“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 33 марта кўрилган.

УРУШ ҲАМИША СОВУҚ

Тумас ТРАНСТРЕМЕР,

Нобельмукофоти лауреати

 

— Биринчи китобингиз йигирма икки ёшингизда чоп қилинган экан. Бугун ҳаётнинг минг битта чиғириғидан ўтган ҳаётий тажрибаси бор одамсиз. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Илк шеърларингизга боқиб нималарни ҳис қиласиз?

— Ҳа, тўғри айтдингиз, ҳаётнинг минг бир чиғириғидан ўтган одамман, баъзан ўзимга шоир эмасдай туюламан. Ўша пайтдаги шеърларимни ўқисам, наҳот шу сатрларни мен ёзган эканман, деб ўйлайвераман. Охирги битганларимни изоҳлаган адабий танқидчилар айрим фикрларимни биринчи китобимда, туйғуларга лиммо-лим ўша йигирма икки ёшли юрак билан айтганлигимни эътироф қилишади. Уларнинг ҳақлигини ҳис этиб тураман. Ҳозир ўша фикрларнинг бўйи ўсган, холос. Руҳиятимдаги эврилишларни ҳис қиламан, бироқ бу одамзодга хос ва бу жараён деярли ҳаммада ҳаётий тажрибанинг ортиб бориши билан содир бўлади. Шоир руҳиятидаги эврилиш эса илоҳий. Уни фақат Яратган белгилайди.

— Шеърларингизни ўқиганимда сиз ўзингизга гўё бир саёқ талабага қарагандай қарайсиз. Баъзи  сатрлардан сизни ўзга сайёраликдай тасаввур қиламан.

— Бунга ўзим ҳам жавоб тополмайман. Швециянинг осмонисиз яшолмайман, бироқ баъзан унга қанча термилмай барибир танимайман. У кўзимга ғоят ғалати туюлади. Бу ерларнинг об-ҳавоси ҳамиша совуқ бўлган, лекин мен кўниколмайман. Швеция ёзи ҳаддан ортиқ ёруғ, қиши эса зулматнинг ўзгинаси. Швециянинг табиати билан баъзан бир онанинг қорнидан тушган оға-инидай яқин ҳис қиламан ўзимни, баъзан эса ундан ётти ёт бегонадай узоқлашаман. Одамларига ҳам. Шунинг учун ўзимга шундай муносабатда бўлсам керак. Мен ёруғ оламдаги содир бўлаётган воқеаларни кўраётгани учун кўзи, ҳис қилаётгани учун юраги, ишлаётгани учун мияси, ўзига номаълум оламларда учиб юрган руҳияти билан олишиб яшайдиган одамман. Бу кураш ниҳоясиз. Зиддиятлар натижасида эса улғайиб, тобора оламдан олислаб бораётганимни англайман.

— Шеъриятдан бўлак қизиқишларингиз борми?

— Тарихни ўқиш жону дилим эди. Ҳозир ҳам бўш вақтларда ўтмишни варақлаб туриш менга ёқади. Инсониятни тушунишга уринаман, бироқ буларнинг ҳаммаси бесамар. Унинг кечмишидаги урушлардан кўнглим азият чекади. Орт-да қолган вақт фақат қондан иборат. Инсоният бошлаган қирғинбаротларнинг ҳаммаси маънисиз. Энг даҳшатлиси, Одам Атою Момо Ҳавонинг шуҳратпараст фарзандлари ҳамон курашдан тўхтаган эмас. Уруш ҳамиша совуқ, моҳияти эса ғоят пуч. Афсус, инсоният ўзини англамай дунёдан ўтиб кетса керак.

Дарвоқе, ўн уч-ўн тўрт ёшларимда мусиқага қизиққанман. Бу муҳаббат ҳам ҳануз қалбимни тарк этган эмас.

— Шундай жавобни кутган эдим. Эшитишимча, шеърларингиз ғоялари асосан пианино чалаётганингизда туғилар экан...

— Йўқ, бўлмаган гап. Уларнинг ғояси хаёлда туғилади. Мусиқа чалаётганимда куйдан бошқасини ўйламайман. Айрим шеърларимнинг ғояси эса тушларимда аён бўлган.

— Бироқ ғоя ҳали бу шеър дегани эмас. Бунинг учун кайфият ҳам керак...

— Ҳа, бу ҳеч қачон мен учун осон кечмаган. Кайфият излаб ғояни йўқотиб қўйган вақтларим ҳам бўлади. Шунда дунё кўзимга қоронғи туюлади.  Кейин саёқдай шаҳар айланаман. Йўл менга истаганимни беради.

— «Юракдаги бўрон», «Йўллар» сингари ажойиб туркум шеърларингизни фикрингизга яққол мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Уларни автомобиль ойнасидан ёмғир ёғаётганини кузатиб турган кузатувчи ёзганга ўхшайди.

— Чиндан ҳам ўшандай вазиятда ёзилган. Тўғрисини айт-ганда, машинага эҳтиромим баланд. Унга эга бўлиш яхши. Дарбадарликни истаган юракнинг энг қулай ҳожатманди у. Машинани бошқариб, кўнгил чигилини ёзаман. Ёлғизликни истаганимда унга ўтираман-да, табиат қўйнига отиламан.

— Ижодингизнинг сўнгги даврларида насрий шеърлар ёза бошладингиз. Бу усулни кўпчилик ёқламайди.

— Бироқ у эски анъана. Француз адабиётида кенг тарқалган. Баъзан туйғулар шеърий чегараларга сиғмайди, кўнгилдагиларини шоир қоғозга туширмаса хароб бўлади. 1940 йилларда Францияда ўн тўққиз нафар замонавий шоирнинг шеърларидан иборат сайланма қўлимга тушиб қолган эди. Унда ғояси улкан   шеърлар фақат насрий усулда баён қилинган экан. Ўшанда бу ўзимга ҳам эриш туюлган, бироқ бир-биридан ғаройиб фикрлар моҳиятини уққанимдан кейин замонавий шоирларнинг маҳоратига тан берганман. Онамни йўқотган куним уйга эзилган аҳволда қайт-ган эдим. Руҳиятимдаги ҳолатни шеърга сиғдиролмасдим, аммо ёзишим керак эди ва мен илк маротаба «Китоб жавони» номли шеърни насрий усулда баён қилдим. Энг қизиғи, бу ўқувчиларимга маъқул келди. Шунда англадимки, сўзнинг қай тарзда ёзилганию етиб боргани муҳим эмас, унинг юракдан чиққани улкан аҳамият касб этар экан. Насрда фикр етказишнинг имкониятлари каттароқ. Истасангиз, «Қаҳратон» шеъримдан бир парчани ўқиб бераман: «Базмдамиз, бироқ бунда бизга бировнинг кўзи учиб тургани йўқ. Ниқоблар, ниқоблар, ниқоблар... Ниҳоят базм оёғимдан чалди, даҳшатли қулашдан сўнг ҳам ниқобимни ечмадим. Асл юзимни одамларга кўрсатмай ўлиб кетаман. Кўзларим юмилди, бу уларни очиб юришдан яхшироқ. Қандай яхши, бироқ буни овоз чиқариб айтиш мумкинмас! Чунки бу базмда Зўравонлик кезиб юрибди».

 

Газета варианти

Манба «Painted Bridge Quarterly» Филодеьфия санъат журнали (№ 40-41, 1990).

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси