“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 168 марта кўрилган.

КЕКСА ГРЕЙ ХОНИМ

 Виржиния ВУЛФ,

инглиз ёзувчиси

 

Ҳатто Англия заминида ҳам шундай дақиқалар бўлиб турадики, бир ҳафталик кир-чир, кийим-бош жамики хотиржамлигингизни йўққа чиқариб, бир зумда сизни олам-олам юмушга ҳеч бир қаршиликсиз кўмиб ташлайди. Чойшаблар ва турли-туман энгил-бошлар чаққон кафтлар орасида эзилиб, обдон мижғилангач, яна сувга шўнғийди, барча иш билан овора, бу ҳолатни сўз билан ифодалаш унчалик муҳим ҳам эмас, бари оддийгина уй ишлари, бироқ ҳув нарида, остона пешонасига мук тушиб олганча, олис тепаликлар тарафга маъюс нигоҳларини қадаб ўтирган миссис Грейга буларнинг бари ғирт тентаклик ва кераксиз эзмаликка ўхшаб кўринади, зотан ёши бир жойга бориб қолган бу кампирнинг энди на рўзғорга ва на ўзига қарай оладиган зиғирчалик ҳам шашти қолмаган эди. Унинг кунларида неча йиллардан буён фақат ором ва сукунат ҳукмрон. Ором бўлганида ҳам қандай? Сира адоғи йўқ, чеку чегарасиз, лаҳзалар лаҳзаларга сўзсиз тобе бўлган, азал дунё гунгу бехабар, гўё ёввойи қушларнинг ошиб ўтган тепаликлари ҳам уларнинг ҳуркак парвози каби осмонлар қадар чўзилиб кетгандек сирли, алланечук, қайғули ва тушунуксиз бир ҳолат эди бу.

Теварак-атроф миссис Грей ўтирган бурчакдан  кафтдек намоён, атиги беш-ўн қадам берида, холос. Ҳатто ичкаридаги тошўчоққа ўт қалаб қўйилган бўлса-да, кекса аёл ҳамиша уйининг олд эшикларини ланг очиб ўтиради. Заиф учқун сочаётган аланга худдики заминга мўл-кўл нур ёғдираётган қуёш тафтидан қочишга уринаётган ожиз ва хира нур мисол жуда кучсиз кўриниш беради.

Миссис Грей доимгидек ўзининг тошдек қаттиқ курсисида ҳамишаги бурчакдаги жойида унсиз тикилганча ўтирибди — аммо у нимага тикиляпти? Афтидан ҳеч нарсага. Ёнига одамлар келсаям у сира диққатини бузмаяпти. Бироқ модомики, у кўзларини уларга маҳкам қадаб туриб олса борми, аёлнинг ёнига келганлар, албатта, ҳассасини йўқотган кўрдек довдираб қолишлари аниқ. Кампирнинг мовий ва кўзойнаксиз нигоҳлари ниҳоятда кўпни кўрган. Бу кўзлар ҳалигача ўткир, аниқ-тиниқ кўра олади, аммо беҳад маънисиз, ўта сўник кўзлар. Ҳар куни кекса аёл ҳорғин қароқлари билан суҳбат қуради, айтарли ҳеч нарсага машаққат билан термулмайди, бор-йўғи ҳар-хил чеҳралару, хонасидаги идишлар ва ташқаридаги бепоён далалар томонга шуурсиз боқиб ўтираверади. Мана ҳозир ҳам тўқсон икки ёшда улар, албатта, дадил ҳаракатланолмайди, улар кўпроқ ташқаридаги кир ёйилган чилвир арқонларнинг қилпанглаб ўйнашию, букилган кучсиз оёқларнинг қалтираб ачишишидан хабардорлар, холос. Ҳўл ва оғир чойшаб арқонга ёйилиши билан гўё кампирнинг қувватсиз танаси-да худди шу латтага ўхшаб арқон узра чирмалиб кетгандек бўлади. Чилвир ип бераҳм ва кўринмас қандайдир қўл билан томир тортгандек тинмай чийранади. Кампир хаёлан шу арқонга қартайган оёқ-қўлларини ҳам осади. Шунда симарқон бирдан тиниб қолгандек туюлади. Миссис Грей ҳар куни қариликнинг ана шундай  мавҳум ўйлари гирдобига ботганча шалвираб ўтираверади.

Нажотсиз жимжитлик теграсида кампир ўзининг ўн, йигирма, йигирма беш ёшлардаги сиймосини топаман деб куймаланади. Мана, у ўн бир нафар ака-сингиллари билан биргаликда шодон қийқириб югуряпти. Сим арқон зарб билан яна силтанади. Кампир курсисидан олдинга қараб эгилади, унинг серажин юзларидан мўлдир-мўлдир ёш қуйилиб келади.

— Ҳаммаси ўлди, ҳаммаси кетди, — дея пичирлайди у. — Менинг жону жигарларим бари ўлди. Жонажон ёстиқдошим ҳам ўтди. Қизим ҳам ўтди. Аммо мен яшаяпман ҳамон, ҳанузгача мен тирикман. Ҳар саҳар Парвардигори оламдан тезроқ бандалик қилишимни ўтиниб, илтижо қиламан.

Тонг ўзининг сирли латофатини рўйи жаҳонга кўз-кўз қилади. Жонсарак қушчалар бир ҳовуч дон илинжида ер бағрига қўниб, яна кўкка потиллаб кўтарилганча бир хил ҳаёт кечиради ҳар тонг. Кампир бўлса, саҳарларни ўйчил қаршилайди.

— Мен бир саводсиз, жоҳил кампир, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам удда қилолмаганман ҳеч. Умрим фақат нолиш билан ўтди, ҳар тонг зиналардан судралганча пастга тушарканман, тезроқ кун ботишини тилайман, кеч кириши билан эса яна тонг отишини сўрайман. Ўта шаккокман. Худо бехабар, шунақа оми бир кампирман.

Қуёш ботиб, борлиққа шом таровати тарала бошлаган заҳоти миссис Грей баттар хомуш тортади, унинг кўзлари деярли ҳеч нарсани илғамай, қулоқлари атрофдаги гоҳ тортишган, гоҳ бақириб ашула айтган товушларни идрок этолмай қолади. Гўё юз йиллардан бери аҳвол шундай давом этаётгандек бўлиб туюлади.

Қалтироқ оёқ-қўллар яна арқонга осилади.

— Ҳар ҳафта доктор келади. У оддий тиббий хизмат ходими. Боёқиш қизим вафотидан кейин доктор Николаснинг муолажаларига ортиқ қурбимиз етмай қолди. Лекин у жуда яхши одам. У доим менга, жонимнинг мус-таҳкамлигига лол қолаверади. Сизнинг юрагингиз бақувват, дейди тушмагур. Гўёки, мен ўлишга асло қобил эмасдек гапиради-я, тавба...

Аслида биз, одамзод аҳли шундай яралганмиз, аллақачон кучдан қолиб, буткул қуриб-қовжираб қолган танамизни яна ва яна сим арқонга илгимиз, чирмашгимиз келади, ҳаётдан сира-сира умид узолмаймиз. Ҳорғин кўзларимиз ва батанг қулоқларимиз билан атиги бир шиша дорию бир пиёла чой ва тафти сўниб бораётган оловдан ўзгасини англамай қолган бўлсак-да, эшикларимизни ланг очиб қўйганча такрор ҳаётга термиламиз, ҳамон яшашни истаймиз, ҳатто миямизни ўткир михдек пармалаётган ўй-хаёлларимиз билан ҳам биз бир умр тирикликка тобе азиз мавжудотлармиз.

 

Инглизчадан

Қандилат ЮСУПОВА таржимаси