“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1121 марта кўрилган.

Ёзнинг майин шаббодаси (ҳикоя)

Анил Чандра,

Ҳинд адиби

Малини Темби Пунадаги “Гринфильд” мактабига муаллима бўлиб келган пайтда у йигирма бешинчи ёзини қарши олган эди. Айни пайтда бу ёз Дипак Праданга ўн олти ёшни туҳфа этганди. Муаллима мактабга қадам қўйиши биланоқ болалар уни табрикномалар ва пушти гулларга кўмиб ташлашди. Қиз шунга муносиб: жуда гўзал эди. Ҳамманинг назарида, у жазирама июлда майин бир шаббодадай бўлиб кириб келганди. Йилнинг айнан шу кунларида об-ҳаво ғалати бўларди: на иссиқ, на совуқ. Малини бу ерга келгандан сўнг гўё ҳамма нарса ўз изига тушгандек бўлди.

Дарснинг биринчи куни Малини ўз исм-шарифини доскага ёзгандан кейин синф негадир ёришиб кетгандек бўлди. Бу пайтда Дипак қўлидаги бир парча қоғозни ғижимлаб, кимларгадир отиш билан банд эди. Дарсдан сўнг ҳамма кетгач эса негадир қўлига артгични олди-да, доскани ёғ ялагудек қилиб тозалади.

– Нима қиляпсан? – сўради Темби хоним столидан туриб, болага ўгирилар экан. У доскадаги машқларни ҳали текшириб бўлмаганди.

– Доскада бўш жой қолмапти, ёрдам бериш учун артиб қўйдим. Лекин кейин сиздан сўрамаганим ёдимга тушди...

– Менимча, бир сафар сени кечирамиз, – деди у кулиб.

Эртасига Дипак йўлни кесиб ўтиб, ўқитувчиси яшайдиган уйнинг қаршисидан чиқди. Темби хоним эндигина эшикдан чиқаётган экан.

– Мен шу ердаман, – деди бола.

– Қандай яхши, – деди ўқитувчиси ҳам. – Кутилмаган ташриф бўлди.

– Китобларингизни кўтаришиб юборсам майлими?

– Албатта. Раҳмат, Дипак.

Улар бир неча дақиқа индамай боришди. Қиз унга мулойимлик билан назар ташлар ва боланинг хурсандлигидан ўзи ҳам жилмаярди. Улар мактаб биносига етиб келишгач, бола унга ўгирилди.

– Яхшиси, шу ерда ажраламиз. Бошқа ўқувчилар нотўғри тушуниши мумкин.

– Шундай деб ўйлайсанми?

– Ахир мен ўқувчингиз, сиз эса ўқитувчимсиз-ку, – деди Дипак чин дилдан куйиниб.

– Дипак... Бундай ўйлама.

Малини йўлида давом этди.

Бир неча ҳафта улар дарс пайти гаплашмадилар. Бола ҳар кун дарс тугагач, қиз ёзув-чизув ишлари билан банд пайтда индамай доскани тозалар эди. Баъзан бу сукунат кечки соат бешгача чўзилар, қиз ишларини тугатгач, Дипакнинг бир четда жимгина кутиб ўтирганига гувоҳ бўларди.

– Уйга қайтадиган вақт бўлди, – дерди Темби хоним. Шундан кейин бола дарров ўқитувчисининг сумкасини кўтариб оларди. Улар кенг дала бўйлаб кетишар ва турли мавзуларда гаплашардилар.

– Катта бўлганингда ким бўлмоқчисан, Дипак? – сўради ўша куни хоним.

– Ҳаво кучлари учувчиси. Мен осмоннинг энг баланд нуқтасига чиқмоқчиман ва чиройли табиатни ўша ердан туриб кузатмоқчиман, худди қушлар каби.

– О, мақсадинг юксак экан.

– Биламан, шунинг учун қаттиқ ҳаракат қиляпман, – кейин бола бир зум ўйланиб қолди. – Бир илтимосимга хўп дейсизми?

– Ҳа, нима экан у?

– Мен ҳар якшанба Марказий хиёбондаги ажойиб кўлга бораман, у уйингизнинг ёнида. Кўлда бир гала ўрдагу балиқлар бор. Балки сиз ҳам менга шерик бўларсиз?

– Кечир, бироқ якшанбада мен банд бўламан.

– Барибир, кутаман.

– Таклифинг учун раҳмат.

– Сизни хафа қилиб қўймадимми?

– Албатта йўқ, Дипак. Нима сўрасанг ҳам ҳаққинг бор.

Бир неча кундан кейин Темби хоним болага “Ёзнинг тунги орзулари” номли китоб берди. Дипак уни туни билан ўқиб чиқар, сўнгра иккиси китоб ҳақида узоқ суҳбатлашишарди. Дипак қиз билан кунора кўришарди. Малини эса унга доим “бошқа ёнимга келма”, демоқчи бўлар, бироқ бу иш қўлидан келмасди. Бола қиздан мактабга кетиш ва қайтиш чоғи Шекспир, Тагор ва Киплинг ҳақида сўрашни ёқтирарди. Суҳбат чоғи қиз унга қарамасликка ҳаракат қиларди. Бироқ бир куни дарсдан сўнг бола доимгидек артгични қўлига олиб, доскани ҳафсала билан артаётган пайтда Малини ундан кўзларини ололмай бир дам тикилиб қолди...

Якшанба куни Дипак кўл бўйида балиқ тутиб ўтирганди. Бирдан хонимнинг у томон келаётганини кўриб ўрнидан турди.

– Мен шу ердаман, – кулди қиз.

– Келганингиз учун раҳмат. Жуда хурсандман.

– Менга балиқларни кўрсат.

Улар кўл бўйида ўтиришди. Енгил шабада қизнинг сочлари ва сарисини ўйноқлаб, бола томон хилпиратиб учирар эди. Дипак унинг ёнидан бир неча қадам нарига сурилди.

– Балиқ тутиш шунчалик завқли эканлигини билмаган эканман! – деди қиз.

– Келганингиздан шунчалик бахтлиманки...

Ниҳоят, кўл бўйида Малини Темби ва Дипак Прадан учрашишганди. Улар соатлаб осмонга тикилиб ўтиришди, Киплингни ўқишди ва балиқ тутишди.

Душанба куни эрталаб Дипак қизнинг уйидан чиқишини узоқ пойлади, лекин хоним аллақачон бир ўзи мактабга кетганди. Дарс пайти эса “бошим оғрияпти”, деб вақтли жўнади. Лекин сешанба куни улар дарсдан сўнг яна бирга қолишди. Дипак доимгидек доскани тозалар, қиз эса дафтарларни текширарди. Ниҳоят, соат бешни кўрсатиб бонг урди.

– Дипак, ёнимга ўтир, – қиз уни чақирди.

– Ҳа, хоним, – Дипак артгични жойига илди.

Малини ўйга чўмиб йигитга тикилди.

– Дипак, сен билан нима ҳақда гаплашмоқчилигимни сезгандирсан.

– Ҳа... мен ҳақимдами?

– Ёшинг нечада, Дипак?

– Ўн олтида. Яқинда ўн еттига тўламан.

– Мен неча ёшдалигимни биларсан?

– Ҳа, йигирма беш. Мен ҳам тўққиз йилдан сўнг йигирма бешга тўламан. Хоним, буни айтишим керакми, йўқми, лекин ўзимни худди сиз билан тенгдошдек сезаман...

– Ҳа, баъзан буни эплайсан ҳам.

– Мени кечиринг...

– Гапимни эшит. Орамизда нима бўлаётганини тушунишинг мен учун жуда муҳим. Аввало, биз фақат дўст эканлигимизни айтиб ўтай. Менинг ҳеч қачон сендек ўқувчим, умуман, сен каби инсоним бўлмаган.

Йигит бу гапдан қизарди. Қиз ўрнидан турди.

– Балки сенинг ҳаётингда ҳам ҳали мен каби ўқитувчи бўлмагандир?

– Сиз жуда ажойиб инсонсиз. Жудаям, жудаям яхшисиз, хоним.

– Бу ҳақда кўп бош қотирдим, Дипак. Туйғуларимни писанд қилмаяпти, деб ўйлама. Сен оддий йигит эмассан. Бизнинг бетакрор, ёқимли кунларимиз бирга ўтди. Лекин бу хато эди...

– Мен тўққиз ёш катта ва ўн беш сантиметр баландроқ бўлганимда ҳаммаси яхшилик билан тугармиди?

– Эҳтимол. Бироқ ундай эмас-ку. Биз одамлар бир-бирининг ёши ва кўринишига қараб муомала қиладиган дунёда яшаяпмиз, Дипак. Баъзан инсонлар ўзлари истаган ишга қўл уролмайдилар. Негалигини тушунтириб беролмайман.

– Нима қилишимиз керак, унда?

– Ҳеч нима. Мени бошқа мактабга ўтказишларини сўраб кўраман.

– Бундай қилишингизга ҳожат йўқ. – деди йигит. – Биз кўчаяпмиз. Оилам билан.

– Бунинг менга алоқаси йўқми?

– Йўқ, йўқ, отам шунчаки Мумбайдан иш топибди. Бу ердан 150 километр узоқда, холос. Кўришиб турсак бўладими?

– Ҳа, лекин бундан нима фойда?

– Бефойда, ҳа, бефойда...

Синфда узоқ жимлик чўкди.

– Нега бундай бўлди, ўзи? – деди йигит маҳзун.

– Билмадим. Ҳеч ким билмаса керак. Минг йилдан сўнг ҳам бунинг сабабини билолмайдилар.

Улар бир-бирларига қарадилар. Вақт ўтиб борарди.

– Бир нарсани ҳеч қачон унутма, – деди ниҳоят қиз. – Ҳаёт кутилмаган совғаларга бой. Дардингга даво бўлувчи инсонни ҳали учратасан. Яратган неки дард берса, давосини ҳам беради. Менга ишонасанми?

– Ишонишни истайман... Сизни сира унутмайман.

Қиз ўрнидан туриб доскани арта бошлади.

– Сизга ёрдам бераман.

– Йўқ, йўқ, уйингга борақол...

Йигит мактабни тарк этди. Ортига қараб, деразадан хонимнинг ҳали ҳам доска тозалаётганига гувоҳ бўлди.

Дипакларнинг оиласи кейинги ҳафтада шаҳардан кўчиб кетди. Шу билан Дипак йигирма икки йил бу ерга қадам босмади. Ўттиз тўққиз ёшда уйлангандан сўнг, ниҳоят, Пунага келишга аҳд қилди. Баҳор кунларининг бирида у машинасини Пуна томон бурди ва бу ерда бир кун қолишни режалаштирди.

Дипак рафиқасини меҳмонхонада қолдириб, шаҳарчани бир ўзи сайр қилди ва юрак ютиб, Малини Темби ҳақида сўради.

– Э, ҳа, бечора ўқитувчи. У 1952 йили вафот этди, сен кетганингдан бир йил ўтгач, – деди кекса ўқитувчи.

– У... турмушга чиққанмиди?

– Йўқ, чиқмади. Ўлимидан олдинги ойлар жуда ғамгин ва бахтсиз кўринганди.

Эртаси куни одамлар Дипакнинг хотинини кўришганини айтишди. У худди июлнинг майин шаббодаси каби гўзал экан. Шу кунларда ҳаво тушунарсиз эди: на совуқ дейсиз, на иссиқ. Дипакнинг рафиқаси келгач, гўё ҳамма нарса изига тушгандек туюлди...

 

Рус тилидан Нодирабегим ИБРОҲИМОВА таржимаси