“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 55 марта кўрилган.

Унутилган китоблар қабристони (ҳикоя)

Карлос Руиз ЗАФОН,

испан адиби

(“ШАМОЛ ТАЪҚИБИ” туркумидан)

Унутилган китоблар қабристони

Дадам мени илк маротаба Унутилган Китоблар қабристонига олиб борган кунни ҳали-хануз яхши эслайман. 1945 йилнинг илк ёз кунлари эди ва биз кулранг осмон остида ястаниб ётган Барселона кўчалари бўйлаб юриб борардик. Тонг эса Рамла де Санта Моникани мис гулчамбарларига ўраб қўйгандек эди, гўё.

“Даниел, бугун кўрадиган нарсангнинг нималигини ҳеч кимга айтмаслигинг керак, дадам мени огоҳлантирди. – Ҳаттоки яқин дўстинг Томасга ҳам. Ҳеч кимга.”

– Ҳатто ойимга ҳамми?

Дадам чуқур тин олди ва бутун ҳаётига соя солиб турган аламни ғамгин бир табассум ортига беркитишга уринаркан, оғир хўрсиниб қўйди.

– Албатта, унга айтишинг мумкин, жавоб берди у жуда ғамгин ҳолда. Биз ундан сир яширмаймиз. Сен унга ҳамма нарсани айтишинг мумкин.

Фуқаролар урушидан қисқа вақт ўтиб, мудҳиш вабо мени ойимдан жудо қилди. Биз уни менинг тўртинчи туғилган кунимда Монтжуикка дафн қилдик. Ўша машъум кунда ёдимда қолган ягона нарса шуки, ўша куни бутун кун-у тун ёмғир ёғишдан тинмади, дадамдан жаннат йиғлаяптими, дада, деб сўраганимда эса у жавоб бера олмади.

 Орадан олти йил ўтиб, ойимнинг йўқлиги мен ҳали ҳам кўника олмаган жуда қаттиқ сукунатга айланиб кетди. Дадам билан биз Келли Санта Амадада, черков муюлишидан унча узоқ бўлмаган камтаргина бир кулбада яшардик. Уйимиз бобомдан қолган коллекционерларнинг ноёб асарлари ва иккинчи қўл китоблари сотиладиган китоб дўкони-мўъжизакор дўконнинг шундоққина тепасида жойлашган бўлиб, дадам бир кун келиб унинг меники бўлишига умид қиларди.

 Мен китоблар билан вояга етдим, саҳифалардан кўринмас дўстлар орттирдим ва бу бугунгача ҳам давом этмоқда. Болаликдан қоронғу ётоғимда уйқуга кетишдан аввал онам билан “суҳбат қуришга”, унга куннинг воқеаларини, мактабдаги саргузаштларимни ва унда ўрганганларимни сўзлаб беришга одатланиб қолдим. Тўғри, унинг овозини эшита олмас эдим, бироқ унинг тафти ва нафаси уйнинг ҳар бир бурчагида мавжуд ва ўз ёшини нозик бармоқчалари билан санаб айтадиганларнинг бегуноҳлиги ҳаққи, ишонардимки, агар ҳозир кўзларимни юмсам, у қаерда бўлмасин, мени эшитади.

Баъзан шундай хаёллар оғушидалигимда, дадам мени ошхонадан тинглаб, жимгина йиғлаган...

Ўша июнь тонгида саҳарга яқин қичқириб уйғониб кетдим. Кўксимдаги юрагим гўё чиқиб кетгудек урарди. Дадам дарҳол хонамга шошилди ва мени қўлларига олиб, тинч­лантиришга уринди.

– Мен... Мен унинг юзини эслай олмаяпман... Ойимнинг юзини эслай олмаяпман... Нафас олмай қайтарардим мен.

 Дадам мени маҳкам бағрига босди.

– Хавотир олма, Даниел. Мен иккимиз учун ҳам эслайман.

Биз тонг ёришгунча бир-биримизга бирор сўз тополмай қараб қолдик. Дадамнинг кексайиб қолаётганини биринчи марта ана ўшанда пайқадим. У ўрнидан туриб, тонг­нинг шуъласи кириб туриши учун пардаларни суриб қўйди.

– Даниел, кийин. Сенга бир нарса кўрсатмоқчиман.

– Ҳозирми? Тонгги соат бешда-я?

– Баъзи нарсаларни фақатгина қоронғуда кўриш мумкин, деди дадам ўзгача бир сирли табассум билан(эҳтимол буни у ўзи ўқиган Александр Дюманинг бирор романидан ўқигандир).

Биз олд эшикдан чиққанимизда, қоровул ҳануз қоронғу кўчада санқиб юрарди. Тонгнинг ғира-ширасида Рамблас бўйлаб кўчаларни ёритган чироқлар шаҳарнинг уйғонганидан дарак эди, бу гўё жозибадор акварелнинг ҳаётга секин кириб келишига ўхшайди.

Калли Арко дел Театрога етиб бордик ва устунлар бўйлаб Равал томон юришда давом этдик. Мен дадамнинг изидан то ортимиздаги Рамбласнинг хира чироқлари ғойиб бўлгунига қадар эргашиб боравердим. Тонг ёруғи уфқдан балконларга ва ерга етмай эриб кетаётган қия нурлар ичидаги деворларга тарқалди. Ниҳоят, дадам вақт ва намлик қорайтирган, ёғочдан ишланган улкан ўйма эшик олдида тўхтади. Бизлардан олдин кўзимга шарпаси кўринган нарса бу қасрнинг жонсиз жасади бўлиб, у менга акс-садолар ва кўланкалар макони бўлиб туюлди.

“Даниел, бугун сен кўрадиган нарсанинг нима эканини ҳеч кимга айтмаслигинг керак. Ҳатто энг яқин дўстинг Томасга ҳам. Ҳеч кимга”.

Кичикдан келган, сийрак, кулранг сочли тасқара бир киши эшикни очди. Унинг киши дош бериб бўлмас бургут қараши менга қадалган эди.

“Хайрли тонг, Исаак. Бу менинг ўғлим, Даниел”, таъкидлади дадам. “У яқинда ўн бир ёшга тўлади ва кун келиб дўкон уники бўлади. Унинг бу жой ҳақида биладиган вақти келди”.

Исаак номли киши бошини сарак сарак қилди ва бизни ичкарига таклиф этди. Кўк рангли кишининг таъбини хира қилгувчи қоронғуликдан мармар зинанинг бурилишларига ва у ердан фаришталар билан ўралган одамлар ва турли ғаройиб мавжудотлар фресколари билан безатилган галереяга ўтдик. Мезбоннинг ортидан юқори йўлка томон юрдик ва тепамиздаги улкан шиша гумбаздан ёруғлик тушиб турувчи кўланкалар базилкаси жойлашган айлана залга етиб бордик. Йўлаклар лабиринти ва лиқ тўла китобжавонлардан худди асалари уясига ўхшаш гумбазнинг юқори қисмига кўтарилдик, тунеллардан, зинапоялардан, платформалардан, кўприклардан ўтиб, имкони йўқ геометрия бўлиб кўринган улкан кутубхонага етиб бордик. Мен тошдай қотиб, дадамга қарадим. У менга жилмаяр экан, кўзини қисиб қўйди.

“Унутилган Китоблар Қабристонига хуш келибсан, Даниел”.

Инглиз тилидан Мафтуна Раимқулова таржимаси