“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 128 марта кўрилган.

ДАҲШАТЛИ ҚАЙТИШ

Паул Ёханн Людвиг ФОН ХЕЙЗЕ,

Нобель мукофоти лауреати

 

 

Олти йиллик қамоқдан сўнг Альберт уйга қайтди. Ўша, мусиқачилар кўчаси, 65-хонадон. Унинг уйи камтаргина, бироқ шинамгина эди. Ташқаридан қараганда у кичигу тор кўринади. Аммо ичкарига кирганда бу тасаввур ўзгарарди, ҳовлининг каттаю кенглиги кўзга ташланарди. Кўчадаги ҳамма уй бир-биридан паст, кўримсиз эди, афтидан бу ерда ҳеч ким дабдабали уй қуришга иштиёманд эмасди. Аммо хонадонларнинг ҳаммаси кўнгилдагидек ораста эди. Альберт очиқ дарвозани очиб, ичкарига мўралар экан, ҳаяжондан боши гир-гир айланар, юраги безовта урарди.

Олти йил оз муддат эмас. Альберт ёруғ ҳовли саҳнига одимлар экан, кўзларидан ёш сизиб чиқди. «Қуёш чиқса-да, ҳеч ёришмайдиган қоронғи кунлар, маҳбусликдаги оила соғинчи... Энди ҳамма-ҳаммаси ортда қолди», дея кўнглидан ўтказди ва мусаффо осмонга қаради. Осмонга тикилганида хаёлида тизгинсиз фикрлар ғужғон ўйнарди. Вужуд озод, аммо қалб негадир эрксиздай эди. Ҳовли ичкарисидаги мўъжаз ҳовуз ёнида нималарнидир ерга чизиб ўтирган саккиз ёшли болакайни кўриб, ҳайқириб юборгиси келди:

— Ўғли-и-им, — бироқ овози негадир бўғиқу паст чиқди.

Бу болакай Удо эди. У эркак кишидан «Ўғлим» деган сўзни ҳеч эшитмаган (қачонлардир эшитган бўлиши мумкин, бироқ эслолмасди). Удо таажжубда эди. Дадасинининг қайтганини хаёлига сиғдиролмасди. Шунинг учун бироз сукут сақлаб турди, сўнг кутилмаганда қўлидагиларини пастга отди-да, отаси томон югурди. Альберт ҳаяжондан ўғлига пешвоз чиқишга улгурмади ҳам. Югуриб эмас, гўё шамолдай елиб келган болакай отасининг титраётган оёқларини қучиб олди. Чунки у шу оёқларнинг ташрифига интиқ эди. Иккиси ҳам дод солиб йиғларди. Ота-боланинг овозидан Альбертнинг келганини меҳмонни кўнгилдагидек кутиб олгани ошхонада тараддуд кўраётган Альбертнинг онаси Аника ва рафиқаси Шади ҳам сезди. Кўз-кўзга тушгач, юраклардан кучли ўкирик отилиб чиқди. Ҳамма йиғлади. Айниқса, Шади оби-дийдасини тиёлмасди. Чунки ҳаётнинг шафқатсиз чархпалаги шундай бетиним, раҳм билмай айландики, у соғинч аталмиш илгичи билан Шади юрагининг бир ерини тирнаб ўтди. Кўз ўнгида отасиз катта бўлаётган, кундан-кун улғаяётган Удо ва фарзандининг кўмагию меҳрига муҳтож қадди букилган онани олти йил иложсиз кузатиб ўтириш, қайғусини енгиллаштиришга ёрдам беролмаслик Шади учун оғир эди. Мана, ўша нурли кун келди. Энди ҳаёт янгитдан бошланади. Фақат бугун Альберт роса ҳолдан тойган, озиб-тўзиб кетган, қуруқ эт билан суяги қолган эди. Ахир у олти йил қамоқда шоҳона ҳаёт кечиргани йўқ. Озиб кетишини тушунса бўлади. Аммо бугун кечқурун шоҳона зиёфат бўлиши тайин. Шундай ҳам бўлди. Зиёфатда қўни-қўшни, қариндош-уруғ йиғилди. Кечки овқатдан кейин дастурхонга дуо ўқилди, самимий ва эзгу ниятлар билдириб ҳамма уй-уйига тарқалди. Альберт хонасига кириб кетди. Удо аллақачон ухлаб қолган эди. Аника ҳам, Удодан кейин ухлагани кетди. Шади бўлса, майин овозда қўшиқ куйларди. Хаёлида гўё тонг ёришиб, сайроқи қушлар хониш қилаётгандек эди. Стол устидаги вино қолдиқларини бир идишга солаётганда ҳам кайфияти ўзгармади. Юзида ним табассум. Бу табассум гўё Худо томонидан ҳадя этилгандек лабларида қотиб қолган эди. Дастлаб ширинликлар, сўнг ёғли овқатдан бўшаган идишлар йиғиштириб ювилди. Ҳамма иш бажарилгач, стол устига оппоқ мато ташланди. Стуллар стол тагига киритилди. Бир дунё иш бир зумда адо бўлди. Ўша кайфияту ўша табассум билан Шади Альберт кирган хона томон одимлади. Кирди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Не кўз билан кўрсаки, умр йўлдоши гўё ўликдай ўзини билмай ётар, гўё ҳушсиз одамдай эди. Ёнидаги кулдонда Шадига буткул нотаниш, ёқимсизу бадбўй тутун бурқсирди. У бутун хонани тутиб кетган эди. Эрининг бундайин хароб аҳволда кўрган аёлнинг бир лаҳзада капалаги учиб кетди, ўйлари чалкашиб кетди. Маҳбуснинг хотини деган иддаолар энди қай тариқа ўзгариб, гиёҳванднинг аёлига айланганини, аввал олисдан, сўнг тобора яқиндан эшита бошлади. Уларни эшитмаслик учун қўллари билан қулоқларини ёпган Шади кўзларини чирт юмди. Эрининг бундай жирканч аҳволда думалаб ётгани бир зумда соғинчу муҳаббатга тўла қалбидаги умидларини тамоман сўндирди. Бир онда ҳаммаси тугади.

Озишнинг ҳам, тўзишнинг ҳам сабаби буёқда экан...

Немис тилидан Дилобар АСЛИДДИН ҚИЗИ таржимаси