“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 203 марта кўрилган.

ҚИСМАТ

Кэтрин МЭНСФИЛД

Янги Зеландия ёзувчиси

 

Ҳар сешанба куни уйини кекса оқсоч Ма Паркер тозалаб кетадиган ёзувчи ўша куни ҳам эски одати бўйича остонадан ҳатлаши билан ундан катта набирасининг соғлиги ҳақида кўнгил сўради. Ма Паркер нимқоронғи залда шундоққина оёқ артиладиган ҳўл латта устида базўр овоз чиқарди.

— Биз уни кеча бериб қўйдик, хўжайин, — деди у ич-ичидан эзилиб.

— Оҳ, азизим! Қаттиқ таассуфдаман! — деб юборди ёзувчи чин дилдан ачиниб, хижолатдан ерга киргудай: — Бехабар қолибман, умид қиламанки, таъзиясини рисоладагидай ўтказгансиз, — деб қўйди.

— Хижолат чекманг, жаноб, — деди Ма Паркер хирқираган овозда, у хожасининг надоматини бир зумда илғаб олганди.

О, шўрпешона кекса она қуш! Шу тобда Ма Паркер шиддаткор ва аламзада қушга ўхшаб кўринарди.

— Ўлим аслида ҳар бир одамнинг муваффаққиятидир, миссис Паркер! — хитоб қилди ёзувчи.

Ма Паркер лом-мим демади. У ғимирлаганча ошхона ичида ўз юмушларига андармон бўлди. Эгнидаги кийимларини ечиб, эшик орқасидаги илгакка илди-да, қазноқда турган жулдур камзулини олиб кийди. Кейин белига пешбандини маҳкам қилиб боғлади-да, оёқ кийимларини ечиш учун ерга чўк тушди. Бу фақирона ботинкаларни кийиб-ечиш Ма Паркерга адоғи йўқ бир азоб эди, бу унинг йиллар давомида бардош қилиб келаётган изтироби эди. Лекин кекса она бу машаққатга аллақачон кўниб кетган, у юзларини бужмайтирганча оёқларини жаллоддек бераҳм ботинкалари дастидан озод қилишга чиранар, то ипларини ечиб, бор кучи билан уларни оёғидан тортиб олгунича нақ қаро терга ботиб кетарди. Ахийри, бу балодан қутулгач, деворга суяниб, чуқур-чуқур хўрсинар ва бир муддат тиззаларини оҳиста уқалаб ўтирарди...

Қари оқсоч сакраб ўрнидан туриб кетди, у газ устидаги темир чойнакни олиб, сув оладиган жўмрак ёнига шоша-пиша борди. Ёш ёзувчининг ошхонасида ақл бовар қилмас тартибсизлик ҳукмрон. Ўтган бир ҳафта давомида ёзувчининг ўзи бу ерга «бекалик» қилган, ҳаммаёқни остин-устин қилиб ташлаганди. Пол устида ҳам нон ушоқлари, йиртилган хатжилдлар, сигара қолдиқлари. Аммо Ма Паркернинг заррача нолишга ҳадди сиғмасди. У шундай ёш жанобга ғамхўрлик қиладиган ҳеч кими йўқ эканлигидан дилдан ачинарди, холос. Печ устидаги сув исиб бўлгунича Ма Паркер полни супуришга тутинди. «Пешонам шу экан-да, — деб ўйлади у супургининг шип-шип овозига қулоқ осганча, — тақдирдан қочиб қутулолмайман... Қисматим бунчалар шўр...»

Ҳа, ҳатто қўни-қўшни, таниш-билиш борки, бу тақдирга ичи туздек ачирди. Бундан узоқ йиллар олдин ҳам у доим-гидек эскирган пешбандию шиппаги солинган халтасини кўтариб юрганини кўрганлар унинг аҳволига эзилиб қарарди. «Боёқишнинг сира косаси оқармади-да, — деб қўярди улар. Ростданам, бу заррача шукр қиладиган ҳаёт эмасди. Олти боласи билан бева қолган, хонавайрон турмушга бадарға қилиниб, зах ертўлаларда жон сақлашга мажбур шўрлик аёл умри... Оғир ва ниҳоятда аччиқ тақдир...

Ўн олти ёшида Ма Паркер Стратфордни тарк этиб, Лондонга ошхона оқсочи бўлиб хизматга келди. Ҳа, у Стратфорд-он-Эвонда туғилганди. Бу Шекспир Ватани, биласиз-а? Одамлар ҳамиша бу ҳақда ундан сўрар, бироқ Ма Паркер то Шекспир драмаларини театр саҳналарида кўргунга қадар, ҳатто унинг номини ҳам эшитмаганди.

Стратфорддан айтарли эсда қоларли хотиралари ҳам йўқ эди аёлнинг, «ҳар кечда ёқиладиган эски тошўчоқ олдида ўтирганча деразадан сирли ва орзубахш юлдузларга соатлаб-соатлаб термулиш»у, «онасининг шифтга илиб кетган нонидан маза қилиб ейиш сония-ларини кутиш»дан бўлак ҳеч нима йўқ эди. Ма Паркер яна шунга ўхшаш қадрдон исни касалхонага тушганида туйган эди.

Аммо аёл учун ер юзидаги энг қўрқинчли жой эди бу ер. Уни бирор кун ҳам ташқарига қўйишмас, эрталабдан кечгача шифтга тикилганча ётаверарди. Касалхонадан чиққач, Ма Паркер ўша ердаги докторнинг уйида хизматкорлик қила бошлади, бу уйда у роса икки йил тиниб-тинчимади ва бир нонвой билан турмуш қурди.

— У нонвоймиди, миссис Паркер! — дея ҳайратланганди ёзувчи. У Ҳаёт деб аталгувчи неъматдан бу аёлнинг ҳам бир чимдим бўлса-да баҳра олишини қаттиқ истарди. — Новвойдек ҳалол инсон билан умр кечириш бу — катта бахт-ку!

Миссис Паркер жавоб бермади.

— Сизам эрингизга нон ёпишга кўмаклашгандирсиз?

— Новвойхонага боргани вақтим бормиди менинг? Ўн уч гўдакдан еттитасини ерга қўйиб, олтитаси билан овора бўлишни айтинг. Болаларимни иссиқ бағримдан узиб қаро ерга топширишдан ортиқ азоб йўқ экан.

— Ғоят бардошли аёл экансиз, миссис Паркер! — деди ёзувчи титраб.

Ҳа, етти гўдак ерга кўмилган, олти бола эса отаси ётиб қолиб, касалхонага тушганида дунёдаги жамики хўрликларни бошдан ўтказганди. Эрининг ўпкаси адо бўлган, омон қолишидан қилча умид йўқ эди, доктор шундай деганди... Эсида умр йўлдоши кўйлагини то бошигача кўтариб турар, доктор эса беморнинг орқасига доира қилиб қандайдир асбобларини қўйиб ҳар куни текширарди.

— Мана бу жой тешилса, миссис Паркер, — деганди у ошкора, — қоп-қора қондек бўлиб қолган ўпкани кўрардингиз.

Эҳтимол, шунинг учун Ма Паркер ёстиқдошининг танасидан жон чиққан маҳал, лабларидан қора қон сизиб чиққанида, бунга зиғирча ажабланмагандир. Бахтиқаро эркак то адойи тамом бўлиб, то ҳаётдан буткул умиди узилмагунча касалхонага боришга сира илож тополмаганди.

Олтита зор кўзни боқиб катта қилиш ёлғиз ўзининг бўйнида эди. Оҳ, қанчалар оғир қисмат бу! Болалар мактабга борадиган ёшга етгунича қайнисинглиси унга қарашиб турди, лекин у ҳам зинапоядан йиқилиб белини синдиргач, ўзиниям эплолмайдиган бўлиб қолди. Камбағални туяни устида ҳам ит қопади, деганлари шу бўлса керак-да, қайнисинглисининг ёш боласини боқиш ҳам Ма Паркерга қолиб кетди, у шунчалар инжиқ ва йиғлоқи бола эдики! Бироқ бахтига болалари миссис Паркернинг қанотига киришга улгурганди, ўртанча боласи Мауди синглиси Алисага қарашни зиммасига олди, икки ака-сингил бир-бирини кўтариб оёққа турди. Жим эсини таниши билан Ҳиндистонга армияга жўнаб кетди. Тўнғичи Этел эса камбағал официант қизга уйланди. Бахт-га қарши келини кичкина Леннини дунёга келтирган йили қандайдир бедаво яра туфайли оламдан кўз юмди. Кеча эса кичкинтой Леннидан ҳам айрилди.

Ленни ҳечам бақувват эмасди, шунчалар рамақижон бола эдики, кўрганлар уни доим қизалоқ деб ўйларди. «Қадрли жаноб, — деб ёзилганди шошилинчномада, — онангизга набирасининг саноқли кунлари қолганини билдириб қўйсангиз... Тўрт шиша қон қуйсак ҳам умид бўлмади. Тўққиз ҳафтадирки, Ленни жонсиздек ётибди, энди умуман ўрнидан турмаса керак...»

Ёзувчининг кўнгли сиёҳ бўлди. Ахийри сайр қилгани отланди.

— Маъзур тутинг, миссис Паркер, бир оз айланиб келмасам бўлмайди. Пул-мул керак бўлса, сиёҳдонимнинг тагига қўйиб қўйдим.

— Ташаккур, жаноб.

Эшик тарақлаб ёпилди. Ма Паркер супургиларини қўлига олди-ю, энди ётоқхона томон шошди. Бироқ бу ерда ҳам ётоқни тартибга солиб, ўринларни текислаб, ёстиқларнинг жилдини янгилаб, хуллас, шунча икир-чикир ишлар ичида ҳам мурғак Леннининг жафоси чидаб бўлмас даражага айланди. Нега бешафқат тақдир шугина гўдак жонни ҳам шунча азоблади?

Ахири... Ма Паркер ўзини каравотга отди. Йўқ, у энди ортиқ чидай олмайди. Жуда кўпайиб кетди, жуда ошиб кетди — ҳаёт унга керагидан ҳам ортиқ кўргилик берди. То ҳозиргача у сабр қилиб келди, ўзини қўлга олиб яшади, зинҳор дод-фарёд кўтармади. Наҳот инсон қалби шунчалар бардошли бўлса?! Ҳатто ўз фарзандлари олдида ҳам Ма Паркер йиғламади. Мардона ва матонатли юз билан яшади. Бироқ ҳозир!.. Ленни кетди, абадий кетди — ортиқ сабру қаноати қолдими бу шўрлик аёлнинг?

Кўча совуқ эди. Муздек-муздек шамол эсарди. Одамлар доимгидек шошилар, эркаклар шошар, аёллар шошар — ҳамма қаерларгадир шошиларди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ эди. Ниҳоят, бор чидам адо бўлди, Ма Паркер тамом бўлди, шунча узоқ ва оғир йиллардан кейин у йиғлаши керак эди, бир меҳрибон ва хилват жойда тўйиб-тўйиб йиғлаши шарт эди. Агар ҳозир йиғласа, эрининг ажали ҳақида унинг кўнглини ўйламай беписанд сўзлаган бешафқат доктор, жажжи руҳларга айланган етти бегуноҳ гўдак, эрининг ўлими, олти хўрланган етимларнинг рўёбга чиқмаган орзу-умидлари, ўкинчлари — буларнинг барининг алам-азоблари Ма Паркернинг қолган умрини кўз-ёшга ғарқ қилиши тайин эди. Аммо энди барибир эмасми?

Ма Паркер шу кўйда дам ерга, дам эса чексиз осмонга боққанча узоқ туриб қолди. Аччиқ изғиринга айланган шамол унинг ранги униққан пешбандини ҳавода учириб-учириб ўйнай бошлади. Ёмғир бостириб келарди. Йўқ, Ма Паркерга тўйиб-тўйиб аламдан чиққунча йиғлагани жой ҳам йўқ эди...

(Газета варианти)

 

Инглизчадан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси