“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 163 марта кўрилган.

ТУҲФА. Ҳикоя

И МИ Э, Корейс адиби

 

Юри ҳамма болалар каби янги йилни интизорлик билан кутарди. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Чунки ҳамиша дадасининг туғилган кунидан сўнг янги йил кириб келади.

Кунларнинг бирида Юрининг онаси «Дадангга нима совға олсак экан», деб қолди. У ўйлаб: «пойабзал олсак-чи», деди. Онаси ўйга толди. Умр йўлдоши рўзғордан орттириб, ўзига ҳеч нима ололмайди. Аммо пойабзал арзон турмайди-да.

— Юри, оёқ кийим бизга қимматлик қилади, — деди.

Қизалоқ хонасига югуриб борди-да, ақчадонни олиб келиб онасига тутқазди.

— Мана шунга иккаламиз пул йиғсак бўладими, — деди.

Бундан онаси ҳам қувонди. У ҳамёнидан беш юз вон олди-да, Юрига тутқазди. Юри ақчадоннинг ортидаги тирқишига пулни солиб қўйди.

Рўзғор ишларига андармон она қизи билан ваъдалашганини унутди. Кунлар совиб борарди. Янги йилга ҳам тайёргарлик кўриш керак. Қизига совға олишни унутди. Ҳа-я, умр йўлдошининг туғилган куни ҳам хотирасидан батамом кўтарилибди-ку.

Аёл уйга шу ўйлар оғушида шошарди. Бироқ шунда ҳам қизи билан ваъдалашгани ёдига келмади.

Бугун Юри ўзида йўқ хурсанд. Дадасининг туғилган куни. Мактабдан кела келгунча ерга пояндоз бўлган сарғимтир барглардан гулдаста ясади. Уйга келса, онаси овқат тайёрлаётган эди.

— Ойижон, дадамга пойабзал олмадингизми? — деди.

— Пойабзал дейсанми? Қанақа пойабзал?

— Ёдингиздан кўтарилдими? Ахир, бугун дадамнинг туғилган куни-ку. Келишувни унутдингизми?

— Вой, қизим, яхшиям эслатдинг. Аммо биз пойабзалга пул йиғолмадик-ку. Энди дадангга совғани қаердан оламиз?

Аёл не қиларини билмай қолди. Ҳамёнини қўлига олди-да, ичида рўзғор учун ажратилган арзимаган пулни ғижимлади. Юзини қизидан беркитди.

— Ойижон, бир қарасангиз-чи, — деди Юри.

Онаси ортига қараб қизининг қўлида бундан бир неча ой муқаддам кўрган ақчадон кўриб, тили айланмай қолди.

— Келинг, ичидагиларни санайлик-чи, пойабзалга етармикан, — деди Юри.

Аёл шоша-пиша ақчадонни ичини бўшатар экан, бир сиқим танга-ю пулларни кўриб ҳайратдан донг қотди.

— Юри, қизалоғим, бунча пулни қаердан олдинг? — деди.

— Ҳар куни мактабда овқатланишим учун берилган пулни бир тийинини ҳам ишлатмай йиғдим. Нон ва сув билан қорин тўяркан. Ахир дадам иккингиз қаноат инсонга куч беради, дердинглар-ку! Бу рост экан.

Она қизини қучоғига тортди-да унсиз йиғлай бошлади. Етишмовчилик қизини бирпасда улғайтириб қўйибди. У бундай ўтиришни лозим топмади. Она-бола кийиниб, бозорга йўл олди. Дадаси учун оёқ кийим харид қилишди.

Юри уйга шошганидан онаси унга етолмасди. Ажабланиб эшик очган дадасига тикилиб, ҳансираганча: — Дада, қарасангизчи, онам сизга қандай чиройли оёқ кийим харид қилди, — деди.

Дадаси совғани эҳтиётлаб олиб, аёлига миннатдорона жилмайди. Онаси гапиришга энди оғиз жуфтлаган эди, қизи уни сўзлашга қўймади.

Янги йил ҳам кириб келди. Дадаси энди ишга янги оёқ кийимда боради. Дадасини ишга кузатар экан, аста шивирлади:

— Дада, дада энди кейинги сафар йиғилган пулга онамга пойабзал оламиз-а?

— Албатта, қизалоғим. Сенга ҳам қўшиб оламиз, — деди-да, қизининг қўлига беш юз вон тутқазди.

Юри уни умиду яхши ният ила ақчадонига солиб қўйди.

 

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси