“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 196 марта кўрилган.

МАРИ ХОЛА

Че Хён СОН,

корейс адиби

 

Қўлимга таклифнома тушди. У холамдан эди. Сўнгида: “Охирги марта саҳнага чиқаман!” деб ёзиб қўйибди. Сумкамга нарсаларимни солдим-у, поездга чиқдим. Ғоят ғаройиб аёл бўлган Мари холамни олти ёшимда кўрганман, бироқ у ҳеч қачон асл исми Мун Бок Жалигини айтганини эслолмайман. У ҳамиша  уйимизга қўпол сумкасини кўтариб келар ва онамга дардини тўкиб сочарди. Бир куни онам дугонасининг қайсидир фильмда Мари ролини яхши ўйнагани учун номини унутишганини айтиб қолди.

Ўша йилнинг охирги кунларида у уйимизга ғирт маст ҳолда кириб келди. Унинг важоҳати совуқ ва рутубатли тундек эди. Танасининг у ер - бу ерлари тиришган, худди сумкага ғижимлаб солинган кийимга ўхшарди.

— Қани, энди кўзларингни юм! — деди онам.

Мари холамнинг йиғи аралаш айтган дардидан англаганим шу бўлдики, уни севган йигити ташлаб кетибди.

Холамнинг муҳаббат саргузаштлари китобдан ҳам қизиқарли эди. У ким севги изҳор қилса қабул қилар, лекин кўп ўтмай ошиқ жуфтакни ростлаб қоларди. Бунинг сабаби ҳаммага қоронғи эди. Онам тўшакка михлангач, оиламизда қийинчиликлар бошланди. Ўшанда ўн бир ёшга қадам қўйгандим. Мари хола онам ётган касалхонага келди.

Ўртадаги жимликни ўгай отам бузди:

— Бери кел, қизим, — деди у ва сочларимни силаб:

— Онанг тузалиши билан сени, албатта, олиб келгани бораман, — деди. Дадам ўгай бўлса-да, ёш боладай беғубор эди.

Мари хола билан касалхонадан чиқдигу  поездга ўтирдик. У ёнимда бўлса-да, негадир ўзимни саҳродаги ёлғиз одамдай ҳис қилдим. Узоқдан ёғоч уй кўринди. Яқинлашганимиз сари атроф манзара ҳам янада чиройли бўлиб борди.    Ташқари тарафига япон тилида "Саёнара кафеси", деб ёзилган уй олдида тўхтадик. Барглари шапалоқдек келадиган чирмовуқ икки қаватли уй деворларига зулукдек ёпишиб олган. Мари холамнинг айтишича, бу уйнинг қурилганига юз йилдан ошганмиш. Бу ерда Мари холамнинг аждодлари ҳам умр кечирган экан.

У бир ҳафтада бир марта катта сумкасини елкасига илиб қаергадир бориб келарди. Шунда ҳам тушдан сўнг чиқиб кетар ва ярим кечаси ҳорғин қайтарди. Мен ундан қаерга боришини сўрамас, у ҳам менга тушунтирмас эди.

Орадан уч ой ўтди ҳамки, ўгай дадамдан хат-хабар бўлмади.

— Ҳой, Чача!

Ҳовлидаги дарахтларга анграйиб турганимда Мари холам деразадан бошини чиқариб ёнига имлади. Исмим Чача бўлмаса-да, у мени негадир шундай атарди.

— Бугун кечаси бир жойга бориб келаман. Тушундинг-а? — деди у кийимимнинг ёқасини майин силаб тўғриларкан.

Унинг сирли сафари ҳақида батафсил сўрамасликка сўз бергандек бош силкиб қўйдим. Холам чиқиб кетди. Мен ёлғиз қолдим. Қош қорайди. Уй эса мени тобора ютиб бораётганга ўхшарди. У гўё ғам тўлган юракка ўхшарди. Ҳадеганда уйқу келавермади. Мен эринибгина ўрнимдан турдим ва ‘‘Саёнара кафеси’’га йўл олдим. У ерга киришим билан димоғимга мазали таом ҳиди урилди. Кафе ичкарисидан тириллаган товуш эшитилди. Аста мўралайман: Мари холам тикув машинасига энкайиб нимадир тикарди. Шу туришда у кўзларимга узоқ яшаши кутилган-у, аммо эрта қуриб қолган  дарахтга ўхшаб кўринди. Онаю қизни ташлаб кетган отаси билан алоқаси узилган. Эри ҳам, ўғли ҳам, унга севги изҳор қилган жамики йигитларнинг ҳаммаси липиллаб ўчган шам каби йўқолди. У ёлғиз.

Билганим холам онаси тириклигидаёқ кафеда қўшиқ куйлаган.    Кейин-кейин у монолог ўқишни бошлаган. Ўша кечалари холам қоп-қора либосда, сочларини елкаларига ёйиб, саҳнага чиқарди. Худди шу ердан у экранга ҳам кўтарилди. Мари холам энди гўзал актриса ҳам, мухлислари орасида порлаган юлдуз ҳам эмасди. Унинг ғуссага ботган ҳаёти мени ҳам тобора ютиб борарди. Холам билан бир йил яшадим. Дадамдан ҳеч қандай хабар келмади. Мен онам ўлиб, буткул етим қолганимни ич-ичимдан сезардим. Бу ҳақида Мари холам индамас, мен ҳам ундан сўрашга журъат қилмадим.

… Таклифномага қайта кўз югуртирдим. Юзимга табассум қўнди. Поезддан тушиб чанг кўчаларга бурилдим. Йўллар ҳамон ўша-ўша эди. Тоғамникига кўчганимдан буён уни кўрмагандим. Ўтган йигирма йил ичида Мари холам қандай умр кечирганини билишга иштиёқим баланд эди. Узоқдан ўша таниш кафе кўринди. Овозим борича Мари холамни чақиришга уриндим. Лекин негадир бўғзимга нимадир тиқилди. Холамнинг умридаги сўнгги монологини эшитиш арафасидалигимни сезиб турардим. Шу пайт холамнинг овози эшитилгандек бўлди. У ғамгин қўшиқ куйларди.

— Салом, Мари хола! — дедим лабларим титраб. Буни пичирлаб айтдимми ёки баланд овоздами билолмадим, бироқ онам билан хайрлашганда намланмаган кўзларимдан ёш сизиб чиқарди.

Корейс тилидан

Отабек ЙЎЛДОШЕВ

Таржимаси