“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 449 марта кўрилган.

ЧОРБНИНГ ҚАЙТИШИ

Владимир НАБОКОВ,

Рус адиби

 

Эр-хотин Келлерлар театрдан кеч чиқди. Ҳавоси андак рутубатли ва мана, саккиз асрдирки, кўндалангига мавж урмиш кўлда ибодатхона акси жимирлаб турган бу немис шаҳрида Вагнерни совуққонлигу нозик таъб ила ижро этишар, тингловчиларни бурнидан булоқ бўлгунча мусиқага тўйдиришарди. Келлер аёлини театрдан тўғри ўзининг оқ шароби билан маълуму машҳур олифталар қовоқхонасига олиб борди, тунги соат иккидагина ичкариси хира ёритилган автомобиль уларни хилват кўчалар бўйлаб одми ҳовлининг темир дарвозаси тагига ғизиллатиб элтиб қўйди. Президент Крюгерга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган чорпахил, кекса Келлер кўча чироғининг хира нурида япроқларнинг олачалпоқ соя-лари ўйноқлаётган йўлакка ўтди. Чироқ нури бир зумга Келлернинг оҳорланган кўксига, сўнгра шиша мунчоқнинг маржон-маржон нурлари эрининг ортидан автомобилдан тушаётган рафиқасининг бўлиққина оёғига чанг солди. Даҳлизда уларни оқсоч кутиб олди, чопиб келганча, ранги-қути ўчиб Чорбнинг келиб-кетганини пичирлаб айтди. Варвара Климовнанинг лўппи, ҳали ажин ораламаган юзи учди, ҳаяжондан қизариб кетди:

— Чорб уни бетоб дедими?

Оқсоч янада паст товушда пичирлади. Келлер гўштдор кафти билан тукли мовутини силаган бўлди, чуқур ажин тушган, пастки лаблари чўччайган маймунсифат афти тумшайди.

— Эртагача кутолмайман-ку! Ҳозироқ ўша ёққа отланамиз, — бошини сарак-сарак қилганча Варвара Климовна тўнғиллади ва малла, ясама сочини беркитиб турган ҳарир тўрнинг учидан ушлаб турган жойида айланди. — Вой, Худойим-ей... Бекорга бир ойдан бери хат-хабар келмай қўйган экан-да.

Келлер буклама цилиндрини муштуми билан бир уриб тўғрилади-ю, хириллаб русчалади:

— Бу боланинг ақли жо-йидамас. Касал одамни яна ўша жирканч меҳмонхонага олиб боришга қандай ҳадди сиғди-а?..

Аммо улар қизимиз бетоб, дея адашганди. Чорб уни бетоб дейиш осонроқ бўлгани учун шундай йўл тутганди. Аслида Чорб чет элдан ёлғиз қайтган ва хотини ўлганини, нега ёзмаганини тушунтириш лозимлигини энди англаганди. Оғир, жуда оғир. Қайғусини биров билан бўлишмай, унга гард юқтирмай, ёлғиз ўзи ҳасрат чекмоқчи бўлганини қандай тушунтирсин? Хотинининг электр токи зарбидан топган ўлими — кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фавқулодда ҳодиса, бундай пок-беғубор ўлим сира кузатилмаган — энг шаффоф нур таратаётгандай туюлди.

Баҳор кунларининг бирида Ниццадан ўн чақирим беридаги оппоқ ястанган шосседа хотини ҳазил-ҳузул қилиб бўрон ағанатган симёғочнинг ҳали ток узилмаган симини ушлаб олганидан бери бутун дунё Чорб учун бегоналашди, тамом бўлди, ҳатто яқин ўртадаги қишлоққача ўз қўлида кўтариб борган маййит-да ёт-бегона, кераксизга айланди. Жасадни тупроққа қўйиш керак бўлган Ниццада сил касалига йўлиққан пастор1 ўлим тафсилотларини суриштириб беҳуда уринди — Чорб синиққина кулиб қўйди, кун бўйи пляждаги шағалга ўрнашволиб, рангли тошчаларни у кафтидан бу кафтига олиб ўйнаб ўтираверди, кейин дабдурустдан, дафн маросимини ҳам кутмасдан, хотини иккалови тўй саёҳати давомида кўрган-бўлган жойлар орқали Германияга қайтиб кетди.

У доимо эрига ҳамроҳ эди: баланд пошнали этикчаларида чаққон-чаққон қадам ташлар, қўллари дам бута баргини узиб, дам қоядеворни силаб-сийпаб тинч турмас, бу қўллар енгил, ўйноқи, ҳаракатчан эди. Тунлари тоқат қилиб бўлмайди — унинг хаёли ваҳимали тус олаверади; Чорб уч ҳафталик саёҳатда деярли мижжа қоқмади ва эндиликда у билан илк бор учрашиб, бир ёстиққа бош қўйган шаҳарга, бултур кузда иккалови жўнаб кетган вокзалга чарчоқдан гандираклаб кириб келди.

Тор кўчада, шаҳар операси биқинида путурдан кетган, уч қаватли, ножўя ишлар амалга ошириладиган, хоналари бир ҳафтага ҳам, бир соатга ҳам бериладиган, меҳмонхона — сувоқлари кўчиб тушгани боис жўғрофий харитадан фарқи қолмаган, олачалпоқ деразаларидаги докалар йиртилган ва сира қулфланмайдиган, кишибилмас эшикли уй бор эди. Рангпар, бетакаллуф югурдак Чорбни иланг-биланг, зах ва карам ҳиди анқиб турган даҳлиздан эргаштирди. Чорб унинг ортидан хонага кирганда, хотини билан илк тунни бирга ўтказган ҳужрани дарров таниди. Ўшанда хотинига ҳаммаси қизиқ туюлганди. Варвара Климовна эса яқин дугоналарини иккита-иккитадан олиб янги келин-куёвга аталган ётоқхонани кўрсатишга етакларди — меҳри товланиб-пичирлаб, филдай-филдай пар-тўшакларни, апельсин рангларни, готик услубдаги ҳарфлар билан: «Ўла-ўлгунча биргамиз», деб битилган гилам ёнига турган катак-катак ҳамда қизил попукли икки жуфт мўъжаз тунги туфлиларни қўлини бигиз қилиб кўрсатарди. Кейин ҳамма дастурхонга юзланди. Чорб эса рафиқаси билан оний фурсатда тил бириктириб, орқа эшикдан жуфтакни ростлаб қолди ва эртасига тонгдагина, экспресс жўнаб кетишидан ярим соат бурун, лаш-лушларини олгани уйга кириб келди. Варвара Климовна тун узоғи ҳўнграб чиқди; қашшоқ мусофир ва адабиётчи Чорб унинг учун шубҳали нусха бўлган қайнотаси эса қизининг танловини, шаробга кетган харажатни, қўлини бурнига тиқиб қолаверган полицияни лаънатларди...

Тун парвонаси ўзини жаранглатиб чироққа урди. Чорб ҳам ўзини эшикка уриб, ташқарилади. Хотинининг қизлик уйи рўпарасида терак қуриб борар, барглари уруғи кўринадиган оқ узум тусида эди. Панжара ортида қайин танаси лип-лип кўзга ташланади — гўё қалин печак ғилофига ўранган — Чорб Россияда қайинларга печаклар чанг солмаслигини айтганди, хотини эса қайин баргларининг сарғиш ранги дазмолланган чойшабда қолган занг доғини эслатади, деганди. Йўлак четларида эман ва каштанлар турнақатор тизилган эди...

Ҳозир эса тунда ҳурпак каштанлар ҳашамат бериб турган бу кўчани аранг таниди. Шохдевор ортида таниш уй кўринди. Битта дераза ланг очилган, чироғи ёниқ экан. Оқсоч оёғини кериб оппоқ чойшабни ёяётибди. Чорб уни чақирди. Оқсоч шоша-пиша пешвоз чиқди. Варвара Климовнага айтганидай, гарчи боғ эшигини дарров очиб қўйган эса-да, Чорб йўлакда мум тишлаб тураверди. «Ялангбош эди, — деб гапириб берди оқсоч кейинроқ бекасига, — фонарь ёруғи пешонасига тушиб турарди, пешанасида реза-реза тер, сочлари ёпишиб қолган. Сизларни театрда, дедим ва нега бир ўзи келганини сўрадим. Кўзлари совуқ йилтилларди, соқоли ўсиб кетган. У секингина: «Қизлари бетоб эканини айтиб қўйинг», деди. Мен: «Қаерга жойлашдингиз?» деб сўрадим. У: «Ўша-ўша жойда», деди, кейин қўшиб қўйди: «Барибир эмасми? Эртага эрталаб кириб ўтаман». Мен кутиб туришни таклиф қилдим, лекин у миқ этмади, бурилди-да, кетиб қолди».

Шу тарзда Чорб ўзининг хотиралари ибтидосига қайт-ганди. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам оғир, ҳам ширин синов эди. Мана, синов ҳам охирлаб қолди. Эр-хотинликнинг биринчи тунини ўтказишган ҳужрада бир оқшом ўтириб чиқса бўлгани, эртага эса синов ортда қолади ва марҳуманинг сиймоси тўла-тўкис қайта тикланади.

Хиёбондан меҳмонхонага қайтаркан, ўриндиқларда ғира-шира шарпаларни кўриб, туйқус англадики, қаттиқ чарчаганига қарамай, яланғоч лампочкали хонада бир ўзи ухлолмайди. Майдондан катта кўчага ўтди. Энди у нима қилишни билади. Аммо узоқ излади: шаҳар тинч-осуда, маъсум уй-қуда — муҳаббат деганлари пулга чақиладиган махфий тор кўча Чорбга номаълум эди. Товонлари зирқираб, қулоқлари шанғиллаб бир соат бесамар сандироқлаганидан сўнг тасодифан ўша кўчага кириб қолди ва ўзига чорлаган аёлнинг олдига дарров бора қолди.

Аёл бошини бир томонга қийшайтириб, сумкасини ликиллатиб: «Йигирма бешта бўлади», — деди.

Чорб бош ирғади. Кейинроқ унга разм солиб, гарчи ҳорғин кўринса-да, аёлнинг чакки эмаслигини, сочлари оқ-сариқ, чиройли турмакланганини пайқади.

Чорб аёлни жимгина хонасига етаклаб олиб кирди. Аёл ундан:

— Хамир учидан патир нима бўлади? — деб сўради.

Карахт ва паришонхотир Чорб унга бақрайиб, гап нимадалигини аранг англади.

Аёл пулни олиб, жо-бажо қилиб сумкасига солди ва енгил хўрсиниб қўйди. У кўз қири билан Чорбга назар ташлади ва ғамгинлигидан озроқ ҳайрон бўлди. Чорб тезгина ўзини диванга таппа ташлаб, деворга ўгирилиб олди.

«Бу қилиғи, афтидан, ноз-фироғи бўлса керак», — деб ўйлади аёл. Чорб аллақачон қотиб ухларди.

Аёл хонани кезинишга тушди. Дераза тагидаги сандиқнинг қопқоғи очиқлигини кўриб, чўккалади ва бир чеккадан титишга тушди. Қўлига аёл кишининг кўйлаги, пайпоғи, шойи латта-путталар илинди. Ҳиди бирам ёқимлики. Аёлнинг юраги орзиқиб кетди.

Аёл бир соатдан камроқ ухлади: аянчли қичқириқдан уйғониб кетди. Бақирган Чорб эди. У ярим тунда уй-ғониб, ёнбошига қараганди, ёнида ётган хотинни кўрдию чинқириб юборди. Аёл титраб-қақшаб чироқни ёққанида, Чорб чойшабга ўралашиб, деворга тиралиб ўтирарди. Юзини беркитиб олган панжалари орасидан битта кўзининг телбавор ёнгани кўринди. Кейин юзини очди-ю, аста-секин аёлни таниди.

Чорб енгил тортди. Тушундики, оғир синов ўтиб кетди. Кушеткага ўтиб ётди. Бундан ваҳимаси ошган аёл пойабзалининг тасмасини тақиб, шляпасини бошига илди.

Шу маҳал даҳлизда қадам товушлари эшитилди.

Югурдакнинг зорланган, умидсиз овози келди:

— Лекин у киши хоним билан, ахир...

Дарғазаб бўғиқ овоз ўзиникида туриб олди:

— Мен сизга нима деяпман, у — менинг қизим.

Қадам товушлари эшик тагида тинди. Кейин эшик тақиллади. Шунда аёл столдан сумкасини олиб, шахт билан эшикни очди. Қаршисида оғзи ланг очилган кекса жаноб турарди, орқасида тўладан келган, йиғлайвериб шишиб кетган, бошига ҳарир тўр ташлаб олган, ёши ўтиб қолган хоним мўраларди. Хонимнинг ортида эса ранги докадай оқариб кетган, кўзлари аланг-жаланг калтабақай югурдак оёқ учида туриб, аёлни имлади. Аёл унинг имосини тушуниб, даҳлизга лип этиб ўтди. Тонг қотган кекса жаноб аёлга бошини бурди, сўнгра ёнидаги хоним билан ичкарилади. Эшик ёпилди. Аёл билан югурдак эса бир-бирига қўрқиб қарашди ва энгашиб, эшикка қулоқ тутишди. Аммо ичкари жимжит эди. Ичкарида уч киши борлиги жуда ғалати. Ғинг деган товуш эшитилмади.

— Улар сукут сақлашяпти, — дея шивирлади югурдак ва кўрсаткич бармоғини лабига босди.

Ҳикоянинг газета варианти босилмоқда

 

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

1Пастор — протестант мазҳабидаги руҳоний (изоҳлар таржимонники).