“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 137 марта кўрилган.

ОНАМГА

Ги Де МОПАССАН,

француз адиби

 

1870 йил

Сизга аҳволим ҳақида гаврлик кондуктордан хабар бермоқчи эдим, аммо йўллардаги хавф-хатар туфайли у ҳали бери етиб боролмайди чамамда. Шу сабабдан сизга қисқагина хатча ёздим, онагинам.

Ҳамма қатори мен ҳам тўзғиган аскарларимиз билан қочиб қутулдим. Асирга тушишимга бир баҳя қолди. Сабаби, қўшиннинг авангард қисмидан арьергард1га қайтдим; интендант2нинг жўнатмасини генералга етказиш учун. Шу оқшом пиёда 15 льё3  йўл босибман ўзиям. Турли хил топшириқлар билан тиним билмай ҳар ёнга югуриб, музлаган қабрларнинг тошлари устида тунадим. Агар чаққон оёқларим бўлмаганида, асирга тушишим аниқ эди. Ҳозир ўзимни жуда яхши хис қиляпман.

Ҳозирча хайр. Эртага батафсилроқ ёзиб юбораман.

Сизни ва укам Эрвени ўпиб қоламан. Ҳаммага салом айтинг, энг яхши тилаклар тилайман. Айниқса, Жозефга.

Ўғлингиз Ги де Мопассан.

***

Париж, шанба, 1870 йил

Сизга яна бир қанча хабар ёзиб улгурай деяпман, онагинам. Чунки икки кундан сўнг Париж ва Франциянинг қолган ҳудудлари ҳам хат-хабарлар узиб қўйилади. Пруссияликлар жадал сурьат билан яқинлашмоқда. Урушнинг натижаси борасида энди шубҳага ўрин қолмади, пруссияликларнинг ҳалокати муқаррар. Буни ўзлари ҳам сезиб туришибди. Ва сўнгги кучларини тўплаб, Парижни бир уринишдаёқ забт этмоқни кўзлашяпти. Бироқ уларни қаршилашга аллақачон шай турибмиз.

Тунни Венсен4да ўтказганим йўқ, у ерга бориш ниятим ҳам йўқ. Парижга қамалдан бурун етиш ниятидаман. Собиқ ҳарбий қароргоҳга эса боришнинг имкони йўқ, боиси пруссияликларнинг тўплари у ерни кунпаякун қилгани аниқ. Отам жуда безовта: ғалати маслаҳатлар беряпти, нима эмиш, бахтсиз фалокатлардан узоқда бўлишим учун Париж интендантлигига киришим керак экан. Бунинг устига маҳаллий қўриқчилардан асосий канализация қувурлари ҳақида ҳам сўрашим лозим экан. Бомбалардан сақланиш учун. Робер Сен Моредаги отишманинг олдинги қисмида бўлади. Кўчманчи гвардия шаспо5  билан қуроллангани туфайли анча салобатлироқ кўриняпти. Медриналь хат ёзиб, лефошё6имни сўрабди. Амакиваччам Жермер7  ундан олдин сўрагани учун беришга ваъда берган эдим. Жавоб хатимни тўғри тушунар. Денизан хоним эса кеча кечқурун мени операга таклиф қилди. «Портичилик соқов қиз»8ни тингладик. Ажойиб.

Фор Дюжаррик исмли бир одам бор. Бош интендантнинг таниши экан. Менга қулайгина шароитлар яратиб беришини айтди. Мен учун казарма ҳаётидан-да зерикарли ҳаёт йўқ ахир. У бош интендантни излаб тополмади шекилли, эртага аниқ қидириб топаман, деб айтди. Девонхона ёки лагерда қўним топдим. Лекин бу жойларда бирон тирик жонни учрата олмадим. Армиядан хабар жўнатиш мушкул бўлиб қолди.

Хайр, меҳрибон онажоним, сизни соғинч ила ўпиб қоламан. Эрвени ҳам. Жозефга салом айтинг. Отам ҳам қўлингиздан ўпмоқчи экан.

Ўғлингиз Ги де Мопассан.

 

P. S. Зерикишим ва соғинчимнинг чек-чегараси йўқ! Интендантликка қабул қилинсам, бу дилгирликдан қутуламан. Кунларим мазмундор бўлар ўшанда. Медриналь ҳам бошқа қурол топадиган бўлади.

 

Рус тилидан Темур ТАНГРИБЕРГАНОВ таржимаси

Ушбу мактуб 1870 йилнинг охирларида Франция ва Пруссия уруши пайтида ёзилган.

1 Арьергард — асосий кучлардан орқадаги ҳарбий қисмлар.

2 Интендант — армияда моддий таъминот хизматини бажарувчи ҳарбий ходим.

3 Льё — Францияда 4, 5 км га тенг қадимги узунлик ўлчови

1870 йилнинг 19 сентябрида Пруссияликларнинг Парижни қамал қилиши билан боғлиқ алоқа узилиши назарда тутилган.

4 Венсен — Парижнинг энголди истеҳком қалъаси.

5 Шаспо — 1870-1871 йиллардаги Франция армиясининг қуроли.

6 Француз қуролшуноси шарафига номланган  ов қуроли.

7 Жермер д Арнуа де Бланг — Мопассаннинг амакиваччаси.

8 Француз операчиси Обернинг 1828 йилда яратилган шу номли операси.