“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 168 марта кўрилган.

СЎНГГИ НАФАСГАЧА ЁЗИШНИ ИСТАЙМАН...

Клод СИМОН,

Нобель мукофоти лауреати

 

Клод Симон 1913 йил Мадагаскарда таваллуд топган ва Францияда мактаб-пансионда тарбияланган. Иккинчи жаҳон уруши арафасида адибнинг «Фирибгар» романи шуҳрат қозонди. Шундан сўнг «Майсалар» (1960), «Фландрия йўллари» (1961), «Кошона» (1963), «Тарих» (ёки «Воқеа») (1968), «Жасадларни кузатиб» (1974), «Триптих»1 (1976), «Георгиклар» (1989), «Таклифнома» (1991) ва «Акация» (1991) сингари романлари дунё юзини кўрди. Клод Симон асарлари жуда кўплаб тилларга таржима қилинган.

— Болалигингизнинг бахтиёр онларини қандай тасвирлайсиз?

— Отамни 1914 йил августда урушда ўлдиришган. Онам эса ўн бир ёшимда қазо қилган. Шундан сўнг мактаб-пансиони ўқувчилари қатори тартиб-интизом деганлари ҳаддан ортиқ қаттиқ бўлган диний муассасага ўқишга юборилдим. Чин етимлигимга қарамай, амаким, холам ва жиянларимнинг чексиз меҳр-муҳаббатию оқибати туфайли болалигимни бахтли кунларим эди, дейишим мумкин.

— Ёзишни қачон бошлагансиз?

— Аниқ эсимда йўқ, бироқ ҳарбий хизмат пайтида ёзишга иштиёқ кучайганини ҳис қилганман.

— Сиз: «Дунёни хато англаймиз ва моҳиятига тугал етмаймиз. Англашга интилиш жараёнида хотира ҳаммасини танлайди. У сараловчи. Ёзувчилик эса — афсунгарликдир», деган эдингиз. Сиз таърифлаган ўша афсунгарлик терапевтик таъсирга эгами? Уни терапия тури деб ҳисоблайсизми?

— Йўқ, фақат ҳузурланиш, дунёни ўзгартиришга уриниш ва табиийки, ҳар бир ёзувчи сингари асарларим ўқувчининг орзу-умидларини оқлаш учун қалам тебратаман. Ўйлайманки, интилишларим тамоман беҳуда эмас, зеро, бугун кўплаб давлатларда минглаб ўқувчиларим бор.

— Қайси адибларнинг асарлари ижодингизга сезиларли таъсир кўрсатган?

— Кимнингдир таъсирини тан олиш керак бўлса, у ҳолда мен Достоевский, Чехов, Жойс, Пруст ва Фолкнерни таъкидлаган бўлардим. Ижодим шахсий тажрибам асосида юзага келган.

— «Фирибгар»нинг қаҳрамони «Бегона»даги Марсога ўхшаш персонаж сифатида таърифлашади.

— «Фирибгар» 1941 йилнинг баҳорига яқин ва Камю-нинг «Бегона»сидан анча аввал тугалланган эди. Биринчи муҳарририм — Эдмон Бомселни уруш даврида учратганман. У яҳудий эди. Ношир биродаримнинг «The Sagittarius»нашриёт уйини немислар мусодара қилган. У мендан уруш тугашини кутиб туришни сўради. Мен рози бўлдим. Шундай экан, Камюнинг «Бегона»си билан «Фирибгар»нинг ҳеч қандай боғлиқ томони йўқ.

— Овозингизни бошқа янги романавислардан нима ажратиб туради?

— «Майсалар» ва ундан кейин ёзилган романларим тобора ҳаётим асосида яратилаётир. Мен деярли тўқималарга мурожаат қилмай қўйдим, тўғрироғи, улардан буткул воз кечдим.

— Нега реалистик услубни танлагансиз?

— Танлаганим йўқ. Камина билганича ёзади. Нашриёт ишининг пири Жером Линдон билан ҳамкорлик қилишда омадим чопди. Парижда унинг атиги тўққиз нафар ходимдан иборат «Les Editions de Minuit» нашриёти бор. Уларнинг олдига биродарим Ален Роб-Грийе орқали бордим. Ўша кезларда «Шамол»ни тугатаётган эдим. Ален асарни ўқишга бериб туришни сўради. Мутолаадан сўнг «Les Editions de Minuit»да нашр қилдириш кераклигини айтиб, мени руҳлантирди. Мазкур нашриёт ижодини юксак қадрлаганим — Беккет, Бютор, Пинже ва Роб-Грийе каби муаллифларни чоп этарди.

— Тез ёзасизми?

— Йўқ. Жуда ҳам секин.

— Китобхон асарларингиздан нима олади, деб ўйлайсиз?

— Ўқувчиларимнинг ёзганларимдан завқ олишига умид боғлайман. Ролан Барт мутолаа китобхонга бир томондан шахсий тажрибасидан маълум бўлган туйғу ва эҳтиросларни англашга имкон берса, иккинчи томондан, англамаганларини кашф қилиш завқини ҳадя этади, деб ҳисоблайди. Иоганн Себастьян Бах эса бундай завқ турини «кутилмаганни кутиш» дея эътироф этган эди.

— «Майсалар» ва «Фландрия йўллари» каби дастлабки романларингизда узун ва мураккаб жумлаларни учратамиз. Сўнгги пайтларда жумлалар қисқариб, анчайин соддалашганига ва абзацлардан воз кечганингизга амин бўлиш қийин эмас. Услубингизни ўзгартиришга нима мажбур қилди?

— Янгиликка интилиш. Ғояларим ҳар сафар турлича, услуб ҳам шунга яраша бўлиши керак. Бир гапни бир хил услубда такрорлайвериш қизиқ эмас.

— Романларингизда асосий ғояни аввалдан танлайсизми ёки у қандай ёзишингизга қараб пайдо бўладими?

— Ёзишни бошлаганимда у ўта мавҳум кўринади ва ишга қараб ғоя борган сари яхшироқ ривожланади. Кўп йиллар аввал бир интервьюда: «Роман ўзи ёзилади, уни мен ёзаман ва у мени ёзади», деган эдим.

— Романларингизда нуқул ўлимнинг муқаррарлиги, тирикликнинг йўқолиб кетиши ва ҳаётнинг беҳудалиги мавзусига мурожаат қиласиз. Агар ҳаёт чиндан ҳам шунчалик пуч ва маънисиз бўлса, у ҳақида ёзишнинг нима кераги бор?

— Андре Мальро: «Инсон ўлимдан қочиб бўлмаслигини биладиган ягона махлуқ», деган эди. Тўғриси, ҳаёт ўта «маънисиз» эмас. Айни шу сабабга кўра, уни қадрлаш керак ва бунга арзийди ҳам. Ёзишнинг нима кераги бор? Ёзиш, нимадир яратиш зарур бўлгани учун. Бу саволга энг яхши жавоб Сэмюэль Беккет томонидан берилган: «Қўлимдан келгани шу». Агар ҳаёт машаққат, омадсизлик, азобу уқубатга тўла бўлса, демак, бу ҳақда нимадир биламан: урушда жанг қилганман, меҳнат лагерида ишлашга мажбур қилинган маҳбус эдим, ёмон овқатланардим, кейинроқ оғир бетоб бўлдим. Бироқ шунга қарамай, ҳаётда хурсандчилик ва ҳузур-ҳаловат учун ўрин кўп, деб ҳисоблайман.

— Ёзувчининг жамиятдаги вазифаси нимадан иборат?

— Дунёни ўзгартиришдан. Ёзувчи ёки мусаввир ҳар сафар янги услубда инсониятга нимадир айтса, у ўзгаради. Санъат ва адабиёт шунинг учун мавжуд. Жисмонан мавжудликдан ташқари инсон дунёни тасвирий санъату адабиёт берадиган тасаввур воситасида англайди.

— Адабиёт бўйича икки марта Нобель мукофотига даъвогарлик қилгансиз. 1983 йилда мукофотнинг сизга топширилмагани, ҳатто шов-шувларга ва ошкора эътирозлар бўлган эди. Ниҳоят 1985 йил Швед академияси сизни тақдирлашни лозим деб топди. Мукофотни олаётганда нималарни ҳис қилдингиз?

Бошим осмонга етган. Нобель мукофоти ёзувчи учун тақдирнинг ажойиб туҳфаси. Етмиш икки ёшда, бошингизни аранг у ёндан-бу ёнга бурадиган чоғда, сиз билан шунга ўхшаш ҳодисанинг содир бўлиши — ҳақиқий омад. Кутилмаганда шон-шуҳрат ёғилади. Бутун дунёнинг эътиборию таклифлар оқими сиз томон бурилади. Бу нарса қаттиқ ҳаяжон ва завқ-шавқ туғдириши мумкин. Швед академиясининг котиби Ларс Жилленстен менга Стокгольмда: «Ана энди — ёзинг, ёзинг... Аксарият адиблар мукофотдан кейин бошқа ёзмайди», деган эди. Шу гап тинимсиз қулоғим остида жаранглайверади. Мен ўтган куз чоп этилган каттагина «Акация» романини ёздим.

Ёшлар сиздан қандай қилиб ёзувчи бўлиш ҳақида маслаҳат сўрайдими?

— Хайриятки, тез-тез эмас.

— Аммо сўраса, уларга нима дейсиз?

Кўчага чиқишни, икки юз метр юриб, уйга қайтишни ва сайр чоғида ниманики кўрган ёки ўйлаган, нима ҳақда орзу қилган, нималарни эсга олган ёки тасаввур қилган бўлса, ҳаммасини ёзиш ва тасвирлашга уриниб кўришни айтган бўлардим.

— Асарларингиздаги поездлар, иллюстратив қопқоқли қутилар, тамаки қутилар ёки печенье банкаси сингари буюмларнинг тасвири кўп учрайди. Улар қандай маънони англатади?

Ҳеч қандай. Менга буюмларни тасвирлаш ёқади. Худди бошқаларга расм чизиш ёққанидек. Бўлак маъноси йўқ. Шекспир: «ҳаёт бу — бир телба томонидан айтилган машмашаю қаҳр-ғазабга тўла, ҳеч нима англатмайдиган воқеадир», деб ёзган эди. Мен ҳам шунга ўхшаш фикрлайман. Фарқи шундаки, камина учун ҳаёт фақат машмашаю қаҳр-ғазабдан иборат эмас. Унда, шунингдек, капалаклар, гуллар, санъат... ҳам бор.

Келажак режаларингиз қандай?

— Ҳеч қандай режам йўқ. Фақат қисқа муддатли режалар қиламан. Ҳозир етмиш етти ёшдаман. У ёғимдан бу ёғим яқин, эртага ўлишим ҳам мумкин. Фақатгина ёзиш қобилиятини сақлаб қолишга умид қиламан. Сўнгги нафасгача ёзишни истайман.

The Paris Review, №122, 1992 йил.

Рус тилидан Азиз МАТЁҚУБОВ таржимаси

 

1Умумий мазмуни, ғояси бир бўлган уч сурат; уч шеърдан иборат поэтик асар — тарж.