“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 158 марта кўрилган.

ИСИГУРО ТЕГРАСИДАГИ ГАПЛАР

Р

Жорий йил адабиёт бўйича нуфузли Нобель мукофотига келиб чиқиши япониялик бўлган инглиз адиби Кадзуо Исигуро лойиқ кўрилганидан хабарингиз бор. «Биз етим бўлганимизда», «Куннинг қолган қисми», «Мени қўйиб юборма», «Дафн этилган баҳодир» каби романлари билан дунё бадиий тафаккурини янгилаган адиб ижоди хусусида турфа фикрлар, баҳс-мунозаралар давом этаётир. Қуйида эътиборингизга таниқли рус адабий танқидчилари Анна Наринская ва Дмитрий Биковнинг шу мавзудаги мулоҳазалари ҳавола этилмоқда.

Анна Наринская, адабий танқидчи:

— Нобель аталмиш буюк мукофот сиёсий майдонни четлаб, чинакам адабиёт учун берилаётганидан жуда мамнунман. Исигуронинг «Мени қўйиб юборма» номли романи таржимасини илк бор журналда ўқиган эдим, кейин асар алоҳида китоб ҳолида чоп этилгач, адиб ижоди ноёб ҳодиса экани, у инсон қалби, ҳис-туйғуларига таъсир этиш бобида қандайдир янгилик кашф этганига амин бўлдим. Ёзувчи инсон образини мутлақо янгича кўримда ифодалайди. Бугунги пост-пост модернизм даврида бу ниҳоятда камёб ҳолат.

Исигуронинг ўзи иқрор бўлганидек, унинг ижодига Достоевский ва Пруст беқиёс таъсир кўрсатган. Прустнинг таъсири ҳақида гапириш мен учун қийин, бироқ Достоевский руҳияти қаҳрамонимиз дунёсига кўчиб ўтгани шаксиз ҳақиқат.

Нобелнинг янги меросхўри ўз интервьюларидан бирида айтадики, ижод вақти ташқи тасвир уни умуман қизиқтирмайди, фақат инсон ботини, шуурида кечаётган ҳиссиётлар тасвири қимматга эга бўлади. Унинг китоб-ларида вазиятларнинг гўзал чизгиларини кўрамиз, ҳаёт гўё пейзаж бўлиб шууримизга қуйилади, реаллик ва рўё ўртасидаги мувозанат издан чиқади.

Бизнинг ички оламимиз ташқи кузатувчилар учун доимо сирли ва махфийдек туюлаверади, Исигуронинг китоблари ҳам худди шундай, сиз унда қаҳрамон билан руҳан қоришиб кетганингизни сезмай қоласиз. Исигуронинг насри Достоевскийнинг баён услубини ёдга солади, буни Достоевскийнинг муҳиблари ҳам ҳеч қандай истисносиз тасдиқлаши мумкин. У «самурай» лардек вазмин адиб (Исигуро олти ёшигача Японияда яшаган ва ана шу «японча характер» адиб учун жуда муҳим) ва шу феъл-атворига монанд сокин руҳдаги асарлар ёзишни хуш кўради.

Исигуро асарларининг бош мавзуси — зоҳиран ўз-ўзини алдашдан иборат. У рус адабиётини яхши кўради, шунданми, рус китобхонлари ҳам унинг ижодига ошуфта. У бугун жуда муҳим бўлган ҳодисалар ҳақида ёзади, шу боис китобларини шунчаки вақт ўлдириш ёки кўнгил овлаш учун ўқиб бўлмайди.

Мен адибнинг 2015 йилда нашрдан чиққан «Дафн этилган баҳодир» («Погребенный великан») номли сўнгги романи ҳақида алоҳида тўхталмоқчи эдим.

Бу роман — рамзли ҳикоят, воқеалар Қирол Артур даврида юз беради. Роман қаҳрамонлари ҳақиқат излайди, улар ўз ўтмиши билан боғлиқ хотираларни тиклашга интилади. Қаҳрамонлар барча кечмишни ёдга олар экан, беихтиёр бир-бирларининг ўртасида содир бўлган даҳшатли жиноятлар, адовату хусуматлар бирин-кетин юзага чиқади. Натижада нафрат аталмиш сўнмас олов аланга олади.

Исигуро ҳеч қандай саволга жавоб бермайди, ҳатто бирор жўялироқ ечим ҳам таклиф қилмайди. Лекин у бутун инсониятга, хоссатан, Россияга ҳам дахлдор бўлган муаммоларни рамзлар ор-қали фош этадики, беихтиёр адибнинг маҳоратига таҳсин ўқийсиз.

Очиғи, ер юзида тафаккуримиз етмайдиган ҳодисалар ҳақида ўйловчи, муаммоларга аниқ-тиниқ ташхис қўювчи шундай инсоннинг борлиги биз учун жуда муҳим (агар у мозийга, хусусан, япон тарихига таяниб иш тутса, нур устига нур). Шуниси аниқки, унинг ижоди исталган мамлакатдаги исталган китобхонга таъсир кўрсатади ва бу чинакам адабиётга хос хусусият.

 

Дмитрий Биков, ёзувчи, адабиётшунос:

— Исигуронинг Нобель мукофотини қўлга киритиши фавқулодда янгилик эмас. Кадзуо шиддат билан кетаётган адабиёт поездининг илк эшелонларидан бири ва у аллақачон японлар инглиз тилида британияликлардан яхшироқ ижод қилиши мумкинлигини исботлади. Аслида, унинг забони инглиз тилида чиққан эмас, у Британия тупроғига етти ёшида қадам қўйган.

 

Мағрибу Машриқ ўртасида

Исигуронинг ҳиссий теранлиги худди сукунатни бузган довулдек ҳайқиради ва шу томчилар қатига Мағрибу машриқ дунёсининг не-не зиддиятлари, турфа тажаллислари сингиб кетади...

Унинг «Мени қўйиб юборма» номли романи дунё юзини кўргач, ҳамма буни даҳшатли футурологик башорат деб атади. Бироқ адибнинг ўзи қайд этдики, асар ҳеч нарсага иқтибос эмас, бу бор-йўғи ҳаёт, оддий инсон ҳаёти, унда ҳеч қандай фаразу тусмол ҳам йўқ. Мен ундан интервью олганимда, шундай деган эди: Биз озодлик бўлмаса, тараққиёт, ривожланиш бўлмаслигига ўзимизни ишонтирамиз, бироқ Хитой тутқунлик даврида ҳам гуллаб-яшнадик-ку!.. Биз озодликка эришмай туриб, ҳақиқий ҳаёт қуриб бўлмайди деб ҳисоблаймиз, ана Осиёда кимнингдир қутқуси билан бўлсада, умргузаронлик қилиб юрганлар қанча?! Умуман ўйлаб кўринг, қачон ўзингизни ҳаётда тамомила эркин ҳис қиласиз? Фақат ўлим вақтида... Адиб ижоди ҳақида хулоса чиқариш учун шу фикрларнинг ўзи етарли.

«Куннинг қолган қисми» — Исигуронинг энг машҳур асарларидан бири. Унда икки жаҳон урушини кўрган қариянинг хотиралари ўзгача йўсинда тасвирланади. Бу китоб ўтган аср мухорабалари, инсоният тарихидан сўзловчи тирик ҳужжат. Мен асарни ноктюрн мусиқаси билан уйғунликда тингладим ва сездимки, адиб мусиқа ва наср ўртасидаги ажиб узвларни топа билган, у юксак даражадаги услубчи, лекин буни ниҳоятда ғамгин дунёқараш билан амалга оширади.

 

Исигурони қандай ўқиш керак?

Кадзуони мутолаа қилишни унинг ҳозирча охирги романи — «Дафн этилган баҳодир» дан бошлаган маъқул, у жуда қисқа асар. Лекин мен китобхонларга албатта, «Мени қўйиб юборма» романини тавсия қилган бўлардим. Бу асар том маънода қайғули фантастика маҳсули — юксак хаёлот ва чуқур руҳий тушкунликнинг кесишган нуқтаси бу...

Исигуронинг ҳикоялари кўп эмас, ҳаммасини йиғса, бир жилд чиқса керак. Бирок камина бу ҳолатни жиддий камчилик сифатида қабул қилмаган бўлардим. У жуда ажойиб инсон, эсимда мен унга ўзининг китобини совға қилганимда, қувончдан боши осмонга етганди. Замонамизнинг улкан ёзувчиси билан боғлиқ шундай хотираларим борлигидан беҳад бахтиёрман.

 

Рус тилидан Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ таржимаси