“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 106 марта кўрилган.

Хуан Рамон Хименес билан суҳбат

Хуан Рамон Хименес

Испан шоири. Нобель мукофоти соҳиби

Ёзаётганимда ўзимни танимай қоламан

– Сеньор Хименес, сиз испан шоирлари ичида халқаро эътироф­га энг кўп сазовор шоирсиз. Бунинг сабаби нима, деб ўйлайсиз?

– Нега бундай деб ўйлаяпсиз, тушунмадим. Федерико Гарсиа Лорка, Антонио Мачадо кабиларни менимча, дунё кўпроқ танийди. Бундан ташқари мен шеърларимни айнан бировга ёқиш учун ёзмайман. Шеър – қалб қаъридан келган садо бўлмоғи керак, назаримда. Рост, жаҳонда озми-кўпми ўқувчиларим бор ва бу мени доим хурсанд қилган. Аммо унутмангки, шоир зоти аввало ўз халқи орасида шуҳрат топмоғи, керак. Шуҳрат топиш деганда мен фақат шоирни халқ томонидан бошга кўтарилиши эмас, балки унинг шеърларини чин маънода ҳис қилиниши ва англанган ҳолда ўқилишини назарда тутаяпман. Дунёдаги обрўйимга келсак, бу учун аввало, ўз таржимонларимдан миннатдор бўлмоғим керак. Чунки таржимонларим мени дунё билан таништирди.

– Шу ўринда таржимонлар ҳақида ҳам фикрингизни айтиб ўтсангиз. Нима деб ўйлайсиз, шеърни бор бўйи, салобати-ю таровати билан таржима қилиб бўладими?

– Иккита бир хил одам бўлмаганидек, иккита бир хил шеър ҳам бўлмайди. Баъзан бундай бўлиши ижобий ҳолатни келтириб чиқаради. Биласизми, бир марта мен Консуэл Терръера таржимасида француз шоири Теофиль Готъенинг туркум шеърларини ўқиб жуда қаттиқ ҳайратлангандим. Улар худди испан тилида ёзилгандай эди. Шу сабаб Готъенинг шеърларини французчада ўқишга киришдим. Ўшанда қизиқ воқеа рўй берди. Мен бирдан Терръеранинг таржимаси Готъенинг аслиятдаги шеъридан кўра анча кучлироқ эканини англадим. Тушуняпсизми, таржимон шеърни аслиятдагидан кўра гўзалроқ қилиб ўгирганди. Баъзан шундай ҳодисалар ҳам бўлиб туради. Шеърни ўзга тилга ўзидек қилиб ўгириш осон иш эмас. Аммо сен тил билиб, камига яхшигина шоир ва таржимага уқувли бўлатуриб ўзинг завқ олган нарсани бошқалар билан бўлишмаслигинг гуноҳ-ку. Шахсан мен шундай фикрдаман. Шеърларни таржима қилиш керак. Фақат таржимон ўзини асар муаллифидек масъулиятли ва виждони уйғоқ ҳолда таржима қилмоғи даркор.

– Шеърларингизда ифода қилинувчи содда манзаралар замирида ўта оғир мънолар ётади. Сиз мана шу маъноларни қандай қилиб усталик билан яшира олгансиз? Бунинг сабаби нима?

– Билмадим... одамлар ўз руҳиятини тушуниш учун руҳшуносларга мурожаат қиладиган замонда яшаётган эканмиз, демак биз ҳам шеърларим қандай ҳолатда ёзилганининг тагига етмоқ учун профессионал адабиётшуносларимизга юзланмоғимиз керакдир, балки? Мен ёзаётганимда ичимдан чиққан нарсани оққа кўчираман. Қолгани менга қоронғу. Уни услубий-назарий жиҳатдан ишлайман, албатта. Аммо биласизми...шеър қоралаётганда мен бошқа одамга айланаман ва ёзаётганимда ўзимни танимай қоламан.

– Демак, шеър ёзиш чиндан-да илоҳий жараён экан-да?

– Бўлса бордир. Мен назариётчи эмасман. Мен шоирман ва шеър ёзаман. Уни таҳлил қилиб бериш учун эса мунаққидларимиз етарли. Илоҳий жараёнга келсак, у ҳам шайтоний ва раҳмонийга бўлинади. Баъзан ўта гўзал, аммо бутун туришидан мурда иси келиб турувчи шеърларга кўзим тушади. Баъзан ўзи оддийгина, бироқ ўз ичига кўплаб муқаддас жавоҳиротларни пинҳон айлаган битикларни ўқиб қоламан. Буюкларимиз Данте, Гёте, Шиллер, Боттичелли, Мачадо...буларнинг бари менимча раҳмоний туйғулар мавжи ичра адл туриб ижод қилишган. Уларнинг ижоди менга қаттиқ таъсир қилгани учун мен ҳам соддалик ва тиниқликка интилдим. Бунинг уддасидан қай даражада чиқдим, билмайману, аммо иблисона шеърлар ёзмадим, деган умиддаман. Ўтлаб кетдим шекилли. Саволингизга жавобим шуки, Ижод чинданда илоҳий иш, аммо ҳар бир битик ҳам ижод ҳосиласи бўлавермайди. Улар ҳар доим ҳар ерда камёбдир.

– Илк шеърий тўпламингиз “Бинафша қалби”нинг биринчи нашридан эллик етти йил ўтди. Бу-ку аниқ гап, бироқ шу ўтган ярим аср мобайнидаги ижодингиз орасида “Бинафша қалби”дан қай даражада узоқлашдингиз? Ахир услублар ўзгарган-ку.

– Рост, “Бинафша қалби” босмадан чиққанида қанчалар қувонган бўлсам, ундан бир неча йил ўтгач шунча уялганман. Кейин билсам, бу жуда кўп ижодкорларда бўладиган ҳодиса экан. Мен шуни назарда тутаяпманки, аксар шоирлар ўзларининг илк тўпламларидан уялишаркан. Тўғриси, “Бинафша қалби”дан кейин нима ўзгарган бўлса фақат менинг руҳиятим, ботиним ва онгу-шууримнинг турли эврилишлари ҳисобига ўзгарди. Афсус, ўша тўпламим чиққан вақтда нақадар беғубор эдим... Йўқ, гап фақат ёш бўлганимда эмас, асло. Гап шундаки, мен ўша пайтлардаги софликни, шаффоф оламимни соғинаман. Имкон берилганида эди, мен ўша – никарагуалик буюк шоир Рубен Дарионинг сабоқларини олиб юрган, ёзганларидан кўнгли қурғур ҳеч тўлмаётган ўсмирликка қайтардим яна. Шон-шуҳрат ҳам, бойлик ҳам керак бўлмасди.

– Испан тилида ижод қилувчи Жанубий Америка шоирлари билан азалдан яхши алоқангиз бор. Эътироф этиш жоизки, уларнинг кўпчилиги айнан сизнинг ижодингиздан илҳомланиб Европа авангардини ўрганди ва шу йўналишни халқ оғзаки ижодиётига қориштирган ҳолда доҳиёна асарлар битди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Боя айтганимдек, Никарагуа аталмиш кичик мамлакатнинг катта шоири Рубен Дарио менинг устозим эди. Айнан у менга асл санъат нималигини амалий ва назарий жиҳатдан кўрсатиб беролган. Унинг ижодий ворислари қаторига кирганимдан фахрланаман. Қолган шоирларга келсак, рост, уларнинг ичида ўта кенг кўламли шоирлар жуда кўп. Андреде, Симпрано, Сторни, Борхес уларнинг барчаси ўзга олам. Мендан таъсирланишга келадиган бўлсак, бу ҳақида бир нима дейиш қийин. Мен ҳам кўплардан таъсирланганман ва бу менинг юксалишимда катта роль ўйнаган.

– Теран фикрларингиз ва ажратган вақтингиз учун ташаккур.

 

1957 йил, Пуерто-Рико “Янги оқим” журнали учун.

Рафаель Каннедро суҳбатлашди


Инглиз тилидан Мирзоҳид МУЗАФФАР таржимаси