“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 162 марта кўрилган.

АLLEZ

Александр КУПРИН,

Рус адиби

 

Ўтмиш қаъридан чиққан қандайдир узуқ-юлуқ ва амирона бу овоз Мадмуазель Норанинг бир хиллик ва дарбадарлик билан ўтган болалигидаёқ қалбига муҳрланиб қолган эди. Бу чақириқ Норанинг илк хотирасига айланганди. Илк бора тили чиққанида ҳам, ҳатто тушида ҳам бу сўзни айтар, таниш ҳай-қириқ ортида эса ғаройиб хотира бор эди: цирк майдончаси, отларнинг ҳидию оғир-оғир югуриши, узун қамчининг қуруқ шиғиллаши, отга урилган аччиқ зарба, дафъатан ўчиб ёнган бир лаҳзалик қўрқув. «Аllez!..» (Олға-а-а).

Бўм-бўш цирк совуғу қоронғи эди. Шиша гумбаздан аранг ўтаётган қиш қуёши ўриндиқларнинг малина тусли духобасига кучсиз нур сочарди. Кундузги иш жараёни. Шапкаю шуба кийган беш-олтита цирк артистлари биринчи қатордаги ўриндиқларида тамаки тутатиб ўтирарди. Манежлар орасида бошига цилиндр шляпа илдирган, қора мўйловли, калтаоёқ бир одам турибди. У узун арқон қаршисида совуқдан дийдираб турган увоқдеккина қизчани атрофида айлантирарди. Отбоқар каттагина оқ отни тўсиқлар устидан ўтказмоқда. От цилиндр кийган одамга яқинлашганида бўйнидан қамчи еб, безовта пишқирарди. Жажжигина Нора тиззалари остидаги отнинг асабий хатти-ҳаракатларини сезиб баттар қалтирарди.

Чайир қўллар қизалоқни от устидан кенггина чарм матрасга туширди. Цилиндр кийган эркак от устида узун қамчисини боши узра тутиб, аёвсиз қарсиллатиб юрарди... «Аllez!»

Қизалоқ энди озғин қўллари билан қаттиқ тебранаётган трапецияларга осилиб турарди. Нора  пастдаги кучлию шафқатсиз қўллар томон жон-жаҳди билан интилаётган эди. Аммо унинг танасини совуқ тер қоплаб, даҳшатдан юраги тўхтаб қолай дерди. Қизалоқ фақат ингичка чилвирга махкам осилиб турарди. Шафқатсиз қўллар яна баланд кўтарилар, акробатнинг хатти-ҳаракати эса кучайиб борарди... Оёқ остидаги бўшлиқ тубсиз жарликка ўхшаб кўринаётган эди. «Аllez!»

Қизалоқ олти кишидан иборат «жонли пирамида»нинг устида аранг нафас олиб, мувозанат сақламоқда. У пастдагилардан бирининг бошида турган оқ нарвон бўйлаб илондек буралиб сирғалиб борди. Ҳавога пўлат пружинадек қаттиқ ирғитилган қиз ички қўрқувини босолмаса-да, «икар ўйинлари»ни намойиш этди. У, ҳатто баландликдаги ингичка тиканли сим устидан оёқларини яралаб ҳаракатланарди.... Атрофда эса ўша-ўша аҳмоқона қиёфалар, отлару итлар учун муқаррар товуш: «Аllez!»

Ўша қиз яқиндагина ўн олтига тўлиб, кўзга яқин бўлиб қолган эди. Аммо бир куни намойишда у қовун туширди. Ҳаводаги турникдан тўр халта устига эмас, манеж қумларига бориб қулади. Беҳуш қизни дарҳол арена ортига олиб ўтиб, қадимги циркчилар одатига кўра, елкасидан маҳкам тутдилар ва силкитдилар. Қиз ўзига келиб, чиққан қўлининг оғриғидан инграб юборди. «Мухлислар ваҳимага тушади, — деди ёнидагилар, — дарҳол уларга кўриниш беринг. Йўқса, улар тарқалади». У сўзсиз бўйсуниб латофатли от ўргатувчининг табассумини зўрма-зўраки намойиш этди, бироқ икки одим отмасданоқ бақириб юборди-ю, чидаб бўлмас азобдан гандираклаб қолди. Ўшанда ўнлаб қўллар уни ушлаб қолиб, парда ортидан омма олдига зўрлаб итарган эди. «Аllez!..»

Циркнинг бу галги мавсумида гастролчи масхарабоз — Менотти қатнашмоқда эди. У ҳақида турли мақтовлар айтиларди: қум устида думалаб томоша кўрсатувчи, кечқурунлари ҳеч нима емай, оқшомгача оммани тинимсиз кулдиришга қодир таниқли қизиқчи, тақлид устаси, дунёга донғи кетган ҳайвон ўргатувчи, кўплаб унвонлару мукофотлар эгаси... «Ҳа, биз масхарабозмиз! Вазифамиз — қорни тўқ оммани кулдиришу кайфиятини чоғ қилиш!» — дерди у заҳархандалик билан.

Нора қўли тузалгач, илк марта циркда кўриниш берди. Ўшанда Менотти атай қиз билан қўл бериб саломлашди. Кўзлари намланиб, ундан аҳволини сўради. Қиз эса хижолатдан қизариб, қўлини тортиб олди. Ўшанда бу воқеа қизнинг тақдирини ҳал қилиб қўйди.

Орадан бир ҳафта ўтмай намойишдан сўнг Норани кузатиб қўйиш баҳонасида Менотти уни кечки овқатга таклиф қилди. Қизни «дунёга машҳур масхарабоз» яшаётган меҳмонхона ресторанига олиб бормоқчилигини   айтди.

Юқори қаватдаги алоҳида хоналар томон кўтариларкан, Нора чарчоғу ҳаяжондан тўхтаб қолди. Лекин Менотти қизнинг тирсагидан махкам сиқди. Гарчанд масхарабоз секингина: «Аllez!» деб пичирлаганига қарамай, ўша қаттол акробатнинг қаҳрли буйруғини туйди.

Йигитдаги қандайдир илоҳий куч-қудрат қизни ўзига оҳанрабодай тортарди. Агар ундан шу йигит учун ўзини оловга отишни сўраганларида иккиланмай шундай қиларди.

Йил бўйи қиз унинг учун шаҳарга бетиним қатнади. У Меноттининг ҳар галги чиқишида қимматбаҳо олмосию медаллари турган жавонга қўриқчилик қиларди. Йигитнинг ҳайвонларни қўлга ўргатишига ҳам кўмаклашиб юрарди. Хуллас, масхарабознинг улуғлигига бир бутпараст сингари ишониб юрди.

Ниҳоят бир йил деганда қиз йигитнинг жонига тегди. Йигитнинг хотиржам нигоҳи энди «парвоз қилаётган» опа-сингил Вильсонлардан бирига қаратилганди. У артистлару отбоқарлар олдида Норани ошкора калтаклашга ўтди. Қиз ҳаммасига ёши ўтиб, ақли кирган бир вафодор итдай бўйин эгарди. Охир-оқибат Менотти Норадан ортиқ қорасини кўрсатмасликни талаб қилди. Қиз бўйсунди, бироқ хона эшиги олдига келиб, унга иложсиз нигоҳлари билан термилиб қолди. Менотти қутурганича қизни ҳайдаб солди: «Қани туёғингни шиқиллатиб қол! Allez!!!» Аммо икки кундан сўнг калтаклангану ҳайдалган ит одати бўйича яна хўжайинининг манзилига талпинди.

— Мумкин эмас! Хўжа-йин бандлар! У кишининг ёнида бир қиз бор. Лакейнинг сурбетларча тиржайиб айтган гапларидан Норанинг дилини зулмат қоплади. У юқорига чиқиб, ўша хонани адашмай топиб олди. Ахир ўтган йили Менотти билан айнан шу хонада бўлган эди. Масхарабоз хонада экан: қиз унинг машҳурлик толиқтирган мажолсиз овозидан таниди, ора-сирада малласоч инглиз жувоннинг шодон кулгисини ҳам эшитиб турди. Нора шиддат билан эшикни очиб кирди-ю, Вильсонга шиддат билан ташланди. Жувоннинг юзига шапалоқ туширди. Менотти кучли бармоқлари билан қизнинг бўйнидан тутди:

— Ҳозироқ бу ердан қорангни ўчирмасанг, лакейлар битта буйруғим билан сени кўчага улоқтиради. Тушундингми? — деди дарғазаб бўлиб.

Юраги чил-чил синган қиз ўрнидан турди-ю, аста шивирлади:

— Ҳали шунақами...

Унинг нигоҳи ланг очиқ деразага тушди. Нора чаққонлик билан дераза рафига миниб, олдинга энгашди. Икки қўли билан эса ташқи тарафдаги ромни ушлади. Норанинг бармоқлари совуққотди. Паст гўё жарликка ўхшаб кўринар, унинг юраги қўрқувдан тўхтаб қолай деди... Ахийри, кўзини юмди-да, чуқур нафас олди, сўнг қўлини боши узра кўтариб, ожизлигини руҳан енгганини ҳис этганча циркдаги сингари пурвиқор товуш билан ҳайқирди: «Allez!»

Русчадан Темур ТАНГРИБЕРГАНОВ таржимаси