“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 83 марта кўрилган.

АЁЛ ҚЎШИҒИ

Вафо АЛ-УМАР,

араб адиби

 

— Ғам-ғуссаларим олдингизда тарқалиб кетмайди, балки мени унсиз ўраб, маломатларингизни мен сари ундайди. Аламларни алангалатувчи ўша сўзларингиздан сўнг бош кўтармадим. Ҳар куни йўл қўядиган ва қалбимга очиқ-ойдин ёзадиган хатоларингизни яширувчи пардани кўтармадим.

Ғам-ғуссаларим биз учун тор бўлган деворлар орасидан ташқарига чиқмайди. Ўзимнинг кичкина мамлакатим, деб билган макондаги чаққон ҳаракатларимда қоқилиб тушаман. Орзуларим битганича йўқ.

Телевизордаги аёл ҳали ҳам куйлашда давом этмоқда. Унинг овозини эшитяпсанми, азизим?

— Олдимга келиб, бировларнинг гапини айтдингиз: «Бундай аҳволга ортиқ чидаб бўлмайди!» Баъзан сизни узоқларда тасаввур қиламан, овозингиз паст эшитилади, аввал кўзларингиз, сўнг жисмингиз ғойиб бўлади... Синглингиз бошимга келиб, нафратлангандай:

— Сиздан ҳеч қандай фойда йўқ. Биз билан туришингиз ортиқча юк, бу ердан кетишни жиддийроқ ўйлаб кўринг, — деди.

Қўлимдан бир финжон қаҳвани олиб, ишхонангиздаги ғам-ташвишларингиз ҳақида нолийсиз. Овозим ҳорғин эди. Қушлар тўрвасини йиғиштириб, учиб кетади.

— Орзуларимни парча-парча қилаётган аччиқ ҳаёт-ла яшаяпман, шунга кўникяпман. Ҳаммасини оилангиз олдида очиқ-ойдин гапириб, бор ҳақиқатни тан олишингиз керак. Улар қалбимга оғир маломат тошини отишни бас қилсайди, — дедим сизга бир куни, бироқ сиз хижолатда қолишдан қўрқардингиз.

Ўша оқшом сизга:

— Бошқасига уйланмаслигингизни ўзим айтаман уларга, — дедим.

Овозингиз титраб, саросимага тушдингиз:

— Жинни бўлганмисан? — дедингиз.

Ҳорғин нигоҳим сизга тикилди: Улар сизга «Бундай давом этишига ортиқ чидай олмайман. Ҳақоратларни кўтаролмайман. Мен бу уйда қадрсиз буюм эмасман. Айб менда эмаслигини оилангиз тушуниши керак!» деганини эшитмадингиз. Ичимдан чиққан сўзларим деворга бориб урилди-ю, сўнг ўзимга умидсиз қайтди.

— Сабр қил! — дедингиз. Бу сўз тилингиздан осонликча чиқар, қалбимга алам етказишда қоқилмасди. Оҳ чекиб, йиғлаётганимни кўрсангиз-да, нақадар шафқатсиз эдингиз. Қўлимдан тутиб, алам жарининг тубигача олиб тушиб, у ерда мени ёлғиз ташлаб кетиш даражасигача бордингиз.

Бир куни овқат тайёрлаётган эдим. Онангиз совуққина қилиб:

— Бу оқшом эрингни унаштиргани борамиз, — деди.

Унга ўгирилиб боқдим. Онангизнинг кўзлари чақнаб, либосим устидан танамни ёндириб юбораётгандай эди. Мен сукут сақлаб ишимни давом эттирдим. Янги кўйлагингизни кийиб, ойна олдида ўзингизга оро бераётганингизни кўриб:

— Ҳақиқатанам шундай қилмоқчимисиз? — деб сўрадим.

Сиз эса жилмайиб:

— Нега бундай қилмай? Ахир...

— Улар ҳақиқатни билмайди. Яна бир бечорани алдайсизми? Ҳаётини чил-чил қиласизми?

Сиз эшикни очиб, чиқишга отландингиз-да:

— Мен ҳеч кимни алдамайман. Бу — уйланиш, Оллоҳ ва унинг пайғамбари томонидан белгиланган суннат, — дедингиз.

Ўша оқшом улар совчиликдан қайтганида, уларнинг ўзидан бурун менга хушбўй ҳид етиб келди. Юзларидаги жилмайишлар гўё бир шохдан иккинчисига сакраётган қуш каби эди. Улар худди биринчи марта кулишни ўрганаётгандек куларди, менга ўғринча қарардилар. Тик боқишга эса ҳеч ким журъат қилолмасди. Сиз тиканли дарахтлар чангалзордек ўсадиган бу уйда яқин орада худди янги бир кактус экмагандек ҳайрон қоларли даражада бахтиёр эдингиз.

Орқамга яшириб турган қоғознинг бир учини чиқардим-да, сизга ишора қилиб қўйдим. Кўзларингиз чақнаб кетди, нафасингиз кўкрак қафасингизга сиқилиб, гўё ташқарига йўл топа олмаётгандек эди.

Ҳамма меҳмонхонага тўпланиб суҳбатлашар, бу ажойиб оқшомнинг таърифини қиларди. Улар анчадан буён бундай роҳат қилмаганини гапирарди.

Сиз онангизу акангиз ёнида ўтирардингиз. Кўзларим кўзларингиз билан тўқнашди. Мен ҳамманинг олдида қоғозни кўз-кўз қилдим-у, онангизга яқин келдим. Унинг юзи бўёқ чўткасини ушлашни энди ўрганаётган рассом уринишидек қизариб кетганди. Мен қоғозни акангизнинг олдига ташладим ва худди бир аблаҳ устидан ғалаба қилгандек жилмайдим.

У қоғозни ўқир экан, жим бўлиб қолди. Нигоҳлари худди нафас олмаётган танадек ерга қадалди. Ҳамма ҳайрон бўлиб унга тикилди.

Сиз эса, куёв бўлаётган эрим, жимгина жуфтакни ростладингиз. Хонангизга кириб, эшикни ичкаридан беркитиб олдингиз. Қоғоз қўлдан қўлга ўтиб, нигоҳлар жуссадек ерга қадала бошлади. Мени бу уйда ортиқча юк деб билган синглингизга боқдим. У бошини икки қўли билан беркитиб, тўсатдан кирган қаттиқ оғриқдан халос бўлиш учун маҳкам сиқар эди.

Мен уларни ўз ҳолига қолдириб, орқангиздан хонага кирдим-у, эшикни ёпдим...

Араб тилидан Муртазо САЙДУМАРОВ

таржимаси