“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 31 марта кўрилган.

КЕЛАСИЗМИ, ҚОРБОБО?

Рамендра КУМАР,

ҳинд адиби

ЯНА

 

Янги йил байрами арафасида қўшниси Питер Жога пул ишлаб олишнинг ажойиб йўлини ўргатди. Қорбобо либосида бозорга бориб, ўтган-қайтганни байрам билан табриклаб, хурсанд қилишни маслаҳат берди. Жо унга қулоқ солди. У болаларни жонидан ортиқ кўрарди. Кун бўйи жужуқлар билан гурунглашиб, шоколаду табрикномалар тарқатди. Кечқурун дўкон бошқарувчиси Жога икки юз рупия узатди. Йигит қувониб уйига қайтганида ҳам қорбобо либосида эди. Кутилмаганда янграган машина сигнали унинг ширин хаёлларини учириб юборди. Жо шошиб йўл четига ўтди. У рулдаги одамни таниди. Бу уч юлдузли «Жаннат» меҳмонхонасининг соҳиби Билл Даниел эди. Ёнидаги эса рафиқаси Сара. Жо меҳмонхонадан ҳайдагани учун Даниелдан аламзада эди ва шу тобда дафъатан миясига мудҳиш фикр келди. У Даниелнинг уйини тунашга қарор қилди. Жо уй атрофини айланиб, ичкарига кириш учун йўл излади. Ниҳоят уйнинг орқа томонидаги деразага кўзи тушди. У ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам панжара билан тўсилмаганди, бироқ берк эди. Жо чўнтагидаги отвёркасини олиб қулфни очди-ю, ичкарига кириб атрофни синчиклади. Чиройли жиҳозланган хона бурчагида ясатилган арча турар, чироқлари турфа хил рангда жилоланарди.

— Эрта келибсиз-да, — деган ёқимли овоз эшитилди.

Жо ортига ўгирилди-ю, пуштиранг пижама кийган беш-олти яшар ширингина қизалоққа кўзи тушди.

— Ойим сизни кечқурун ўн иккидан кейин келади, деб айтгандилар.

— Мен... мен... — Жо дудуқланганидан сўзлолмай қолди.

— Ахир қорбобо тун ярмидан оққанда келади-ку?

Жо қизалоқ уни қорбобо деб ўйлаётганини тушунди.

— Исминг нима? — деб сўради у ниҳоят.

— Тина.

— Ота-онанг қани?

— Улар клубга кетишди, кеч қайтишади. Совғам қани? — сўради Тина кўзлари чақнаб.

— Совға? — довдираб қолди Жо.

У қўлини чўнтагига солди. Бармоқлари қаттиғу совуқ бир буюмга тегиб кетди. Бу йигитнинг ҳамроҳи — гармоника эди. У иккиланмай жондан азиз буюмини қизчага узатди.

— Бу нима? — сўради Тина ҳайратланиб.

— Мусиқа асбоби.

— У қандай чалинади?

Жо гармоникани қўлига олиб, машҳур «Жингл беллс» (Қўнғироқ куйи) мусиқасини чалди. Ёқимли оҳанглар бутун уйни чулғаб олди. Жо ижрони тугатиши билан Тина ҳайрат ичра қарсак чалди. Йигит қизалоққа ўзи билган яна бир нечта куйни чалди. Диванда ўтирган қизалоқнинг кўзлари юмилди. Жо қочиб қолиш фурсати етганини тушунди. У ўрнидан тургани ҳамон Тина кўзини очди.

— Кетяпсизми?

— Мен... мен... — Жонинг тили айланмай қолди.

— Илтимос, мени ташлаб кетманг, қорбобо. Мен билан ўйнанг. Ота-онам доим банд. Уларнинг мен билан ўтказадиган вақти йўқ. Бир ўзим телевизор кўриб, ўйинчоқларимни ўйнаб ўтираман. Илтимос кетманг!

Тина изиллаб йиғлай бошлади. Жонинг ҳам кўзига ёш қуйилди. У Тина ухлаганидан кейин кетмоқчи бўлди, бироқ қизалоқни ухлатаман, деб ўзи ҳам пинакка кетибди.

— Кимсан? — деган овоздан чўчиб уйғонган Жо қаршисида Даниелу Сарани кўрди. Тўхта, тўхта, сен, мен меҳмонхонадан ҳайдалган ўғрисан! Шундайми? — деди Даниел унга қаҳр билан тикилиб.

Жо унинг кўзига қаролмай бошини эгди. Бу   пайтда Тина ҳам уйғонган эди.

— Дада, ўғримас, менинг дўстим қорбобо!

— Йўқ, бу қорбобо ниқобидаги ярамас ўғри! У уйни ўмариш учун келган. Шошмай тур, сенга ёш болани алдаш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман!

— Дада, у мени алдамади. Мана буни совға қилди.

— Жим бўл, Тина! Катталарнинг ишига бурун суқмай тезда хонангга бор! — ўшқирди Сара.

Кўзига ёш тирқираган қизалоқ сувга тушган мушукчадай бўшашиб хонаси томон одимлади.

— Уйингизга ўғриликка тушганим рост, бундан бўйин товламайман. Ўшанда ҳам мажбур бўлмаганимда, меҳмонхонангиздаги хасга ҳам кўз олайтирмасдим. Бемор онамни даволатгани пул керак эди. Бугун эса ўша кун сиз сабабини сўраб ўтирмасдан мени кўчага отганингизнинг аламини олмоқчи эдим, бироқ уйингизга ўғриликка тушиб, шуни билдимки, жиноятим сизникига қараганда анча енгилроқ экан.

— Нималар деб валдираяпсан, аҳмоқ? — деб бақирди Даниел.

— Уйингизга ўғриликка тушиб, ёлғизу маъюс қизалоқни учратдим. Ўғрилик қилгани етарлича вақтиму имкониятим бўлса-да, ҳеч нимага тегмадим. Фақат Тинанинг ёлғизлигини ўғирладим, холос. Қизалоқнинг беғуборлиги ичимдаги шайтонни мағлуб қилди.

— Ўчир овозингни! — деди Даниел.

— Сиздайин бой одамларнинг боласи камбағалнинг боласидан бадбахтроқ. Наҳот шуни сезмайсиз?

— Қандай бемаънилик! Унда ҳар бир бола орзу қиладиган ҳамма нарса бор. Қандай ҳаддинг сиғди бундай дегани!

— Сизга раҳмим келади, жаноб. Чунки менданам бахтсизроқсиз.

— Ҳой муттаҳам, оғзинг-га қараб гапир!

— Жаноб Даниел, уйингиздаги катта хазинангиз болангизнинг муҳаббатини қадрламай, клублару меҳмонхоналарда санғиб юрибсиз.

Даниелнинг юзи қизариб кетди.

— Ҳозироқ полиция чақираман!

— Унинг кетишига ижозат беринг, — деди Сара овози титраб.

— Эсинг жойидами? — ўшқирди Даниел рафиқасига.

— У ҳақ! Гуноҳимиз уникидан анча оғирроқ, дадаси...

— Кетишинг мумкин, — деди Даниел бошини эгиб.

Жо кетишга чоғланганда, Тина хонасидан отилиб чиқди.

— Яна келасизми, қорбобо? — сўради қизалоқ кўзлари жавдираб.

Жо унинг қўлига гармоникани тутқазди-ю, пешонасидан ўпди, сўнг ҳеч нарса демай уйдан чиқиб кетди.

Инглиз тилидан Феруз ЗИЁДУЛЛАЕВ таржимаси