“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 255 марта кўрилган.

ДИЙДОР

И Ми Э,

корейс адиби

 

Анча пайтдан бери сафарга чиқмаган эдим. Таътил берилиши билан лаш-лушимни йиғиштирдим-да, йўлга чиқдим. Европага. Аэродромдамиз. Жойимни қидира бошладим. Шерикларим нуроний отахон билан онахон экан. Йўл узоқ. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетдик. Айниқса, онахон билан суҳбатимиз роса қизиди. Уларнинг сафари билан қизиқдим.

Онахон бироз ўйланиб турди-да, ён дафтаридан эскириб кетган суратни олиб кўрсатди. Оқ-қора  расмда тўрт-беш ёшли қизча ва аскар йигит бор эди. Саволомуз боқишим билан онахон ўксиб-ўксиб йиғлади-да, ҳикоясини бошлади.

— Уруш ҳеч бир хонадоннинг турумини бузмай ўтмади. Онам ҳамшира эди. Дадам урушга чақирилганидан сўнг биз ҳам ортидан кетдик. Ахир, ҳеч кимимиз йўқ, онам болалар уйида катта бўлганди. Уруш тугай демасди.

Кунларнинг бирида кутилмаганда бегона ҳарбийларни кўрган онам довдираб қолди. Аслида мен бўлмаганимда у ўлимига-да рози эди. Онамнинг ҳамширалигини сезган аскарлар унинг қўл-оёғини боғлаб ташлашди.

— Она, онажон! Онамни қўйиб юборинглар, — деган чинқириғим оламни бузди. Шу дам бир аскар келиб, онамдан: «Бу сенинг қизингми?» деб сўради. У эса жонҳолатда «Мени онасига ўхшатяпти», деди. Аммо улар ишонмади. Иккимизнинг ҳам қўлимизни қайирганча олиб кета бошлашди. Ортимизда яна бир қанча одамлар. Онам мендан кўзини узмас, аланг-жаланг бўлганча дадамни изларди. Бироқ у кўринмасди.

Бир пайт олдимизда ўзимизнинг аскарлар пайдо бўлди. Бу отишмалардан жонимиз омон қолиши даргумон эди. Эндигина тўртга кирган бўлсам-да, хаёлим ота-онамда эди. Бир пайт мени биров даст кўтарди-да, ўзини ўт-ўланлар орасига отди. Ўттиз дақиқадан сўнг тўс-тўполон тугади. Ўрнимдан туришга қўрқардим. Кўзимни аста очиб қарасам, акамдек яқин бўлиб қолган польшалик Янни кўрдим. У базўр кўзини очди. Менга жилмайиб боқарди. Унинг кийимлари жиққа қонлигини кўрдим-у, бор овозим билан бақира бошладим. Тириклигимни кўрган онам яраланганига қарамай ўқдай отилиб келди.

Шу куннинг ўзидаёқ дадам ва халоскоримиздан айрилдик.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай уруш ҳам тугади. Ҳамма ўз Ватанига қайтди. Берлин остонасидаги икки қабрга юрагимизни кўмдик.

Сизга кўрсатган суратдаги қизча мен, ёнимдаги аскар эса менинг ўша халоскорим. Онам ундан умрининг сўнгги кунларига қадар миннатдор бўлиб ўтди. Онам иккимиз унинг уй манзилини топиб, яқинларидан хабар олиб турдик. Сабаби, у оиласининг ягона боқувчиси эди.

Қаричилик қурсин орада анча пайт дадам иккисини йўқлаб боролмадим. Фурсат бугун экан. Балки, бу сўнггиси ҳамдир...

Онахоннинг дардли воқеаси этимни жунжиктирди. Манзилга етиб келдик. Нуронийлар билан хайрлашар чоғда телефон рақамларни алмашдик. Сафар ҳам тугади. Сафардаги ҳамшаҳарларим ҳолидан хабар олиш илинжида қўнғироқ қилдим.

— Ассалому алайкум жаноб Ким. Мен Чонман. Эсладингизми? Онахон яхшимилар?

Бир муддат жимликдан сўнг ҳазин овоздан маълум бўлдики, онахон икки яқинининг қабри узра жони узилибди. Томоғимга аччиқ кўз ёш тиқилди... Гапиролмай гўшакни қўйдим.

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси