“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 112 марта кўрилган.

ҚОРАМАҒИЗ ҚИЗ

Ким ХЕНА,

корейс адиби

 

Амакимнинг қизи фарзандининг бир ёшга тўлганлигини нишонлаб, барча қариндошларни таклиф қилди. Ёнг Хи тоғам зиёфатга қорамағиз қизни етаклаб кириб келди ва биз ўтирган столга жойлашди. Қиз ўзини «Лорена», деб таништирди. Мен лабларимни айлантириб, тилимни чўзган кўйи унинг исмини айтишга уриндим. Лекин буни уддалай олмай, кулиб юбордим. Корейс тилини тушунмайдиган Лорена эса ҳаммага тинмай жилмаяди. Филиппинда бир муддат яшаб келган Ёнг Хи тоғам ароққа ёпишди. Унинг рўпарасида ўтирган онам ўзини тутишидан ғашланиб:

— Етар! Энди овқатланайлик! — деди.

Тоғам унга эътибор бермай Лоренага ўшқирди:

— Ҳой, бориб газакка бирор нарса олиб кел!

У Лоренага қараб айтган бўлса-да, гап аслида қизи Ун Жонгга тегишли эди. У эса ҳайратданми, қўрқувданми кўзлари пирпираб турган ўгай онаси Лоренанинг елкасидан силаб қўйди.

— Ароқдан бошқа дардинг борми сенинг, — дея уришиб берди онам.

Мендан ўн саккиз ёш катта Ёнг Хи тоғам бу йил қирқ тўртга тўлди. У онамнинг олти ака-укаси орасида энг кенжаси эди. Бўйдор ва кўзлари ўткир одам, Филиппиннинг қуёш тиғида қорайиб кетганди. Болалик хотираларимда тоғам доим ҳарбий ки-йимда юрадиган эркак сифатида қолган эди. Сал улғайган чоғимда тоғамни кўргани борганимиз ёдимда. Дадамнинг машинасида Бонгчон туманидаги тор кўчаларда узоқ юрдик. Бир хоналик тор ва зах уйда тоғамнинг суйган қизи мунғайиб ўтирарди. У онамга етти ойлик ҳомиласи борлигини айтганди. Уйланишга пули йўқлигидан тоғам мана шундай абгор ҳолда яшаб юрган экан. Дадам унга ёрдам қўлини чўзди. Шу сабаб у ўғлига дадамнинг исмини қўйди. Донг Жунг бешга тўлганда қизи туғилди. Уни менинг исмим — Е Жонгга уйқаш қилиб Ун Жонг дея атади. Кўп ўтмай тоғам хотинию болаларини эргаштириб Кореядан кетди. Шу билан хат-хабарсиз йўқ бўлиб кетди-ю, ўн йил деганда юртига қайтди. Уни тақдир не кўйларга солганини хотинсиз икки фарзандига қўшиб, Лоренани эргаштириб келганидан англаш мумкин эди. Қизию ўғлининг қорайган юзлари ва меҳрга ташна кўзлари ҳаммасини ошкор этиб тургандек гўё.

Юзу кўзлари қип-қизил тусга кирган тоғам ҳамон ичишда давом этарди. Мен Лоренадан нигоҳимни узмасдим. Ёнг Хи тоғамга қараб турган қорамағиз қизнинг кўзларида алланечук хавотир зоҳир эди. Тоғам учинчи шишани ҳам очгач:

— Тур, уйингга кет! — Онам қошларини чимириб тоғамга бақирди. У столларга қўйилган янги дастрўмоллардан бир нечтасини чўнтагига урди-ю, Лоренага: «Кетдик», ишорасини берди. Мен унга инглизчалаб:

— Бай, си ю! Кўришгунча! — дегандим, у менга яқинлашиб чап юзимдан чўлпиллатиб ўпди.

Эски тақвим бўйича янги йилдан сўнг Соллал байрами ҳам келди. Эрта уйғониб, онам билан бирга тўнғич тоғамникига йўл олдик. Унинг торгина квартираси чумоли уяси каби тўзғиб кетган, тоғаларим, янгаю холаларим ҳамма шу ерда эди. Ичкарига киришимиз билан ёғоч устунга суянган кўйи менга тикилиб турган қорамағиз Лоренага кўзим тушди. Мен тезда юзимни бурдим. Кейинроқ Лоренанинг юзларига тикилдим: «Бунчалар хунук. Шу кунга қадар учратган аёлларим орасида энг қораси, энг бадбашараси ҳам шу бўлса керак. Қомати ҳам беўхшов. Эҳ, тоғам бунинг нимасига ошиқ бўлди экан?» деган ўй бошимда гир айланарди. Тоғамнинг қистови билан у менинг тирноқларимга ишлов беришни бошлади. Лоренадан кўзимни узмайман. У тирноқларим атрофини тозалар, митти қайчиси билан қирқиб текисларди. Рўпарамда тинмай эснаб ўтирган Ёнг Хи тоғамга қараб:

— Тоға, Лорена буни қачон ўрганган? — деб сўрадим ҳайратланиб. — Бунақа иш қила олиш учун пардозлаш дарсларига қатнашиш керак-ку.

— Ўрганган? — деди тоғам пиқ этиб кулиб энсаси қотаркан. — Филиппин қизларига бу шунчаки қизиқиш эмас, ҳаёт! Ҳамма аёллар шу иш билан шуғулланади. Аёллар эрининг тирноқларини силлиқ қилиб қўяди. Филиппинга борсанг кўрасан — ҳамманинг тирноғи топ-тоза!

Зум ўтмай, аёллар биз турган хонага кириб келди. Улар Лоренанинг атрофини қуршаб олди. Кеч тушганда ҳам қорамағиз қиз ишдан бўшамасди. У аҳён-аҳёнда елкаларию белини силкитиб, керишиб қўяр, атрофдагилар қизнинг ҳолатига эътиборсиз гурунглашиб турарди. Уларнинг орасида Ёнг Хи тоғамгина кўринмасди. Мен индамай уларнинг орасига суқилдим ва бир сўз демай Лоренанинг қўлидаги майда-чуйда пардоз анжомларини сумкасига жойладим.

— Бўлди! Етар! — дедим Лоренага қарамай.

Атрофдагилар ғала-ғовур кўтарди.

— Шунча кутганимиз нима бўлади?

— Бўлмайди! Тамом! Неча соатдан бери тинмаяпти бечора. Нега тушунмайсизлар? — дедим овозимни бир парда баландлатиб.

Мен оқимга қарши сузаётсам, Лорена қўлимдаги сумкачани тортқилади. Бу юмшоқ феъллиги атрофдагиларга мойдек ёқиб тушди:

— Ана, қара, ўзиям хоҳлаяпти! — деди ҳамма бир овоздан.

Мен ичкари хонага югурдим. Эшикни очган заҳотим «Ёнг Хи тоға», деб бақирдим. У қартада ютқазаётган экан «Э, лаънати!», деб картани ғижимлади. Ёнг Хи тоғам қўлидаги карталарни улоқтириб, сўкинганча ўрнидан турди ва мени туртиб юборди-ю, гандираклаб кичик хонага томон кетди. У хонага тўғри бостириб кириб, Лоренани оёғи билан турткилади.

— Ҳой, ит! Бас қил дегандан кейин бас қилмайсанми? — деди сўкиниб. Сўнг пардоз сумкасидаги анжомларни оёқлари билан тепкилади. Кўнгли тўлмади шекилли, энгашиб қўлига олди-ю балкон томонга улоқтирди. Холаю тоғаларим: «Бу жинни жиннилигича қолибди...» деб аста-секин хонадан чиқиб кетди. Ёнг Хи тоғамни ғазаб отидан туширишга ҳеч ким журъат қилолмади. Лоренага буйруқ тарзида инглизчалаб: «Финиш! Окей?» деди.

Тоғамнинг ортидан шошиб кўчага чиқдим. Тоғам болалар майдончасидаги ўриндиқда сигарет чекиб ўтирарди.

— Бироз ошириб юбордингиз, тоға, — дедим. — Мени кечиринг.

— Нима учун?

— Бошидаёқ Лоренага рад жавоби берганимда ҳеч ким унга ёпишиб олмасди...

— Сенда айб йўқ, қизим. Аёллар сендан бурун билиб бўлган эди.

— Кейинги сафар анжомлар сумкасини олиб юрмасин.

— Ташлаб юбордим-ку. Бўлди. Йўқ энди!

Тоғам анча вақтгача жим ўтирди. Сўнг хўрсиниб:

— Ҳаммаси яхши бўлар... — деди.

— Ҳаётингиздан мамнунмисиз? — сўрадим яна қизиқсиниб.

Ёнг Хи тоғам индамай, сигаретни чуқур тортди ва:

— Ҳаммаси жойида, — деди.

Мен тоғам ҳақиқатни айтишини ич-ичимдан хоҳлаб турардим. Бошқа савол бермадим, беролмадим ҳам.

— Энди борақол, жиян. Мен анови ерда дўконга кириб, озроқ ичаман.

У шундай дея қўлидаги сигаретнинг кулини чертиб туширди. Кичик бир чўғ ерга сачраб, анчагача ялтираб турди.

Уйга қайтиб кирганимда Лорена кўринмади. Ўша кичик хонада ғужанак бўлиб ерда ётган экан. Кимдир сочилган нарсаларни йиғиштирган шекилли, хона саранжом эди. Лекин у ер-бу ерда пардоз мойининг доғлари тун қўйнидаги юлдузлар каби ялт-юлт этиб кўзга ташланиб турарди. Лорена тиззаларини қучиб, ўнг томонга ёнбошлаб ётарди. Унинг кўзларида ёш милтираб турар, ерга тушиб, маржондек йилтилларди. Мен келиб чиқиши номаълум мусофир қизнинг ночор аҳволи, қийин ҳаётию абгор келажаги ҳақида ўйладим. Унга қараб юрагим эзилди:

— Лорена! Лоренагинам! — деб қўйдим шивирлаб.

 

Корейс тилидан Отабек ЙЎЛДОШЕВ таржимаси