“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 373 марта кўрилган.

ТУШЛИК

Льюси Мод МОНТГОМЕРИ,

инглиз адибаси

 

Янги йил куни, эрта тонгда Присси Бейкер Оскар Миллернинг дўконида гугурт сотиб олаётганида, эшикдан амакиси Ричард Бейкер кириб келди. У жиянига қайрилиб ҳам қарамади. Қиз ҳам амакисига салом беришга журъат этолмади. Ричард амаки саккиз йилдан буён ёлғиз укаси, Приссининг дадаси ва унинг оила аъзолари билан гаплашмайди. Баланд бўйли, нигоҳи ўткир бу одам бошқаларнинг амакисига ўхшаганида эди, Присси у билан фахрланиб юрган бўларди. Ўша жанжал бўлмагунига қадар улар жуда аҳил эди.

Ричард амаки қўлидаги дудланган гўшт солинган халтани кўтарганича, жаноб Миллерга мурожаат қилди.

— Тушгача кўчага чиқиш ниятим йўқ эди, — деди тушкун кайфиятда. — Кеча Жо Хеммингс кечгача гўшт сотиб ололмаслигини ёзиб юборибди. Шу сабаб мана шу даҳмазани кўтариб юрибман. Янги йил куни эрталабдан ишлайман, деб ўйламагандим.

— Байрамни ўзгача кайфиятда кутиб олиш керак, — деди жаноб Миллер. — У бошқаларга нисбатан ёқимлироқ бўлади.

Ричард Бейкер бўйдоқ. Кекса оқсоч Жейнвей хоним уй ишларини қилади.

— Янги йилда доим мазали тушлик тайёрлашни ёқтираман, — деди Ричард амаки. — Одатда байрамни шундай нишонлайман. Жейнвей хоним кун бўйи ўғлиникида бўлади. Мен эса ўзим тушлик тайёрлайман. Ўтган кеча ҳамма нарсани тайёрлаб қўйгандим. Энди эса манави иш чиқиб қолди. Соат биргача совуқда санғисам керак.

Ричард амаки машинасини ҳайдаб кетгач, Присси ўйчан ҳолда пиёда уйига қайтди. Қиз отаси совға қилган китоб ва бир қути ширинлик билан байрамни ўтказмоқчи эди. Дадаси оғайнисиникига меҳмонга кетгани учун тушлик ҳам тайёрламади. Онаси гўдаклигида оламдан ўтган. Отасига ўзи ғамхўрлик қилади. Улар биргаликда бахтиёр яшайди.

Присси уйига келиб, амакиси ҳақида ўйлади. Бечора кун бўйи совуқда юради. Қиз оч-наҳор совуқда қалтираётган амакисини кўз олдига келтириб, унга ичи ачиди ва шу пайт миясига келган фикрдан суюниб кетди. Аммо журъат эта оладими? Йўқ, ҳеч қачон бундай қилолмаса керак. Лекин амакисини бу аҳволда қолдиролмайди.

Присси шошиб уйидан чиқди. Эшикни қулфлади-да, Ричард амакисининг уйига йўл олди. Қиз у қайтгунича, тушлик тайёрлаб, уйини иситиб қўйишни, кейин секингина уйига жўнаб қолишни ўйлади. Амакиси бу ишни Присси қилганини икки дунёда ҳам хаёлига келтирмайди. Мабодо сезса, тушликни емай отиб юборади.

Саккиз йил бурун Присси тўққиз ёшдалигида икки ака-ука — Ирвинг ва Ричард Бейкерлар мол-мулк талашиб, бир-биридан аразлашган. Хато ўжару жоҳил Ричарддан ўтган эди. Ўша кундан буён ўз укаси билан юз кўрмас бўлиб қолди. Приссининг дадаси Ирвинг бундан қаттиқ қайғуга ботди. Аммо Ричард пинагиниям бузмади. Гўёки унинг учун бу дунёда укасию жияни йўқдай эди.

Присси уйга кирди. Кўзлари ҳаяжондан чақнаб ошхонага борди. Кечқурун дадасига бу ҳақда айтиб беради. У бу савоб ишдан мамнун бўлиши тайин. Присси тайёрлаб қўйилган гўшт, картошка, карам, шолғом ва бошқа масаллиқларни қозонга солди. Таомни атайлаб амакиси ёқтирадиган, Жейнвей хонимнинг услубида пиширди. Қисқа фурсатда бутун ошхонани мазали димламанинг ҳиди тутиб кетди. Қизнинг юзига табассум югурди. «Ричард амаким соат бирда уйга қайтаман деганди, — деди ўзига ўзи. — Соат ўн икки бўлибди. Тезроқ столни безатиб, овқатнинг устини ёпиб қўйишим керак. Амаким келгунича совиб қолмасин. Кейин деразадан тушиб уйимга кетаман. Амаким бу ишни Женнернинг қизлари қилган, деб ўйлайди».

Присси дастурхон ёзиб, столни безатаётганида орқасидан хириллаган товуш эшитилди.

— Бу ерда нималар бўляпти?

Присси ўзини қўярга жой тополмай қолди. Эшик олдида Ричард амаки турарди. Бечора қизнинг юзлари қизариб, қўрқувдан юраги тез-тез ура бошлади.

— М- мен... — каловланди у, — сизга тушлик тайёрламоқчи эдим, амаки. Дўкондаги гапларингизни эшитдим. Шунинг учун...

У дағ-дағ титрар, амакиси уни уйидан қувиб солишини кутарди.

— Ғоят меҳрибон қиз бўлибсан, — деди Ричард амаки кутилмаганда. — Бу ерга келишингга даданг руҳсат бермайди, деб ўйлардим.

Дадам уйда йўқ, бироқ бу ерга келишимга у тўсқинлик қилмайди. Амаки жигарингизнинг сизга нисбатан ҳеч қандай адовати йўқ.

— Яхши, — деди Ричард амаки. — Овқат тайёрлабсанми, демак, уни ейишгаям ёрдам берасан. Кўринишидан мазалига ўхшайди. Қани, жиян ўтир. Овқатланамиз.

Тушлик вақтида Ричард жиянига самимий муомалада бўлди.

— Сендан жудаям миннатдорман, Присси, — деди тушликдан сўнг у. — Ўша кунги жанжалдан ўзим ҳам қаттиқ афсусдаман. Узоқ вақтдан буён даданг билан ярашиш ниятида эдим. Аммо ғурурим йўл қўймасди. Агар ўтган гапларни унутган бўлса, дадангга айтиб қўй, бугун кечқурун сен билан бирга меникига меҳмонга келсин. Байрамни бирга кутамиз.

— Яшасин! — Присси хурсандчиликдан ҳайқириб юборди. — Дадам, албатта, келади, амаки! У сиз билан аразлашиб юрганидан қаттиқ изтиробда эди.

Қиз ўрнидан туриб, амакисини ўпиб қўйди. Ричард амаки жиянига қараб жилмайди.

— Меҳрибон қизсан, Присси. Кекса амакингга раҳминг келиб, тушлик тайёрлаб бердинг. Бугун кўчада юрганимда одамлар яхши тилаклар билдирганда ҳам кўнглим очилмаганди. Аммо уларнинг тилаклари ижобат бўлди. Янги йил менга қувонч олиб келди. Энди ҳар байрамда уйимга келиб, менга тушлик тайёрлаб беришга ваъда бер, қизим, — деди Ричард амаки.

Присси ваъда берди.

 

Инглиз тилидан

ФЕРУЗБЕК таржимаси