“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 172 марта кўрилган.

Қорбободан хат

Марк ТВЕН,

Америка ёзувчиси

 

Менинг ширингина Сюзигинам,

Сен ва жажжи синглинг юборган барча хатларни мен ўз қўлларим билан олдим ва битта қолдирмасдан ҳаммасини ўқиб чиқдим... Биласанми, фақатгина кичкинтойларга хос бунақа қинғир-қийшиқ, асти тушунарсиз ёзувларни осонгина ўқий оламан. Аксинча, сенинг ҳуснихатингдан кўра онанг ёки энагангга айтиб ёздирган мактубларинг менга доим қийинчилик туғдиради, негаки улар жуда мураккаб, теша тегмаган сўзларни қўшиб ёзадилар. Оппоғим, сени мутлақо хотиржам қилиб қўймоқчиман, сиз қақажон опа-сингиллар хатларингизда қайта-қайта эслатиб ўтган совғаларнинг барчасини эсимдан чиқармадим, бу борада сеюкли бобонгиздан заррача хатолик тополмайсиз, мана, кўрасан, Янги йил кечаси, қоқ ярим тунда мен аста уйингиз мўрисидан пастга тушаман-да, тилаган ҳадяларингизнинг ҳаммасини сизга қолдираман, ҳа, айтганча, ухлаётган чоғингизда иккингизнинг ҳам жажжи юзларингиздан тўйиб-тўйиб ўпиб кетаман... Бироқ... бу ерда... биласанми, сен сўраган бир-икки нарсаларни мен тополмадим, чунки ҳамёним бироз бўшаб қолди...

Онанг бир мактубида икки оғизгина ажойиб гап айтибди... Эмишки, мен уйга «қўғирчоқнинг кийимлари тўла жомадон» билан кириб келарканман. Шунақами? Бўлмаса, пойлаб тур, шу бугун тонгда соат тўққизда ошхона эшигидан туриб сени чақираман, ахир бу орзунгга аниқлик киритиб олишим зарур эмасми? Аммо сендан бошқа ҳеч кимга кўринмаслигим ва гапирмаслигим керак, уқдингми, қизалоғим? Ошхона эшиги жиринглаши билан кичкинтой Жоржнинг кўзини боғлаб тўғри олдимга юбор. Майли, у келганимни била қолсин, ахир жудаям кичкина-ку! Бироқ Жоржга яхшилаб тайинлагинки, кенжатой оёқ учида юриб, ҳеч қандай овоз чиқармасдан ёнимга келсин. Акс ҳолда роса ёмон бўлади. Ана ундан сўнг чопқиллаганча ўз хонангга боргин-да, ошхона ичига улаб қўйилган овоз ўтказгичдан менга томон: «Хуш келибсиз, Қорбобожон!» — деб айтишни унутма. Бунга жавобан мен сендан ростданам ўша сирли жомадонни сўраганмидинг ё йўқми, шуни билиб оламан. Борди-ю, уни чинданам орзу қилган бўлсанг, мен сендан жомадоннинг ранги қандай бўлишини истаётганингни сўрайман... Кейин ўша орзунгдаги мўъжизакор жомадоннинг ичида яна нималар бўлишини хоҳлаётганингни ипидан-игнасигача суриштириб оламан. Мароқли суҳбатимиз якунида бурро тилларинг билан бундай дейсан: «Хайр, кекса Қорбобожон, катта раҳмат сизга!» Шундай деб хайрлашасан-у, яна чопиб кутубхонага тушасан, у ерда эмаклаб юрган Жорж билан барча эшикларни ёпиб чиқасиз, сўнг бироз нафасингни ростлаб олиш учун жимгина ўтириб қоласан. Мен эса бу вақтда елдек учиб ойга чиқаман-у сен тилаган ҳамма нарсаларни олиб тушаман ва меҳмонхонадаги тошўчоқ мўрисидан пастга тушиб, уларни арча ёнига қўйиб кетаман, албатта, агар сен ўзинг айтгандек катта жомадонга эришишни қаттиқ истаётган экансан, бунда менга меҳмонхона мўриси қулайроқ бўлади, хонангдаги мўридан унақа жомадон сиғмайди, ўзинг яхши биласан-ку... Бироз бепарволик қилиб, мабодо залда қор изини қолдиргудек бўлсам, Жоржга айтсанг, бир зумда топ-тоза қилиб қўяди, чунки бунақа ишларга фурсатим бўлмайди. Албатта, Жорж ҳали супурги нималигиниям билмайди, аммо у уйнинг ҳамма жойида эмаклайверганидан аллақачон латтанинг ортиқ зарурати қолмаганига зиғирчалик шубҳам қолмаган... Агарда пол устида қанақадир доғ-поғ тушириб кетсам, у ҳолда Жоржни бу ишга аралаширмай қўя қол. Соғинчли ташрифимдан хотира қилиб сен ўша доғни асраб қўйгин... Сюзи, ўзимнинг ақллигим, яна ўша изга ҳар гал кўз тикканингда бу менинг сенга «Доим яхши қиз бўлиб юргин, Сюзи!» дея тайинлаётганим эканлигини асло ёдингдан чиқармагин. Хўш, менинг жажжи маликам, эси йўқ қиз бўлиб қолган кезларингда кекса Қорбобонг этигидан қолиб кетган ўша изга қараб нима деркансан?

 

Инглизчадан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси