“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 171 марта кўрилган.

БЕГОНА

Петер БИХСЕЛ,

швейцариялик ёзувчи

 

Индамас, на хурсанд ва на дарғазаб бўлгани ҳоли бор, ҳорғин қиёфали бир кекса одам ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. У мўъжаз шаҳарда, кўча адоғида ёхуд чорраҳа яқинида яшайди. Чолни тасвирлаш аслида у қадар муҳим аҳамиятга эга эмас, нуронийни ҳеч бир хусусият бошқалардан ажратиб турмайди. Бу кекса одам кулранг шляпа, кулранг шим, кулранг юбкаю қишда узун кулранг пальто кийиб юради. Чолнинг териси қуруғу ажиндор, оқ кўйлагининг ёқаси кенг очиқ.

Хонаси уйнинг энг юқори қаватида, эҳтимол у илгари уйлангандир, болалари ҳам бўлгандир, балки бурун ўзга шаҳарда яшагандир? Бироқ бир замонлар бола бўлгани аниқ, аммо улар худди катталардек кийинган. Буни бувимнинг расмлар альбомида кўриш мумкин. Чолнинг хонасида икки стул, бир стол, гилам, каравоту шкаф бор. Мўъжаз стол узра будильник турибди, ёнида эски газеталару расм альбоми ётибди, деворда ойнаю сурат осиғлиқ.

Қария эрталаблари ва тушдан сўнг сайр қилади, қўни-қўшни билан бир-икки оғиз гурунглашади, кечқурунлари эса стол ёнига чўкади. Бу одати ҳеч ўзгармади, бозор кунлари ҳам шундай бўлди. Чол стол ёнига чўкканда будильникнинг бир маромда чиқиллашини тингларди, ҳамиша уйғотувчи соатнинг чиқиллашини... Қуёшли, на иссиғу на совуқ бир ажойиб кунда қушларнинг сайраши, одамлар хушмуомалалиги, болаларни ўйнаётгани, кутилмаганда  қарияга ғоят ёқди.

Чол жилмайди.

«Энди ҳаммаси ўзгаради», — ўйлади нуроний. Қария кўйлагининг энг юқоридаги тугмасини очди, шляпасини қўлга олди-ю, юришни тезлаштирди, одимлаганида тиззалари қалтиради, бироқ у бундан суюнди. Чол ўзи яшайдиган кўчага келди, болаларга бош силкиб қўйди, уйи олдига яқинлашди, зинадан юқорилади, чўнтагидан калитларни олди-ю, хонасини очди.

Аммо хонада ҳаммаси ўша-ўша, бир стол, икки стул, бир каравот. Курсига чўккани ҳамон яна чиқиллаш қулоғига чалинди ва шодлиги бир пул бўлди, чунки ҳеч нарса ўзгармаганди.

Чол ғоят дарғазаб бўлди.

Кўзгуда юзи қизариб, кўзлари қандай юмилиб кетганини кўрди; қўллари мушт бўлиб тугилди, уни ҳаволатди-ю, муштини столга урди, бир зарба, яна бир зарба, сўнг чол жон ҳолатда столни бетиним муштлай бошлади ва устига-устак бақирарди ҳам: «Бу ўзгариши керак, бу ўзгариши керак!» Нуроний энди будильникни эшитмасди. Шўрликнинг қўлида оғриқ турди ва овози чиқмай қолди, бироқ тағин уйғотувчи соатнинг товуши қулоғига чалинди, ҳеч нарса ўзгармаганди.

«Ўша-ўша стол, — деди у, — ўша стуллар, ўша каравоту ўша сурат. Ва мен столни стол дейман, расмни расм, каравотни каравот деб атайман. Стулни стул. Нега айнан шундай? Французлар каравотни «ли», столни «табл», расмни «табло» ва стулни «шез» дейди ва бир-бирини тушунади. Хитойликлар ҳам бир-бирини англайди. Нега каравот сурат дейилмайди? — хаёлидан ўтказди чол ва жилмайди, сўнг қаҳ-қаҳ отди, то ён қўшни деворни уриб, «жим» деб қич-қирмагунича кулди.

«Энди ҳаммаси ўзгаради», — ҳайқирди чол ва шу лаҳзадан бошлаб каравотни «расм» деб атади.

«Чарчадим, расмга ётмоқчиман», — деди у ва эрталаблари узоқ вақт суратда чўзилиб, стулни қандай аташ ҳақида бош қотирарди. Чол уни «будильник» деб атади.

Қария ўрнидан турди-ю, кийинди, будильникка ўтириб, қўлини столга тиради. Аммо стол энди стол аталмайди, уни гилам деймиз. Саҳармардонда нуроний расмдан туриб кийинди, сўнг гилам ёнида будильникка чўкди ва буюмларни қандай аташ хусусида ўйлади.

Каравот — расм.

Стол — гилам.

Стул — будильник.

Газета — каравот.

Ойна — стул.

Будильник — расм альбоми.

Шкаф — газета.

Гилам — шкаф.

Расм — стол.

Расм альбоми — ойна.

Демак, чол тонгда расмда узоқ чўзилиб ётди, соат тўққизда расм альбом жиринглади, у ўрнидан турди-ю, совқотмаслиги учун шкафнинг устига оёқ қўйди, сўнг газетадан кийимларини олди, кийинди, девордаги стулга қаради, гилам ёнидаги будильникка ўтирди ва то онасининг столини топгунига қадар ойнани варақлади.

Чолга бу қизиқ туюлди. Кун бўйи шуни машқ қилди-ю, янги сўзларни эслаб қолди. Ҳаммаси қайта номланди: у энди эркак эмас, балки оёқ эди ва оёқ — тонг, тонг — эркак деб аталди.

Ҳикоянинг давомини ўзингиз ёзишингиз мумкин. Худди ҳалиги киши қилганидек, бошқа сўзларни алмаштириш ихтиёрингизда:

Жирингламоқ — қўймоқ,

совқотмоқ — қарамоқ,

ётмоқ — жирингламоқ,

турмоқ — совқотмоқ,

қўймоқ — варақламоқ.

Шундай экан, эркак кишида қари оёқ узоқ вақт расмда жиринглади, соат тўққизда расм альбом қўйди, оёқ сов-қотди ва эрталабларга қарамаслик учун шкафнинг устига варақлади.

Қария ўзига ҳаворанг дафтарлар сотиб олди-ю, уларни янги сўзлар билан ёзиб тўлдирди. Қария бу машғулотга муккасидан кетди. Шу боис уни кўчада камдан-кам учратишарди.

Кейин чол ҳаммаси учун янги ифодаларни ўрганди ва борган сари ҳақиқий атамаларни унутди. Нуронийда энди фақат ўзига тегишли бўлган янги тил бор эди.

У аллақачон янги тилда туш кўрарди. Мактаб давридаги қўшиқларни ҳам шу тилга ўгирди-ю, паст овозда хиргойи қилиб юрди.

Кўп ўтмай чолга таржима қийинлашиб қолди. Чунки у эски тилни тамоман унутганди. Ҳақиқий сўзларни мовийранг дафтарларидан излашига тўғри келди, ҳатто одамлар билан суҳбатлашишдан ҳам қўрқиб қолди. Қария одамлар буюмларни қандай аташини узоқ эслашга мажбур бўларди.

Расмни одамлар «каравот» дейди.

Гиламни одамлар «стол» дейди.

Будильникни одамлар «стул» дейди.

Каравотни одамлар «газета» дейди.

Стулни одамлар «ойна» дейди.

Расм альбомни одамлар «будильник» дейди.

Газетани одамлар «шкаф» дейди.

Шкафни одамлар «гилам» дейди.

Столни одамлар «расм» дейди.

Ойнани одамлар «расм альбоми» дейди.

Энди чол бошқалар гапирса, куладиган одат чиқарди. Агар биров: «Эртага ҳам футбол ўйинига борасизми?» деб сўраганида куларди. Бошқа биров: «Икки ой мобайнида ёмғир ёғади», деса ҳам. Ёки кимдир: «Америкада тоғам бор», деганда ҳам.

Қария ҳеч нарсани тушунмаганидан куларди. Бироқ бу кулгили ҳикоя эмас. У ғамгин бошланди ва ғамгин тугайди. Кулранг пальтоли чол энди одамларни тушунмайди, бу у қадар даҳшатли эмас. Одамларнинг нуронийни тушунолмаслиги даҳшатдир.

Шунинг учун ҳам у ҳеч нима демасди.

Чол сукут сақларди...

 

Немис тилидан Абдулазиз ҚОСИМОВ таржимаси