтиёткорлик билан, опасини авайлашга уриниб, сўзларини асл ҳақиқатдан олиб қочиб, уни беркитишга уринганча маълум қилган бўлса ҳам, бу мудҳиш хабарнинг даҳшатини заррача камайтира олмади. Ўша дам опа-сингилнинг олдида бўлган эрининг дўсти Ричард эса бу темирйўл ҳалокати тўғрисида ва унда қурбон бўлганлар рўйхатининг бошида Брентли Малерднинг исми ёзилганини газета таҳририятида ўқиган эди. Лекин у ҳам бунга иккинчи телеграммадан кейингина ишонди ва қайғули ҳодисани дўстининг рафиқасига билдириш учун бироз эҳтиётсизлик ва анчайин қаҳри қаттиқлик билан шошиб келганди.

Бундай мусибатдан эс-ҳушини йўқота ёзган бошқа аёллар сингари Малерд хоним ҳам унинг моҳиятини тўлиқ англашга мажоли етмай, гандираклаб қолди. Синглисининг қўлларига осилганча, ҳўнграб йиғлаб юборди. Ғам-андуҳ бўронида ўзини йўқотиб қўйган аёл хонасига қамалиб олди. Ҳеч кимни ёнига киритмади ва эшитишдан бош тортди.

Хонадаги очиқ дераза қаршисига қўйилган курси олдига келди. Аввал бутун танасини, аста-секин руҳиятини қамал қилаётган англаб бўлмас зулмат кучи уни курсига ғарқ этди. Дераза оша ҳовлисига юзма-юзмайдон атрофидаги дарахтларга, уларнинг учларида эндигина кўз очаётган баҳорий куртакларга маъюс нигоҳ ташлади. Сал олдин ёғиб ўтган ёмғирнинг муаттар бўйи худди қимматбаҳо фаранг атири каби димоққа уриларди. Сал пастроқдаги кўчадан турли-туман молларини орқалаб олган уйма-уй юриб савдо қилувчи таниш савдогар кетиб борарди. Олисдан кимнингдир ҳазин хиргойиси ғира-шира қулоққа чалиниб, тинимсиз чуғурлашаётган чумчуқларнинг шовқини билан уйғунлашиб кетарди. Худди мовий денгизда сузган кема каби зангори кўк бағрида кезиб юрган булутлар гўё деразаси олдида кўланка солаётгандек йиғилишарди.

Хоним эса бошини курси суянчиғига ташлаганча, ҳиссиз ўтирар, ҳатто киприк қоқишни ҳам унутиб қўйганди. Шу пайт бўғзига кучли бир йиғи тиқилиб келди ва уни қўрқинчли тушдан йиғлаб уйғонган бола каби ҳўнграб юборишга мажбур этди.

Малерд хоним ҳали анчайин ёш бўлиб, сутдай оппоқ ва ҳамиша хотиржам қиёфадаги юзи унинг ички дунёсига кўзгу тутиб турарди. Аммо ҳозир унинг кўзларида ғамдан абгор бўлган қараш намоён ва бу нигоҳлар ўша кўланка солаётган булутларга қадалган. Уларда мулоҳаза амри эмас, балки ақл ва фикр юритишдан йироқлашиш устунлик қилиб турарди.

Хонимнинг хаёлида нимадир тинимсиз чарх уриб айланар, у эса бунинг нималигини англаш учун қўрқув билан кутарди. Нима бўлди экан бу? Қандай аташни ҳам билмайди, наҳотки бу мужмал ва ҳеч бир шаклга сиғмайдиган кечинмаларни номлаш шунчалар мушкул! Аммо осмон бағрида сузиб, ҳаводаги ҳидлар, ранглар ва ҳатто товушлар орқали у томон яқинлашаётган бу сирли ҳисни туйиб турарди. Ҳозир кўксида бир нима бесаранжомланди, ҳаяжонли энтикди. Бутун онг-у шуурини маҳв этаётган бу ғаройиботни таний бошлади ва шу заҳотиёқ уни ўзидан қувишга, ундан халос бўлишга интилди. У тинимсиз ўзини қўлга олишга ҳаракат қилар, титроқ лаблари билан эса “эркин, эркин, эркин!” дея пичирларди. Кўзларида маъносизлик ва қўрқув намоён бўлар, улар борган сари ўткир ва ёрқин тус оларди. Томирларидаги қон тезлашиб, тобора қизиб борар ва у вужудининг ҳар бир нуқтасида буни ҳис этарди. Ўзини чулғаб олаётган қўрқинчли қувончнинг сабабини излашдан тўхтай олмасди. Яхшиямки вақтида эс-ҳушини йиғиб олди, ўз ўрнига қайтиб тиниқлашаётган ақли унга бу каби аҳмоқона хаёллардан воз кечишга ёрдам берди.

Ҳозир у марҳумнинг ўлимни қарши олиб, кўксида йиғилиб турган меҳрибон ва мулойим қўлларини, ўзига нисбатан ҳеч қачон муҳаббат аксланмаган юзини кўрганида кўз ёшини тўхтата олмаслигини билади. Аммо бу андуҳли дақиқалар ортида уни узоқ танҳолик йиллари қаршилашга тайёр эканини ҳам кўриб турарди ва уларга пешвоз чиққан каби қўлларини очиб, кенг ёйди. Олдиндаги бу йилларда унинг учун яшайдиган биров йўқ, у ҳам энди ўзи учун яшайди. Аксарият эркаклар ва аёллар ўз ҳамроҳларига шахсий хоҳиш-истакларини айтишга ҳақлари бор, деб билишади, бироқ унда ҳам бўлган бу кўр-кўрона қатъийликнинг энди ҳеч қандай кучи йўқ.

У эрини севади – баъзида! Аслида эса йўқ. Бунинг нима аҳамияти бор? Муҳаббат нима ҳам қила оларди, ечилмаган жумбоқ. У ўзида тўсатдан ички турткининг кучини сезиб қолди.

– Эркин! Вужуд ҳам руҳ ҳам энди озод! – оҳиста пичирлади хоним.

Синглиси Жозефин эса эшик олдида чўккалаб, калит кирадиган туйнукка лабларини яқинлаштирганча, опасига ёлворарди:

– Луиза, илтимос, эшикни оч! Ўтинаман, ундай қилма, ўзингни касал қилиб қўясан. Нима қиляпсан, Луиза? Худо ҳаққи, эшикни оч!

– Кет! Ҳеч кимни кўришни истамайман. Йўқ! – айни дам у очиқ деразага юзини тутганча, гўё оби ҳаётга қонаётгандек турарди. Бошида гир айланаётган кунлар хаёли уни асир этганди. Баҳор кунлари, ёз кунлари, хуллас, олдинда фақат ўзиники бўладиган барча кунлар! У ҳаёт узун бўлишини тилаб нафас оларди. Ҳаёт узунлигини ўйлаб қўрқувга тушганлари кеча эди, у эса ўтмишга айланди. Синглисининг жаврашраларидан безиб эшикни очди. Хонимнинг кўзларида ҳаяжонли зафар ифодаси балқир, ўзини ғалаба маъбудасидек ҳис этарди. У синглисининг билагидан қаттиқ тутганча, биргаликда пиллапоялардан тушиб келишарди. Пастда эса уларни Ричард кутиб тараддудланарди.

Шу пайт кимдир кириш эшигига калит солиб, уни очди ва ичкарига кирди. Бу қўлида сафар сумкаси ва соябонини тутиб олган Брентли Малерд эди. У ҳалокатдан олисда бўлиб, ҳатто у ерда нима бўлганидан ҳам хабарсиз эди. Жаноб Жозефиннинг фарёдли йиғисидан ва Ричарднинг уни хотинининг кўзидан пана қилишга уриниб, тартибсизланиб қолганидан ҳайратда донг қотганди. Бироқ Ричард кеч қолди.

Шифокорлар етиб келишганда эса хонимнинг юрак касаллигидан – қувончдан вафот этганини маълум қилишди.

Инглиз тилидан

Мукаррам ОТАМУРОДОВА таржимаси